Анвар Обиджон. Тўғон Такаевнинг қошиқбози (ҳажвия)

Ҳурматли суд раиси! Муҳтарам масаҳатчилар!
Акаларим! Бўйнимга оламан, ўзимдаям сал-пал айб бор– баъзан кўнгли бўшлик қилдим, баъзан нафсим ҳакалак отди. Аммо-лекин, айбнинг энг йириги – шу топда мени қаллобга чиқариб, уялмай-нетмай даъвогарлик қиптурган манави одамларнинг ўзида. Шундай пачақ аҳволга тушиб қолишимга сабабчи бўлганлар, ана, пастда тарвайиб ўтиришибди.
Яна бир нарсага ҳайронман – асосий гуноҳкор нимагадир бу золда кўринмаяпти. Илтимос, ҳурматли суд раиси, телестудия режиссёри Сувонқораевниям ёнимга жуфтлаб қўйишингиз керак бўлади. Ҳамма машмашани бошлаган ўша!
Сомсапазлик қилиб, тинчгина яшаб юрувдим. Бир куни тандирни эртароқ қоқлаб, хўжайнимдан ўз тегишимни олдим-у, кайфият важанг бўлиб, уйга жўнадим. Одатдагидек, телестудиянинг ёнидан ўтиб бораётсам, бир занжинусха одам ичкаридан ҳолпиллаб чиқиб, шартта йўлимни тўсди, «бўшмисан, окоси», деб сўради. «Мақсад?» – дедим. «Арзимаган хизмат бор, соққаси нақд», деди у. Кейин, жавобимни кутиб ўтирмай, қў-лимдан тутиб, ичкарига судради.
Нима гаплигини ичкарига кириб тушундим. Режиссёр Сувонқораев машҳур хонанда Тўғон Такаев ҳақида «Тилла тишли булбул» деган филм-кансертни суратга олаётган экан. Ҳамма нарса тахт бўлган кезда, мусиқачилардан биттаси, яъни қошиқбоз йигит пиллапоядан йиқилиб, қўлини лат егизибди. Ҳали-вери ишга ярамаслиги маълум бўлганидан сўнг, Сувонқораев шоша-пиша мени топиб келган жойи экан.
– Тайёр пулни олишга-ку қорним оғримайди-я, – дедим мен Сувонқораевга. – Лекин, тўғрисини айтсам, турли еди-ичдиларда қўлимдан қанча-қанча қошиқлар ўтган бўлсаям, умримда уларни бир-бирига ҳеч уриштириб кўрмаганаканман.
Шунда Сувонқораев: «Э-э! Биров сенга қошиқни оҳангга солиб шақиллатасан деяптими? Тасмага ёзилган қўшиқни берсак, ашулачи хўжа кўрсинга оғзини қимирлатиб, мусиқачилар асбоб чалгандек бўптуришади, холос», деди мени жеркиб. Кейин: «Дадил бўл, ука, қошиқларни завқ-шавқ билан уриштиргин, хўпми?» – деб елкамга қоқди. «Хўп» деганимни биламан, мени пардозхонага опкиришиб, бетимга бир балоларни суркашди. Яп-янги кийим кийдиришиб, галстўк деган латтада бўйнимни бўғишди…
Во-о, акалар! Ўша кансерт телевизўрда берилганидан кейин бошимдан нималар кечганини кўрганингизда эди! Олдинига маҳалла-кўйга ош тортдим. Қариндош-уруғларни кутиш бир ҳафтага чўзилди. Ишхонадагиларга алоҳида зиёфат уюштирдим. Илгари мени «хасмисан, касмисан» демайдиган катта хўжайинимиз ҳам ўтиришга келиб, қошимдан ўпиб табриклади. Ўшанда: «Санъат деганиям ёғлиққина соҳа-ю, аммо сиз ўзимизга кўпроқ кераксиз», деб кўз қисганиди. Кўп ўтмай, мени тузуккина бир ошхонага шеф қилворди.
Бу ёқда ишларим қайнаб ётибди-ю, дуппа-дуруст зотлар атай олдимга келиб, мени тўйларга олиб кетадиган бўлишди. «Тантанали кечамизни очиш учун сўз – ҳаммага севимли Тўғон Такаевнинг асл шогирди Қосим-қошиққа!» – дейилиши билан қийқириқлар бутун маҳаллага зилзила солишини айтмайсизми. Бора-бора, гап деган нарсага дўппи кийдирадиган бўпкетдим.
Етилган-етилган қизлар кўча-кезикда мени кўриб қолишса, «Вой, ана, ана, Тўғон Такаевнинг қошиқбози келяпти», деб бир-бирини қитиқлаб қўйишади денг. Хўш, бунақада хотинни қўйвормай бўладими? Ҳалиям, тугалай инсофдан чиқиб кетмай, бор-йўғи беш мартагина уйландим, холос. Алиментларни вақтида тўлаб келяпман.
Обрўйим ошган сайин, илтимос қилувчилар ҳам кўпайиб борди. Шунинг натижасида, юқорида айтиб ўтганимдек, нафсим тобора ҳакалак отиб, оғзимга сиғмайдиган луқмаларгаям панжа уришни ўргандим. Биров «боламни ўқишга киритиб беринг», деса, бошқаси «келинимни фалон касалхонага навбатсиз ётқизсангиз», деб мўлтирайди. Ишхона ҳисобидан уй-жой олишга умидворларнинг-ку сон-саноғи йўқ. Аввалига иймангандек бўлдим, кейинчалик шароитга тез мослашиб, берган «чўтал»ларини безрайиб олавердим, акалар.
Ўзларинг мард-мардум бўлиб айтинглар, мажбурлаб чўнтагимга солишаверса, мен нима қилишим керагиди? Узоққа бориб ўтирмасдан, мендан уч минг «юмалоқ»ни даъво қилаётган анави бозор паттачисини олайлик. Бу полвонвачча мени ургудек бўлиб чўнтагимга пулни тиқишдирдики, инститўтни битирган ўғлимни солиқ идорасига ишга жойлайсан, деб. Ўшанча пулни қаердан олгансан, деб унинг ўзиниям тергов қиладиганлар топилиб қолар?
Бу гапларим билан нима демоқчиман? Айтмоқчиманки, майли, майда-чуйда гуноҳларимни ўғилболачасига бўйнимга олай. Аммо-лекин, асосий айбдор четда қолиб кетмасин-да. Жазонинг энг каттасини – ғўрлигимдан фойдаланиб, мендек содда бир сомсапазни эгри йўлга бошлаган режиссёр Сувонқораев олиши керак. Анавини адолат деса бўлади.
Охирги илтимосим шуки, акалар, ҳукм чиқараётганда, ёшлигимни, ҳаётда жуда тажрибасизлигимни, қаллоб Сувонқораевнинг оғирини енгиллатайин деб, ўзим билмаган ҳолда қинғир йўлга кириб қолганимни ҳисобга олинглар…
Ах, пишмаган калла! Телевизўрда қошиқни шақиллатгунча, сомсахонада чўмични тақиллатиб юраверсам ўлармидим?!
1984 йил.