Анвар Намозов. Учрашув (қиссадан парча)

Фахриддин билан учрашдим. У Зиннура айтиб берганидек, жингалаксоч, биққигина йигит экан. Бир ўзи келишга қўрққанми, учта оғайнисини эргаштириб олибди.
Мен уни аввалига четдан туриб кузатдим, сўнг оддий йўловчилар каби орқасидан яқинлашдим-у, елкасига енгилгина битта урдим. Фахриддин чўчиб кетиб, менга ўгирилди.
– Хўш, гапир, нима дейсан? – дедим бамайлихотир.
Шошиб қолган Фахриддин ошналарига қараган эди, улар шартта атрофимни ўраб олишди. Мен, қалайсанлар, дегандек ҳар бирига битта-битта қараб чиқдим.
– Ҳа, сенмисан? – деди Фахриддин. – Исминг нима?
– Ҳар ҳолда Фахриддин эмас, – ҳозиржавоблик қилдим мен.
– Аниқми? – пичинг оҳангида сўради у.
– Паспортим уйда қолиб кетибди, – дедим мен ҳам гап билан узиб олиб.
Фахриддин шерикларига қаради. Улардан бесўнақай тасқараси худди Ҳолливуд фильмларидагидек бўйнини у ёқ-бу ёққа буриб қисирлатди-да, бурнини нақ бурнимга теккизиб деди:
– Ҳозир башарангни паспорт қилиб қўяман!
Қўрқмаслигимни билдириш учун мен ҳам бўйнимни бурган эдим, қисирламади. Қўлларимни ҳаракатлантириб қўйдим, холос. Кейин Фахриддинга бақрайиб қарадим. У ошнасини нари сурди-да, минғирлади:
– Ҳой, ҳамма балони бошлаб қўйиб, нега менга хўмраясан?
– Ҳамма балони бошлаган сен-ку, – дедим бидирлаб. – Ҳаётимни остин-устун қилиб юбординг. Қаёқларда юрибсан? Нега Зиннурани учрашувга чақириб, ўзинг келмадинг?
– Ие, нафас олиб гапир, оғайни! – кулди Фахриддин. – Сен ўзи қаердан пайдо бўлдинг? Ким Зиннура билан учраш деди? Нима учун Фахриддин бўлиб юрибсан, шунга жавоб бер!
– Сен келмаганингдан кейин Фахриддин бўлмай Баҳриддин бўлайми?! – дедим нима деяримни билмай. – Айт, нега келмадинг?
– Зарур ишим чиқиб қолувди, тушундингми? – менсимай жавоб берди у. – Манови ошналар билан соққали ишга кетувдик. Зиннурага қўнғироқ қилиш эсимдан чиқиб кетибди. Уни сен “ўраб” олишингни қаёқдан билай! Ўзинг ҳам анакондадай бўйнига чирмашиб олгансан, шекилли?
Бу гапни эшитиб, бояги бесўнақай хохолаб кулиб юборди. Бошқа ошналари ҳам қўшилишди.
– Аттанг, мен ҳам ўртоқларимни бошлаб келмабман-да, – дедим кинояомуз. – Ҳаммамиз биргалашиб кулардик.
Фахриддин ошналарига машинада кутиб туришни тайинлади. Улар нари кетишди. Иккимиз чеккароққда ўтдик. Шундан сўнг у менга юзланди:
– Хўш, гапир!
– Нимани гапирай? Ўша Зиннуранг ўзингга сийлов. Мен уйланадиган қиз бошқа. Ўзимнинг севганим бор!
Фахриддин бош чайқади:
– Э, йўқ, ошна! Энди менга Зиннуранинг кераги йўқ. Тўғри, биринчи кўрганимда у менга ёқиб қолувди. Уйларига одам юбордим. Аммам орқали қўярда-қўймай учрашувга таклиф қилдим. Зиннурага ҳақиқатан ҳам уйланмоқчи эдим. Ичкуёвликка рози бўлгандим. Нима қипти, унинг шахсий фирмаси бор, бизнесини йўлга қўйган. Эртароқ эрга тегишга вақти бўлмаган, холос. Энди эса…
– Демак, унга уйланмайсан?
– Албатта, уйланмайман. Сен уни “ўраб” оласан-у, мен уйланайми? Ўзингга буюрсин! Қолаверса, Зиннура шифохонага тушган. Аммам ўз вақтида айтиб қолдилар. Бир тарафдан бу қизнинг сенга дуч келгани яхши бўлибди. Мен аллақачон бошқа қизни топдим.
– Яна битта бизнесмен қизни?
– Худди шундай. Зиннурадан ҳам зўр! Нимайди?
– Фахриддин, – дедим тишларимни ғижирлатиб, – сен Зиннурага уйланишинг шарт!
Фахриддин ошналари томонга қараб қўйди-да, иршайди. Бу шу даражада кинояомуз кулги эдики, мени ҳақорат қилаётгандек туюлиб кетди. Ёқасидан силтаб, бир калла қўймоқчи бўлдим-у… вазият янада чигаллашишини ўйлаб, бу қароримдан қайтдим.
– Уйланмайсанми? – сўрадим ундан.
Фахриддин икки қўлини белига тираб, менга яқин келди:
– Уйланмайман!
– Уйланмасанг, мени нега чақирдинг? – дедим аччиқланиб.
– Фахриддин бўлиб юрганинг учун! Зиннурани “ўраб” олиш учун ҳам ўзингни Фахриддинман дегансан-ку, тўғрими? Бошқа исм қуриб қолганмиди?
– Э, намунча “ўраб, ўраб” дейверасан? Зиннура ўзини ўлдирмоқчи, шуни биласанми?
Фахриддин бироз жим турди-да, лоқайд жавоб берди:
– Бунинг менга дахли йўқ.
– У сен учун ўзини ўлдирмоқчи.
Фахриддин яна боягидай яна беўхшов иршайди, сўнг жиддий равишда деди:
– Сен нималар деяпсан? У мени кўрмаган-ку!
– Шу… кўрмагани учун ҳам ўзини ўлдирмоқчи.
– Сен ўзи умуман ғалати йигит экансан, – деди Фахриддин. – Сувни лойқалатиб қўйиб, энди менга ичирмоқчисан. Ким айтди сенга, Фахриддиннинг номидан Зиннура билан чақчақлаш, деб? Тағин, севгилиси бор эмиш! Бир тоғдан келасан, бир боғдан!
Мен Фахриддинга бошқа нима дейишимни билмас, унга Зиннурани қандай “илиш”ни билмаётгандим. Аслида бу ёққа келгунимча, кечирим сўрайман-у, алдаб-сулдаб Зиннуранинг жиловини унинг қўлига тутқазаман, деб ўйлагандим. Бу довдир эса, аллақачон бошқа қизни топиб олганман, дейди.
Энди Зиннурага тутқун бўлишим турган гап! Агар уни рад этсам, кеча айтганидек ўзини ўлдиришини уқтириб қўрқитаверади.
Фахриддин худди ичимдагини уққандек сўради:
– Нега у ўзини ўлдирмоқчи?
Мен кўзимни лўқ қилиб жавоб бердим:
– Сен учун, дедим-ку!.. Тиржайма! Жа беўхшов куларкансан-да ўзинг ҳам! Зиннура сенинг расмингни кўриб қолган экан. Шу сабабли, мен унга Фахриддин эмаслигимни, хуллас, ҳаммасини айтиб бердим.
– Менинг расмимни қаерда кўради?
– Аммангнинг телефонида!
Фахриддин ҳайрон бўлди.
– Аммам менга ҳеч нима демади-ку!
– Тўғриси, мен Зиннурага уйланмоқчи эдим, амманг уни айнитиб қўйибди! Энди сен уйланасан!
– Э, бас қил! – деди Фахриддин тоқати тоқ бўлиб. – Мен ҳеч қачон ногирон қизга уйланмайман, тушундингми? Бор, йўлингдан қолма! Фахриддин бўлиб юрасанми, Баҳриддинми, мени тинч қўй!
Қизиқ, Фахриддин нега Зиннурани ногирон деяпти? Наҳотки у Зиннуранинг оёғини кесишлари ҳақида эшитган бўлса? Зиннура, ҳеч ким билмайди, деган эди-ку! Ё шифокорлар айтишганмикан бу жингалакка?
– Сен нега уни ногирон деяпсан?
– Машинанинг уриб кетганидан кейин ногирон бўлмай ким бўларди? – тутақди Фахриддин. – Э, бўпти, мен кетдим. Сен билан валақлашган одам…
– Тўхта!
У индамай кетиб қолди, орқасига қарамади ҳам. Тўхтагани билан мен нима дейишни билмасдим барибир! Ўз ёғимга қоврилиб қолавердим.
Бутун бошли кўчани оғзимга қаратиб, додлаб юборгим келди.
Анови пакана Ҳамида опа Зиннуранинг онасига ростини айтса бўлмасмиди? “Бу йигит жияним эмас, ўша куни Фахриддин бошқа жойда бўлган экан”, демаган! Кап-катта аёл рўй-ростини гапирмайдими?
Телефоним жиринглади. Агар Зиннура қўнғироқ қилаётган бўлса, телефонни улоқтириб юбораман, деб ўйладим. Ишхонадан Равшан экан. Ҳозир бориб, унга ҳаммасини айтиб бераман, акс ҳолда пақ этиб ёрилиб кетсам керак. Мен ҳам ким биландир дардлашишим керак ахир!
– Қаерларда юрибсан? – деди у. – Ишни ўйинчоқ қилиб юбординг-ку!
– Эҳ, Равшан, – хўрсиниб жавоб бердим мен, – мен ҳозир шундай аҳволдаманки, еганим қорнимга кирмаяпти.
– Қорнинг билан ишим йўқ. Сени бу ерда бир хотин кутиб ўтирибди.
– Нима? Қанақа хотин?.. Кимнинг хотини? Шуниси етмаётганди. Нега кутади?
– Мен қаёқдан билай?
