Анвар Намозов. Тоғлар учрашмайди (ҳикоя)

Эргашнинг қўрққани рўй берди: Амина Баротовнинг имтиҳонидан йиқилди. Мижжалари ёшга тўлган қиз Эргашга арзи-ҳол ҳам қилмай, ётоқхона томонга югуриб кетди. Эргаш хуноб бўлганча қолаверди. Аттанг! Агар Амина имтиҳондан ўтганида шу бугун қишлоққа кетмоқчи эди у!
– Баротов билан сен, ўзинг гаплаш, – деб маслаҳат берди Умид. – У пулга ўч, деб эшитганман. Дангал гапиравер. Бу аҳмоқ домла пул масаласида ҳеч нимадан тоймасмиш!
– Бақириб берса-чи?! – хавотирланиб сўради Эргаш. – Кейин баттар қилса! Амина ўқишдан ҳайдалиб кетса!
– Э, нафасингни иссиқ қил! Бориб, гаплаш, деяпман-ку! Шартта пул қистир. Домлажон, хизмат-пизмат бўлса айтинг, биз ҳамиша тайёрмиз, дегин.
Эргаш йўлда Баротовни узоқ пойлаб турди. У қорасини кўрсатгунча нималар дейиш кераклигини ўзича чамалади. Домлани бир қўрқитсаммикан, деб ҳам ўйлади. “Ёқасидан олиб, бир-икки силкитсам, Аминанинг баҳосини қўйиб берар”, – деган хаёлга борди.
Баротов Эргашнинг шундоқ ёнидан ўтиб кета бошлади. Домланинг шашти босиб, Эргаш аввалига довдираб қолди. Кейин ўзини қўлга олиб, Баротовнинг ортидан эргашди. “Домла, домлажон”, – деди. Баротов эшитмадими ё ўзини эшитмаганга олдими, индамай кетаверди. Эргаш қадамини тезлатиб, унга етиб олди.
– Ассалому алайкум, домлажон, – деди томоқ қириб. – Сизни бир дақиқага мумкинми?
Баротов юришдан тўхтамай минғирлади:
– Сиз кимсиз, менга нима дейсиз? Нима ишингиз бор?
– Домлажон, мен Самадовман, охирги курсда ўқийман, отим Эргаш, – изоҳ берди у. – Сиз билан имтиҳон бўйича гаплашмоқчи эдим.
– Мен имтиҳонни кўчада олмайман.
– Бир дақиқага, домлажон. Ўзимнинг масаламда эмас, иккинчи курсда ўқийдиган Амина Ҳазратқулова борасида…
Баротов тўхтади. Кўзойнаги устидан Эргашга ёвқараш қилди:
– Мен сизга нима дедим? Ё йўлтўсарлик қилмоқчимисиз?
– Йўғ-ей, домлажон, – зўрма-зўраки кулди Эргаш. – Нега йўлтўсарлик қиларканман?
– Нима дейсиз? – ён-атрофга қараб олди Баротов. – Сизни ким ёллади, айтинг!
Эргаш талмовсираб жавоб берди:
– Домлажон, мени ҳеч ким ёллагани йўқ. Сиз билан Ҳазратқулова масаласида гаплашмоқчи эдим. Бугун имтиҳонингиздан йиқилган экан…
– Нимани гаплашмоқчисиз? Унинг ўзи қани? Сизни юбордими ё? – пайдар-пай саволларни қалаштириб ташлади Баротов. – Ўзи ғирт саводсиз, ўқимайди-ю, даллолларини ишга солади. Сизни ўша қиз ёлладими?
– Нега ёллайди, домла? – диққат бўлди Эргаш. – Мен унга шунчаки ёрдам бермоқчиман. Агар имтиҳонини қўйиб берсангиз… сизни хурсанд қилар эдик, домлажон.
Баротов Эргашни ҳайрон қолдириб, унга яқинроқ келди:
– Хурсанд қиласиз?.. Шунақа ҳунарим бор, денг? Хўш, ўртоқ талаба, ўша Ҳазратқулова сизга ким бўлади?
– Уми? У… шунчаки дўстимнинг синглиси, домла. Акаси илтимос қилгани учун унга ёрдам қилмоқчи эдим. Қисқаси, ёрдам бергин, ўзинг шинаванда йигитсан, киришимлисан, домла билан гаплаш, деди. Ўзингиз тушунасиз, домлажон, охирги имтиҳон экан…
– Хўш, гаплашинг, қулоғим сизда!
