Анвар Намозов. Жумбоқ (ҳикоя)

У эрталаб уйғониб, ўзининг қаердалигини ҳам англай олмади. Бироз кулимсираб ётди. Негадир кайфияти жуда яхши эди. Гарчанд ушбу ҳужра кичкина, кўримсиз бўлса-да, унга кенг, гўзал кўринди. Ўрнидан туриб, каталакдек иккинчи хонага кирди. Кейин ташқаридан ёруғлик тушиб турган деразага яқин борди. Дераза токчасини авайлаб ушлади. Секин ташқарига мўралади. Ҳеч вақони тушунмади.
Шу алфозда у ярим соат мобайнида у хонадан бу хонага ўтиб юрди. У ҳар бир жиҳозга қандайдир ҳайрат билан тикилар, ушлаб кўрар, эҳтиёткорона силаб-сийпаларди. Яна деразага яқин борди. Қизиқсиниб ташқарига термилди. У ёқдан-бу ёққа ўтаётган ўнлаб нотаниш кишиларни кузатар экан, аввал чўчиди, кейин эса ташқарига — кўчага чиққиси келди. Бироқ бу уйнинг эшиги қаерда экан? У тимирскиланиб, катта эшикни ҳам топди. Уриниб-суриниб уни очди. Сўнг оҳиста, қўрқа-писа ташқарига чиқди. Ана шунда қуёшнинг заррин нурларини ўзига сингдириб, энтикиб кетди. Нақадар яхши! Нақадар роҳатбахш! У кўзларини юмиб, ютоққанча нафас олди. Шу алфозда — осмонга қараган кўйи анча турди.
У кимдир елкасидан туртганида ҳайрон бўлиб кўзларини очди. Ҳайратланиб ёнидаги нотаниш кишига қаради. Бу одам тиржайиб турарди. Бошқача кулиш — кўзларида нимагадир ташналик учқуни ялтирарди. Шу боис у қўрқиб кетди. Секин-аста орқасига тисарилиб, катта кўча томонга қочди. Нотаниш киши бир зум ҳайрон бўлиб турди. Нимадир деб ғўлдиради. Унинг ортидан бироз югурди ҳам, кейин бир зумда ҳаллослаб қолиб тўхтади. Қаттиқ сўкинди-да, жойида қолди.
У ҳам ортига қараб, қадамини секинлатди, чуқур-чуқур нафас олди. Йўлида давом этар экан, яна бошқаларга қандайдир қизиқиш билан қарай бошлади. Анчага тентираб, шу атрофда айланиб юрди. У хилват жойга етганида…
— Дада, дадажон! — деган қийқириқни эшитди ва ёнига ўгирилди.
Кичкина қизалоқ кела солиб, унинг оёқларига ёпишди. Кейин ортидан кулимсираган жувон пайдо бўлди.
— Ассалому алайкум, — деди аёл юзига янада табассум бериб. — Қаёқларда юрасиз-а?! Уйни ҳам очиқ қолдириб келибсиз!
У эса жавоб бермай тураверди. Қизалоқ унинг оёқларини қўйвормасди. Аёл, қарамайсизми, дегандек қизчага имо қилди. Қошлари чиройли чимирилди. Кейин қизалоқнинг қўлларидан ушлади:
— Юр, қизим, кетамиз. Мен, даданг, сен… Энди ўша уйда яшаймиз, — шундай деб унга қараб жилмайди: — Тавба, нега индамайсиз? Чурқ этмайсиз?
— Сиз кимсиз? — сўради у ботиниб.
— Мен кимман? Энди… энди бу гапни топдингизми? Қўйинг, шунча кечирим сўрадим-ку! Анови билан бас қилдим, нуқта қўйдим ҳаммасига! Ўйлаб кўрсам, барибир биринчи оилага етмас экан. Узил-кесил ҳал қилдим, ишонинг.
У орқага тисарилди, аммо қизча сира унинг оёқларини қўйиб юбормасди. У энгашди-да, қизалоқнинг қўлларини зўрға ажратиб олди. Кейин узоқлашди.
— Тўхтанг, қаёққа? — деди аёл унга томон талпиниб.
У тез-тез қадамлар билан улардан анча олислаб кетди. Аёл қувиб етолмаслигига кўзи етиб, аламидан қизчани силтаб юборди. Нимадир деб шанғиллади. Қизалоқ бор овозини йиғига берди. У эса индамай кетаверди. Ўзини қувноқ тутишга ҳаракат қилса-да, мижжалари кўз ёшга тўлди.

