Анвар Суюнов. Икки тонг ораси (ҳикоя)

1

Ғира-шира тонг қоронғуси.
Осмонга отилган тошни пайқаш қийин.
Кимсасиз адирлар қўйнини тилиб ўтган кўчада онда-сонда лоп-лоп этиб ўтиб қоладиган машина чироқлари йўл гирди билан кетаётган аравали байтал ва икки кишининг кўзини қамаштиради. Ўткинчи шуълада кунботардаги беткайликда ўн чоғли қўйнинг ҳайиғиб кетаётгани ва илгарироқда мол етаклаган уч-тўрт одам шарпаси ҳаракатланади. Яна қаерлардандир тунги сукунатни бузиб кимнингдир қисқа-қисқа ҳуштак чалгани-ю, “Чаҳ-чаҳ, торт, эчки торт!” – деган хитоби эшитилади.
Улар беихтиёр бир-бирларини қора олиб кетиб борадилар.
Бия сернур чироқларга бепарво, бир текис йўртади. Арава сандиғидан базўр бош чиқариб кетаётган қўйларнинг кўзлари аҳён-аҳёндаги кучли ёғдудан яшил тусда товланади. Эгар устидаги миқти болакай от биқинига нуқиб қўяди. Арава тезлашиб, чамаси беш-ўн қадамлар лўккиллаб кетади.
– Кўп тез ҳайдайверма, – дейди арава гирдига илиниб олган эллик ёшлардаги киши – Ичимни эзиб юбординг.
– Эртароқ боришимиз керак-да, азонда бозор яхши бўлади, дада!
Олис-олисларгача уларнинг гангир-гунгири эшитилиб туради.

