Анвар Обиджон. Судхўрнинг зиёфати (ҳажвия)

Ҳатто гўрковнинг кетмонида ҳам ширин орзу,
гўзал мақсад бўлиши мумкин. Гузардаги хотинлар ҳаммомини хусусийлаштириб олишдек эзгу ниятини овозалаб қўйиш учун маҳалла оқсоқолининг ҳузурига отланиб турган Эсонхўжа, кўча эшикдан безрайиб кириб келаётган Қарноқни кўриб, энсаси қотди. Унинг тулкитиржайиш тарзида берган саломига аликни исрофлаб ўтирмай, афтини тириштирганича жағидаги соқолни қашлади.
– Бевақт келдинг, шошиб турувдим, – дея Қарноққа арслонланиб қиялади у. – Қолавурса, қарзини узмай юрган номардлар билан гаплашадиган гапим йўқ. Эсингдами, Қарноқ сулла, етти сўм қилиб бераман деб, саксон тўққизинчи йилда олти сўм қарз олганидинг? Ўшанда етти сўмга иккита товуқ берарди. Қачон қўшқўлтиғингда товуқ билан келасан, кейин гапингни эшитаман.
Қарноқдаги тулкитиржайиш туйқус бўриўқрайишга айланди.
– Сизни одам деб, катта пул масаласида маслаҳатлашгани келсам… Э, ўргилдим!
Қарноқ зардаланиб ортга буриларкан, Эсонхўжа сергак тортди. «Тўхта! Қанақа пул?» – деди кўзи йилтираб.
Қарноқ дарҳол аразини йиғиштириб, ўтган куни носқовоғи синиб қолгач, ахлатхонадан кичикроқ носшиша қидириб юриб, сувқоғозга ўроғлик бир тутам доллар топиб олганини мароқ билан сўзлашга тушди. Нарироқда ҳовли супириб турган беканинг супургиси қўлидан сирғаниб, ярқ этиб Қарноққа юзланди:
– Доллар? Ахлатхонада-я?!
Эсонхўжа ҳам наъра тортиб юборди:
– Бир тутам дедингми?
– Ҳа, энди, бир тутам бўлгандан кейин, бир тутам дейман-да, – талтангланиб жавоб қилди Қарноқ.
Эсонхўжанинг дафъатан чеҳраси ёришди. Қарноққа хушомадланиб қучоқ очди:
– Ие, ие, ие! Ассаломалайкум, Қарноқ бойвачча. Бир ачомлашиб қўяйлик. Соғ-саломатмилар? Бола-чақалар омонми? Қани, қани, сўрига юрсинлар… Мастона! Битта аччиқ чой дамлагин…
Эсонхўжа Қарноқни сўрининг тўрироғига ўтиргизди, ишкомнинг айрисига илинган дастурхонни олиб, ўртага ёйди. Ҳаял ўтмай, Мастона ҳам пайдо бўлди – чойнак-пиёла, нон, турли ноз-неъмат солинган катта баркашни кўтариб келиб, эрига узатди. Эсонхўжа баркашни олаётиб, қайноғи босилмаган шўрвадан меҳмонга бир коса қуйиб келишни хотинига тайинлай бошлаган эдики, Қарноқ тосрайиб гап қистирди:
– Илтимос, Мастонабону, иликли устихонни алоҳида бир товоқчага сопкелсангиз.
Шўрвадаги биттаю битта устихонни ўзи ғажиб, илигини ҳам қоқиб егани Эсонхўжанинг ёдига тушди ва хотинининг қулоғига шипшитди:
– Устихон итнинг олдига етиб бормаган бўлса, атрофига гўшт ёпиштир. Иликнинг ўрнига думбаёғдан тиқвор.
Қарноқ узатилган чойни олиб, «сал совуғим ошиб турувди», дея уни пиёладаги асалнинг устига қуйди, нон билан аталади, ҳузурдан лабини чапиллатиб-чапиллатиб ҳўплай кетди.
– Айни совуғингиз ошганда, бизнинг асалга дуч кептурганингизни қаранг, – деди Эсонхўжа гезариб. – Ҳм… Шундай қилиб, бир тутам доллар топволдим денг?
