Анвар Суюнов. Эрта кетган болалик (ҳикоя)

Оқсоч Бахмалнинг ўрмонзор қоялари оша тонг кўтарилиб келади.
Ўктам чўққиларнинг кумушранг қорларидан эн олиб шошаётган жилға устида парланаётган буғ мисоли субҳидамнинг рутубати ўйнайди. Ойнадай тиниқ сув остида турфа хил қайроқ тошлар марварид каби жимир-жимир қилади. Териси шаҳдига торлик қилаётган қулундай ўйноқлаб бораётган жилға тонг муфассал етиб келмаган қишлоқларнинг пастқам уйларини оралаб кетади.
Кунчиқардан кўтарилиб келаётган офтобнинг аввалига қонталаш пушти пардаси – шафақ бўй кўрсатади. У қуёшнинг юзини тўсиб олган улкан елкан янглиғ тобора баландлай бошлайди. Сўнгра тоғ биқинидаги овуллар тепасида муаллақ туриб қолгандай бўлади.
Бироз ўтиб, энишга – Музбел устига қараб юради.
Шу кез Туятортар каналининг лойқа ҳавзаларида, серқамиш ботқоқларда, бепаён майсазорлардаги маржон доналаридай йилтиллаб турган шудринглар юзида тонгнинг акси кўринади. Қибладан эсаётган заиф шабада бўйдор қамишзорлар, қўзи териси янглиғ ялтироқ бўз далалар, қўшқулоқ ялпизлар ҳидини омихта қилиб Қоравултепа томонга эниб кетади. Кунботардаги зовурлар устида буғ кўтарилиб, ўша томондан лойшанг тупроқ ва сизот сувнинг ёқимсиз ҳиди таралади.
Энг четдаги ҳовлида аввалига чироқ ёнди, бир пас ўтиб тандирхона томондаги мўри муккасидан кетган кашандадай тутун пуфлай бошлади.
–  Эгнингга қалинроқ нарса ташлаб ол, – Уйнинг тўридаги тахта супада ётган ўрта бўйли киши хотинига юзланди – Ёзда ёпинчиғингни ташлама, қишда ўзинг биласан, деган.
Печга ўтин қалаб, супра ёзиб хамир ийлаётган хотини эрига бир қараб қўйди.
– Қачон уйғониб улгурдингиз, ташқарилайсизми? –  Аёл хира чироқнинг милтироқ нурлари остида супа томонга тикилиб қаради – Чўчимадингизми?
Эркак индамади. Оғир хўрсинди, ортидан хўрсиниғини пардалаш учун томоқ қириб қўйди. Фонуснинг тутун қоплаб бораётган шишасидан таралаётган заиф нур юзидаги қиёфани хотинидан яшираётгандек эди гўё. Атрофда икки кишининг қадам товушлари, енгил ва илдам ҳаракатлари сезиларди. Аёли тун яримида туриб, хамир қориди, ошхонадан талқон олиб келиб ҳафсала билан шакар аралаштирди. Сариёғни жиззиллатиб куйдириб, банкага лим қилиб тўлдирди. Эски бир рўмолни ювиб, печга сершох бута қадаб устига ташлаб қўйди. Қўшни хонадан қатир-қутир қилиб бир нималар кўтариб келди: лаш-лушлар орасида ярим сават тухум, бир белбоғ қурт бор эди. Иккита елим идишга қулт-қултлатиб сут қуйди. Кадидаги қатиқдан ёғоч қошиқ билан бидонга сола бошлади. Тахмондаги сандиқдан ёнғоқ-майиз олиб  тугунча қилди.
Бу пайтда унинг кенжа ўғли атрофида куймаланиб юрар, онасининг оғзидан чиққан ҳар қандай буйруқни сўзсиз дўндирар, ва яна имога илҳақ қараб турар эди. Унинг бундан биргина илинжи, тўғрироғи, мақсади бор эди: Шаҳарга борса, акасини кўриб, бирга ўқишхоналарини томоша қилса. Киноларда кўргани – трамвай, троллейбусларга ўтириб, шаҳарнинг сершовқин кўчаларида сайр этса. Шинам магазинларни, турли-туман егуликлар сотаётган тамаддихонларни айланса. Ва ойиси билан ўша серҳашам ошхоналардан бирида, ҳў-ў бирда отаси билан мол бозорида егани – “жиз-жиз” кабобдан икки сихни паққос туширса. Кейин… Онаси эркалатиб бирор сайрбоғда улкан арғамчига миндирса. Арғамчи уни бутун шаҳар осмони бўйлаб гижинглаган қулундай олиб қочса-ю яна ерга – ойисининг олдига тушириб кетса.  Сўнг, бир неча кун кўрганларини гапириб юрса…
Айниқса, Нормат қизилнинг ўғли Ашир гуппига қўшиб-чатиб, гуппининг сўлагини оқизиб айтиб берган бўларди.