Эргаш теваракка қараб олиб, чўнтагидан пул чиқарди:
– Мана шуни олиб қўйинг, домла.
Баротовнинг кўзлари қинидан чиқиб кетгудек бўлди:
– Ия, бу нима қилганингиз? Мени ким деб ўйлаяпсиз? Куппа-кундуз куни кўчада…
Эргаш яна зўрма-зўраки тиржайди:
– Э, домлажон, ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич, дейишган. Мана, олинг.
Домла теварак-атрофга қараб олди-да, хотиржам овозда деди:
– Хўш, сиз… Исмингиз?
– Эргаш.
– Ҳа, Эргашбой, дедингиз-а?! Эсладим, эсладим. Имтиҳонда сизга битта қўшимча савол берувдим-а? Эсимда. Хотирамиз мустаҳкам-да!.. Хўш, ўша Ҳазратқулова кимим бўлади, дедингиз?
– Ҳеч ким эмас. Ҳа, хизматдош дўстимнинг синглиси, домлажон. Қўлимдан келганча…
– Хўш, унга айтиб қўйинг, эртага эрталаб кафедрага келсин.
– Хўп, домлажон, ўзим олиб келаман.
Баротов Эргашга кўзойнаги устидан ола қаради-да, Эргашга таъкидлади:
– Сиз келманг, Эргашбой! Ҳазратқулованинг якка ўзи келсин. Бўпти, хайр.
Эргаш кайфияти бузилиб ётоқхонага қайтди. У оғир ўйлар гирдобида эди. Аминалар турадиган эшикни секин тақиллатди. Зумрад чиқди. Амина йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолганини айтди.
Ўзининг хонасида Эргаш узоқ вақт ўйланиб ўтирди. У Баротов домлага тўғрисини айтмаганидан пушаймон эди. Ростдан ҳам нега айтмади? Бўлажак келинингиз, десин эди. Энди… эртага нима бўлади? Домланинг нияти нима ўзи? Кафедрада ҳеч ким бўлмайди – деярли ҳамма таътилга чиқиб кетган. Аминани кўз остига олганмикан у?
Йўқ, Эргаш Амина билан бирга боради, аммо… домла инжиқлик қилиб туриб олса, “принцип” қилса, яна унга баҳо қўймаслиги мумкин. Айниқса, Эргаш Аминанинг ўзига ким эканлигини айтса, икки дунёда ҳам баҳосини қўймаса керак. “Наҳотки, мен ўз севгилимни ўша кўзойнакка қўшқўллаб берсам?” – деди сиқилиб Эргаш.
У шу ўйларига ғарқ бўлиб ухлаб қолди. Шом маҳали боши лўқ-лўқ оғриб кўзларини очди. Очди-ю шу чоққача Амина келиб уйғотмаганидан хафа бўлди. Ёнидаги каравот бўш, афтидан Умид ҳалигача келмаган эди.
Эргаш Аминаларнинг қия очиқ эшигига қарамай, хўмрайганча, ювиниш хонасига ўтиб кетди. У ерда муздай сувда ювиниб, сал ўзига келгандек бўлди. Хонасига қайтишда ҳам Аминаларнинг хонасига қарамади.
У Аминанинг келиб, хабар олишини кутарди. Йўқ, ундан дарак бўлмади. Эргашнинг жаҳли чиқди. Дераза токчасига ўтирганча ташқарига тикилди. “Мен Аминани ўйласам-у унинг парвосигаям келмасам, – деди баттар хуноб бўлиб, – қандай қиз бўлди-я?”
Эшик очилиб, Умид кириб келди. Эргашдан нима бўлганини сўради. Эргаш қўл силтади. Умид елимхалтани очиб, бир шиша ароқ ва егуликлар қўйди.
– Кетяпман, ошна, – деди у. – Би-и-и-р ювайлик.
Эргашга қолса, ичмаган бўларди, аммо ҳозир Аминага аччиқ қилиб, қўлларини бир-бирига ишқалади. Ичига олов киргач, дарди-ҳасратини тўкиб солди. Маслаҳат сўради.
Умид унинг кўнглини кўтармоқчи бўлди:
– Битта имтиҳон экан-ку, Эргаш! Жонини олмайди-ку, ўша домла.
– Йўқ, – бош чайқади Эргаш, – ҳаммаси мана шу имтиҳонга боғлиқ, жўра! Агар Амина имтиҳондан ўта олмаса, ота-онаси уни шартта эрга берворади. Ўзи уларга баҳона керак.