– Ҳа, роса бир тутам, – кавшаниб бош қимирлатди Қарноқ. – Мен сизга айтсам, илгари долларни бировларнинг қўлида ғира-шира кўриб юрардим. Тап этиб кафтимга қўнди-ю, ўзимни қайси кавакка сиғдиришни билмай қолдим.
– Хех-хех-хе… Жонингизни чакки қийнабсиз, Қарноқ бойвачча. Долларни топибоқ, тезда бизга ўхшаганлар билан кенгашволишингиз керагиди.
– Ҳалиям шунақа қилдим. Шодмон бизнесчи эсимга тушди-ю, тўғри ўшанинг олдига югурдим.
Эски душманининг номини эшитиб, Эсонхўжанинг тўсатдан феъли айниди.
– Нима-а? – деб бўкирди ғазаби қайнаб. – Уйимда ўтириб, Шодмоннинг отини аташга қандай ҳаддинг сиғди, Қарноқ сулла? Долларингни, келиб-келиб, ўша манқага пулладингми? Тур ўрнингдан! Жўна, қорангни ўчир!
Эсонхўжа Қарноқнинг ёқасидан тутамлаб, кўча сари судради.
– Э, ёқамни қўйворинг-е! – Қарноқ бир силтаниб, ўзини халос қилди. – Нима, долларимни Шодмонга бериб қўйибманми? Қаллоблиги эсимга тушиб, ярим йўлдан шартта орқага қайтвордим.
Эсонхўжанинг қиёфаси зумда ўзгарди, «бағо-о-ят маъқул иш қипсиз, Қарноқ бойвачча», дея илжайиб боқди. Қарноқни қуюқ мулозамат ила яна сўрининг тўрироғига ўтирғизди.
Мастона шўрва билан устихонни алоҳида идишларда келтириб, дастурхонга қўйиб кетди. Қарноқ ютинганича яктагининг енгини шимарди. Косадаги шўрвани тўрт-беш симиришда гумдон қилиб, йиртқичона важоҳат билан устихонга ёпишди.
– Қайнайвериб, эти суякдан ажраб кетибди-ку, – дея гўштни олиб, бутунича оғзига тиқди-да, чайнаётиб ғўлдиради. – Қизиқ! Суяги қўйники-ю, гўшти молники-я?
– Бу замондаги ҳайвонларгаям тушуниб бўлмай қолди, Қарноқ бойвачча, – бурни каби дўнгалак бошмалдоғида тасбеҳ доналарини сураётиб, қироат билан сўзлади Эсонхўжа. – Тунов куни бир фермер ошнамникига борсам, эчкининг боласи чўчқани эмиб турибди. Ана шу улоқ улғайса, қарабсизки, суяги эчкиники-ю, гўшти чўчқаники бўптурибди-да.
Қарноқ аввал ҳам бир синаб кўрилган суякка қайта ишлов беришга уннаётганида, Эсонхўжа гапни тағин мақсадга бурди:
– Шодмон манқа ниҳоятда имонсиз одам. Бундан бу ёғигаям биздек охиратини ўйлайдиганлар билан иш қилинг.
– Уйга қайтдим-у, жуда ғалати ишлар бўлди, Эсон ака…
Ўша куни ярим йўлдан қайтгач, Қарноқ долларларини қаерга яширишни билмай, кечгача уйда ивирсиб юрди. Охири, қоронғи тушириб, секин томорқага ўтди. Томорқа этагидаги қуриган ариқнинг ичида ётган эски тунука чойнакни кўриб, миясига чарақлаган бир фикр келди. Долларли сувқоғозни чойнакнинг ичига тиқиб, оғзини тепиб буклади, уни ариқнинг камарига жойлаб, устига хас-хашак ташлади.
Бу гапларни эшитиб, Эсонхўжа муғамбирона тиржайди:
– Жа пихини ёрган одамсиз-да. Ниҳоятда пухта иш қипсиз.
– Э, пухталигим қурсин, – қўлини сочиққа артаётиб, кекирди Қарноқ. – Палакатни кўрингки, кечаси бир ариқ сув келиб, чойнакни оқизиб кетибди. Камарни чуволчангдек титкиладим – йўқ!