2

– Ҳей, бу қўйлар кимдан? – Шоп мўйлов, қориндор киши бозор дарвозасига яқинлашган бия устидаги болакайга юзланади – Ё, сен билан савдо қиламизми?
– Дадам ҳозир келади.
Шоп мўйлов қўйларнинг биқинига қўл ботириб, қовурғасини ушлаб кўрди. Бирма-бир қўлтиғига олиб силкиди. Новчабичим ҳамроҳига лаб учида пичирлади.
Бу орада бозор томонга жандага ўранган сотармонлар туя, от, ҳўкиз, сигир… етаклаб ўта бошлади. Ҳар сонияда уларнинг сафи қалинлашиб, мол бозори гавжумлашди.
– Сен олдинга ўтиб торт, мен ҳайдайман, – деди ҳозиргина пайдо бўлган отаси, қўйларга сиртмоқ сола олмай каловланиб юрган болага.
– Бой бова, бу қўйларга пул санаймизми? – Қориндор даллол қўй эгаси эгнига қўл ташлади.
– Билмасам, бозорни кўрайлик-чи…
– Келиштирсангиз шу ер ҳам бозор-да!
– Оғзим тўла пул-да, биродар…
Даллол сотармоннинг эгнидан қўлини олди. Илгарироққа ўтиб ҳамроҳи билан алланималарни шивирлашди. Новчароғи келиб:
– Қани, қўлни беринг, – деб илик узатди. – Еттовини кўтарасига бичайми ёки…
– Фарқи йўқ, пулнинг чиқиши ҳисоб, – деди қўй эгаси.
– Унда, бундай: еттови бир жойда беш юз минг, – Даллол сотармоннинг қўлини силтай бошлади. – Кўнглингизга оғир ботмасин, деб мўлжалингизга яқин олдим.
Қўй эгаси чурқ этмади.
– Нега индамайсиз, ё паст сўрадимми?
– Молни пачакиламанг!
– Унда, йигирма беш ўтаман.
– Бўлмайди.
– Беш юз элликка бердингизми?
– Йўқ.
– Беш юз олтмишга-чи?
– Сиз қўйларни кўрдингизми, ўзи?
– Кўрди-кўрмади, бори еттов чортуёқда, ака!
– Унда яхшилаб кўриб, кейин барака сўранг!?
– Ҳе-ей, аччиқланманг, ака, бозор-да – бу! Ичида ширриқ-мирриғи чиқса, мен куяман.
– Булар даштнинг моли, суяги бутун. Зарурликка сотаяпман.
– Бирон улов олмоқчимисиз?..
– Қиз чиқараяпман.
– Э-э, тўйнинг харажати денг, – новча даллол юзига табассум суриб қўл силташда давом этди: – Савоб ишнинг харжи экан, боя айтганимга ўн қўшдим.
Сотармон йўқ маъносида бош чайқади.
– Ҳо-ов ака, сиздан садо чиқадими?
– Сўрайверинг…
Новча даллол сотувчининг қўлини бўшатиб, қўйларни айлана бошлади. Четдаги ўртабўй қўчқорни кўтариб кўрди. Чўнтагидан қўлчироқ олиб қўзили совлиқнинг тишини санади. Бошқаларининг елкасини ғижимлаб чиқди.
– Буларнинг эти яхшимас-ку?! – даллол яна сотармонга юзланди. – Боя айтганимга ўттиз қўшдим, топ-тоза олти юз бўлди. Қани бир гулдиранг-чи?
– Бўлмайди.
– Қўшадиган ҳеч нарсаси қолмади. Тезагигача пулламоқчимисиз?
– …
– Энди-и, менга қаранг, ака! Жамига саксони кам етти юз атадим. Сизга ён босдим, ана!
– Тўғри келмайди.
– Олти юз элликка барака борми?
– …
– Чорак кам етти юз. Энди барака денг!.
– Келиштиринг.
– Келишадиган жойи қолмади. Ҳай, сизнинг ҳам айтганингиз эмас, меники ҳам; тоза етти юз – чек пули, даллолга ширинкома бермайсиз.
Қўй эгаси ўйланиб қолди…
Секин-секин осмон тозариб, юлдузларнинг туси ўча бошлади. Милтироқ тонг юлдузи ва хира тортиб бораётган ой ўроғини айтмаса, фалак бўм-бўш ҳисоби. Шарқий кенгликларда уфқ қизариб, қуёшнинг қонталаш қиёфаси кўринади. Этни жимирлатар ёз тонготарида кўчма емакхоналардан дастлабки тутун таралади. Қўрадаги кабобнинг иштаҳа очар “жиз-жиз” ҳиди болакайнинг димоғини қитиқлаб ўтади. Бора-бора теварак гавжумлаша бошлайди. Узоқ-яқиндан келган уловлар тирбандлашиб боради. Отлиғу пиёда, олармону сотармон, кимки бўлса, ҳайқириғу бақириқлар билан ғўнғиллаб ётган бозорга уради ўзини:
– Ҳей, айтганингдан озроқ туш!
– Тилинг танглайингга ёпишиб қолганми, гулдирасанг-чи!?
– Ўни кам тўқсонга барака де!
Бу ерда серзарда даллолларнинг нарх талашувлари, боқувдан чиққан олакўз буқаларнинг ўкириклари, ер депсиниб турган бедовларнинг баланд ва давомли кишнашлари ёки баджаҳл чекчиларнинг бақириқлари қайнаб ётади.
– Арзонроқ бердик шекилли, дада, – деди болакай қўй чилвирларини йиғиштираётиб. – Сал оёқ тираганингизда яна қўшарди…
– Майли, Худонинг буюргани-да, болам.
Ота-бола мол бозоридан чиқиб, кийим-кечак расталарини оралаб кетди.