Тандирхонада жизиллаб доғланаётган ёғнинг ачимсиқ ҳиди дераза тирқишларидан уйга ҳам сузиб кирди. Аёл илкис туриб, ўғлига “Синглингни уйғотворма” деди-да эшик ортига отилди. Эри билдики, хотини тўнғичига атаб қатлама қовураяпти. “Шунча юкни қандай ортмоқлаб юраркан, шаҳар узоқ, йўли оғир, – ўйлади ичида – Аёл – заифа, деймиз – давом эттирди ўйини – Йўқ, булар заифа эмас, булар – тош. Ҳа, тошодам! Уларнинг жонини Яратган баланд ва ҳайбатли қоялардан олган. Бўлмаса, манов майда тирикчиликка одамнинг танаси дош бера оладими?!. Йўқ, ҳар қандай жони бор ҳам чарчайди, кучдан қолади, силласи кетади ва оқибатда ўлади. Ишқилиб, мен оёққа тургунимча, шу бечора оёқда ўлиб қолмаса бўлгани!”. Аёл қорақозоннинг бошида туриб тўрт қатлама, саккизта қуймоқни қотириб олди. Ортиб қолган икки мушт зувалани қайта ийлаб, эри билан қизига чўзма қилиб берди. Шаҳарга олиб кетадиган нарсаларини тахт қилиб, ўғлини ёнига имлади. Бола беихтиёр суюниб, чопқинлаб келди. “Секин бор-да, Ҳурмат янгангдан плашини олиб кел – Ўғлининг қулоғига билинар-биланмас шивирлади – Ойимга бериб тураман деган экансиз де”. Бола ҳовли этагидаги ғовдан ошиб, ўқдай учиб кетди. Ўзи айвондаги эски чопонни кийиб, молларннинг эрталабки ем-емишини саранжомлагани оғил томонга  бурилди.
Осмон пуштиранг чойшабга бурканган. Далаларда муздай, лекин ёқимли шабада кезарди. Тонг билан бирга уйғониб келаётган қишлоқ, кўкка бўй чўзган тераклар, яйдоқ узумзорлар субҳидамнинг намхуш ҳавосида ял-ял ялтираб ўзларини кўз-кўз этаётгандек эди. Музбелнинг қуймичидан – Ғўбдинтоғнинг лалми адирларидан бошланган эгри-бугри асфальтда инқиллаб келаётган трактор қишлоқ ўртасида тўхтади. Ҳайдовчи ёнида ўтирган миқти йигит эшикдан ярим танасини чиқариб қичқирди:
– Бугун соат ўнга Ғўбдинтовнинг Шувоқлисидаги Эрмамат ҳожиникига савоби жанозага…
Хитоб бир неча бор такрорланди. Йўл четидаги ҳовлидан чиқиб келган мўйсафид айтувчига юзланди:
– Ҳожи қазо қилдими?
– Йўғ-э, бобо бардам.
– Унда кими қайтилиш қилди?
– Россиядами, қозоқдами ишлаб юргич ўғли бор эди. Кеча кечаси тобутда келибди бечора.
– Бола-бақраси бормиди?
– Билмадим – елка қисди айтувчи.
– Икки қиз, бир ўғил кўрган эди. – Чамбаракни ушлаб турган ҳайдовчи қўшилди суҳбатга – Болалари етим қолди-да…
–  Эҳ, чархи бевафо! – Мўйсафид шу гапни айтиб юзига фотиҳа тортди. Узоқ Ғўбдинтоғнинг қорайиб турган қояларига кўз тикиб, қўшиб қўйди – Ҳожи билан кампирини юк босибди-да…
Нуроний сўзини тугатаётган кезлари трактор қўзғалиб, қўшни қишлоқ оралаб айтувчилигини давом эттирар, тонгни хунук хабар билан қаршилаётган баъзилар жарчини “Овозинг ўчсин ола ҳакка!” деб қўйишарди.