– Нега сўрамайсан, Равшан? Ҳамманг атайин қиляпсан! Мени боши-кети йўқ кўчага кириб кетсин, дейсан!
– Ҳой, намунча додлайсан? Аввал кел, кўр!
– Бормайман, тушундингми? Бошлиғингга ҳам айтиб қўй! Мен хоҳлаган жойимда юраман. Ҳаммаси жонимга тегди.
Телефонимни ўчирдим. Жаҳлим босилмасди. Демак, мени излаб Зиннуранинг онаси ишхонага борган. Бошлиқнинг ҳузурига ҳам кирса керак ҳойнаҳой! Йўқ, бунақаси кетмайди. Булар ўзини ким деб ўйлаяпти? Мендан бошқа одамлари йўқми? Бунақада ҳадемай уйимизга ҳам боришади-ку!..
Нима қилсам экан? Зиннурага сим қоқиб, телефонда болохонадор қилиб сўкаймикан?.. Йўқ. Ҳозир унга биттаям ортиқча гапирмаслик керак. Ўзини ўлдирса, кўрадиганимни кўраман. Аммо… лом-мим демай юраверишим ҳам тўғри эмас. Онаси ортимдан яна алламбалоларни давом эттиради. Бас, етар! Зиннура ҳам, онаси ҳам бир тийин! Ҳозир тўппа-тўғри шифохонага бораман-у, Зиннурани ўзим деразадан отиб юбораман. Учиб кетгиси келган бўлса, учаверсин! Ҳа, шундай қиламан!..
Одам йўл юрса, жаҳли босиларкан. Мен билан худди шундай бўлди. Қанчалик тез одимлаганим сайин босилиб боравердим. Кайфиятимни кўтариш учун чарақлаб турган қуёшга қараб илжайдим. Барибир ёрдам бермади.
Дилим зим-зиё. Жаҳл устида бир кўргиликни бошлаб қўймасам эди ишқилиб. Мен шунинг оқибатини ўйлаб, эс-ҳушимни йиғишга, ўзимни босишга ҳаракат қилардим.
Зиннура ётган палатани очиб, ичкарига кирдим. Унинг ёнида онасини кўрдим-у яна жаҳлим лоп этди. Қаранг, бу илон хотинни! Аллақачон қизининг ёнига қайтиб келишга улгурибди. “Боинг” самолётида учадими, дейман!
– Ас…са…лому алайкум, – дедим томоқ қириб, бўғзимга нимадир тиқилиб қолгандай эди – нафасим бўлса керак. – Ях… ши..
– Келинг, – жонланди Зиннура.
Мен унинг онасига юзланиб, чуқур нафас олдим-да, гап халтамни очиб юбордим:
– Нега менинг ишхонамга бордингиз, хола? Ё мени қочиб кетади, деб ўйлаяпсизми? Ўтган куни синглингиз шунга ўхшаш гап қилувди. Сизлардан қочиб қаергаям борардим! Ерга кирсам бўйнимдан қисиб, осмонга чиқсам, оёғимдан тортиб оласизлар-ку! Одам дегани уёқ-бу ёққа қараб иш қилади-да! Мени ҳамкасблар олдида шарманда қилдингиз-ку!
Зиннура ҳайрон бўлди:
– Ойим кеча кечқурундан буён ёнимдалар. Уйга ҳам кеча бориб келгандилар.
– Нима? – мен аввал Зиннурага, сўнг онасига қарадим. Зеби опа аввалгидан ҳам қовоғини уйиб олган, қўйиб берса, енгларини шимариб, кела сола мени бокс қилиб ташлашга шай эди. – Унда ишхонамизга борган хотин ким?
– Аммангиз бўлса керак, – деди Зиннура. – Қўнғироқларига жавоб бермабсиз-ку, шунга боргандир…
Мен нима деяримни билмай қолдим. Шошқалоқлигим, пухта ўйламай иш қилишим яна панд берганди. Палатага жимлик чўккан, бу осудалик қўйнида она-боланинг жами тўртта кўзи менга норози қараб турарди. Ўлик сукунат қўйнида менинг “қулт” этиб ютинганим яққол эшитилди.
– Балки Сарви хола боргандир? – дедим мен.
Зеби опа мендан нигоҳини олиб, қизига бошини бурди:
– Сен мана шу… – нимадир демоқчи бўлди-ю, тилини тийиб, сўнг давом этди: –  йигитга тегмоқчимисан?
– Ойи-и-и, – деди Зиннура чўзиб. – Тушунмовчилик бўлган… Тўғрими, Фахриддин ака?
– Мен Фахриддин эмасман, – дедим дангалига. – Сизга аввал бошдан айтганман, эсингиздами?
Зиннуранинг қошлари тугилди. Сўнг “во-о-о-й”, – деди-ю, бошини ёстиққа ташлади.
Сарви опа типирчилаб қолди. Ҳеч вақони тушунмаса-да, инграётган қизининг атрофида гирдикапалак бўлди. Мен хавотирланиб яқинлашган эдим, қўлимни силтаб ташлади.
– Боринг, врачни чақиринг, – деди жаҳл билан.
Мен палатадан югуриб чиқиб, бир ҳамширага урилиб кетдим. Унинг қўлидаги ашқол-дашқоллари сочилганига парво қилмай, бош шифокорнинг хонасига чопдим. Бечора дўхтирни ёқасидан судрагудек қилиб, палатага олиб келдим.
Зиннура уколдан сўнг ўзига келди. Шифокорнинг тайинлашича, унинг асабийлашиши мутлақо мумкин эмас экан. Акс ҳолда дардлари яна қўзғаларкан.
Хўш, мен нима қилишим керак? Бу танноз асабийлашмасин деб бир умрга Фахриддин бўлиб юраманми энди?
– Билиб қўй, агар қизимга бир гап бўлса, бошингдаги сочингни битталаб юламан, – деди Зеби опа кўзлари чақчайиб.
Бу гапдан кейин қандай қилиб “дух”имга ўтирмай?!
Ишга бориш-бормасликни билмай қолдим. Равшанга қўнғироқ қилиб, мени излаб келган аёлнинг шакл-шамойилини сўрадим. Унинг гапларига қараб хулоса қилдимки, ўша аёл на Зеби хола, на Ҳамида хола! Унда ким бўлди?
Шошма-шошма, Ноиланинг қариндошлари бўлмасин тағин. Ўшалар сўраб келишган бўлса-я!
Эҳ, довдираб шифохонага югургунча ишхонага бормайманми?!. Ғирт ўпкаман-да ўзим ҳам!
– Равшан, мабодо мени директор сўраса, бирор жойга кетганимни айт!
– Аллақачон айтдим. Қорақалпоғистонга кетган, дедим. Котиба сўраганди.
– Қорақалпоғистонга?.. Ҳм, бўлади, маъқул. Яша, ошна.
– Сендан битта зиёфат!
Мен Равшан билан гаплашиб бўлгач, палатага кирдим.
– Ҳалиги… ишхонага зув этиб ўтиб келсам майлими? – деб сўрадим Зеби опадан.
У киши боягидан ҳам баттар чақчайди-да, димоғида минғирлади:
– Менга деса, умуман даф бўлмайсанми?!
Эшик томонга юрган эдим, Зиннуранинг инграб гапиргани эшитилди:
– Тўхтанг, Фахриддин ака.
Оббо, яна нима дейди бу тантиқ қиз?!
– Эшитаман, Зиннурахон, – дедим майин қилиб.
У онасига қаради:
– Ойи, беш дақиқага… Илтимос.
Бу таклифни худди мен бергандек, Зеби хола учинчи марта менга хунук қараш қилди-ю, палатани тарк этди.
Мен хонанинг ўртасида қаққайиб турардим.
– Илтимос, ойимдан хафа бўлманг, – деди у. – Отам ўлганларидан кейин турмуш қийинчиликлари жаҳлдор қилиб қўйган. Бизнинг ҳаётимиз яқиндан бошлаб ўнгланди ўзи.
– Хўп.
– Кечаги гапимни ўйлаб кўрдингизми?
– Қайси гапингизни?.. Ҳа, ўйлаб кўрдим. Сиз нима десангиз шу, Зиннура.
Бу гапни эшитиб Зиннура қаддини ростлади. Унинг кўзлари порларди:
– Ростданми?
– Роппа-рост. Фахриддинлар битта гапиради.
– Унда нега эски гапингизни бошладингиз? Фахриддин эмасман, дедингиз? Ойим билан чап бўлиб қоласиз-ку бунақада!
Менга қолса, ичимда борини айтиб ташлардим-у, дўхтирнинг гаплари ўйлантириб қўйди. Агар Зиннуранинг яна тоби қочса, балоларга қоламан. Онаси бошимни пати юлинган товуққа ўхшатади-қўяди.
– Фахриддин ака!
– Лаббай, жоним?
– Ана, исмингизни айтиб чақирсам, “лаббай”, дейсиз-у, кейин “мен Фахриддин эмасман”, деб турасиз.
– Зиннура, ўша кунлар ёдингизда қолганмикан, деб ҳазиллашгандим. Роса қитмирман-да! Шу қитмирлигим туфайли ойингиз мени ёқтирмайди.
– Йўқ, айтдим-ку, жаҳлдор, деб.
– Сиз боя эшитмадингиз. Ойингиз, “Сочингни битталаб юламан”, деди менга. Кал бўлгим келмаяпти.
– Мен ойимга тушунтираман. Сизнинг менга айтадиган жавобингиз муҳим, Фахриддин ака!
– Қанақа жавобим?
Зиннура чуқур уҳ тортди:
– Кечаги гап…
– Ҳа, уми?.. Хўп, дедим-ку! Гап битта!
– Бир оёғимни кесиб ташлашсаям майлими?
– Начора!.. Ўзимни ўлдираман, деяпсиз-ку!
Бу жавобимни ҳазилга йўйдими, Зиннура кулимсиради. Кўзларида меҳр товланганча менга тикилди:
– Бу ёққа келинг, Фахриддин ака.
– Қаёққа?.. Нега?
