Анвар Обиджон. Сўлим хиёбонда (ҳажвия)

Хиёбондаги боғкурсида ёлғиз ўзи ўтирибди. Кўриб турибман, анвойи гулларга термилиб баҳра олаётгани йўқ. Хаёли бошқа нарсада.
Сигаретни четга отдим-да, бориб унинг ёнига ялпайдим. У, кўзларини жовдиратиб, менга бир қараб қўйди. Сездимки, ғирт ўшандақалардан.
Тўғрисини айтсам, унга қараб туриб, негадир ачиниб кетдим. Ҳали ёшгина экан.
Келиб ўтиришга ўтирдим-у, биринчи бўлиб гап отишга юрагим бетламай, каловланиб қолдим. Диққатим ошиб, яна сигарет тутатдим. Шунда у мен томонга мойилон бўлиб, кўзларимга синчковлик билан тикилди. Чиройли жилмайиб қўйгач, шамадор бир сўз қотди:
– Пешма-пеш чекиб қолдингиз? Янглишмасам, бирон нарсага хумор бўляптилар шекилли?
Ёш бўлсанг ҳам, кўп ишни кўрганга ўхшайсан, деб ўйладим ичимда. Айни пайтда, тузоғимга ўзи бош тиққанидан кўнглим ёришди.
– Хумор бўлганда қандоқ! – дедим сумалакдек суюлиб. – Бирга гаплашиб хумор ёзадиганни тополмай доғдамиз холос.
Энди у менга яқинроқ сурилиб, кутилмаганда, гапни дангалидан бошлади.
– Биз иккитамиз, – нариги боғкурсида ўтирган шеригини кўз қирида кўрсатди у. – Агар, сизниям дўстингиз бўлса…
– Умримда ҳеч кимга дўст бўлмаганман! – дея очиғини айтиб қўяқолдим мен. – Аммо-лекин, мени икки киши деб ҳисоблайверинглар.
– Йўғ-е! – ишонқирамай, менга бошдан-оёқ разм солиб чиқди у. – Сизни қийнаб қўймайлик тағин?
Ўзимни салобатлироқ кўрсатишга тиришиб, чимирилганча димоқ иширдим.
– Минг шукурки, шунгаям қийналадиган аҳволга тушганимизча йўқ, – дедим гердайиб ва «одатий стандарт»га нисбатан икки ҳисса кўп пул узатдим. – Қани, тезда дўконга югурсинлар-чи, йигитнинг гули. Сен вино олиб келгунингча, шеригинг икковимиз стакан топиб турамиз.
1978 йил.