– Э-э, сен Тангирбойнинг ўғлимасмисан? – Мўйсафид ўз хаёллари билан овора бўлиб яқинлашиб қолган йўловчиларни пайқамаган эди – Қани йўл бўлсин, тўй боланинг тойчоғидай дикирлаб турибсан?.
– Шаҳарга, –  деди бола ўзида йўқ хурсанд бўлиб – Акамни кўргани кетаяпмиз.
– Ассалому алайкум, – Боланинг онаси ер сузиб, ийманибгина сўрашди – Холамлар яхши юрибдими?
– Яхшимисан келин, Тангирбой юриб қолдими? – Нуроний астойдил ҳол сўраб кетди. Бу орада уйига кириб эски бўғчанинг орасидан бир сиқим пул олиб боланинг қўлига тутқазди. – Ол, ўғлим! Шаҳарга борсанг, бирор нима олиб ейсан.
Она ва бола ҳарчанд қаршилик қилишмасин мўйсафид пулни боланинг чўнтагига тиқиб қўйди.
Дунёнинг турли хил юк-анжомини ортмоқлаган эски автобус бекатга гидириб ўтди-ю улар бир амаллаб илиниб олди.

***

Улов бамисоли тошбақадай судралиб, орадан тўрт ош пиширим вақт ўтганда шаҳарга етиб келди. Она-бола поёнсиз денгизда туриб қолган кема каби қай тарафга йўл солишини билмай, гарангсиб қолди. Аёл бир амаллаб тўнғичининг ўқишига борадиган бекатни топди. Икков қирқоёқдай буралиб юрадиган троллейбусда чайқала-чайқала кўркам манзараларга суқланиб қараб кетаверди…
– Акангни кўргани келувдинг-ку? – Таъкидлади ойиси – Нега кирмайсан, қўрқасанми ё.
Бола онаси ҳарчанд унамасин ичкарига кирмади. Эгнини қисиб, интернат панжарасининг орқасига, овлоқроқ жойга тисланди. У одамлардан – панжарали дарвозадан кириб-чиқаётганлардан ўзини олиб қочди. Йўловчилар хушбичим либослар кийган, етовдаги болалари эса, бежирим ва оҳорли кийим-бошда енгил қадам ташлар, ҳар бир одими жуссасига мос тушар эди. Назарида, барча унга тикилиб қараётгандек, айниқса, шалвираб турган чопони-ю яширишга уринаётган оёқларига эътибор бериб ўтаётгандек эди. Шу сабабми бола янаям нарироққа, бекат ёнидаги қийшиқ ўриндиққа ўтириб, тўнининг бари билан оёқларини ёпиб олди. Бироз индамай турди. Сўнг қовоқлари учиб, юзини бошқа томонга бурди… Аёл ўғлининг шўрхак кўзёшларга беланган юзидан ўпди. Кутилмаганда оёғидаги униқиб ётган, ямалаверганидан супрадек рангсизланиб кетган, боз яна, бир товонининг ярми синиқ ботинкасига кўзи тушди. Чориғи учидаги ямоқ увада бўлиб, пайпоғининг яшил туси аниқ кўриниб турарди. Она-бола бир зум жим туриб қолди.
Бола номус қилди. Учи тешик чориғи-у беқасам тўн билан акасининг даврасига – посон кийинган йигитлар орасига кириб борса, кўрганлар куладигандек эди. Уни бир марта, оғасини юз минг марта мазах қиладигандек эди. Ана шу хаёл бекатнинг қийшиқ ўриндиғига михлаб қўйди…
– Майли – деди онаси кенжатойини юпатиб – Сен шу ерда ўтира тур, мен акангни олиб чиқаман.     
Ичи улкан хирмонжойни эслатадиган мажлислар залида, турли-туман: оқ-қора, калта-узун, соқолдору кўса, пасту баланд кишилар юқоридаги минбарга чиқадиган нотиқ ва интернатнинг серсалобат раҳбарларини кутишади. Сал кечикиброқ кутилган бўйинбоғлилар жамоаси виқор билан кириб келади. Шунинг билан интернатнинг сарҳисоби бошланади. Яъни, хулқи яхши ва ёки сал ўнғайсироқ ўқувчиларнинг номлари тилга олинади. Зал ана шу рўйхатга интиқ бўлиб минбарга тикилиб ўтирганда, орқа томондаги баҳайбат эшик ғийқ этиб очилди. Ўтирганлар бараварига товуш келган томонга юзланди. Юзлаб нигоҳлар бирваркайига қадалганлигидан қизариб кетган аёл қимтинибгина бурчакдаги ўриндиққа жойлашди. Мажлис ўз ишида давом этди. Қориндору новча, калтабақайю дароз – турли хил оталар бирма-бир туриб, ё таъна-дашном ёхуд мақтовлардан ўз-ўзича хулосага киришиб кетдилар.
