Асқад Мухтор. Макруҳ (ҳикоя)

Султон-сўтак тайёрагоҳу поезд бекатлари теварагида кира қилади. Машинасини, «Жигули» деса гўё иккита бўлиб қоладигандек, афсус оҳангида «Жигул» деб атайди. Янгийўлми — чинозлик йўловчи чиқиб қолса, мўмайдек пул ундиради-да, ярим кечада ширакайф бўлиб уйига қайтади.
Тез-тез зарда қилиб онасиникига кетиб қоладиган беззурриёт хотини бор. Ёлғиз қолган тунлари Султон-сўтак сира уйқу ололмай, кечаси билан у ёнбошдан бу ёнбошга ағдарилиб, ағанаб чиқади. Саҳарда эса, энди мижжа қоққанида, Ашурмат сўфининг ингичка овози уйғотворади.
Маҳаллада тунука гаражларнинг орасида қолиб кетган эски мачит бўларди. Унда бола-чақа велосипед, мопеду тепки аравачаларини қулфлаб сақлагувчи эди. Қарияларнинг ҳай-ҳайи билан маҳалла аҳли яқинда шу вайронани тиклаб олди. Юз йиллик чолдеворини худо асраган экан, нозандеккина мезанали мачит бўлдн. Маҳаллада савобталаб беданақадам Аширмат сўфи, ҳам топила қолди. Овози ширали, айниқса бомдод азони тунгги тинчликни шундоққина кўтариворади. Гўё мезана нақ Султоннинг тепасидаю азон худди қулоғида янграйди. Безор бўлган киракашнинг шайтонлиги тутди. Саҳарлари машинасини қасдма-қасдига «ду-ду»латиб, муаззинга ҳалақит беришга уринадиган бўлди. Ҳар куни азон вақтн уйқусираб гаражга чиқади-да, гудогшш басма-басчалиб Аширмат сўфининг овозини босиб тушмоқчи бўлади. Гудоги ҳам азон овозига мос бўлиб чиқарди. Аширмат мезанадан пастга қарайди, макруҳ овсз қаердан, қайси гараждан чиқаётганини билмайди.
Бир кеча яна ўша қилигини қилиб, энди мизғиганида бир турткидан уйғониб кетди. Қараса ҳеч ким йўқ, серзарда хотини ҳам кеча яна кетиб қолган эди. Эснга тушиб, шунинг аламидан қаттиқ ичиб олганди. Югуриб чиқса гараж ланг очиқ, кайфда қулфлаш ёдидан кўтарилибди. Машина йўқ!
Сўтак чўккалаб олиб, юзини чангаллаганча ўкнрар эди. Бомдодга турган қари-қартанг бармоқ тишлаб, «аттаиг» лаб қолишди.
Нима ҳам қилиш мумкин? Мачиту мезана минг йиллик, «Жигули» эса омонат…