– Ёнимга, – шарақлаб кулди у, кайфияти кўтарилгани кўриниб турарди. Тавба, мен жиддий гапиряпман-у, бу қиз тиржаяди. – Вой, нега қўрқасиз? Еб қўймайман.
Ўзи бу қиз нуқул мени ёнига чақиргани-чақирган. Гоҳ кўзимга тикилади, гоҳ томир уришимни текширади. Экстрасенс эмасмикан?
Мен унга яқинлашиб, каравотининг чеккасига чўкдим. Қулоғим сенда, дегандек Зиннурага боқдим.
– Гапни узоқдан бошлай қолай, – деди у. – Сиз яхши одамсиз.
“Албатта, – дедим мен ичимда, – содда, тўпори йигитни топиб олганингдан кейин, яхшисиз, дейсан-да! Узоқдан бошлаб, яна нималар демоқчисан ўзи?”
– Сиз менга хиёбонда гаплашганимиздаёқ ёқиб қолгандингиз, Фахриддин ака.
“Ўша куни Ноила келганида манови кўргиликлар йўқ эди-я!”
– Бу гапларни ич-ичимдан астойдил айтяпман, Фахриддин ака.
“Ичингда яна нималар бор, ҳали билмайман. Сенинг ниятинг қўрқитиб, менга тегиб олиш”.
– Фахриддин ака, нега гапирмаяпсиз?
“Агар ичимда айтаётган гапларимни сиртимга чиқарсам, ўзингни мана шу бешинчи қаватдан беш марта ташласанг керак”.
– Мени эрсираб қолган, деб ўйламаяпсизми мабодо?
“Эрсирамай нимаям бўлардинг? Бир оёқда бўлсаям менга тегмоқчисан-ку!”
– Фахриддин ака, ҳой…
– Операция қачон? – дедим мен тоқатим тоқ бўлиб.
– Сиз аввал жавоб беринг: оёғимни кесишсаям менга уйланасизми?
– Ҳа.
– Чин кўнгилдан айтяпсизми?
– Чиппа-чин кўнгилдан, – дедим ғирт ёлғон гапириб. Бу гапимга ишонтириш учун юзимга мутлақо самимий тус беришга ҳақаракат қилдим.
– Сиз яхши одамсиз, дедим-ку!
“Оббо, бу қиз қайта бошлаяпти…”
Зиннура қўлимни ушлаб деди:
– Сизга бир гап айтсам, қувониб кетасиз.
– Қувонтирадиган бўлса, тезроқ айтинг, Зиннура. Ростдан ҳам яхши гапми?
– Албатта, яхши гап, Фахриддин ака. Бир қошиқ қонимдан кечасизми?
– А?.. Ҳа, кечаман. Тезроқ айтсангиз, кечаман.
– Менинг оёғимни кесишмайди. Сизни синаш учун шундай дегандим.
Мен аввалига бу гапга унча тушунмадим. Кейин додлаб юбораёздим:
– О, Худойим, нақадар меҳрибонсан!
Азбаройи қувонганимдан Зиннурани қучоқлаб олганимни билмай қолибман. Ваҳоланки, мен Ноилага етажагимга умид уйғонганидан бениҳоя хурсанд бўлгандим. Шу даражада осмонга сакрагим келдики, ҳозир қучоғимда Зиннура эмас, Ноила бордек эди гўё.
– Вой, қўйворинг, – ожиз типирчилади Зиннура, – ойим кириб қоладилар.
Уни қўйвориб, палатада рақс тушдим. Зиннура ҳам бениҳоя шод эди.
– Мана, биринчи кундаги ҳолатингизга қайтдингиз, – деди у. – Энди ҳеч қачон сизни алдамайман.
– Ўзимни ўлдираман, деб ҳам қўрқитмайсизми? – сўрадим дарҳол.
Зиннура бош чайқади:
– Ҳеч қачон қўрқитмайман. Сиз мени кечирсангиз бўлгани!
Мен энди Ноила билан учрашиш ҳақида яшин тезлигида ўйлай бошладим. Топаман, уни қандай бўлсаям топаман. Бунинг учун Зиннурадан узоқлашишим керак. Нима деб баҳона топсам экан? Ўйла, Суюнбой, ўйла… Хўш… хўш… Топдим!..
– Зиннура, менинг қанчалик хурсандлигимни билсангиз эди! Хизмат сафаримдан қайтишим билан тўйимизни бошлаб юборамиз.
У бирдан хомуш тортди:
– Хизмат сафари? Қаерга?
– Қорақалпоғистонга! Кўпга эмас, уч ойга!
Зиннуранинг ранги оқариб кетди. Мен сал ошириб юборганимни билиб, унинг ёнига ўтирдим-да, қўлларидан маҳкам ушладим:
– Ҳазиллашдим, жоним. Икки ойга! Балки бир ойгадир… Бораман-у, қайтаман. Нима қилай, ишхонадан қўйишмаяпти-да! Сизга ҳар куни қўнғироқ қилиб тураман… Битта кулинг, илтимос.
Зиннура синиқ жилмайди. Эшик оҳиста тақиллаганида у секин қўлини тортди. Мен маҳкам ушлаб, қўйиб юбормадим. Зеби опага қизини қанчалик “севишим”ни кўрсатмоқчи эдим.
– Тоғанг келди, – деди Сарви опа.
Мен ўрнимдан турар-турмас, жойимда қотиб қолдим. Сарви опанинг орқасидан кириб келган одам ҳам аввал Зиннурага, сўнг менга кўзи тушган ва оғзи ланг очилган эди.

4

– Ассалому алайкум, тоғажон, – палатада Зиннуранинг овози эшитилди.
Шундан кейингина палатага кириб келган тоға жияни томон юрди. Улар сўрашиб бўлгунларича менинг оёғимдаги титроқ босилмасди. Нималарни гаплашишди, қулоғимга кирмади. Ниҳоят тоға менга мурожаат қилгач, овози эшитилди:
– Сиз нима қиляпсиз бу ерда?
– Мен… – дедим тилим тутилиб, – биз… шу…
– Танишмисизлар? – сўради Зеби опа.
– Албатта, – ҳозиржавоблик қилдим мен. – Тўлқин ака бошлиғимиз бўладилар.
Бу гапни айтиб бўлгунимча ичимдан нималар ўтгани ўзимга аён. Ҳа, ана энди аниқ тузоққа тушдим. Даҳмазалардан қутуламан деганимда ҳали энг каттаси турганини билмаган эканман.
Тўлқин Йўлдошевич кўзини хиёл қисиб мендан сўради:
– Сиз… сиз Қорақалпоғистонда эдингиз, шекилли?
Зиннура жонимга оро кирди:
– Тоға, бу кишини мен олиб қолганман. Бир иш туфайли…
– Ҳм-м-м, – деб қўйди Тўлқин Йўлдошевич.
Мен секин эшик томонга қадам қўйдим:
– Бора қолай, Тўлқин Йўл…
– Йўлакда кутиб туринг, бирга кетамиз, – деган буйруқ бўлди.
Палатадан чиқиб, эшикни оҳиста ёпар эканман, шу қадар оғир уҳ тортдимки, ёнимдан ўтаётган ҳамшираларнинг сочлари ҳилпираб кетди.
Хуллас, Ноилага етаман деганимда, энди аниқ тамом бўлдим. Келиб-келиб Тўлқин Йўлдошевич Зиннуранинг тоғаси бўлиб чиқадими? Пешонам бунча шўр бўлмаса! Зиннура сўрамаса ҳам, Зеби опа мен ҳақимда аниқ суриштиради. Тўлқин Йўлдошевич ҳам Зиннура иккимизнинг муносабатимиз билан қизиқади. “Янги” исмим ҳақида эшитиб, оғзи яна ланг очилса керак. Балки мени ишдан ҳайдаб юборар. Қаерга бораман?
Мен аввалгидан ҳам баттар аҳволга тушдим. Ичим сиқилиб, йўлак бўйлаб югургим, овозим борича бақиргим келарди.
– Э, менга нима?! – дедим сўнг қўл силтаб. – Сўйишмаса керак ҳар ҳолда! Олса, ана, ишини олади! Аммо… грантим нима бўлади, буёғи қанчага тушади? Ахир, қачондан буён шу иш устида ишлаяпман-ку!..
Тўлқин Йўлдошевични кутмай, тезроқ қочиб қолсаммикан? Уйга бориб, беркиниб оламан-да, умуман кўчага чиқмайман. Телефонимни буткул ўчираман. Узлатга кетаман, узлатга! Бироқ уйдагилар ўз ҳолимга қўйишармиди? Отам бир тепса, зинғиллаб ишимга қайтиб келаман.
Ҳозир Тўлқин Йўлдошевич палатадан чиқади. Менга қовоғини уйиб қарайди-да, сен ўзи кимларни лақиллатиб юрибсан, дейди. Балки бундай демас! Жияни Зиннурани ўйлаб ҳамма гапларини ичига ютар! Майли, ҳеч нима демасин. Буёғи-чи? Мен энди Зиннурага уйланаманми? Ноила нима бўлади? Бечора қиз индамай қолиб кетаверадими? Нима деган одам бўламан? Мен ҳам майли, муҳаббатимиз-чи? Наҳотки, куйган қўшиқчига ўхшаб, бир умр фиғон чексам: “Ёнимда ётади бир мунис аёл, фақат у сен эмас, сен эмас, бошқа…”
Вой-дод, бунча кўргиликка қачон дуч келдим ўзи?..
Эшик очилиб, Тўлқин Йўлдошевич, орқасидан Зеби опа чиқишди. Мен бошлиғимизга кўзларимни аланг-жаланг қилиб қарадим. Юзида ўзимга нисбатан ҳеч қандай ифодани илғамадим. Зеби опага қарамадим. Биламан, барибир менга хўмраяди.
– Бўпти, опа, – деди Тўлқин Йўлдошевич унга, – мен яна келаман. Дўхтирга ҳам қўнғироқ қилиб қўяман.
– Яхши бор, укажон.
