Анвар Обиджон. Бузоқ гувоҳликка чақирилсин! (ҳажвия)

Хурмо остидаги сўрида ойдиндаги оқилондек қазиланиб ётган Оймаматнинг ҳаловатига вижирлоқ хотини яна путур етказди. «Қош қорайиб қоляпти, бузоғимиз яйловда тунамасин энди», деган сибизғасимон товуш унинг қулоғига сувараклар галасидек ёприлиб кириб, миясини тимдалади. Тилининг учига тўпланган сассиқ сўзларни сўлакка қўшиб туфлагач, ўзини босиб: «Қашқавой сендан ҳушёрроқ, молхонаси қаердалигини билади», дея дўриллаб қўйди.
– Ёмо-о-н танбал бўпкетяпсиз-да! – баттардан тихирланди хотин. – Ана, амакингизнинг ғўнажини ҳовлини адаштириб, уч кун деганда зўрға топилди.
– Бизники адашгандаям, пешанасидаги юм-юмалоқ қашқаси ҳаммага таниқли. Тўғри уйимизга қараб ҳайдашади.
Хотин биқинига қўл тираб, карнайни эндигина авжга ҳозирлаётганида, кўчадан келган: «Саттор ака! Ҳў, Саттор ака!» – деган овоз шаштини сўндирди.
– Тунов куниям биттаси Саттор аканинг уйи деб бизникини чақириб келувди, – эрига селкиллаб боқди хотин. – Сарғиш дарвоза маҳалла бўйича бизники-ю, Саттор фолчиники. Шуни бошқа рангга бўяб қўйсангиз бўлмайдими?
Фолчининг отини эшитиб, Оймаматнинг кўзлари бирдан айёрона чақнади. Қаддини кўтариб, тўшакка оёқ чоғиштираркан: «Шошма, калламга бир ўй келди», дея хотинига шумланиб илжайди-да, кўчага бўйланиб шанғиллади:
– Ҳў, лаббай! Кираверинг!
Одимлаши қоқинишга мойиллигидан шошқалоқлиги яққол сезилиб турган жийдабарг мўйловли йигит кела солиб қўшқўллаб кўришди-ю, ҳол-аҳвол сўраб ўтирмасдан: «Ҳамма умидим сиздан, акажон!» – дея Оймаматга кучукдек жаланглади. Сўрининг четига омонат қўниб, дуо ўрнига «нима хизмат бўлса, таппа-тайёрмиз», деган сўзлар билан юзига апил-тапил фотиҳа тортди.
Оймамат муддаони суриштиргач, йигит ҳатто улоқчилар ҳам ҳавас қиладиган чопқир эшаги қўққисдан ғойиб бўлгани, шу ноёб жониворни топиш умидида нажот излаб келганини маълум қилди. Фолчиликдаги тажрибасизлик Оймаматга панд бериб, гапни нимадан бошлашни билмай, бирпас чайналиб қолди. Пиёладаги чойни шошмасдан симириб, шошмасдан ютишга тутинди. Фикрини жамлаб олгач: «Эшагинг ҳангимиди, мочамиди?» – дея савол юмалатди.
«Ҳанги эди», деган жавобни эшитиб, туйқус қовоғини уйди:
– Отинг нимайди, ука?
– Қурванаққул.
– Очиғини айтсам, ишимиз анча чигал, Қурванаққул,– қошини биланглатди Оймамат. – Одатда, мочани топиш осонроқ, ожизалигига бориб, узоққа кетишдан қўрқади. Аммо-лекин, эркак зоти «ҳайё-хўй» деб, уйдан бош олиб чиқдими, уни дунёнинг нариги четидан қидир.
Қурванаққулнинг кўзи ёшўраб: «Ҳамма айб ўзимда, эшагимни қаттиқ хафа қипқўйганидим», дея мўлтираганида, Оймамат: «Хўш, хўш?» – деб қулоғини динг қилди.
– Кеча томорқага кирсам, эшагим ҳадеб тупроққа ағнаб ўйнаяпти-да, – сўзлана кетди Қурванаққул. – Қитмирлигим қўзиб, у ёқда энанг ўлиб ётибди-ю, сен юмалаб ўйнашингни қара, дедим. Буни эшитиб, эшагим «Эна-а! Эна-а!» деб йиғлашга тушди. Унга раҳмим келиб, ўзингни бос, шунчаки ҳазиллашдим, десам, «и-и, и-и», деганича менга бир зум ўқрайиб турди-ю, шартта ўгрилиб, оғилхонага қараб юрди. Эрталаб кирсам, аразлаб кетворибди.
– Ё тавба-а! – ёқа ушлади хотин. – Эшак одамнинг гапини уқишини энди эшитишим.
Шундан кейин Қурванаққулнинг сайроқланишини кўринг. «Фолчи»нинг хотинига ўгрилиб олиб, битта эшакмас, хонадонидаги борлиқ жонзот уни одамдек тушуниши, баъзилари ҳатто сўзлашниям ўргана бошлагани, масалан, биров кўчадан чақирса, ити ундан олдин «Ҳа-ҳов!» деб қўйиши, қўйи емига кўз олайтираётган эчкига қараб «Ема-а! Ема-а!» деб бақириб бериши, даканг хўрозининг дони тугаса, бўш идишни тепиб, «Қупқуруқ-ку! Қупқуруқ-ку» дея шовқин кўтарвориши ҳақида кўпириб саннашга тушди.