3

Бир ой бурун Қорақул комбайнчининг ёлғиз қизига совчи келди-ю, ташвиши шундан бошланди: бир оёғи уйда бўлса, бир оёғи бозорда. “Ўғиллиникида – бир кун тўй, қизлиникида – ўн кун тўй”, деганларидек ҳовлисидан оғайни-қариндошларининг қадами узилмайди. Аёллар кун ора йиғилишиб сарпо-суруқнинг муҳокамасини қилади. Баъзан ўзаро шивирлашиб, қуда томонга “элчи” ҳам жўнатишади. Вакил сарпо баҳонасида турли-туман маълумотлар олиб келади. Бундай хабарлар орасида қуданинг феъл-атвори-ю, қудаойининг матопарастлиги тўғрисидаги янгиликлар ҳам қулоққа чалинади. Қорақул комбайнчининг эса оғили бўшаб, қўтонидаги туёқ сони сийраклашган. У ёлғиз қизини эл қатори – бировдан кам қилмай узатмоқчи. Шу боис, хотинларнинг ҳам айрим маслаҳатларини тўғри деб ўйлади:
– Ҳозир қиз томон мебель ҳам қилаяпти, – деди хотини.
– Ойчечакдан ташқари куёвга ҳам қишлик-ёзлик кийим қилишингиз керак, – қўшилди қўшни аёл.
– “Қизлар базми” билан “Куёв чақирди”ни бир кунда ўтказганларингиз маъқул, – фикр билдирди яна бири.
Қорақул комбайнчи бозорма-бозор юравериб шу нарсани англадики, у улғайган замонлар ўтиб, тақдирнинг чархпалаги бошқа бир даврнинг шамоли билан айланиб ётарди. Масалан, у “Қиз сепи”га чинни идиш олишда роса овора бўлди. Аввалига, у олиб келган идишларни хотин-халажлар кўримсиз экан, замонавийроғи керак, деб қайтариб юборишди. Комбайнчи устига бир-икки сўм қўшиб алмаштириб келди. Бу сафар яна ўша хотинлар “Чиннилар тўплами”нинг ранги, шакли, ҳажми бир-бирига мос тушмади дейишди. Комбайнчи яна бозор сари йўртиб кетди… Хуллас, у сал кам бир ой деганда кўрпа-тўшак, идиш-товоқ, кийим-кечак, парда-ю дастурхоннинг каму кўстини битирди. “Ҳаммаям шундай харажат тортадимикан-а, – деди бир сафар бозордан қайтаётиб ўзига-ўзи. – Ё, мен даҳмазани катта қилаяпманми? Йў-ўқ, олаётганларим ҳам, Ойчечакнинг сепи ҳам бировдан зиёд эмас. Демак, ё нарх-наво ошган, ё замон ўзгарган, ё менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ?”.
Қорақул комбайнчи асли хўжаликда механик эди. Кейинчалик замон ўзгарганида катта бир бочканинг остига моторли қурилма ўрнатиб, қўлбола комбайн яратди. Ўшандан бери эл-юртнинг арпа-буғдойини янчиб, рўзғор тебратади.
“Комбайнчи” лақаби ҳам шундан.