Тўлқин Йўлдошевич ёнимдан ўтар экан, менга “кетдик”, дегандек имо қилди. Орқасидан эргашдим. Лифтда биринчи қаватга тушгунча миқ этмадим, кўзларимни қаерга яширишни билмасдим.
– Ҳаёт шу экан, – деб қўйди Тўлқин Йўлдошевич.
Мен уни ўзимча қўллаб-қувватладим:
– Ҳа, нимасини айтасиз…
Бошлиқ машинада ҳам, ишхонага кириб келганимизда ҳам бошқа ҳеч нима демади. Ҳузурига чақириб, пўстагимни қоқса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, хонасига кириб кетди, мен орқасидан қараб қолавердим.
Тушликда Равшан билан хилват жойни танладик. Мен унга ҳаммасини айтиб бердим. У қулочини ёзиб бақириб юборди:
– Э-ҳе, ишхонамизнинг куёви бўлибсан-ку, жўра!
– Жим бўл, аҳмоқ, – дедим унга. – Сасима! Овозингни чиқарма! Агар бу ҳақда бирор кишига айтсанг, юзингга қарамайман, билиб қўй!
– Э, намунча қўрқасан, – кулди Равшан. – Дўппингни осмонга отмайсанми? Тўлқин Йўлдошевичнинг куёвига айланибсан-у, писсайишингни қара! Оғайни, буни яхшилаб ювиш керак.
– Ноила нима бўлади? – менинг ҳануз кўнглим ғаш эди.
Равшан шипшиди:
– Эй, бошингга бахт қуши қўниб турибди-ку! Ё бу ерга қандай қилиб ишга кирганинг эсингдан чиқдими? Икки ой маошсиз ишлагансан-а! Мана энди, умуман, ишламасанг ҳам бўлади. Менга қара, Зиннурангдан суриштир, Тўлқин Йўлдошевичнинг қизи йўқмикан, а? Сен билан божа бўлардик, ҳи-ҳи-ҳи…
– Қўйсанг-чи, бўлмағур гапларни, – дедим мен хуноб бўлиб. – Балки Тўлқин Йўлдошевич мени ишдан ҳайдаб юборар. Ҳозирча индамаяпти. Ахир, мен исмимни Фахриддин деб юрганман-ку!
– Нима қипти, мабодо сўраса, иккита исмим бор, дегин. Ишхонада Суюн, кўчада Фахриддинман, де.
– Бўлди, кўп валдирама! Ундан кўра, мени сўраб келган аёлнинг юз тузилиши яхшилаб айтиб бер.
– Оддий аёл-да! Намунча сўрайверасан!
– Балки Ноиланинг онасидир! Шу… грант бўлмаганида аллақачон ишдан бўшаб кетардим.
– Калланг борми, бу нима деганинг?
– Мен барибир Ноилага уйланишим керак, Равшан. У менинг биринчи муҳаббатим. Ноилани жудаям соғиндим. Ҳозир менга айнан у етишмаяпти.
Равшан нимадир демоқчи бўлди-ю, индамай қўл силтади.
Шу куни кечгача Тўлқин Йўлдошевичнинг мени чақиришини кутдим. Чақирмади. Қабулхонага бир неча марта бориб келдим. Котибанинг халақит бераётганимни айтиб бобиллаб бергани қолди, холос.
Қизиқ, арқонни узун ташлаб қўйдими бошлиқ? Ёки Зеби опа ҳеч нима демадимикан? Наҳотки, Тўлқин Йўлдошевич исмимни ўзгартириб, Фахриддин бўлиб юрганимни ҳам билмаган бўлса?
Мен анча кунгача бу саволларимга жавоб топа олмай юрдим. Раҳбаримиз лоақал бир марта бўлсин, мен билан қизиқмади. Зиннура эса “мана энди қўлга тушдинг”, дегандек, менга суйкалгани-суйкалган.
Ноилани излашни асло сусайтирганим йўқ. Аммо барибир топа олмасдим. Электрон почтаси, “агент”лари қолмади – пайдар-пай хат юбордим. Жавоб йўқ. Ички ишлар бўлимига мурожаат қилишни ҳам ўйладим. Фақат мурожаат қандай шаклда бўлишини билолмай бошим қотди. Аризани нима деб ёзаман? “Мен севгилим Фалончи Писмадончиевани қидиряпман, топиб беринглар”, дейманми? Манзилини билмасам, нима деб ёзиб бераман?
Милиция Ноилани топиб берди ҳам дейлик. Хўш, кейин-чи? Айни дамда Ноила ва Зиннурани бирваркайига қандай эплайман? Агар Ноилани десам, ишимдан жудо бўлишим керак. Зиннурани десам… Нима бўлганда ҳам вақтдан ютишим зарур. Ҳеч кимга сездирмай, бошқа иш қидириб турганим маъқулга ўхшаяпти. Грант пулини олиб, бу борадаги лойиҳадан қутулганимдан сўнг ишхонадан гумдон бўламан! Ҳа, шундай қиламан. Кейин – гуд-бай, Тўлқин Йўлдошевич! Бай-бай, Зиннура ва Зеби опа!
Тўғри, Ноилани топганим билан унга эришишим осон кечмайди. Баджаҳл отаси ҳали мени роса овора қилса керак. Муҳаббатимизни мутлақо янги саҳифадан бошлашга тўғри келади, шекилли! Начора, жон куйдирмасанг, жонона қайда! Муҳими, Ноила Зиннура ҳақида билмаслиги керак. Мен Зиннурадан қутуламан-у, бутун борлиғимни Ноилага бағишлайман. Аввал опаларини шахсан ўзим тезда эрга бераман, кейин ўзим уларнинг синглисига уйланаман. Биз бахтли ҳаёт кечирамиз. Эҳтимол, вақти келиб, қариб-чириб қолганимизда Ноилага Зиннура ҳақида айтиб берарман. Аразлагани билан аллақачон вақт ўтган бўлади. Ҳар қалай кампир ҳолида мени ташлаб кетмас, нима дедингиз?..
Хонага котиба кириб келди. Ниҳоят мени Тўлқин Йўлдошевич чақираётганини айтди. Бу фурсатни кутган бўлсам-да, ҳаяжонга тушдим.
– Намунча қалтирайсан? – деди Равшан. – Сенинг очилур чоғинг энди келяпти, Суюн. Дадил бўл! “Жиянингизни жонимдан ортиқ севаман”, дегин!
– Нимага чақирди экан?
– Э, бор тезроқ!
Тўлқин Йўлдошевичнинг хонасига кирганимда у тараддудланиб турарди. Ҳайрон бўлдим.
– Кетдикми? – деди у менга.
Савол назари билан қарадим.
– Бугун Зиннура шифохонадан чиқади-ку! Ёки яна Қорақалпоғистонга деб кетмоқчимисиз? – кулди у.
– Ҳа-я, – дедим енгил тортиб.
Ишхонадан бирга чиқиб кетдик. Тўлқин Йўлдошевич, аввалгидек орқада, мен эса олдинда, ҳайдовчининг ёнида ўтирдим. Бу гал ўзимни бемалол тутдим. Худдики Тўлқин Йўлдошевич яқин қариндошимдек, ойлик маошимни оширадигандек. Машина ойнасидан ташқарига – бирин-кетин ортда қолаётган дарахтлар, симёғочлар ва кўпқаватли уйлар-у одамларга қараб ўтирдим. Бу хотиржамлигим кўпга чўзилмади. Мени Тўлқин Йўлдошевичнинг саволи гангитиб қўйди:
– Хўш, тўйни қачон қилмоқчисизлар?
Мен бўйнимни қийшайтириб орқага ўгирилдим:
– Тўй?.. Билмасам…
– Танишганларингга қанча бўлди ўзи?
– Ик…ки йил бўлди. Ундан ҳам кўпроқ ёки озроқ. Аниқ статистикаси…
– Совчиларингизни тезроқ юборинг, – деди Тўлқин Йўлдошевич. – Опам сизга ишонмаяпти.
– Мен… мен… У киши мени салгина ёқтирмайдилар.
Тўлқин Йўлдошевич чўрт кесди:
– Ёқишга ҳаракат қилинг.
Беихтиёр қўлимни кўксимга қўйиб, бош ирғадим. Миямда нималар кечаётгани ўзимга аён эди. Тавба, совчилар ҳақида, Зиннура билан тўйимиз борасида ўйлашим қолувди. Ҳаммасини Зеби опа қиляпти. Укасининг қўл остида ишлашимни билиб олдими, қўймайди энди. “Ичкуёвликка ҳам кўндириб бер”, – деса керак.
Тўлқин Йўлдошевич бошқа ҳеч нима демади ва мен секин олдинга ўгирилдим.
Зиннуранинг шифохонадан чиқиши бу қадар тантанали бўлади, деб кутмагандим. Аллақандай ёш йигит-қизлар гуллар тақдим этишди, қутиларда нималардир беришди. Сал нарида турган автомобилларга пуфаклар илишди…
– Булар ким? – деб сўрадим мен Зиннурадан.
У кулимсираб жавоб берди:
– Ходимларим.
Зиннура мени қўлтиқлаб олган ва биз худдики ЗАГСдан чиқаётгандек одимлардик. Қизариб кетганимни ўзим сезар, бунга сайин у билагимдан маҳкам ушлаганди. Мен қўл телефонлари орқали ҳар томондан “шихир-шихир” қилиб суратга олаётган йигит-қизлардан қаёққа қочишни билмасдим. Ҳа, энди буёғи янада чигал! Телефонига муҳрлаётганлардан бирортаси суратимизни интернетдаги саҳифасига қўяди-да, вақти келиб танишларим албатта кўради. Улар ичида Ноила ҳам бўлади, албатта.
Шишириб қўйилгандек бир бақалоқ қиз уялмай-нетмай бурнини нақ бурнимга теккизди-да, Зиннурага юзланди:
– Это ваш бойфренд?
Зиннура гул-гул яшнаб, бош ирғади.
Ҳамманинг кайфияти аъло, ҳатто бадқовоқ Зеби опа ҳам кулимсираб турарди.
