Анвар Обиджон. Уч оға-ини (ҳикоя)

Уч оға-ини бор экан. Бири биридан шўх, бири биридан ўйинқароқ болалар экан. Четдан қараганда, уларнинг юриш-туриши бир хилдек кўринса-да, кенжаси сал писмиқлиги билан ажралиброқ тураркан. Унинг жуда кичкинтойликдаги ажабтовур қилиғини оиладагилар ҳалигача ҳиринглаб-ҳиринглаб эслашар экан.
Маҳалла болаларининг саломатлигини кўрикдан ўтказиб турувчи қишлоқ дўхтири бир куни кенжатойни текшириб бўлиб, ота-онасига: “Қони жиндай камроққа ўхшаяпти, бу болага алоҳида парво қилиб туринглар”, деб тайинлабди. Шу гап баҳона бўлиб, кенжатой ғалати одат чиқарибди. Нонушта пайтида: “Мен кўпроқ мураббо ялаганим яхши, менинг қоним ка-а-м”, деб идишни ўзига яқинроқ суриб оларкан, ош ейишса: “Мен куч тўплашга мажбурман, менинг қоним ка-а-м”, деб бирваракайига иккитадан гўштни лунжига тиқаркан, ойисига тихирлик қилиб: “Менга кунига уч марта музқаймоқ олиб бермасангиз бўлмайди, менинг қоним ка-а-м”, деб туриб оларкан. Охири, шу гапга ўрганиб қолибди, дадаси: “Вақт алламаҳал бўлди, телевизорни ўчириб, тезда ухла”, деса ҳам, у: “Мен телевизорни кўпроқ кўришим керак, менинг қоним ка-а-м”, деб қўяркан.
Шунақа эркагина, шунақа муғомбиргина бола экан кенжатой.
Шу уч оға-иниларнинг кўчасида Тиллавой деган бир киши яшар экан. Бошқалардан бойроқ бўлишига қармай, бир тийиннинг устида ўмбалоқ ошадиган даражада хасис, битта текин мағизнинг дарагини эшитса, қирқ чақирим жойга яёв боришдан эринмайдиганлар хилидан экан. Уйидаги кечки таомни тежаб қолиш учун, сизлардан бир хабар олиб қўяй дедим, деб, ҳар куни шомда у ёки бу қўшниникига кириб бораркан, олдига овқат қўйишса, то палов келмагунча, безрайиб ўтиравераркан. Шу туфайли “Суллавой” деган лақаб орттирган экан.
Бир куни уч оға-инининг дадаси хотинига қараб: “Онаси, ташқини яхшилаб супуриб қўйинг, Суллавой кеча ён қўшнимизникида меҳмон бўлувди, менимча, бугун навбат бизники”, дебди. Буни эшитиб турган болаларнинг энсаси қотиб, бир-бирларига маъноли қараб қўйишибди. Кейин, ўзаро шивирлаша бошлашибди. Ҳамма ёмон кўрадиган Суллавойга қарши бир ҳийла ўйлаб топишиб, гижинглаб-гижинглаб кулишибди.
Уч оға-ини шунақа иноқ, шунақа қувноқ болалар экан.
Шом бўлиб, қош қорайиб қолган паллада кўча эшиги томондан Суллавойнинг: “Ҳов! Ким бор?” – деган товуши янграбди. Уй беги уни қаршилашга бораётган чоғда, тўнғич ўғил электр ҳисоблагичнинг остидаги мурватни бураб, чироқни ўчириб қўйибди. Чироқ чиндан ҳам ўчиб қолди деб ўйлаган ота: “Озиб-ёзиб бир келганингизда, бунақа бўлганини қаранг”, дея ўнғайсизланган экан, Суллавой бурнини ғўппайтириб туриб: “Ҳечқиси йўқ, шам ёқиб ўтираверамиз”, дебди.