4

Кун тушликка яқинлашавергани сари жазирама зўрая бошлади. Кўча-куйда оёқ товуши тиниб, борлиқни аллақандай сукунат чулғади. Бўғотларда бигиздай тилини ўйнатиб ҳансираётган қушлар қишлоқ оралаб “ғийқ-ғийқ” этиб кетаётган аравани кузатиб туради. Байтал кўзи атрофида ўралашаётган чивинлардан зада – илкис-илкис бош чайқаб йўрғалайди. Манзилга яқинлашавергани сайин қадам отиши тезлашади. Саратоннинг тубсиз осмонида эгри-бугри кўчалар ва бетартиб уйлардан ташқари этакдаги кимсасиз адирларга ҳам нигоҳ тикиб учаётган бургут ёз чилласининг ҳаракатсиз лаҳзаларида емак қидиради. Унинг ўткир кўзлари қишлоқ қуймичидаги селхона-жарларга туташиб кетган чекка ҳовли сари ўрлаётган қўнғир тулкини нишонга олган. Тулки лўккиллаб ҳовли этагидаги овлоқ бостирмага уриб кетади. Бостирмадан беш-ўн қадам наридаги ғов очилиб, аравасини ғижирлатиб судраб келаётган биянинг ҳорғин гавдаси кўринади.
– Маржонбулоқдаги опамнинг ўғли келувди – жиянингиз, поччамни конда тош босиб қолибди, – деди хотини юзида маъюслик зоҳир бўлиб. – Тоғам келса, эртароқ шаҳардаги дўхтирхонага борар экан, деди.
Қорақул комбайнчи ҳовли ўртасидаги ғужум остида бир шокоса айронга икки синдирим нон ботириб еди-ю, бозордан ортган пулни белига тугиб шаҳарга жўнади. Этакдаги ангарни кесиб чиқиб, катта йўлда эски бир автобусга илиниб олди. Улов кучдан қолган қирчанғидай имиллаб, дуч келган жойда кимки кўринса ортмоқлаб, кун пешинга оққанда шаҳарга кириб келди. Саратон қуёши селгиб, борлиқни ажиб бир ҳарорат чулғаганда Қорақул комбайнчи дўхтирхонани топиб борди. Кўрдики, бу ерда ётганларнинг бариси яримжон: бирининг оёғи синган, бўксасигача гипслаб, яна тош ҳам осиб қўйибди. Яна бировининг белигача оқ мато ўралган. Бошқасининг кўзи билан бурни очиқ, қолган аъзои бадани тошқотган дока ўрами ичида. Тўрда афтодаҳол яна бири ётарди. У беҳуш эди. Қорақул комбайнчи аллақандай ички сезги билан яқин борди унга. Шилиниб-тилиниб, яроғи қолмаган юзини артди. Сўнг эшикка, ундан бино йўлагига чиқди. Сўраб-суриштириб бош дўхтирнинг хонасини топиб, минг бир истиҳола билан эшикни тақиллатди:
– Киринг, – гулдурак овоз келди ичкаридан.
Оромкурсига омонатгина қўниб турган гирдиғум дўхтирнинг қаршисида ғужанак бўлиб – эгнини қисиб ўтирган опасини кўрди. “Олдириб қўйибди ўзини, – деди ичида курсига чўкаётиб. – Нотинчликнинг бети қурсин, булутдай эди-я…” Аёл ўксаси қуриб: “Ҳаҳ, фалак! Пешонамда бу кунлар ҳам бормиди? – деди, илло, унинг ҳасратларини ўзидан бўлак ҳеч ким эшитмади. – Кўрсатганларинг каммиди…” Бош дўхтир кўнгилсўрар гаплар қилди. Қаердандир пайдо бўлган котиба қиз пиёлада сув келтирди. Аёлнинг ҳовури босилиб, бир нуқтага маъюс тикилиб қолди. Бош дўхтир дилгир сукунатни бузиб, сўзланди:
– Аканинг етти жойи синган. Унчалик хавфли эмас, хавотир олманг. Энди-и, очиғини айтишим керак, биз хўжалик ҳисобидамиз. Бу – унча-мунча харажати… бор дегани. Ҳозир кўп дўхтирхоналарда аҳвол шунақа. Тўғри тушунинг мени.
– Ука, сиз дангал айтаверинг… – Комбайнчи дўхтирнинг хабари кетидан давом этди. – Ҳаммаси очиқчасига бўлгани маъқул, шунга қараб соз қилардим.
Улар бир неча сонияда келишиб олишди. Комбайнчи опасини қўлтиғидан олиб ҳовлидаги боққа тушди. Бу ерда сассиз лаҳзалар ҳукм сурарди. Опа-ука четроққа, ўрик остидаги ўриндиққа жойлашдилар.
