Анвар Обиджон. Эҳ, лаънати омбор… (ҳажвия)

Ҳаҳ, ҳў-ў-ў… Э, жиянларим-а, урушни биз кўрдик, сенлар кўрмагин.
Тўғри, шахсан мен урушга боролмадим. Анави Болта пучуқ ўшанда колхўзимизга раис эди, шу йўлимни тўсди-да. Воянкаматга бориб, сенга аскар зарур бўлса, менга омборчи керак, деб турволди.
Бо-о, мендан жуда зўр аскар чиққан бўларди, жиянлар. Мисол керак бўлса, айтайин: уруш бошлангандан кейин, воянкаматдагилар бизни йиғволиб, Ёзёвонни чўлида роса машқ қилдиришди. Бир куни тарафма-тараф туриб, ёлғондан «уруш-уруш» ўйнадик. Ҳошим даллол томондагилар бизга бостириб келадиган бўлишди. Бешотарга пахтавонни босдим-у, кафтимга туфлаб, акўпда пайт пойлаб ётавердим – мўлтони Ҳошим даллол билан эскитдан озгина ҳисоб-китобим бор эди.
Бир пайт қиёмат бошланди-қўйди: осмондан бўмба ёғилиб, «порс-пурс» портлаб берди. Тўрттала болам кўзимнинг олдига келиб, қатор турволди, денглар. Командуримиз «қўрқманглар, оғайнилар, бу бўмбаларнинг зарари йўқ», деганини биламан, биттаси менга яқинроқ жойга тушиб, варанглаб ёрилиб берса бўладими. Бошимни чотимга тиқиб, «бува-а-а» деб чунонам бақирдимки, атрофимдагилар бирданига «ура-а-а» деганларича акўпдан кўтарилишди. Эс-ҳушимни йиғиб олиб, уларга эргашдим.
Охири икки тарафдагилар аралашиб кетиб, бўлди тўполон, бўлди тўполон! Қана энди бу олатасирда Ҳошим даллолни топиб бўлса. Ёлғондакам уруш баъзўр тўхтатилиб, ғижимланган ёқаларни эндигина тартибга солиб турувдикки, бизни томондаги командур «биринчи бўлиб бақирган ким», деб сўраб қолди. Шерикларим мени кўрсатишди. Бошлиқ илжайганича олдимга келиб, «маладес, Каримшер, урушдаям мана шунақа боявой бўлсанг, камида епрейтур бўлиб қайтасан», деди.
Энди ўша кунлар эсимга тушса, аттанг қиламан: агар Болта пучуқ ўртага тушмаганда, пашистни роса жиғини эзиб, аллақачон епрейтур бўлиб кетмасмидим? Ана, Соли мискардек одам ҳам гердайиб юрибди-да орденларини жаранглатиб. Биронта мажлис бўлса, биздан баландроққа чиқиб ўтиради. Урушда зенитчи бўлганман, деб мактаб болаларга кўпириб гапиргани-чи? Колхўзга ёрдамга келган тўрт қанотли самолётлар дўкончасининг устидан пастлаброқ ўтиб қолса, қўлидаги печканинг карнайини дўлайиб, осмонга еб қўйгудек тикилади. Буям мақтанишнинг бир тури бўлса керак.
Нима деяпсан, жиян? Рапиқ сартарошми? Тўғри, уям урушга борган, локигин ўша ёқдаям сартарошлик қилган. Ишонмасанг, Мўса мўйловдан сўра. Бир куни у соқолини қирдираётган экан, замбаракнинг ўқи тепасидан шанғиллаганича ўтиб қолибди. Кейин мундоқ қараса, ёнида сартарош ҳам йўқмиш, мўйловининг бир томони ҳам. Бориб, командурга арз қилса, «бурнинг омон қолганига суюнмайсанми, ношукур», деб Мўсавойнинг ўзини сўкиб берибди.
Паскўчадаги Олим полвон лапашанглик қилиб, ҳатто асирликдаям бўлган. Пашист қоровулини ўлдириб қочганини инобатга олиб, кейинчалик қамоқдан қўйворишган. «Ўзи қанақасига қўлга тушувдинг, э бандаи ғофил», деб сўрасам, «ўқим тугаб қолувди», дейди. Ана зиқналикнинг оқибати. Ўқинг тугаган экан, ёнингдаги шеригингга учта сўм қистириб, «шунга озгина патрон бер» десанг бўлмасмиди?
Ҳе, аттанг-а, урушга ўзим боролмадим. Болта пучуқ омборни пеш қилиб турволди… Менсиз иш битиролмасди-да… Энди мажлисларнинг тўриси Рапиқ сартарошларники бўп кетди. Ҳали байрам келса, бир қучоқдан мукофот ҳам олишади…
Э, жиянларим-а, урушиям қуриб кетсин, ўша… омбориям. Шу лаънати омборни деб тенгдошларим орасида анча яккаланиб қолгандекман-а.
1983 йил.