Зиннура билан қоп-қора машинага ўтирдик. У елкамга бошини қўйган, ширин энтикарди. Менинг эса ичим сиқилар, бу даҳмазалар тезроқ тугашини хоҳлардим. Аммо аксига олиб, кўринмас тўрга тобора чуқурроқ илашаётганимни фаҳмлар, қутулиш учун тезроқ чора топа олмаётганимдан эзилардим.
– Қаёққа кетяпмиз? – сўрадим Зиннурадан.
– Офисга, – жавоб берди у.
– Аввал уйга борсангиз бўларди. Сал дам олиб…
– Сиз ишхонамни кўришни хоҳламайсизми?
– Хоҳлайман, албатта, аммо тоғангиз…
Зиннура елкамдан бошини кўтариб, юзимга қаради ва кулимсираб деди:
– Тоғамдан сиз учун бир кунга жавоб сўрадим.
Мен хўрсиниб минғирладим:
– Буёғи чуқурлашиб кетяпти, шекилли.
У тушунмай, изоҳ кутди. Жавоб бермадим.
Шаҳар ўртасидаги бир даргоҳга етиб, машинадан тушдик. Кейин Зиннуранинг ишхонасига кирдик. Бу идорада замонавий мебеллар, компьютерлар қўйилган, ходиму ходималарнинг эгни-бошигача “ноу-хау” эди.
Улкан хонада тантана янада кенг тус олди. Зиннуранинг ишга қайтиши шарафига катта торт келтиришибди, унинг атрофида ҳамма жамулжам. Қийқириқ авжига чиққанди. Жамоадагилар менга нигоҳ ташлаб, бир-бирига маънодор кўз уриштиришарди. Мен ўзимни қандай тутишни билмас, гоҳ илжаяр, гоҳ жиддий тортар, минг хижолатда эдим. Тезроқ бу ердан кетсам-у, енгил нафас олсам.
Бояги бақалоқ қиз сопига алвон рангли чиройли тасма боғланган пичоқни Зиннурага узатиб, тортга имо қилди. Ҳамма жим бўлди. Зиннура менга қаради:
– Мен тортни сиз кесишингизни истардим.
– Йўғ-ей, ўзингиздан бўла қолсин, – дедим.
Ҳамма нафас ютиб кутаётгани учун мен янада ҳаяжонга тушдим. Манглайимда пайдо бўлган тер жилдираб оқиб, бурнимнинг учига келиб қолди. Секин пуфласам ҳам кетмади.
Зиннура жамоага юзланди, сўнг мени кўрсатиб деди:
– Бу киши Фахриддин ака!.. Ну… тушунгандирсизлар?
Яна қийқириқ бўлиб, менинг эса қочиб кетгиларим келди.
– Марҳамат, Фахриддин ака, – деди пичоқни менга узатаркан Зиннура.
Тағин жимлик чўкди. Айтсам, ишонмассиз: умрим бино бўлиб торт кесмаганман, тағин бунақа катта тортни! Пичоқни олиб, қўлларимнинг қалтираётганини сездирмасликка уриндим ва бир бўлак кесдим. Ходимлар бу жараённи ҳам телефонларига суратга ола бошлашди. Ҳинд фильмларида кўрганим ёдимга тушди-да, торт бўлагини Зиннуранинг оғзига тутдим. У оҳиста тишлаб, қўлимдан ушлаганча қолганини нақ тумшуғим остига олиб келди. Тортни тишлайман деб, Зиннуранинг қўлини узиб олишимга бир баҳя қолди. Ҳамма қарсак чалиб юборди.
– Энди нима дейиш керак? – баланд овозда мендан сўради Зиннура.
Яна тек қотдим. Нима дейиш кераклигини қаёқдан билай, ахир?! Замонавий тамойилларни туш кўрибманми? Балки шунча одам орасида Зиннуранинг қўлини сўрашим керакдир? У ва бошқалар шуни кутишаётгандир эҳтимол. Ҳамма менга қараган, мен эса оғзимдаги тортни ейиш эмас, оҳиста ютиш билан овора эдим. Хайриятки, Зиннуранинг ўзи мени хижолатпазликдан қутқарди.
– Ҳамма тортга! – деди у.
Ходимлар тортга ёпирилганларида чўнтагимдан рўмолчамни чиқариб, пешанам ва бурнимдаги терни тезгина артиб олдим. Зиннура қўлимдан ушлади-да, мени хонадан етаклаб олиб чиқиб кетди. У билан бир нечта хоналарни айланиб чиқдик. Зиннура ишни қандай бошлагани, не-не қийинчиликларга дуч келгани, ўқиб-излангани, тажриба орттиргани ва аста-секин шу даражага келганини сўзлашдан тўхтамасди.
Қабулхонани кесиб ўтгач, эшиклари қалин, янада кўркам ва чиройли хонага кирдик. Полга тўшалган пардек юмшоқ, нақшинкор гилам кўзни қамаштирар, мебеллар, силлиқ шишали стол, чарм қопланган диван ва оромкурсилар бир-биридан бежирим эди.
– Менинг хонам, – қулочини ёзди Зиннура.
– Қойил, – дедим мен росманасига оғзим очилиб.
Зиннура оромкурсини кўрсатиб, таклиф қилди:
– Марҳамат, ўтирсинлар, шаҳзодам.
– Раҳмат, маликам.
Оромкурсига чўкар эканман, менга тикилиб турган Зиннурага, нима гап, дегандек қарадим.
– Биз бахтли бўламиз-а, Фахриддин ака? – деди у.
Бу гапни шундай оҳангда айтдики, худди, бахтли бўлишимизни мен ҳал қиладигандек. Ичимдаги ғалаёнлардан бехабар қиз! Дили бошқа-ю, тили бошқа йигитга ҳануз алданиб юрган бечора! У ерда – уйида яна бир қиз мени соғиниб ўртаниб ўтирган бўлса керак. Қафасдан чиқа олмай, кўргиси келганидан аччиқ-аччиқ кўзёши тўкаётгандир?
Зиннуранинг бу саволига нима деб жавоб берай? Яна алдайми? Қачонгача ёлғонларимни ичакдек чўзиб юраман?
– Гапирсангиз-чи, – деди Зиннура эркаланиб.
Мен унинг тикилиб туришига чидай олмай, диванни кўрсатдим:
– Ўтиринг.
Зиннура кулиб юборди:
– Сиздан гап ундириш бирам қийин.
Мен гапни олиб қочишга ҳаракат қилдим:
– Бахт шундай юксак туйғуки, у ҳақида бир киши ялпайиб ўтириб, иккинчиси эса тик турганда сўзлаб бўлмайди.
– Чиройли эътироф, – яна кулди Зиннура. – Бир дақиқа. Мен сизга ўз қўлларим билан қаҳва тайёрлаб бераман. Кейин мириқиб суҳбатлашамиз.
Мен стол устидаги қалин журналлардан бирини олиб, варақлай бошладим. Хонага жимлик чўккан, бу осудаликни журнал саҳифаларининг шитирлаши-ю, электр чойнакдаги сувнинг вишиллаб қайнаши бузиб турарди. Бироздан сўнг орқа томонимда Зиннуранинг қадам товушлари эшитилди: тақ-туқ, тақ-туқ… Ва унинг қўллари бўйнимга чирмашди. Мен энгашдим. Зиннура яқиндан бошлаб шу одатини бошлаган: нуқул бўйнимга осилади!
– Мени яхши кўрасизми? – бу гап шундоқ қулоғим остида шивирлаб айтилгани боис қитиғим келди. Беихтиёр кулиб юбориб, елкамни қисдим.
– Жиннивой, – деди Зиннура эҳтирос ила.
Электр чойнак “ширқ” этди ва вишиллаш овози сўна бошлади.
– Қаҳва, – дея эслатдим унга.
Зиннура икки чинни идишда қаҳва тайёрлаб, бирини олдимга қўйди. Сўнг қарама-қарши тарафдаги оромкурсига ўтирди. Қаҳвани қўлимга олдим. Ўзимни замонавий кўрсатиш учун чиройли қилиб ҳўплагандим, лабим жиз этиб куйди.
– Хўш, бугун нима қиламиз? – сўради Зиннура.
– Бугун? – савол аломати билан қарадим унга, сўнг болалик давримдаги тенгқурларим билан ўйиндан кейин айтадиган гапимиз ёдимга тушди: – Ҳамма уйига, капа тўйига!
– Агар рози бўлсангиз, Флоренцияда овқатланамиз.
Флоренция… Қаерда эди-я у? Адашмасам, бу – италянча сўз! Нима, Италия? Тавба, у ёқларда пишириб қўйибдими? Йўл чиптаси қанчалигини биладими манови бойвучча?
– Мен доим шу ресторанда овқатланаман, – деди Зиннура.
Ҳовурим босилди. Дарҳол жавоб бердим:
– Мен ҳам. Жуда яхши жой-а?
– Дидимиз бир экан.
– Ўхшатмаса, учратмас, дейдилар-ку! Фақат… бугун вақт масаласи. Бир зарур ишим бор эди.
Зиннура лабини бурди:
– Мендан бошқа қандай зарур ишингиз бўлиши мумкин?
Қани эди жўяли баҳона топа олсам! Ноилож яна гапни бурдим:
– Сиз… сиз дунёдаги энг яхши ва чиройли қизсиз!.. Шуни биласизми, жоним?
Зиннура ҳушёрлик қилди:
– Нима ишингиз бор?
Эшик тақиллади ва бақалоқ қиз югуриб кириб деди:
– Сюрприз! Эксклюзив!
Шундан сўнг икки йигит улкан полотно кўтариб киришди. Дастлаб унинг тескари томонини тутиб туришди. Бақалоқ қиз “раз, два, три”, – дегач, биз томонга ўнгаришди. Улкан суратда Зиннура ва мен акс этган эдик. “Вау”, – дедим замонавийчасига. Аслида сурат менга ёқмади: бир кўзим қисилиб қолганди.