– Худо шифосини берсин, ичикаверманг, – деди ука.
– Манглайим қора бўмаса, бу кунлар ҳам бормиди менга? – Опа укасининг тўшига бош қўйиб йиғлай бошлади. – Бечора ёрти эди, кунимизга сен бор экансан. Ёлғизлик шундайда билинади-да, жигарим!
Қош қорайиб, теваракда кўча чироқлари ёғду соча бошлаганда Қорақул комбайнчи опасини шаҳардаги эски танишиникида қолдириб, қишлоққа қайтди.
Бегард осмонда ғуж-ғуж юлдузлар жимирлаб ётади. Сомон йўли бўйлаб учган бирининг тарам-тарам нурлари бир неча сония йўналишини ёритиб ўтади-да, хира тортиб йўқолади. Олис-олислардан бир итнинг ғингшиниб акиллагани эшитилади. Тошларга сингган офтоб тафти кўтарилиб теваракни дим ва илиқ ҳароратга тўлдиради; борлиқ осуда лаҳзалар қўйнида мудраб ётади. Бироқ ҳовли ўртасидаги ғужум остида ётган эр-хотиннинг кўзига уйқу инмайди. Улар учи-қуйруғи йўқ хаёллар гирдобида банд. “Комбайнимни сотаман, – ўйлади эри. – Пулга боради. Бултур Умар қассоб сўратувди. – Шу кез этакдан отнинг пишқириғи эшитилади, – Ё, бияни бозорга солсаммикан…” Хотини эрига кишибилмас қараб қўяди. Унинг тубсиз фалакка тикилиб ўй сураётгани-ю, минг бир режани хомчўт қилаётганини ҳис қилади. Ўқловдек ингичка, боз яна ажин босиб кетган бўйнига кўзи тушиб ич-ичидан ачинади. “Жағига пичоқ қайрайдиган бўлибди бечоранинг, – дейди ўзига-ўзи. – Не бир йигит эди; тоғни урса талқон қиладиган. Ёлғизликнинг шуниси ёмон, ака-укалари бўлганида суяшиб турармиди… Ит бўл, қуш бўл – кўп бўл дегани бор гап. Яккашнинг отауйи чироғини ёқиб ўтириши қийин”. Кунчиқардан эсган елпинчиқ эр-хотинни барча дарду ҳасратларидан фориғ этиб, юлдузлар жимир-жимирига маҳлиё қилиб, хаёлларини осмоннинг сирли қаърига тортиб кетади…
Қўшни чол бомдодга азон айтар маҳали қишлоқ оралаб бораётган Қорақул комбайнчининг хаёлидан: “Умар қассобникига борсаммикан, ё Ҳамза фермердан қарз кўтарсаммикан…” деган яккам-дуккам мулоҳазалар ўтади. Қайсики давлатмандни билса, улар билан ораларини чамалайди. Масалан, узоқ Тайпоқсойга кўчиб кетган партадош тенгқури Бойсайфи билан жўрачиликлари, анчайин қўли очиқлигини ҳам хотирлайди. “Қарз сўраганнинг бир бети қора, бера олмаганнинг икки бети, – дейди кимнингдир олдида мулзам бўлишини ўйлаб. – Ҳай, бир гап бўлар. Ўладиган ҳўкиз болтадан қайтмас”, қўшиб қўяди яна. Офтоб дашту далаларни оташдек куйдираётган бир паллада эшикма-эшик, уйма-уй кезиб юрган комбайнчининг реза-реза тер қуюлиб келаётган пешонасида шамшир ўйнатади гўё. Шамширки, жон олмас – ажал эмас; фақатгина устомон қассобдай терининг бир қаватини жизиллатиб шилиб ташлайди. Қизариб, ҳилдираб бораётган тўрқовундек ажин босган қиёфада бебахт болалик ҳасратлари-ю суронли йилларнинг ғам-андуҳлари қотиб қолган. Қотиб қолган эмас, ажи-бужи чизиқларда акс этиб туради. Бужмайган қовоқлар орасидаги ботиқ кўзлар эса, ана шу ажи-бужи чизиқларни ҳарфма-ҳарф, жумлама-жумла фош этади…
Бозордан бол топиб, уни қўйнига солиб, яна йўл-йўлакай “Замон-замон, бизнинг замон…”ни ҳиргойи қилиб келаётган ва хотинига икки зувала кулча солишни буюриб турган от даллоли Бойсайфи дўсти, яъни бола сирдоши Қорақулнинг кўзидаги илинжни уқди. Уқдики, …қийматини сўради, холос. Меҳмоннинг келишув ҳақидаги ваъдаларини тингламади ҳам. Бундан ўттиз-қирқ йил бурунги дали-ғуллилигига борди: “Топар ойида берасан” деди…