Эсонхўжанинг кўзлари қинидан чиққудек бўлиб, тасбеҳни четга улоқтирди.
– Хумбош! Тўнка! Эшакмия! – дея яна Қарноқнинг бўғзидан олди у. – Қайси жинни пулни ариққа ташлаб қўяди, Қарноқ сулла? Тур! Тур деяпман, безот! Йўқол кўзимдан!
Қарноқ Эсонхўжанинг кўкрагидан итариб ташлаб, шанғиллади:
– Вей! Қанақа одамсиз? Гапни охиригача эшитинг-да. Ариқни икки чақирим титкилаб бордим. Топдим… чойнакни.
Бир лаҳзада иблислашган Эсонхўжа, бир лаҳзада фаришталанди.
– Ие-ие! – оғзининг таноби қочиб, мулойим эшилди у. – Пулни топганлари қутлуғ бўлсин, Қарноқ бойвачча. Худо бир қайтариб берибди-да, а? Қани, қани, тўрироққа чиқсинлар…
Мастона келиб, шўрванинг идишларини йиғиштиришга киришди.
– Сизга яна битта илтимосим бор, Мастонабону,– сурланиб гап ғилдиратди Қарноқ. – Мабодо, шавла-павлага уринсалар, икки дона кўк қалампирданам ташлаб қўйсинлар.
Мастона эрига қаради. «Бор, тезроқ шавлани ташкил қил», деган буйруқни олгач, қўлидаги бўш идишларни шиқирлатиб, ошхона томонга йўрғалади.
Эсонхўжа Қарноқнинг ҳолва ошалашини гезарганича кузатиб туриб, аста сўз қотди:
– Ҳартугур, билиб қўйганимиз тузук. Долларларни менга опкелишдан мақсад нима ўзи?
– Ўзимизнинг сўмга алмаштирсам дегандим. Бонкага борай десам, бирортаси «буни қаёқдан олдинг» деб қолса…
– Маъқул, Қарноқ бойвачча, жудаям маъқул. Қани, бу ёққа узатсинлар-чи бўлмаса.
Бодомли ликобни олдига яқинроқ сураётган Қарноқ белбоғининг қатидан сувқоғоз ўрамини суғуриб, димоғдорлик билан узатди.
Эсонхўжа ўрамни олиб, уни эҳтиёткорона очаркан, тавозе ила сўз бошлади:
– Энди-и… қиёмат қарз ёмон нарса, Қарноқ бойвачча. Яъни, саксон тўққизинчи йилдаги етти сўм қарзингизни айтаман-да. Олдин долларларни сўмга айлантирамиз. Кейин, иккита товуқнинг пулини ҳозирги нархга чақиб, менга қайтарадилар.
– Бўпти, бераман.
– Баракалла, Қарноқ бойвачча, барак-к…
Сувқоғозни очиб, бирдан Эсонхўжанинг ранги оқарди. «Ҳов! Бу нима?» – деб Қарноққа чақчайди.
– Нима бало, долларни танимай қолдингизми?
– Шуни доллар деб юрибсанми, Қарноқ сулла?– оғзидан тупук сачратди Эсонхўжа. – Болаларнинг «Бизнес-бизнес» деган ўйини бор. Булар ўша ўйинда ишлатиладиган ўйинчоқ доллар-ку.
– Калла борми? Пулниям ўйинчоғи бўларканми?!
– Э, тур-е! Тур деяпман сенга!
Эсонхўжа Қарноқни кўчага итҳайдаш қилиб боргач, эшикни қаттиқ ёпиб, калласи қалтираганича тутоқиб ғудранди:
– Ҳе таги паст! Ўзинг ким-у, тўрига чиқволиб, илик қоқиб ейишингга ўлайми!
Ошхонадан чиқиб келган Мастона у ёқ-бу ёққа аланглаб олиб, эрига ҳайрон кўз қадади:
– Меҳмон қани, дадаси? Шавлани бошлаб қўювдим.
–Қанақа шавла? – томоғи йиртилгудек алфозда айюҳаннос солди Эсонхўжа. – Ўзи буёқда иш атала бўптурибди. Бор, ўтниям ўчир, овозингниям ўчир!
2001 йил.