Анвар Обиджон. Қувиш (ҳажвия)

Донахон тўғри гузар тарафга қочди. Балки, мен ўзим уни гузарга қараб қувлагандирман. Лекин, муҳими бу эмас…
У автобус паркининг қўшқанотли дарвозасидан зўрға сиғиб ўтиб кетди. Мен равотнинг темир устунлари орасига қисилиб қолдим. Наҳот автобусдан каттароқ бўлсам, деган фикр ўшанда калламга келмабди.
Бир пайт қарасам, қиз тушмагур бошқарманинг томида турибди. Бир қанот қоқишда мен ҳам томга қўндим. Шунда у сакраб мўрининг устига чиқди-ю, қудуққа ташланган пақирдек лип этип кўздан ғойиб бўлди. Ортидан мўрига кирдим. Печканинг кул олинадиган пастки эшигидан чиқаётган кезимда, наҳот сичқондек митти бўлсам, деб ўйламабман ҳам.
Ана мўъжиза-ю, ана ҳангома. Қаранки, бошқарманинг мўрисидан кириб ажойибхона директорининг печкасидан чиқибман. Директор икки бошли илон билан суҳбатлашиб ўтирган экан, мени кўриб музранг бўпқолди.
– Печкадан чиққан қиз қани? – сўрадим улардан.
– Нималар деб алжираяпсан? – дўриллади директор.
Илон тўрттала кўзини бақрайтирганича менга еб қўйгудек тикилди.
– Нусхангдан ўргилдим сени!
– Йўқол бу ердан! – бирин-кетин шанғиллади унинг иккала боши.
Ташқарига чиқиб, ўзимни ўлкашунослик музейида кўрдим. Гарангсиб турган чоғимда кимдир аста ҳиринглагандек бўлди. Ўгирилиб қарасам, шаддод севгилим аквариумда сузиб юрибди.
– Энди қўлдан чиқариб бўпман! – қичқирдим севиниб ва ўзимни дадил тутиб, аквариумга калла ташладим…
Уни тутиб олардим-у, радионинг овози мени каллаи саҳарда уйғотиб юборди.
1978 йил.