Нималар бўляпти-я! Зиннура тугул мановилар ҳам бизнинг “ошиқ-маъшуқ”лигимизни бутун бошли тарихга муҳрлашяпти-ку!
Зиннура суратни хонанинг тўрига қўйишни буюрди. Бақалоқ қиз йигитларни эргаштириб чиқиб кетгач, қаҳвамни ичдим-у, ўрнимдан турдим.
– Мен борай.
– Бунча тез? – норози бўлди Зиннура. – Қандай ишингиз борлигини айтмай кетаверасизми?
– Сюрприз, – дедим ҳозиргина бақалоқ қиз айтган сўзни такрорлаб. – Ўйлайманки, сизга ёқади.
Зиннура қошларини чимириб, чиройли қараш қилди:
– Менга аниқ ёқадими?
– Жуда-жуда ёқади! Сиз эса уйга боринг. Бугун дам олинг.
– Мен би-ла-ман, – сўзларини бўғинлаб айтди Зиннура. Кейин келиб, яна бўйнимга осилди. – Бунча яхшисиз!
Тавба, “сюрприз” нималигини ҳали ўзим етти ухлаб тушимда кўрганим йўғ-у, бу қиз билармиш!
Зиннура мени кўчагача кузатиб чиқди. Машинага ўтқазмоқчи эди, борадиган манзилим яқинлигини айтиб унамадим. У ўнг қўлини шу қадар оғзимга яқин узатдики, мен жентльменларга хос тарзда нозик бармоқларига лабимни теккизишга мажбур бўлдим.
– Бугун соат еттида “Флоренция”да, – деди Зиннура ортимдан.
Мен елкамга яна бир ташвишни ортмоқлаганча пиёдалар йўлагидан одимлаб кетдим.

5

Кимдан ёрдам сўрасам экан? Йўл-йўриқ кўрсатадиган одамим борми? Умуман, ёрдам сўраганим билан менга нафи тегармикан? Зиннура ҳаммасини деярли ҳал қилиб қўйди аслида. Ҳайронман, бунақада эртанги ҳаётим нима бўлади? Шу қизга уйланиб, ичкуёвликда ўтадими умрим? Ноила-чи? Наҳотки грант ва ишхонамни деб уни ҳаётимдан бутунлай ўчириб юбораётган бўлсам?
Мен турли ўйлар қуршовида анча вақтгача кўчада тентираб юрдим. Ишхонага етгач, Равшанни чақириш-чақирмасликни билмай, ташқарида узоқ турдим. Ахийри унга қўнғироқ қилдим. Ҳеч бўлмаса ичимдаги дардларимни айтиб оламан-ку! Қолаверса, Равшандан жўяли гап чиқади.
Бироздан сўнг у чиқиб келди. Ҳеч нима демасдан савол аломати билан юзимга бақрайиб турди.
Ишхонанинг орқа тарафидаги кафега ўтдик. Икки кишилик овқат олдим. Равшан текин деб бир зумда таомни паққос туширди. Менинг эса оч бўлсам-да, иштаҳам йўқ. Хоҳлаб-хоҳламай тановул қила бошладим.
– Равшан, Робинзонга қанчалик яхши бўлган-а, – деб гап бошладим сўнг. – Икки қизнинг орасида аросатда юрмаган, бошини оғритмаган.
– Шу Робинзонни ҳеч тинч қўймадинг-да, гапир, яна нима бўлди? – деди Равшан.
Унга бугунги гапларни нуқта, вергулигача айтиб бердим.
– Билиб қўй, менинг пулим йўқ, – деди Равшан дарҳол. – Флоренция-Млоренция учун анча-мунча тўлашингга тўғри келади. Катта ликопчага бир бурда котлет олиб келишади-да, кейин отнинг калласидек пул олишади. Тоғамнинг қўшнисидан эшитганман. Улфатлари билан шунга ўхшаш ресторанда ўтирган экан, кейин пақ этиб бурнидан чиқибди. Энди сениям бурнингдан чиқади. Тузукроқ баҳона қуриб қолганмиди сенга, Суюн? Бу ҳам майли. Энг катта қовун тушириб қўйганинг нима, биласанми? Энди никоҳ узуги олишингга тўғри келади.
– Бу нима деганинг?
– “Сюрприз дедим”, деяпсан. “Сизга ёқади, дедим”, деяпсан. У қувониб кетибди. “Сюрприз” дейишга бало бормиди, галварс? Хўш, гапир, бундай рекламангдан кейин сендан никоҳ узугини кутмай, нимани кутсин? Унақа қизлар оддий эмас, бриллиант кўзли никоҳ узугини кўзлашади. Агар сенга неча пул туришини айтсам, ҳозирнинг ўзида тап этиб йиқиласан.
Мен қилган хатойимни ўйлаб, томоғим ғиппа бўғилди. Бошимга муздек нимадир ўрмалаб чиқди. Овозим хириллаб чиқди:
– Бриллиант?
– Ҳа, бриллиант! Кўп пул керак бўлади, – давом этди Равшан. – Биламан, сен барибир менга ёпишасан. Яна бир марта қайтараман: пулим йўқ! Маслаҳатим: Тўлқин Йўлдошевичнинг олдига кир. Ҳар ҳолда энди бегона эмассан. Пул сўра. Қарз деб айтавер, барибир кечиб юборади. Бошқа чоранг йўқ!
– Оббо, – дедим йиғлагудек бўлиб.
– Асабийлашма. Агар овқатингни есанг, яна бир йўлини айтаман.
– Аввал айт.
– Аввал е!
Мен ўзимни мажбурлаб овқатландим. Вужудим, руҳимга сал куч-қуввват киргандек бўлди. Равшаннинг оғзига кўз тикдим. У мен томонга энгашиб сўради:
– Сен Ноиладан воз кечдингми ўзи?
Мен хўрсиниб жавоб бердим:
– Билмадим… Зиннуранинг ишхонадагилари иккимизни худди келин-куёвдай роса расмга олишди. Аллақачон интернетга жойлаган бўлишса ҳам керак, статусларига. Агар Ноила кўриб қолса, мени шартта ташлаб кетиши тайин.
– Интернетга?.. Жойлайверишсин, сенга нима?! Ахир, сен Фахриддин эмас, Суюнсан-ку!.. Қолаверса, интернетда нима кўп, расм кўп. Ноиланг миллионта сурат ичидан сени изла-а-а-б ўтирармиди! Ақалли бир энлик хат ёзолмаяпти-ку!..
Бу гапдан кўнглим сал ёришди. Ҳақиқатан, Зиннуранинг ходимлари ўз статусларида мени Фахриддин деб ёзишади-ку! Чунки, Зиннура уларга мени “исмим”ни айтиб таништирганди. Хонага олиб киришган улкан полотнода ҳам Фахриддин деб қайд этилган.
– Демак, мен Ноилага уйланаверсам бўлади, тўғрими?
– Оббо!
– Яна бир ўйла, жўражон. Калланг зўр ишлайди-да! Кеча кечаси билан ухламай чиқдим. Қизиқ, орадан беш йил ўтиб, ким билан яшарканман-а? Ноилани соғиндим, ошна. Кўргим келяпти. Аммо ернинг остига кирганми, осмонга учиб кетганми, ундан ҳанузгача дарак йўқ. Юрак, Ноилани топ. дейди. Ақл эса, индамай ишлайвер, Зиннурадан қолма, дейди. Бу қиз билан келажагинг порлоқ, дейди. Қаердан ҳам шу Зиннурага илакишиб қолдим ўзи?!. Гапир, Равшан, нега чурқ этмайсан?
– Бу сенинг ҳаётинг. Бир нима деб бўлмайди. Аммо, тўғрисини айтаман, агар сенинг ўрнингда мен бўлганимда, кўзимни чирт юмиб, таваккалига иш қилган бўлардим.
Мен яна асабийлашдим:
– Таваккал иш эмиш… Бугун “Флоренция”га ҳам таваккал қилиб борайми? Сен тушунмаяпсан, агар мен Зиннурани десам, Ноила қолиб кетади. Ноилани десам, Зиннура майли-я, грантим қолиб кетади. Равшан, агар ростдан ҳам бўлмағур демасанг, бир фикримни сенга айтаман. Кеча корейс сериалини кўриб, туйқус калламга келиб қолганди. Ноила билан кўришмаганимга анча бўлди, тўғрими? У билан қачон учрашаман, Худо билади. Аммо эрта-индин барибир пайдо бўлади. Энг кераксиз пайтда. Очиғи-да!.. Хуллас, ўшанда унга шундай десам бўлармикан: “Ноила, орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Бу орада мен иш билан хорижга бориб келдим. Айнан ўшанда автоҳалокатга йўлиқдим. Мени операция қилишди. Энди сизни севолмайман. Чунки мени операция қилишганида юрагимни алмаштиришган”. Ноила юм-юм йиғлайди, албатта. Аммо бошқа чорам йўқ.
Равшан менга қараб туриб, бошини чайқади:
– Сенинг томинг кетиб қопти.
– Эшитиб, даҳшатга тушдингми, тўғрисини айт.
– Бундай тутуруқсиз гапдан…
– Ана, кўрдингми?! Ноила ҳам даҳшатга тушади. Бу – вақтинча! Грант олгач, бошқа иш топаман. Ана ўшанда Ноилага юрагимни қайтариб олганимни айтаман.
– Э, бўпти, мен кетдим.
– Тўхта. Бепул овқат еб, индамай кетавериш экан-да!
Равшан бобиллаб берди:
– Нима дейсан, бўладиган гапни гапир-да! Минғир-минғир қиласан! Айтдим-ку, таваккал қилиб юравер, деб. Юрак, ақл эмиш! “Корейс сериали” эмиш! “Юрагимни алмаштиришган” эмиш! Тур жойингдан. Эс-ҳушингни йиғиб ол! Кўзларингни очиб, атрофга қара! Ишхонага ўт, мазза қилиб ишла!
– Гапиришга осон. Ўзингнинг бошингдан ўтмаган-да!
– Оббо!.. Таваккал қил, деса, ёқмайди сенга!