–  Худоёр Тангирбой ўғли, 8-синфдан – деди мажлисбошилар қаторида ўтирган биргина аёл гулдурак овозда. Тошувидан залнинг қайсидир бурчаклари садо бергандай бўлди – Борми шу ўқувчимизнинг ота-оналари?!
Она фарзандининг отини эшитиб, бир кўтарилиб тушди. Қайси маънода чорлов бўлаётганлигини фаҳмлай олмай ўтириб қолди. Таъкид иккинчи бор янгради.
– Мен… – деди оёқлари қалтираб, гапининг давоми бўғзида қолди.
– Сизмисиз?! Нега бунча қунишасиз, бошингизни кўтариб келмайсизми? – таъкидлади мажлисбошилар сафидаги аёл – Мана шундай фарзандни ўстирганингиз учун сиздай онага таъзим қилиш керак-ку! – У ҳар бир сўзини чертиб-чертиб, жумлаларни қисқа танаффус билан дона-дона гапира бошлади – Бу ёққа чиқинг!
Даврадаги ўқитувчилар Худоёр Тангирбой ўғлининг интернатнинг олди эканлигини, шахмат бўйича биринчиликни олиб, янаям катта мусобақаларга тайёргарлик кўраётганини, фан олимпиадасида тарих бўйича мутлақ ғолиб бўлиб, келаси йилги саралаш учун имтиёзни қўлга киритганлигини бири олиб-бири қўйиб тавсиф этдилар. Она бамисоли ўзга бир дунёда, қайсидир жаннатмонанд ўлкада юргандай ҳис қилди ўзини. Муаллим сўз орасида унга қараб қўйса “раҳмат”лаб турди. Атрофини ажин босиб келаётган қовоқларидаги томчини паналатиб артиб қўяр эди гоҳи-гоҳида.
Шу тариқа йиғин тугади. Она муаллимлар билан суҳбатлашар экан, ич-ичидан йиғлар, бу йиғи қайдан пайдо бўлаётганлигини, нима учун кўзёш қилаётганлигининг охирига етмасди.
– Раҳмат, сенга болам! – деди тўнғичи билан учрашганда, ёлғиз қолар экан – Умринг узоқ, манглайинг оқ бўлсин. Тортган азобларимга, қилган меҳнатларимга розиман…
Сўнгги жумласи ичида қолиб кетди. Юзини артиб, ўғлининг ортидан ётоқжойига қараб юрди. Бу орада гуруҳ раҳбари ва тарбиячилар бошлиғи нималаргадир пул йиғилаётганлигини маълум қилди. Она тугунчаги орасидаги қўлрўмол – ҳамёнини олиб ҳисоб-китоб қилди. Қишлоқдан елкалаб келган бисотини ўғлига топширди. Кун пешинга оққанда:
–  Э-э, эсим қурсин. Дарвозада уканг бор эди! – деди тўнғичига.
–  Нега олиб кирмадингиз? – таажжубланди каттакони.
Она индамади, зўраки кулимсиради. Ичидагини айта олмади. Гап ўзанини бошқа томонга буришга тушиб кетди. Икков қадамларини тезлатиб, дарвоза томонга юрдилар.
Ака-ука йиғлаб кўришди. Улар сўзсиз йиғладилар. Улар ўз дарди билан йиғладилар: Ака соғинчдан, узоқ айрилиқдан эзилиб йиғлади. Ука ундан-да бадтар аҳволда… йиғлади. Кўзёшлар даҳанлардан оқиб тушди. Анча вақт бир-бирини кўксига босиб турди. Бир-бирларининг бўйниларидан ҳидлаб, вужудлари сел бўлиб турди. Она уларни кўриб яна йиғлади. Қўлрўмолининг ранги чиқиб, бармоқларининг ораси қип-қизил бўлиб қолди.  
Худоёр меҳмонларни кузатди. Уйда қолган дадаси ва қўнғироқсоч синглисини хотирлаб, дилгир хаёллар билан ётоқхона томонга бурилди…
Она ва бола яна йўлига равона бўлди. Бу сафар ҳам тиқилинч автобус ичида ҳар турли, жонли-ю жонсиз йўловчилар бор эди. Ана шундай одам тирбанд, базўр ҳаво оладиган улов ичида паттачи ўз ишига киришиб кетди:
–  Қани сизники? – деди одамлар орасидан сибжирилиб она ва боланинг пешонасига етиб келганда.
