Анвар Обиджон. Минг сўмлик пўстак (ҳажвия)

Хотинининг яна жағи очилди-ю, юрагига санчиқ кирган Шавлаев ҳар сафаргидек кўчага қочиб қутулди, яйловга қўйворилган қирчанғидек бош кўтармай, сангдиранглаб бораверди. Бир пайт, туйқус бошланган ғала-ғовурдан сесканиб кетиб бундоқ қарасаки, кинотеатр биқинидаги хиёбонда турибди. Кинохонанинг тўғонни эслатувчи ланг очиқ эшигидан тошиб чиқаётган томошабинлар майдонга дарёдай ёйилиб боришяпти. Шавлаев ғарқ бўлишдан чўчигандек беихтиёр киоска сари четланаётганида, нарироқдаги каттакон афишага кўзи тушиб, бирдан афти бужмайди, таъби баттардан тирриқлашди. Шахсий ҳужжатида мулзамлик тамғаси каби бўртиб турувчи «…қаттиқ ҳайфсан берилсин», деган қора сиёҳли ёзув кўз ўнгидан чағир илондек сирғалиб ўтди.
– Товламачилар! Фирибгарлар!
Собиқ амалдорлардан эканлиги пўрим ва силлиқсочлиги-ю, бекорчи ўспиринларга қўшилиб, кундузги сеансда ўралашиб юрганидан сезилиб турган ғўдаша киши ғудранганча келиб, киоскадан сиёсий газеталар харид қилди. Сўнг тақирбош шеригига юзланди.
– Назорат бўшашиб кетди, – негадир қўлидаги газетанинг биринчи бетига бармоғини бигиз қилиб туриб, гапирди у. – Давлат маблағини аямай совуришаяпти. Шуям киноми? Бир пулга арзимайди! Бир пулга!
«Нима? Бир пулга арзимайди?» Шавлаевнинг тўсатдан зардаси қайнади, чидаб туролмади.
– Ҳей, оғайни чалиш, оғзизга қараб гапиринг! Бу кинода ишлатилган битта пўстакнинг ўзи минг сўм туради.
– Минг сўм?! Битта пўстаг-а?!
… Киностудия бухгалтери ҳам пўстакнинг нархини эшитиб, худди шу алфозга тушувди, яъни кўзлари косасидан отилиб чиққудек бўлиб, айнан юқоридаги жумлани чинқириқ аралаш айтган эди. Сабабини суриштирмай туриб, намунча ваҳима қилавераркин бу одамлар?
Бухгалтер қатъий тарзда талаб қилгач, ўша куни зудлик билан касаба союз ташкилотининг йиғилиши чақирилди. Тўпланганлар қисқа ахборотни эшитибоқ, ёппа наъра тортиб юборишди.
– Минг сўм?! Битта пўстаг-а?!
Кейин мажлис ёқалашувга айланиб кетишига оз қолди.
– Нима, бизни калака қилгани тўпладингларми?
– Бу ёқда план ишкал бўлиб турибди, шу топда ҳазил-мазахга бало борми?
– Ўртоқлар, ўртоқлар! Ё Шавлаев ақлдан озган, ё бўлмаса бухгалтеримиз ғирт маст.
Прафкўм раиси мажлис аҳлини тартибга солгунча анча куйиб-пишди. Бунга қадар шўрлик Шавлаевни аллақачон бир овоздан жиннига чиқариб улгуришганди. Энди эса, осойишта бир кайфиятда воқеанинг сабабини суриштиришга ўтишди. Тавба! Ишни шундан бошласа бўлмасмиди?
– Кейинги ана шу фильмга завхоз… кечирасизлар, културний айтганда администратор бўлдиму, бошим ғалвадан чиқмай қолди, оғайни чалишлар, – дея сузилиб гап бошлади Шавлаев. – Бозорма-бозор ҳакиллаб юриб, Фарғона босмачиларига уч юзта парпаша тўн топиб келсам, режиссёр шартта брак қилди. Бошида айтмадики, босмачиларимизга олача беқасам кийдирамиз деб. Ундан кейин артилда ўтирволиб, қизилларга беш юзтадан ортиқ будённипка тиктирдим. Туркман полкига миллий қалпоқ ахтариб Ашхободга бордим… «қалпоқ бозори қайдадур», деб. Охири, «махсим» деган пулемётниям ўзим ясаб бердим, ўзим. Печкани карнайидан ясадим…
– Студиядаги пулемётлар-чи? – унинг сўзини бўлди ёш актёр.
