Анвар Обиджон. Нокдаун (ҳажвия)

Пиёниста деманг мени. Боксчиман. Чертсам, шайтонлаб қоласиз. Лекин, оддий фуқароларни нокаут қилиш машҳур спортчиларнинг обрўйини пастлатади холос. Яратганга шукурки, мениям ҳозирча обрўйим баланд.
Бойқораевни биларсиз? Боксдан Осиё чемпиони бўлди… Телевизўрда кўрганман денг? Зўр, а? Мен ўша зўравонни бир пайтлар шунақаям савалаганманки, шунақаям савалаганманки! Боёқиш қайтиб рингга чиқмаса керак деб ўйлагандим. Йўқ, боланинг асаби метин экан.
Ундан кейин, Зуфаровни дўппосладим. Шамаевни эса, биринчи раунддаёқ… Хе-хе-хе…
Энди кимлигимни билиб олгандирсиз? Ҳа, мен ўша машҳу-у-р… Умуман, кимлигимни айтиб ўтиришим шарт эмас.
Хуллас, яхши иш бўлмади. Арзимаган чиптани суриштириб, мендек зотни бир автобус одамнинг орасида хижолат қилиб ўтирибсиз-а, кандўхтир ака.
1977 йил.