Уй бекаси шам ёқиб бергач, Суллавой ва ота-болалар меҳмонхонадаги хонтахта теврагидан жой эгаллашибди. Олдиндан ҳозирлик кўриб қўйилгани боис, тез орада дастурхонга палов тортилибди. Суллавой очкўзларча тамшаниб, товоққа эндигина қўл ураётганида, тўнғич ўғил қаттиқ чучкуриб юборибди-ю, шам лип этиб ўчиб қолибди. Қоронғидаги ғимир-ғимирлардан ҳадиксираган меҳмон: “Ҳов, бўричалар, эсликкина бўлиб ўтирибсизларми?” – деб овоз қилган экан, оға-инилар: “Хавотир олманг, Суллавой тоға, миқ этганимиз йўқ”, деб жавоб қайтаришибди. Бегона эркакдан тортиниб, бошқа хонада овқатланаётган бека гугурт билан кириб келибди, шамни ёқибди. Мундоқ қарашса, оштовоқ яп-яланг эмиш. Ота: “Ош қани, қулунтойларим?” – деса, оға-инилар: “Биз ҳам шуни билолмай ҳайронмиз, дадавой”, дермиш-у, лабларида ёғ йилтиллаб турганмиш.
Бундан Суллавойнинг кўнгли зил кетган бўлса-да, сирни бой бермай: “Меҳмон ош еёлмади деб хижолат тортманглар. Очиғини айтсам, қаймоқни кўпроқ яхши кўраман”, дебди. Бека бир коса қаймоқ келтириб, хонтахтага қўйибди. Суллавой оғзидан оқаётган сўлакни артиб олиб, қаймоққа эндигина қўл чўзганида, бу гал ўртанча ўғил жарангдор чучкирибди-ю, шам лип этиб ўчибди. Қоронғида таралаётган “чипира-чипир”лардан безовталанган меҳмон: “Ҳов, бўричалар, эсликкина бўлиб ўтирибсизларми?” – деб дўриллаган экан, оға-инилар: “Ташвишланманг, Суллавой тоға, қоқилган қозиқдек қимирламай турибмиз”, дейишибди. Бека кириб яна шамни ёқибди. Мундоқ қарашса, на дастурхонда нон бормиш, на косада қаймоқ. Ота: “Қаймоқ қани, қулунтойларим?” – деса, оға-инилар: “Ие, бу косада қаймоқ бормиди, дадавой?” – дермиш-у, оғизларининг атрофи оппоқ эмиш.
Уч оға-ини шунақа иштаҳали, шунақа полвон болалар экан.
Бу сафар Суллавойнинг юраги тарс ёрилгудек бўлибди. Хўрлиги келса-да, барибир бирон нима емасдан кетадиган аҳмоқ йўқ, дея ич-ичидан тугуниб: “Аслида, дастурхонга фотиҳа қилсак ҳам бўларди-ю, бирорта таомга қўл урмасдан жилворишим сизларга оғир ботишидан чўчияпман. Майли, ҳеч бўлмаса, ширинликдан тотиб кўрайлик”, деб сурланибди. Сўнг, кўзини очофатларча ўйнатиб, тақсимчадаги конфетларга ташланаётганида, кенжа ўғил жон-жаҳди билан чучкуриб юборибди-ю, шам лип этиб ўчибди. Қоронғида қоғозлар шилдирай бошлаганини эшитиб турган меҳмон: “Ҳов, бўричалар, эсликкина бўлиб ўтирибсизларми?” – деб безовталанибди. Оға-инилар: “Ғам еманг, Суллавой тоға, қўлимиз тугул сочимиз ҳам қимирлагани йўқ”, дейишибди. Бека учинчи марта шамни ёққач, мундоқ қарашса, тақсимчада қуруқ қоғозлардан бўлак ҳеч вақо йўқ эмиш. Ота: “Қоғозчага ўралган қандлар қани, қулунтойларим?” – деса, оға-инилар: “Бу қоғозларнинг ичида қанд бўлишлигини энди эшитиб турибмиз, дадаво
й”, дермиш-у, оғизлари қолиб ҳатто юзлари ҳам шира эмиш.
Дастурхонда бор-йўғи конфет қоғозчалари билан нон увоқлари турганини кўриб, ебтўймас Суллавой ёмон эзилибди, ирғишлаб-ирғишлаб додлагиси келибди.
Айтишларича, бу ҳангома эртасигаёқ маҳаллага тарқалиб, Суллавой ўлгудек изза бўлибди. Уч оға-инининг сабоғи эсини киритиб, чақирилган жойларгагина боришни одат қилибди.
Уч оға-ини шунақа топқир, шунақа қизиқ болалар экан.

2009 йил