– Киноларимизнинг яримидан кўпида босмачилар минан уришаверганингдан кейин сенларга қурол етказиб бўларканми?
– Шавлаев, – прафкўм раиси қаламни столга тақиллатиб, босиқ оҳангида сўз қистирди, – жуда ўтлаб кетяпмиз.
– Гапниям чандир қилвордилар-ку, – дея луқма ташлади кекса монтажчи.
Шавлаев бурнининг учидаги терларни сидириб ташлагач, кафтини рўмолчага артди.
– Югурасан, еласан, яна пайти келса, раҳмат дейиш ўрнига сени талон-тарож қилишади, – деди у баттардан жиғи бийрони чиқиб. – Масалан, Қизилқумда бир пой батинкамни каламуш паққос еб кетди. Уч юз сўмга тушдим, оғайни чалишлар!
– Пўстак минг сўм, батинка уч юз, – қўлини шоп қилганича сапчиб ўрнидан турди оператор йигит. – Бу қанақаси, ўртоқлар? Майнавозчилик эви билан-да.
Шавлаев аччиғланиб оёғи билан полни қаттиқ дўпиллатди:
– Охиригача эшитсаларинг-чи, ахир! – оператор елка қисиб, индамай жойига ўтиргач, у бир тамшаниб олиб, давом этди. – Ўзим нима ғамда-ю, чет эллик савдогар рўлида ўйнаётган артист «менда ортиқча батинка бор, беш юз сўлкавой берасиз», деб тиржайди. Аввалига боплаб бўраладим. Кейин қарасам, аҳвол чатоқ, айни саратон пайти, атроф саҳро, ер чўғ бўлиб ётибди. Ярим кун савдолашиб, уни зўрға уч юз сўмга кўндирдим.
Ҳар жой-ҳар жойдан қиқир-қиқир кулги эшитила бошлади.
– Шавлаев, Шавлаев, – қаламни яна столга тиқиллатди прафкўм раиси. – Тағин ўтлаяпмиз.
– Пўстакка қайтайлик, пўстакка, – безовта қиёфада қатъий қилиб гапирди бухгалтер.
– Пўстакми?..
Шавлаев ечинишга ечиниб қўйиб, сувга тушишга юраги бетламаётган одамдек елкалари титраганича пича жимиб қолди. Ниҳоят, шалвираб туриб деди:
– Хуллас, режиссёр «пўстак топиб келасан», деб дўқ урди. Ўттизинчи йиллар эмаски, учраган хонадондан пўстак топсанг. Режиссёрга шуни айтсам, «биронта новвоснинг териси бўлса бас, ўзимиз уни қуритиб пўстак қиламиз», деди. Хўжайиннинг гапи бизга қонун, минг сўмга новвос олиб, пўстини шилдик. Гўштини списат қилвориб, терини пўстакка айлантирдик, ҳаммасига ҳужжат бор, оғайни чалишлар.
…Асабий жавраниб тарқалаётган томошабинлардан бири Шавлаевнинг ҳакар ковушни эслатувчи туфлисини бамайлихотир эзиб ўтаётган пайтда унинг хаёли бўлинди-ю, тўсатдан эски тутқаноғи хуруж қилиб қолди:
– Ҳў, бола, кўтар шиппагингни! Оёғимдаги нарса уч юз сўмга келган-а!
Силлиқсоч киши бу сафар негадир ҳайратланмади, тақирбош шеригининг елкасига туртиб, у билан зимдан кўз уриштирди.
– Кетдик. Бунда озгина камроққа ўхшайди.
Тақирбош бир-икки қадам юриб-юрмаёқ, бидирлашни бошлаб юборди.
– Э-э, одамзодни билиб бўлмас экан. Қаранг, кўринишидан соппа-соғ дейсиз. Мен галварс, пўстакни минг сўм деса, оғзим очилганича ишониб ўтирибман-а… Хих-хих-хи…
– Сиз-ку энди… Мени айтмайсизми!
– Хих-хих-хи, хих-хих-хи…
1986 йил.