– Хўрозимнинг шаллақилигидан безиб, охири пасткўчадаги жиянимга бервордим, – ҳоббониликни давом эттирди у. – Бервордим-у, ҳалиям қулоғим тинчимайди. Эрталабгача «Қурванаққу-у-л! Қурванаққу-у-л!» деб мени чақириб чиқади.
Хотин дафъатан мунгланиб: «Хўроз сизга ичикибди, иним. Қайтариб опкелмасангиз, уволига қоласиз-а», дея доноланишни бошлаганида, Оймамат: «Бор энди, овқатга урин», дея дамини кесди. Хотин лаб бурганича нари кетгач, Оймамат тўшакка тиззалади, Қурванаққулга ҳам тиззалаб ўтиришни, нима деса, шуни адашмай такрорлаб туришни тайинлади.
– Вавақ-вавақ! – елка учириб қийпанглашга киришди Оймамат. – Вавақ-вавақ!
– Вавақ-вавақ! Вавақ-вавақ! – жилпиллаб такрорлади Қурванаққул.
– Шақира-шуқур, вақира-вуқур!
– Шақира-шуқур, вақира-вуқур!
– Вақ!!!
– Вақ!!!
Шундан сўнг «фолчи» кўз юмган асно бир дам жимиб қолди. Кейин ўзича ғудрана кетди:
– Ғавва-ғавва, ғавва-ғавва. Ғир-р, ғип! Ана… ана… кўряпман. Кўзи гўлайиб турибди.
Қурванаққул умидворланиб: «Ўша менинг эшагим бўлиши керак, ҳақиқатанам кўзи лўппайганроқ», дея типирчилаганида, кўзи юмуқ Оймамат «кўрагон»ликда давом этди:
– Бошида иккита қулоқ кўриняпти…
– Тўппа-тўғри топдингиз! Қулоғи иккита бўлса, айнан менинг эшагим!
– Орқасида битта дум…
– Ўша бир думли эшак меники! Қойилман, ака!
– Тагида тўртта оёқ турибди…
– Худди менинг эшагимни гапиряпсиз! Оёғи чинданам тўртта, ўзим санаб кўрганман! Энди, қаердалигини айтсалар бас, Нигериядан бўлсаям ушлаб келаман!
Оймамат аста кўзини очиб: «Мана, керакли ҳайвоннинг шаклини аниқладик», деб виқор билан дўранглаганида, Қурванаққул: «Шакли эшакми, ахир?» – дея тоқатсизланиб питирлади.
– Фолимга бир қизғиш бузоқ тушди, – деди Оймамат.– Қаншарида юм-юмалоқ оқ қашқаси бор. Менимча, у эшагингни кўрган. Шу бузоқни яйловдан топиб, олдимга ҳайдаб келсанг, қаттиқ тергов қиламан. Эшагингни ростданам кўрган бўлса, қайси ёққа кетганини айтади. Айтмай кўрсин-чи!
Қурванаққул: «Қимирламай ўтириб туринг, бузоқни ғизиллатиб опкелиш биздан», дея ўриндан қўзғалаётганида, Оймамат: «Тўхта!» – деб йўлдан қайирди ва қўшимча қилди:
– Бузоқни пок ҳолатда сўроқ қилишим керак. Уни йўлдаги ариқда яхшилаб чўмилтир.
– Хўп бўлади! – кўксига қўл босди Қурванаққул.
– Эринмасдан туёқлариниям ярқиратиб ювгин.
– Хўп!
Ўчоқ бошида ивирсиб турган хотин кутилмаганда гапга суқулди:
– Думига ёпишган қўйтиконларниям тозалаб қўяқолинг, иним.
Қурванаққул анграйиб, бир хотинга, бир «фолчи»га аланглади. Оймамат хотинига зимдан ўқрайиб қўйгач, Қурванаққулга юзланиб, беўхшов тиржайди:
– Анқайма, Қурванаққул. Фолчилик бу опангга биздан озгина юққан. Майли, думиниям тозалаб қўявур.
– Хўп! – кўксига қайтадан шапатилади Қурванаққул. Сўнг каттакон калишини «шилипа-шилип» қилганича кўча сари чопқиллади. Эрининг ножўя қилиқларидан хижолат тортган хотин қозон остидаги ўтга кескалдирик ташлаётиб, норози қиёфада бидирлади:
– Йигит шўрликни мазаҳлаб яхши иш қилмадингиз, дадаси. Қолавурса, бузоғимизни ҳайдаб келиб, энди эшагимни топиб беринг деса, нима қиласиз?
Оймаматнинг кўзлари яна муғамбирона милтираб, хотинига сирли ишшайди:
– Қурванаққулингга айтдим-ку, бузоқни сўроқ қиламан, деб. Сўроқ қиламанам! Агар қашқавойимиз ўша эшакни кўрган бўлса, айтар. Мабодо, кўрмаган бўлса, фолчи акангнинг қўлидан нимаям келарди, хотинжон…
Оймаматнинг оғзида қаҳқаҳа портлади-ю, хурмо шохларида яйраб чуғурлашаётган чумчуқлар гурунгни чала қолдириб, тўрт томонга тирқираб кетишди.
1998 йил.