Анвар Обиджон. Пидбўл (ҳажвия)

Инглиз отлиғ бир оролча тарқатибдур, қаранг, пидбўл,
Ўйнар эрмиш энди қўрқмай Русиё-ла Фаранг пидбўл.
Гулмат

Бу ёқдан кўзойнагимнинг нуршишасини, у ёқдан телевизўрнинг расмойнасини чинглаб артиб, ҳадемай Бразилия билан Шотландия термалари ўртасида бошланадиган ўйинни кўришга шайланиб турганимда, ташқи эшик тақиллаб қолди. Ўрнимдан қўзғалиб улгурмасимдан, Топиндиқ оғанинг ўзи эшикни ланг очиб, бошвоқсиз молдек хўшшайиб ичкарига кириб келди. Ғарчли кавушини маҳсидан холи қилгач, махсимчасига икки қўллаб кўришди. Ўтирдик. Ўлик–тирикка аталган фотиҳадан кейин, дастурхонда тап-тайёр турган нон-чойни эрмак қилишга ўтиб, орада ҳол-аҳвол суриштиришган бўлдик.
У ёқ-бу ёқдан пича гаплашиб ўтирганимиздан сўнг, бетоқат бўлаётганимни сезди шекилли, Топиндиқ оға ниҳоят мақсадга ўтди.
– Келганимнинг сабаби – сизга андаккина хизматимиз бор, – дея янада юмшаброқ сўзлади у. – Туман ҳокимлигига йиғламсираганроқ бир ариза ёзиб берсангиз. Биласиз, мактабнинг олдида болачоқларга у-бу сотиб, носпули қиптурамиз. Солиқчилар шунгаям томоқ тақиллатишяпти-да. Идорамиздан патак олмасанг, жариманинг тагида қоласан дейди.
– Патенти унча қиммат бўлмаса керак?
– Гап патакдамас, бир ён берсам, кейин бошқа томондан суқилишади. Келинг, солиқчиларнинг ғилдирагигаям бир бигиз тиқиб кўрайлик-чи.
Қарасам, барибир қўймайдиган. Ёзиб беришга рози бўлдим. Фақат, шу топда бандлигимни, арзномани эртага эрталаб ўзим уйига киритиб беришимни айтиб, узр сўрадим. Топиндиқ оға эътироз билдирмади.
Мен каллаварам гапни шу нуқтачада тугаллаб қўя қолсам, бунинг учун ҳеч ким устимдан қайноқ сув қуйиб ўтирмасди. «Ҳозир ёзиб берсам ҳам бўларди-ю, салдан кейин футбол бошланади», деган изоҳим бошимга бало ёғдирди. Эндигина фотиҳа тортишга тараддудланган Топиндиқ оға, бу сўзимдан кейин яхшироқ ўрнашиб олиб, футбол деган нарса ундан ҳам бегона эмаслигини исботлашга тушди.
– Пидбўл деса, кенжа ўғлим чимилдиқни ташлаб чиқадиган хилидан, – илжайиб мўйлов силади Топиндиқ оға. – Чет элдаги зўр камандалар ўйнаяпти деганига дил кетиб, ўғлимга уч-тўрт марта биқиндош бўлдим. Зап ўйин экан-да, бу пидбўл баччағар!
Шу бошланди – бошланди. Жумла жумлага уланиб кетаверди. «Патент»ни «патак» деганидек, жамоалар номини ҳам ўта ғалчалаштириб тилга олар, мен гап «Пари-сен-Жермен», «Болония», «Галатасарой», «Боруссия», «Локомотив» сингари машҳур клублар устида бораётганини зўрғалатдан англаб улгурардим.
– Паранглардаям қозоқ маҳалла боракан, – дея жиддий оҳангда сўз қотди Топиндиқ оға. – Ўша маҳалланинг кўзи ўйнаган йигитлари «Пари, сени жермен», деб майдоннинг чапига ёйилишди. Италиёлик парилар «Балони е», деб ўнг тарафга ўтишди. Ўзлариям пари деса дегудек узунсоч баччалар экан. Бунақаларга пидбўлдан кўра кўпроқ тўптош ярашади…
Телевизўрда ўйин бошланди. Гоҳ Топиндиқ оғанинг оғзига, гоҳ расмойнага жаланглаб, аросатда «яшаш»га ўтдим. Топиндиқ оғанинг овози футбол шарҳловчисиникидан ўткирроқ эди:
– Жуда қаттиқ олишув бўлди. Булар «Пари, сени жермен», деб уларга ташланди, улар «Балони е», деб буларга ҳезланди. Охир-оқибатда, қозоқ маҳаллаликлар айтганини қилишиб, париларнинг бошини еб кетишди. Ўғлим, болалигига бориб, иккию нол бўлди, деди. Биру ноллигини билиб турган бўлсамам, кўнглига вало индамадим. Фаҳмлашимча, қозоқилар биринчи тўпни ўнг томондаги дарвозага уриб тўғри қилишди. Ўртада озгина чой ичиб чиқишганидан кейин чапдаги дарвозагаям тўп киргизишди. Ўзига ургани ҳисобга ўтмаса керак, а? Лаббай?
