Анвар Обиджон. Кемага тушганнинг жони бир (ҳажвия)

– Кетингга бир тепаман, ачангни уйига бориб тушасан!
– Сизга нима ёмонлик қилдим, амаки?
– Оғзингиздан сутнинг ҳиди кептурибди-ю, маҳалланинг сартарошидек сиполигингга куяйми.
– Нима қил дейсиз?
– Тўпалон кўтар. Ҳеч бўлмаса, ҳуштак чал.
– Чалардим-у, кеча тишим тушган-да.
– Унда, бақирсанг-чи, момиқвачча!
– Нима деб бақираман?
– Ҳў ўртада ўралашиб юрган қора кийимли ишбузуқини кўряпсанми? Ана ўша хумпарнинг шаънига куракда турмайдиган бир-иккита гап айт. Масалан, мана бундай дегин. Қани, қулоғингни тут-чи.
– Вой ву-у-й! Бунақа дейиш уят бўлади-ку!
– Ланж бола экансан! Ғирт қизтабиат бўпсан! Алжираш қўлингдан келмаса, орамизга суқилиб нима қилардинг? Ҳозир кетингга бир тепаман…
– Намунча менга ёпишволдингиз, амаки? Дадам айтувди-я, «Пахтакор» ютқазишни бошласа, сен стадиондан қочишни бошла, деб.
1978 йил.