– Унда опқочиб кет, – деди Умид. – Икковинг гапни бир қил, олам гулистон!
– Кўнмаяпти-да, жўра, неча марта айтдим. Мени қон қилиб юборди ўзиям. На гапиради, на ичидагини айтади…
Умид нималар деди, Эргашнинг ёдида йўқ – у маст бўлиб қолган эди…
Эрталаб эшикнинг тақиллашидан уйғониб кетди.
Ташқарида Амина турарди.
– Мен кетяпман, Эргаш, – деди у кўзларини ердан узмай. – Яхши қолинг.
– Қаерга? – сўради Эргаш гарчанд саволига қандай жавоб олишини билса ҳам.
– Уйга.
Эргашнинг тилидан истеҳзоли сўзлар чиқиб кетди:
– Уйга? Эрга тегиш учунми?
Амина унга қошларини чимириб қаради. Лом-мим демади.
– Била туриб кетаётган экансиз, эрга тегмай нима бўларди? – бўғриқди Эргаш. – Ота-онангиз пойлаб ўтиришибди-ку! Уларнинг ҳам, сизнинг ҳам мен билан нима ишларинг бор?
Худди кечагидек, яна Аминанинг кўзларида ёш айланди. Икки ўртада жимлик ҳукм сурди. Эргаш ўзини сал босиб олган бўлса-да, барибир қиздан хафа эди. Аммо Аминанинг аҳволи уникидан беш баттар! Кўнглини кўтариш керак.
– Ҳозир кутиб туринг, – деди у. – Кафедрага борамиз, домлага қайта имтиҳон топширасиз. Мен кеча гаплаш…
Амина бош чайқади:
– Домланинг нияти бошқа, Эргаш. У кеча менга муддаосини айтган, шунинг учун атайин имтиҳондан йиқитди.
Эргаш бўшашиб қолди. Амина ёшли кўзлари билан тикилиб тургани учун ҳам у паст овозда деди:
– Шундай, денг? – кейин жаҳл билан эшикка мушт туширди. – Аблаҳ! Мен қараб турар эканманми? Жағини эзиб қўяман… Ўзи сиз ҳам…
– Нима, мен?
– Имтиҳонга тайёрлансангиз бўлмасмиди? Баротов сизни, саводсиз, деди.
– Бўпти, юринг, Эргаш, мен сизнинг олдингизда имтиҳон топшираман.
Икковлон бир-бирига чурқ этмай, кафедрага йўл олишди. У ерда Эргаш ноилож Баротовнинг ҳузурига кирди. Домла худди кечагидек унга кўзойнаги тагидан ғалати қараш қилди:
– Ҳа, бир ўзи қўрқдими келишга? Унда тўрт томони қибла, кетаверсин. Имтиҳонни кузда келиб топширади.
– Домла…
– Мен бир марта гапираман, Эргашбой! – минғирлади домла.
– Домлажон, шу қизни сарсон қилмайлик, илтимос. Имтиҳон экан-ку, шундоқ қўйворсангиз…
Баротов ўрнидан турди, эринмай столни айланиб ўтди-да, эшикни очди. Кейин очиқ эшикни кўрсатиб, Эргашга имо қилди:
– Чиқинг бу ердан!
Эргашнинг миясига қон тепгандек бўлди, бироқ хонадан чиқишга шошилмади.
– Чиқ, дедим, сенга! – дўқ урди Баротов.
– Чиқмайман, – бақириб юборди Эргаш. – Қўлингиздан нима келарди? Бор-йўғи бита имтиҳон экан, шунга шунчами? Инсофингиз борми ўзи, домла?! Синглингиз қатори қиз бўлса…
Бақир-чақирни эшитибми, Амина очиқ эшикдан мўралади. Унинг юзида қўрқув акс этган эди.
– Ҳали шунақами? – Баротов иш столига қайтиб келди-да, телефонга ёпишди. Қандайдир рақамларни тера бошлади. – Агар сенларни ўқишдан ҳайдатмасам, юрган эканман!
Эргаш ғайришуурий тарзда унга хезланиб борди-да, гўшакни тортиб олди. Тишларини ғижирлатиб, тушунтирмоқчи бўлди:
– Қанақанги тушунмаган одамсиз? Мен бу қизга уйланмоқчиман. Сиз эса оппоқ сочингиз билан унга кўз олайтиряпсиз!