Мен гапни чўзиб ўтирмай, расмойнага жовдираганимча, телва-тезик бош қимирлатдим. Ночоргина илжайиб ҳам қўйдим.
– Эртаси куни ўрисларнинг «Лўкиллатув» деган пидбўлчилари ўйнашди, – дея «футболномасини» давом эттирди Топиндиқ оға. – Уларга душмон бўлиб, немисларнинг «Бор русиянгга» деган сўлақмонлари чиқди. Биттаси Масковни оламан деса, биттаси ўзини нуқул Бирлинга уради…
Кўзим мушуксоатдаги сингари икки оралиқда тинсиз қатнаб, суҳбатни тинглаётгандек кўринишга тиришсам-да, Топиндиқ оғанинг алмов-жалмов гаплари тобора қулоғимга чалинмай бораётганди. Бразилияликлар рақиб дарвозасини астойдил қамалга олиб, бутун фикру зикрим ўйинга жамланган паллада, Топиндиқ оға елкамга туртиб, бўш пиёлани узатди.
– Сал гарангроқ кўриняпсиз? – кўзларимга зоғланиб боқди у. – Саломатлик жойидами? Ё бошга ташвиш тушдими?
Зардам қайнаб, унга ўқрайиб тикилдим.
– Соғлигим зўр! Ташвишимам йўқ!
Шу гапга чалғидим-у, телешарҳловчининг «Го-о-л!» деган ҳайқириғи янгради. Бразилияликлар қандай тўп киритганини кўролмай қолдим.
– Ий! Чойни дастурхонга қуйдингиз… Айтдим-ку, сизга бир нарса бўлган. Балки, келинпошшо билан…
– Келинингиз билан жуда қалинмиз! Апоқ-чапоқмиз!
Ғашли юрагим баттардан сиқилди. Чойни пиёлага апил-тапил қуйиб, шошиб телевизўрга юзландим. Шотландлар бурчак тўпи тепишга ҳозирлик кўришаётганди.
– Булар тўпни шунчаки шинавандаликка тепади деб юрардим, – чойни хўриллатиб симираркан, мени яна пичоқсиз сўйишга тутинди Топиндиқ оға. – Кейин билсам, ойликни катта олишаркан. Шу тўғрими?
Сўррайганимча, одатдагидек ҳафсаласиз бош қимирлатдим.
– Айниқса, турклар пулга ёмон ўрганишибди, – афсуснамо гавда тебратди Топиндиқ оға. – Улардаги «Ғалатисолай» деган камандада лўланглаган бир қирмочбош бор. Шу бола ўйинда ортиқча очофатлик қилворди. Фалон сўмга тўп ураман деган бўлса керак, пулни вақтида беришмаганми, бирдан важоҳати бузилди-ю, ёнидан югуриб ўтаётган ўйинчининг илигига тепди. Ўртада уларни келиштириб юрадиган оқсоқол чўнтагидан қизил пул суғириб, ма заҳрингга деб унга кўрсатди. Қирмочбош борига шукур қилмасдан, бунинг кам деб жириллашга тушди. Оқсоқолнинг дувонафеъли тутиб, пулни қайтариб чўнтагига солди-қўйди. Кейин, бор, кимга арз қилсанг қилавер, дегандек қўлини силтади. Қирмочбош десангиз, ўртоқлариниям юз-хатир қилмай, шартта ўйинни ташлаб кетворса бўладими…
Ниҳоят, сабр косам тўлди. Чақчайганимча боқиб, «пул билан қизил қоғозчанинг фарқига бормаган одам футболга аралашиб нима қиласиз», дея заҳримни пуркадим.
– Қизил қоғозча? Бу нима дегани бўлди энди?
Дунёдаги катта урушлар кимдир харитани муштлаб, беихтиёр наъра тортворишидан бошланади. Топиндиқ оға билан ит-мушук бўлиб қолишимиз мумкинлигини заррачаям хаёлга келтирмаган ҳолда, унга бехос бақириб юбордим:
– Бу – майдондан чиқиб кет дегани! Жўна дегани! Кўзимдан йўқол дегани!
Телвизўрдаги ишқибозлар ҳайқириғига қоришиб янграган юзлаб ноғораларнинг «гумбира-гум»и бу қичқириғимни кўмиб ташлади. Бразилияликлар яна ҳужумга ўтишди, чамаси.
1998 йил.