5

Саратон ўтиб, тийрамоҳнинг намхуш шамоллари уйғонган маҳали Қорақул комбайнчининг шаҳардан оёғи узилди. Суяк деганлари кун санар экан; поччаси Бердимурод қарийб олтмиш кун ётди дўхтирхонада. Бу орада комбайнчи анча-мунча дорининг фарқи-ю давосининг фаҳмига етди. Гоҳида оқ рангли иморатнинг ўткир ва қўланса ҳидидан безиб ҳам кетди. Баъзан шапалоқдек қоғозга турнақатор қилиб битилган дорилар рўйхатини қўлтиқлаб шаҳарнинг дуч келган тешигига бош суқди. Қудалар билан келишиб тўйни ҳам орқага сурди; жиянларим отасиз қолмасин, деди. Поччасининг ёлғиз эканлигини-да қистириб ўтди. Одам одамга эл бўлади, пул ёки мартаба эллик қилмайди, деб ўйлади қуда томон. То ўрим-йиғим тугаб, даладан ҳосил кўтарилгунича Қорақул комбайнчининг созини кутишди.

6

Кечаси билан шаррос қуйган ёмғир эрта билан тиниб, тонгги рутубат одамларга хуш ёқди. Об-ҳавонинг юмшаганидан кайфияти кўтарилган тўй эгалари издиҳомнинг тадоригида. Ёш-яланглар ўчоқ қазиш, самовар тайёрлаш билан банд. Бир-иккита ўрта ёшлилар ҳовлининг этагида, кўздан панароқда қора қўчқорни бўғизлаб, терисини шилиш билан овора. Чойнак-пиёла, коса-товоқ ташиётган хотин-халажлар оёқ учида учиб юришади гўё. Ҳолироқ томга йиғилишиб олган қизлар келин бўлмишнинг пардоз-андозига зўр беришади. Айвондаги уч-тўртта кексалар ўтган замонлардан гап суришади. Ички уйлардаги кайвонилар келин сепини қайта кўрикдан ўтказадилар. Кун чошгоҳдан ўтиб шоҳнинг кўчига безатилгандай турли хил попукларга ўраниб олган куёвжўраларнинг уловлари “биб-биб”лаб ҳовлига кириб келади. Остонага қадар пишқириб келган биринчи машинадан қориндор карнайчи ва миқти доирачи туша солиб “ғийқ-ғийқ, тапир-тупур”ини бошлаб юборади. Ўз ишлари билан куймаланиб юрган қиз-жувонлар бир пасда четроққа йиғилишиб олиб, йигитларнинг хатти-ҳаракатини кузатишга тушади. Шўх-шаддодлари навкарлардан айримларига қочирим қилишга ҳам улгуради. Тарафлар орасида ҳазилу мутойиба бошланиб кетади. Даврани ипак саллали Имомхон эшон томоқ қириб кесиб ўтади-ю йиғилганлар жимиб қолишади. Янгалар куёв болани никоҳ ўқитилмиш хонага бошлаб кетади…
– Қиз отасини чақиринг, – деди эшон никоҳ суви келтирган кишига.
Ҳаял ўтмасдан дўпписини қийшиқ бостириб олган Қорақул комбайнчи кўринди.
– Сиз, тоғаси бўласизми?
– Йўқ, дадаси бўламан.
– Унда тоғасини чақиринг, никоҳда тоғалар ота ўтади, удумимиз бу!
Қорақул комбайнчи ташқарилади. Эшикдан чиқа туриб ўйланиб қолди. Хотинига имлади:
– Ҳамқишлоқларингдан бўлсаям биронтасини айт. Қизга никоҳда тоғалар ота ўтар экан.
Даҳлиздаги курсида омонатгина ўтирган поччаси Бердимурод қўлтиқтаёғига суяниб:
– Заркумуш менинг қишлоғимдан, оғалари йўқ деб ким айтди, мен – акаман! Ойчечакка мен оталик қиламан! – деди тўлиғиб.
Эр-хотиннинг кўзларига нам тепди. Бироқ бир-бирига билдирмай тескари бурилиб кетишди. Ярим соат ўтиб келин-куёвни ташқарига олиб чиқишди. Қиз отаси билан хайрлашди: Қорақул комбайнчини қучоқлаб ҳўнграб юборди. Янгалар лаб учида шивирлади, билагидан тортиб четга олди. Ота бир жуфт нонни қизининг қўлтиғига қистириб, елкаси учиб – селкиллаб кетаверди… Белгисиз томонларга тикилиб, қабоғидаги намни сирқиб олди…
Базм қизигандан қизиб, лутфу эҳсонлар авжига минди. Куёвнинг уруғлари келин томонни ва ёки аксинча, бир-бирларини оғиз тўлдириб мақтадилар. Қизлар-йигитлар, аммалару холалар тўйхонани кулгуга тўлдириб, бир-бирларининг қўлтиғидан олиб, гир айланиб рақс хиром этишди. Қорақул комбайнчининг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. У атрофидаги ширакайф ошналарининг сершовқин қаҳқаҳасини эшитмайди гўё…

7

Тонг туннинг пардасини тортиб, шарпа шарпани эран-қаран илғайдиган бир паллада Ғўбдинтоғнинг қуймичидаги адирларда бир от ўйноқлаб боради. Қирқ кунлик бойловдан чиққан йилқи тизгинни узгудек силтаниб, гоҳида олд оёқларини қўшшасига ўйнатиб, белидаги жиловдорни менсимагандек пишқиради, оғзидаги сувлиқнинг ғижир-ғижири эшитилади.
– Маҳкамроқ ўтир, ташлаб кетмасин, – дейди отаси эгар ортига қараб. – Бозоргача бир амаллаб етиб олсак бўлгани…
Бола оёқларини қисиб, эгар карсонига ёпишиброқ олади.
Улар биянинг нархини хомчўт қилиб, бири олиб-бири қўйиб, бепоён кенгликлар ичида нуқтага айланиб боради…

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 10-сонидан олинди.