– Менга қара… Ҳадеб Зиннура ёки Ноила деявермаслигим учун… биттасини сен ола қол!
– Бўпти, Зиннурани бер!
– Оҳо, Тўлқин Йўлдошевичга куёв бўлгинг келдими? Дўстингнинг бошига тушган омад қушига эга чиқмоқчимисан?
– Майли, Ноилани бера қол!
– Ҳозир тумшуғингга битта соламан!
– Эҳ, оғайни, иккаласи ҳам ўзингга сийлов! Айтяпман-ку, томинг кетиб қопти.
– Майли, уни-буни қўяйлик. Бугунги масалани ҳал қилайлик: “Флоренция” нима бўлади?
– Мен сенга айтдим, пулим йўқ. Тўлқин Йўлдошевичдан сўра.
– Қизиқсан-а, қандай сўрайман?! “Тоға, пул керак бўлиб қолди, беринг”, дейманми? Қисқаси, “Флоренция”си бошидан қолсин. Бормайман. Бирор баҳона топилар, нима дединг? Яхшиси, ишхонага ўтиб, ишлаб ўтираман.
Равшан елкасини қисди:
– Ўзинг биласан, аммо билиб қўй, Бахтиёр ака бугун чап ёни билан турган. Агар сенга кўзи тушса, таъбингни тирриқ қилади.
Бахтиёр ака – бўлим бошлиғимиз. Яхши одам-у, кайфияти бўлмаса, бир гапга ёпишганча эзаверади, эзаверади. Сира аямайди. Гапираверади. Энг ёмони, “Аризангни ёз”, деб туриб олади. Миллион, миллиард марта кечирим сўраш керак. Роса иззатталаб одам. Мени роса бўғзимга келтирган. Айниқса, кейинги вақтларда эрмак учун ҳам асабимга тегадиган бўлган. Бир неча марта аблаҳдан олиб, жамиятга зарар келтирувчи паразитгача чиқарди. Ҳамманинг олдида юзимни шувит қилди. Менинг Тўлқин Йўлдошевичга тегишли одамлигимни билмайди-да ҳали!
Бугун бир калла қўяман шу одамга! Ким билан ишлаётганини билиб қўйсин! Зора, хаёлимда ғужғон ўйнаётган ўй-фикрлардан узоқлашсам!
– Зўр-ку! – дедим Равшанга. – Бир жанжаллашгим келяпти-да! Аламимни чиқариб олардим.
Равшан иккимиз кетма-кет ишхонага кириб бордик. Жойимни эгаллар-эгалламас, хонага Бахтиёр ака мўралаб қаради-да, менга кўзи тушди. Сўнг кафтларини бир-бирига ишқалаб кириб келди (тайёргарлик кўраётганини қаранг). Мен худди ишга муккасидан кетгандек, қоғоз титкилашни бошлаб юборгандим. Ичимда Бахтиёр аканинг ҳозир нималар дейиши ва ўзимнинг боплаб жавоб қайтарадиган сўзларим ҳақида ўйлардим.
Бахтиёр ака стул олиб, менга яқинроқ жойга ўтирди. Сўнг ишларимни бамайлихотир кузата бошлади. Мен унга олайиб қарадим-да, қоғозларни атайин кучлироқ титкилайвердим. Аслида, бўлим бошлиғи билан мушук-сичқон ўйнашим яхши эмас. Аммо шу йўл ёрдамида ичимдаги ғашликни чиқариб юбормасам, зардобларга чўкиб кетаман. Зиннура билан танишганимдан буён ботинимда ўзимга қарши қандайдир ғалаён бўлаверади. Мана бугун ҳам у билан учрашув белгиланган. Аммо бунинг учун… пул керак. Учрашувга бормайин, десам, умримда қиз болани куттирмаганман. Яна кимсан, Зиннурани! Бошлиқнинг жиянини! Умуман айтганда, гап бошлиқнинг жияни бўлганида ҳам эмас. Зиннуранинг менга ишонаётганида! Лекин… у Тўлқин Йўлдошевичнинг жияни бўлгани ҳам хаёлимдан кета қолмайди.
– Эй, бола, қаерларда юрибсан? – ниҳоят гап бошлади Бахтиёр ака.
– Менга айтяпсизми? – дедим ўзимни ҳайратланганга солиб. – Қаерда бўларди, ишхонада ўтирибман, кўрмаяпсизми?
– Ие, зўрсан-у?
– Албатта, зўрман, тўғрими, Равшан? – мен шундай деб Равшанга қарадим, аммо у гапимни эшитмаганга олиб, мониторга нақ бурнини теккизиб, компьютер клавиатурасини тез-тез боса бошлади.
– Сен, бола ичиб олмаганмисан? – жаҳли чиқди Бахтиёр аканинг. – Нега мен билан бундай оҳангда гаплашяпсан? Думингни тугиб қўяйман, бола! Ишласанг, питир-питир қилмай ишла! Бу ер отангнинг уйимас.
– Отамни қўшманг!
Овозим баландроқ чиқдими, хонадаги ходимлар бизга қарашди. Бу эса Бахтиёр аканинг қошларини тип-тикка қилиб юборди. Шу пайтгача ҳеч ким гап қайтармаган-да бу арбобга!
– Тилинг чиқиб қоптими, бола? – ўрнидан турди у. – Бир кунда неча марта кўзимни шамғалат қилиб ишхонадан қуён бўлганингни билмайди деб ўйлаяпсанми? Етар! Аризангни ёз! Шалпангқулоқ тирранча!
Агар бу гапга ходимлардан бири пиқ этиб кулиб юбормаганида, эҳтимол, Бахтиёр акадан кечирим сўраган бўлардим. Бахтиёр аканинг қулоғимни гапирганидан кўра, ана шу пиқ этган кулги нафсониятимга тегди. Мен шошилмай ўрнимдан турдим, аввал атрофдаги томошаталабларга, сўнг Бахтиёр акага без бўлиб термилдим. Очиғи, айни пайтда Зиннурадек “танкам” борлиги учун ҳам дадил эдим. Қолаверса, бугун иш жойида бўлмаганимдан Тўлқин Йўлдошевичнинг хабари бор – ахир, у киши билан битта машинада кетганман-да!
– Эшитяпсанми, аризангни ёз, – хонлардек буйруқ берди Бахтиёр ака.
Мен қўлларимни белимга тираб, бамайлихотир дедим:
– Ёзмайман!
– Ие, – калака қилди Бахтиёр ака. –  Ростдан ҳам тилинг чиқиб қолибди-ку! Шунақанги ёзасанки!..
Бу дунёда ҳеч ким ўзига буйруқ беришларини ёқтирмайди, деган экан раҳматли Дейл Карнеги. Менга ҳам ёқмади. Шу боис, нописанд тарзда дедим:
– Э, боринг, тошингизни теринг!.. Э, иди отсюда!
Бахтиёр аканинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Ходимларга бир қур қараб олди-да, менга яқинлаша бошлади:
– Сен бола, жийда-пийданинг тагидан ўтмадингми мабодо? Яхши гапни тушунмайсан, шекилли?
Мен сал ошириб юборганимни билиб, муроса йўлига ўтдим:
– Ҳурматли Бахтиёр Зокирович, қизишмайлик. Шунча кишининг олдида ўзимизни тутсак яхши бўларди.
– Ҳм, эс-ҳушинг қирдими дарров? Энди кечириб бўпман. Аблаҳ, жамиятга зарар келтирувчи вирус! Ҳеч қачон иш жойингда ўтирмайсан, тирранча!
– Э, нега менга бунча ёпишиб олдингиз? Кайфиятингиз бўлмаса, мен айбдорманми? Аввал котибадан сўранг, қаерда бўлганимни айтади.
Бахтиёр ака бақирди:
– Мен котиба-потибани билмайман, аризангни ёз!
Тепа сочим тикка бўлди:
– Керак бўлса, ўзинг ёз!
Унинг ранги оқариб кетди. Шартта менга ташланди. Ҳамкасблар кела солиб бизни ажратишга тушишди. Бунга сари Бахтиёр ака мени ургудек бўлиб хезланарди. Оғзидан боди кириб, шоди чиқарди.
Тўғриси, кавлаштириб кўрса, менинг айбим йўқ аслида! Нима қилдим, ахир? Тўлқин Йўлдошевич ҳузурига чақириб, ўзининг ортидан эргаштириб чиқиб кетган-ку! Бахтиёр акани огоҳлантиришга ҳам улгурмадим…
– Агар сени мана шу ердан қуритмасам, Бахтиёр отимни бошқа қўяман! – қўлини бигиз қилди у.
Мен баланд овозда сўрадим:
– Нима деб қўясиз отингизни?
– Ҳой, бола, овозингни ўчир! Сени шу пайтгача кечириб келган ўзи мен тентак эканман.
– Кўп “бола”ламанг! Болангиз уйингизда, билдингизми?! Лекин исмингизни тўғри айтдингиз, тентак деб қўямиз.
Бахтиёр акани зўрға ушлаб қолишди. Мен ҳар бир гапига боплаб жавоб бериб, бақирганига яраша қичқиравердим. Равшан билан Ҳамид ака мени судраб хонадан олиб чиқишганида, ичимни анча бўшатиб олгандим. Японлар кимсасиз хонага кирволиб, бошлиғининг расмига қараганча тўйиб сўкиниши бекорга эмас экан. Қушдек енгил тортаркансан, киши. Мен ўзимни камситган, устимдан кулмоқчи бўлган одамга муносиб жавоб берганим боис, анча хотиржам эдим. Бўлим бошлиғи отамни гапириб, мени телбага чиқариши керак эмас-ку! Амали – ўзига!
Биламан, бу “ўйин”имдан кейин Бахтиёр ака менинг устимдан элликта билдиришнома ёзиб, етмишта далолатнома тузади. Ўринбосарларга олиб киради. Шундан сўнг ҳужжатлар Тўлқин Йўлдошевичнинг столида пайдо бўлади. Кейин эса…
Мен яна ўйин кўрсатаман. Ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб бераман. Зиннуранинг тоғажониси би-и-р типирчилаб қолсин. Ахир синглисининг куёвини, жиянининг қаллиғини ишдан бўшата олармиди!