Баротов аввал Аминага, сўнг Эргашга кўзларини қисиб қаради, сўнг илон каби вишиллади:
– Сен ҳали менга туҳмат ҳам қиляпсанми? Менга-я?! Бу қилмишинг учун қандай жазо борлигини биласанми? Сенлар нафақат бу даргоҳдан ҳайдаласан, балки менга тазйиқ ўтказганинг учун…
Эргаш ўзини тута олмай, бўғриқиб жавоб берди:
– Қўлингдан келганини қил!
– Билиб қўй, институт эр-хотинларни етиштирадиган жой эмас! Ҳали бу қизни шундай шарманда қилайки, туғилганига пушаймон бўлсин. Агар хат ёздириб, уйдагиларини чақириб, шармисор қилмасам, отимни бошқа қўяман!
– Э, бор-ей! – Эргаш Баротовга хезланган эди, Амина йиғлаганча хонага югуриб кириб, унинг йўлини тўсди…
Икковлон қандай жим келган бўлсалар, шу тарзда ётоқхонага қайтдилар. Эргаш онда-сонда сўкиниб қўярди, холос. Энди нималар бўлишини аниқ билишмаса-да, кўнгилсизлик рўй беришини ич-ичларидан идрок этишарди.
Биринчи бўлиб Эргашнинг акаси етиб келди. Укасини ошириб сўкди. Ярамасдан олиб, ярамасга солди.
– Сен шунчалик хотинсираб қолдингми? – деди у оғзидан тупук сачратиб. – Биз сени шунинг учун ўқитдикми? Онам сени Маъпурага уйлантирмоқчилар-ку, каллаварам… Имтиҳонингдан ўтдингми, уйга кетавергин-да!
– Ака…
– Сен ўзи онамни ўйлайсанми, йўқми? Мен у кишига сездирмай бу ёққа югурдим. Нақ қон босими кўтарилиб кетади-я!
– Ака, ўша қизнинг исми Амина. Домла унга…
– Менга қара, Эргаш, ўша домланг касалхонага ётиб олган. Менга тан жароҳати етказишди, деяпти. Тезда ишни босди-босди қилишимиз керак. Мен бор-йўқ пулимни олиб келдим. Домланинг оғзига тиқмасак бўлмайди.
– Тўхтанг, нима учун мен…
– Ўчир овозингни! Сенга диплом керакми ёки ўша қизми? Ким кўзини сузса, олдига тушиб кетаверасанми? Сен тушунмаяпсан, диплом ололмаслигинг мумкин!
Хуллас, Эркин дўқ уриб, сўкиб, укасини шифохонага судраб борди. Палатага аввал ўзи кириб-чиқди, кейин Эргашни олиб кирди. Акасининг мушт дўлайтириб, қилган имоси туфайли у Баротовдан кечирим сўради. Каравотда “беҳол” ётган домла эса уни кўргиси ҳам келмаётганини айтди…
Ётоқхонага қайтганларида Эргаш акасининг кўзини шамғалат қилиб, Аминани излади, аммо тополмади. Унинг қаёққа кетганини Зумрад билмасмиш.
– Сени шу кеча поездга миндирвораман, – деди акаси Эргаш хонасига қайтгач. – Ҳозир мутлақо кўринмай турганинг маъқул. Дипломингни, керак бўлса, ўзим олиб бораман. Жа ололмасам, кейин ўзинг бирров келиб-кетарсан…
Эргаш қишлоққа шу жўнаганича қолиб кетди. Амина билан нималар бўлди, билмайди, ўзича уларнинг уйини излаб йўлга тушмоқчи бўлди, бироқ бунга қулай имкон ҳам… баҳона ҳам тополмади. Аминага ҳар қанча хат ёзмасин, жавоби келмади. Шундан сўнг Эргаш тақдирга тобе бўлиб, тоғасининг қизига уйланди. Чимилдиқда Маъпурага беҳол қараркан, ич-ичидан ўкиниб кетди. Энди ўзининг Аминага тамомила ёт эканлигини чуқур ҳис этди.
Орадан йиллар ўтди. Ўз касбининг устасига айланган Эргаш аввал вилоятга, сўнг пойтахтга ишга ўтди. Малакали шифокор сифатида тезда тилга тушди.
Оддий кунлардан бирида унинг ҳузурига кўзлари ожиз кекса беморни олиб келишди. Эргаш таниди: у Баротов эди. Кўз олдида аламли кўзёши тўкиб турган Амина намоён бўлиб, Эргаш оёқларигача титраб кетди. Агар… агар ҳозир… домланинг кўзидаги биргина томирни узиб ташласа борми, у бир умрга кўзлари очилмаслиги тайин.
