Анвар Обиджон. Совиган кўнгил (ҳажвия)

Шу топда у кўзимга янада совуқ кўриниб кетди. Афтимни тириштириб, юзимни четга ўгирдим.
Кайфиятим тушганини пайқаётгандек, «илгарилари мендан жонингизниям аямас эдингиз, энди меъдангизга тегдим шекилли», деяётгандек туюлди. Ўнғайсизланиб, кўзимни ерга қададим.
У эса гўё таънани давом эттирди: «Балки, мендан қутулмоқчидирсиз?»
«Ҳа!» деб бақиргим ва бир йўла орани очиқ қилиб қўйгим келди-ю, тўсатдан иккиланиб қолдим: «Балки, усиз менга жуда қийин бўлар…»
Шунда у бирдан тутоқиб кетгандек, «Сиз номардсиз!»– дея заҳрини тўккандек бўлди.
– Майли, мен номард бўлақолай! – ниҳоят дадил туриб ўшқирдим унга ўчакишиб. – Энди сендек заққум билан сираям яқин бўлолмайман!
… Ўша-ўша, чекишни бутунлай ташлаб юбордим.
1978 йил.