–  Қишлоққа етиб олайлик, уйдан бераман – деди аёл уялиб – Ҳаражатимиз кўпайиб кетди-да ука.
–  Сарфга яраша олиб чиқмайсизми? – Йигит зарда қила бошлади – Ҳовлингизга кириб чиққунингизча кутиб ўтираманми?
–  Манг! – болакай бир қисим пул чиқарди – Ойимга ўдағайламанг!
Паттачи шитирлатиб санай бошлади. Мўлжалдан анча ортиқ эканлигини билиб, саноқни тўхтатди-да қолганини чўнтакка урди.
–  Ўзингга етарини олмайсанми, ноинсоф?! – Аёл чидаб тура олмади.
Қизариб кетган паттачи ғўнғиллаб-ғўнғиллаб, зиёдини қайтиб берди. Атрофдагилар итялоқдан жиркангандек ижирғаниб қаради.
Она бепаён адирларни кузата туриб, беихтиёр саҳарда учратган Мелибой қассобни эслади. Сўнг уйи, қизчаси, тўшакда ётган чўлоқ эри ва сувсиз қолиб мўнграб ётган моллари кўз олдидан бир-бир ўта бошлади.

***

– Човгумни узат, – Бемор ҳозиргина кириб келган хотинига имлади. Болалари теварагини қуршаб олди – Танглайим қақраб кетди…
Хотини унинг тўшанчисини тузатар экан, шаҳарни, айниқса, тўнғичининг таърифу тавсифини ҳикоя қила кетди. Эри аёлининг чеҳрасига боқиб, тобора ёшариб, ситамларини унутаётгандек енгиллашиб борар, онда-сонда кулимсираб қўярди…
Хотини деразаларни ланг очиб, оғилга, қаровсиз қолган молларидан хабар олгани жўнади.
Кенжаси тўрвадан синглисига иккита ширага ботирилган олма, дадасига бир сиқим қовурилган ерёнғоқ чиқариб берди. Бир жуфт оппоқ шаҳари нонни дастурхонга ўраб қўйди. Отаси нам тортиб қолган ерёнғоқни кафтларига олиб, битта-битта чақа бошлади. Аввал уч-тўрт донасини қизига улашди. Кейин ўғлига ҳам. Улар ерёнғоқлар тугагунча чуғурлашиб тамадди қилди. Кичкинаси негадир бошқачадай, аниқроғи, улғайиб қолгандек эди назарида. У раҳмдил, оғир, мулоҳазакордек эди. Илгарилари бунақа сахийлиги йўқ эди, тажангроқ, эркатойроқ эди.
Кун шомдан ўтиб, тун кирар паллада Музбел устига қоп-қора булутлар уюри ўрмалаб кела бошлади. Қаерлардадир ерни гурсиллатиб, самони қарсиллатиб чақмоқ урди. Бутун қишлоқ, далалар, боғлар, ҳайбатли Туятортар бўйлари, қишлоқ кўчалари бир лаҳзага ёришиб кетди. Орқасидан шитирлатиб ёмғир қуя бошлади. Лаҳзалар ўтган сайин зўрайиб, том устидаги шиферларни, дарахтларнинг ялонғоч баданини, қизғиш-қора заранг тупроқни тапирлатиб ура бошлади.
Бу – баҳорнинг биринчи ёмғири, одамлар узоқ кутган ҳут ёғини эди.
Бола ҳовли ўртасидаги қизғишбадан ўрикни савалаётган ёмғирни кузатиб, томчилар товушини тинглаб турди. Сўнг Нормат қизилнинг ўғли Ашир гуппига нималар дейишини ўйлади… Чувалган хаёлларининг ниҳоясига етолмади. “Ёлғон айтмайман – деди ўзига-ўзи, қатъийлашиб – Аширнинг акамга ўхшаган акаси йўқ. У, барибир, ака кўргани шаҳарга бора олмайди!”. Охирги қароридан наъша қилди. Негадир енгиллашгандай бўлди.
Ёмғир табиатни ғалвирдек элаб, хамирдек ийлаб ёғар, замин қаъридан ажиб бўй кўтарилиб, жамики тириклик баҳордек очилиб борар эди.