– Мени танияпсизми, домла? – деб сўради Эргаш.
– Сизни?.. Сизни қандай танийман, мен бир кўр одам бўлсам? – нолиди домла. – Мен бутун умр ёшларга таълим бериб, шулар ўқисин, деб кўзларимнинг нурини тўкдим. Талабалар деб кўзларимдан айрилдим. Мана энди ёшим бир жойга бориб қолганида ҳеч ким ғамхўрлик қилмаяпти, ука.
– Мен ишлаган институтда ўқиганман, домла.
– Ие, ие, шогирд экансиз-да! – деди жонланиб Баротов. – Мени танидингизми, қойил, қойил! Хотирангизга балли! Қайси йили тугатгансиз, болам?
– Мен Эргашман… Эргашбой!
– Айтишди, Эргашжон, энг зўр дўхтир Эргашжон Мирзаев деб айтишди. Шу ерга келавердик. Балли, шогирд деган…
– Амина деган қиз ёдингиздами, домла?
– Ким?.. Йўқ, эслолмаяпман. Айтдим-ку, биз минглаб йигит-қизларни ўқитганмиз, учирма қилганмиз. Қаранг-а, бу учрашувни! Шогирд дегани шундай кунда асқотаркан-да!
– Тоғ тоғ билан учрашмайди…
– Лекин-чи, Эргашжон, бетга айтганнинг заҳри йўқ, муолажаларни арзон қилинглар, сизларда жуда қиммат экан.
– Сиз ўша Аминани имтиҳондан йиқитгансиз, домла! – деди ўша кунларни яққол кўз олдига келтирган Эргаш. – Эсингиздами, мен Амина билан кафедрангизга борган эдим. Сиздан илтимос қилган эдим. Кейин… кейин эса сиз шифохонага ётиб олдингиз.
Домла чурқ эта олмай қолди. Бундан ўн тўрт йил аввалги қилиқлари эсига тушдими ёки машҳур кўз дўхтири Эргаш Мирзаевнинг кўнглига қай тарзда йўл топиш ҳақида ўйладими, индамади.
Икки ўртада жимлик чўккан, бир жуфт кўз иккинчи кўзларга тикилган эди.
– Менга қаранг, мен… мен… – дея тилга кирди анчадан сўнг Баротов. – Сиз яхши дўхтирсиз, ука. Мен қаерларга бормадим, кимларга учрашмадим. Бирорта даво кор қилмаяпти. Шу қариган ҳолимда қоқилиб-суриниб юрмай, ука. Қўйинг, эски гиналарни унутайлик. Менга сиз нажот бера оласиз, укажон! Ўтган ишга салавот… Ука, эшитяпсизми?.. Эсимда ҳаммаси! Ўша қиз фарғоналик эди. Институтдан ҳужжатларини олиб кетди. Кел, имтиҳонингни қўйиб бераман, десам ҳам кўнмади. Кетиш… кетишдан олдин…
– Нима? – сўради Эргаш сабри чидамай.
Домла овози титраб жавоб берди:
– Кетишдан олдин, “менга ёмон қараган кўзларинг оқиб тушсин”, деди. Бир оғиз гап-а, бир оғиз! Орқасидан бақириб қолавердим. Мана, аввал бир кўзим, кейин иккинчиси…
Эргаш Мирзаев уйга эрта қайтди. Ўзининг хонасига қамалиб олиб, талабалик йилларидаги фотосуратларни топди-ю, уларга узоқ тикилди. Яна хотираларга ғарқ бўлди. Курсдошлари орасида маъюс табассуми билан ажралиб турган сиймога узоқ термилди. Амина билан ғойибона гаплашган бўлди.
Қаерда экан-а у? Ким билан экан?
Эртага Баротов яна Эргашнинг ҳузурига келади. Нима қилсин Эргаш? Унинг нажот кўзларига малҳам бўлсинми? Ўз касбига хиёнат қилиб, биринчи муҳаббати Аминанинг ҳаётини абгор этган, у қарғаган инсонга шифо берсинми?..
Эшик оҳиста тақиллаб, очилди-да, хонага қизи кирди.
– Дада, овқатни суздик, – деди у. – Сизни кутяпмиз.
Эргаш қизини енгил қучган эди, кўзларидан икки томчи ёш сизиб чиқди.
– Амина, қизим, жони жаҳоним, – унинг овози ўзига ҳам узоқ-узоқлардан эшитилгандек бўлди…