– Ҳой, Суюн, сенга нима бўлди ўзи? – деди Ҳамид ака. – Ичиб олмаганмисан мабодо? Ё бошқа жойдан иш топдингми, а?
– Э, керак бўлса, мана шу одамнинг жойига ўтираман, – катта гапириб юбордим мен. – Ким бўпти ўзи?
Равшан зўрма-зўраки тиржайди:
– Ҳазиллашяпти.
– Шариги кетиб қопти, – деди бошини чайқаб Ҳамид ака.
Туйқус калламга бир фикр келди: Бахтиёр ака “аризангни ёз” деб турганида ҳозирнинг ўзида шартта ёзиб кетворсам-чи? Тўғри, ишдан бўшатишмайди. Тўлқин Йўлдошевичнинг кўрсатмасига кўра мени дарров чақириб олишади. Қайтага Бахтиёр ака таъзирини ейди. Унгача мен, ҳар ҳолда, бир кун бўлсаям вақтдан ютардим. Зиннурага никоҳ узуги олиш ташвишидан қутулардим.
Ҳамид ака билан Равшанга ҳаммаси жойида бўлишини айтиб, хонага қайтиб кирдим. Эндигина ҳовуридан тушган Бахтиёр Зокирович мени кўриб, яна фиғони кўкка ўрлади:
– Сен аблаҳ, жамиятга зарар келтирувчи зараркунанда…
– Ўзингизни босинг, – дедим уни тинчлантириб, – мен ариза ёзиб бераман.
У жаҳл билан қоғоз узатди:
– Ма, тез ёз, бола!
– Лекин айтиб қўяй, пушаймон бўласиз.
– Эй, бола, сен…
– Мана, ёзяпман.
Хуллас, каминаи камтарин ҳаммани ҳайрон қолдириб, чиройли ариза ёздим. Кейин эса, Бахтиёр ака қўлини узатиб турган бўлса-да, узатиш ўрнига аризага яхшилаб тикилдим. Бир-иккита сўздаги ҳарфларни гажакдор қилиб қўйдим. Шундан сўнг уни тантанали равишда Бахтиёр акага топширдим. Менинг дадиллигим сабабини фақат Равшан биларди, холос. Аммо у ҳеч кимга айтмайди – менга ваъда берган.
Бахтиёр ака менга тўнғиллади:
– Бирваракайига лаш-лушларингни олиб кетавер.
– Йўқ, шарт эмас, – дедим мен, – чунки ҳали қайтиб келиб, барибир ишлайман…
Бахтиёр аканинг вағиллаб қолгани кўчага чиққунимча қулоқларим остида эшитилиб турди. Агар йўлда бир аёл учрамаганида кайфиятим жуда яхши ҳолда кетаётгандим.
– Укажоним, яхшимисиз? – деди у. – Ўзингизни учратганим яхши бўлди. Анча олдин ишхонангизга келганимда йўқ эдингиз.
Мен салом бериб, хўмрайиб турдим. Сабаби, турқи-тароватидан қандайдир нохуш хабарни етказадигандек туюларди бу аёл.
– Чеккароққа ўтсак бўладими? – таклиф қилди у. Бу гапи, четга ўтиб тепалашмаймизми, деганга ўхшаб кетди.
Пиёдалар йўлагидан холироқ жойга ўтдик.
– Мен Ноилаларнинг қўшниси бўламан, – деди аёл.
Юрагим ҳаприқиб, аёлни осмонга ирғитгим келди. Наҳотки, бу опахон севгилимдан хабар келтирган бўлса? Ниҳоят, Ноила ҳақида, соғиниб салкам унутаёзган маҳбубам хусусида мужда эшитаркан эканман-да! Қандай яхши! Мен эса бу аёлни ёқтирмай, ёвқараш қилибман.
– Ноиланинг қўшниси бўламан, денг, – ҳаяжонимни босолмадим мен. – Яшанг, холажон! Яхши юрибсизми, уйдагилар тузукми? Ноила… Нега у хабарлашмай қўйди? Биласизми, уни охирги марта қачон кўрганман? Эҳе, ўзимнинг ҳам ёдимда йўқ. Илтимос, манзилини беринг. Қўшнисиман, деяпсиз-ку! Бошимни дорга тикиб бўлсаям уйларига бораман.
– Энди Ноилани ҳеч қачон кўрмайсиз, – деди аёл.
Бу гапдан юрагим орқага тортиб кетди. Ҳатто гапиролмай қолдим. Аёл изоҳ берди:
– Ноиланинг ўзи шундай деди. Мени унутсин, деди. Энди мен унинг учун бегонаман, деди.
Ҳафсалам пир бўлди. Демак, Ноила Зиннура ҳақида билиб олган. Акс ҳолда бу қадар кескин гапирмасди. Менинг тилим зўрға айланиб, ғўлдираганча дедим:
– Хола, биласизми… бу ишлар Ноила ўйлагандек эмас. Мен унга ҳаммасини тушунтириб бераман.
– Ноила унаштирилди. Уни тинч қўяркансиз.
Оғзим ланг очилди:
– А, нималар деяпсиз? Ахир, унинг иккита опаси бор-ку!
– Опалари ҳам унаштирилди. Аввал уларнинг, сўнг Ноиланинг тўйи бўлади. Сизга шулар ҳақида айтиб қўйишим учун мени Ноиланинг ўзи юборди. Унаштирилди дегани – эгалик бўлди, дегани.
– Ишонмайман, – дедим жаҳл билан. – Оғзингизга келганини бидирлайверманг.
Аёл сумкасидан телефон чиқариб, рақам терди. Сўнг ким биландир гаплашиб, телефонни менга узатди.
– Алё, – бақирдим жон алфозда. – Ноила!..
У жим эди. Фақат нафас олаётгани эшитиларди, холос. Мен “алё”лаб роса бақирдим, аммо нариги томондан сас чиқмади. Ноилож телефонни аёлга узатдим.
– Ноила, нега гапирмаяпсан? – деди у. – Мени ўзинг юбординг-ку!.. Айт-да! Бу бола ишонмаяпти… Нима?.. Ҳа, айтдим. Опаларингниям… А?.. Нима учун ўзи билан гаплашмаяпсан?.. Вой, бундай дема, Ноила…
Аёлнинг ранги бўзариб, телефонини ўчирди.
– Нима деди? – сўрадим ичим сиқилиб.
– Укажон, қўйинг!
– Нима деди, хола?
– “Айтиб қўйинг, энди ҳаётим бошқа, йўлимга тўғаноқ бўлмасин, у мен учун ўлган”, деди.
Мен бу гапга ишонмадим. Аёлнинг қўлидан телефонини тортиб олиб, бояги рақамни тердим ва Ноиланинг овозини аниқ эшитдим:
– Ҳа, яна нима гап?
– Мен – Суюнман!.. Ҳозиргина нима дедингиз, Ноила?
Бироз сукут сақлаган Ноила жавоб берди:
– Эшитганингиз! Мени тинч қўйинг. Сиз мен учун ўлгансиз!
Рангим бўзариб кетганини яққол ҳис этдим. Улкан шаҳарда шунча одамга етган кислород менга танқислик қиларди. Ҳолсизланиб ўтириб қолдим. Аёл қўлимдан телефонни олди-да, ўчириб сумкасига солди. Сўнг елим идиш чиқарди-да, ундан ҳовучига сув қуйиб, юзимга сепди. Мен бу хатти-ҳаракатларни кўриб турган бўлсам-да, юзимга сепилган сувни заррача ҳис этмадим. Карахт эдим.
– Укажон, дунёда қиз камми? – яна юзимга сув сепди аёл, унинг овози узоқ-узоқлардан эшитиларди.
– Хола, – дедим мен зўрға, – Ноила шундай деди-я? Мени ўлган, деди-я?!.
– Укажон, сиз уларнинг отасини билмайсиз-да! Жуда қаттиққўл. Биринчи қизини севган йигити чавақлаб ўлдирганидан кейин шундай бўлиб қолган.
– Аммо мен Ноилани чавақлаб ўлдирмоқчи эмасман!
– Ука, мен сизга омонат гапни етказдим, холос. Қайданам аралашдим-а?! Бир бечоранинг уволига қолмасайдим.
Мен зўрға ўрнимдан туриб, уст-бошимни қоқдим.
– Ҳаммаси жойида, – дедим ўзимни дадил тутиб. – Сиз кетаверинг. Мен бечора эмасман. Бирор чораси топилар.
Аёл менга жавдираб қаради:
– Ўзингизни эҳтиёт қилинг… Ҳа-я, Ноилага… айтадиган гапингиз йўқми?
– Ноилагами? – чуқур тин олдим мен. – Айтинг, Суюн сенинг турқингга қарамас экан, денг. Бемалол тўй қилаверсин! Менга деса, икки марта тўй қилсин…
Аёл қачон кетди, мен овлоқ жойда қанча вақт турдим, билмайман.
Ноила! “Мен учун ўлган”. Наҳотки у шу сўзларни менга раво кўрган бўлса? Наҳотки раҳми келмаган бўлса? Муҳаббат ўйинчоқ бўлиб қолдими ҳали? Йўқ, ўйинчоқ эмас. Ноила мени яхши кўради. Аммо бу қадар кескин гапирмасди-ку! Мен уни унутишим учун шундай деди. Ўзига нисбатан нафрат уйғонишини хоҳлади.
Ҳа… муҳаббат билан нафрат ораси бир қадам деб бежиз айтишмас экан…
Мен овлоқ жойда узоқ қолиб кетдим. Агар телефоним жирингламаганида, ким билсин, яна қанча вақт турардим.
– Сиз ишдан бўшатилдингиз, – котибанинг овози эшитилди телефонда. – Кадрлар бўлимидан ҳужжатларингизни олиб кетинг. Буйруқ нусхаси билан ўша ерда танишасиз…


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!