* * *

— Кўрмаганнинг кўргани қурсин, — деди Соатов аламдан бўғриқиб. — Қаранг, бир кўримсиз, бечора эди, дарров бурни кўтарилиб қопти.
Ҳамиджон унга жавобан минғирлади:
— Э, кўриб ҳали нимани кўрибди, Умид ака? Тўғрисини айтсам, шу одамга сал ишонмай ҳам қолдим. Ҳеч бўлмаса бундоқ ювиши керак эди. Саси чиқмайди-ей!..
Соатов у ёқ-бу ёққа қараб олиб, секин шипшиди:
— Эшитдингизми, Илёсни бошлиқ ҳам ҳузурига чақирибди. Иккови анча гаплашишганмиш! Энди бу ялангоёққа бирор бўлимни бермаса эди ҳали.
— Эшитдим, — деди Ҳамиджон. — Бироқ ўзи сир бой бермайди, писмиқ-да, писмиқ! Юриб-юриб омади чопганини қаранг. Ҳозир ҳамманинг оғзида кимсан — Илёс Комилов! Қойил қоламан-да, яқин кунларгача миси чиқмасди бунинг.
— Сиз бахиллик қилманг, Ҳамиджон, — дея кулди Соатов. — Яхши эмас, яхши эмас. Ундан кўра, бизга ҳам юқсин, денг. Ажаб эмас…
— Э, ака, нега бахиллик қиларканман? — қизариб кетди Ҳамиджон. — Ҳалоли бўлсин! Яхши одам. Энди бу ҳам лотереяга ўхшаган нарса бўлса керак-да! Аммо тан олинг, сиз ҳам писанд қилмасдингиз, одам ҳисобига кўрмасдингиз уни. Фақат сиз эмас, ҳаммамиз! Итнинг кейинги оёғи бўлиб юрарди-да! Шу одам бирданига бундай бўлиб кетганидан кейин… ҳайрон қоласиз-да! Нега сиз ё мен билан рўй бермайди?
Соатов ўрнидан туриб, яхшилаб керишди:
— Нолиманг, ука, яхши эмас. Энди-и, шунақа экан-да, нимаям деймиз!.. Кейинги вақтларда ишгаям келмайдиган бўлдими бу Илёс?
Ҳамиджон бурнини жийирди:
— Ҳамма гап шунда, биз эшакдай ишлаб, эртага у келади-да, ҳаммадан кўп маош олади. Умуман, келиб ҳам нима қилади? Назаримда, — Ҳамиджон шундай эшикка қараб олди: — у бошлиқ билан келишиб олган бўлса керак.
— Тўғри, — деди бош ирғаб Соатов, — бошлиқ ҳам паст одам-да! Шунча вақт қарамаган одам ҳозир унинг мушугиниям пишт демайди. Битта қўшиқ бор эди-ку, “Ажаб-ажаб”миди, мана шу Илёсга тўғри келади ҳозир. Ростдан ҳам ажабтовур-да: кутилмаганда лоп этиб…
— Ўзингиз ҳам бахиллик қиляпсиз, — кулиб юборди Ҳамиджон. — Аммо, мен, юқорида айтганимдай, ишонмай қолдим. Би-и-р текшириб кўрсак-чи, Умид ака?!
— Нимани текширасиз, нимани? Ўлибдими, шунча одамни алдаб, тентак бўлмаса керак?
— Нега унда хурсанд бўлиш ўрнига баттар сиқилиб юрибди? Дўпписини осмонга отмайдими?
— Э, сиз ниманиям билардингиз? Бойлик юки ўзи шу: одамни босиб қўяди. Ахир озмунча нарсами, қатор-қатор дўкон, супермаркет, тўртта данғиллама ҳовли, мошинлар эмиш! Банкда ҳам миллион-миллион пул!.. Бошлиқ бекорга уни чақириб гаплашган, дейсизми?!. Паст, дедим-ку!
— Пишиқ, денг! Агар яхшилаб алдаса, бу чувринди ҳаммасини унга хатлаб беради.
— Лекин… ўлай агар, алам қилади. Шунча бойлик!.. Ахир, уни ҳаммолдан беш баттар ишлатардик. Бир марта атайин биринчи қаватгача етти марта тушириб-чиқарганман. Ичиб олгандим. Калит қолиб кетибди, дедим. Тушади-чиқади: йўқ! Мен ҳам эринмадим. Кейин қарасам, калит папкамда турган экан.
— Аёлларга тушлик учун сомса-помса олиб келиб юради-ю, калитингиз нима бўпти! Ходим эмас, югурдак эди-да! Сиз унинг туфлисини кўрганмисиз?.. Йўқ, кўрганмисиз? Олди йиртилиб, пайпоғи кўриниб ётади.
— Туфлиси йиртиқми-йўқми, ишқилиб омади чопди. Штати қисқартирилиши керак эди, бахтини қаранг! Шу… менга қариндош бўлса бўлмасмиди, деб қоламан баъзида! Бир чеккасига илиниб қолардик-да!
— Қаҳратон қишда, эсингиздами, Зойировнинг машинасини ювгани? Ўринбосарникини?! Биз иссиқ-иссиқ хоналарда ўтирибмиз, у эса ташқарида – кўйлагининг енги шимарилган, муздай сувда унинг машинасини ювяпти! Бу аҳволда кўриб, мен жунжикиб кетган эдим. Лаганбардор!.. Энди шундай қилмасаям бўлмасди. Қўлидан бир иш келмагандан кейин мажбур-да! Лапашанг, яна нима дерди – лапух!
— Саксонга яқин ходимдан келиб-келиб, мана шунинг омади чопгани… ҳақиқат йўқмикан, дейман, Ҳамиджон?
— Йўқ, ака, йўқ. Аммо кўрасиз, бу анқов тезда пулларини совуриб еб қўяди.
— Э, етти пуштигача етиб-ортар эмиш-ку!
— Мен ҳам эшитдим-у, аммо ётиб еганга тоғ чидамайди, деганлар…

* * *

Қизнинг кўзлари жиққа ёш эди. У қандай қилиб миннатдорчилик билдиришни билмасди. Дунёда шундай одамлар борлигига ишонолмасди ҳам. Йигит унинг сўзларини эшитиб, титраб кетди. Кейин сокин овозда шундай деди: “сизга мен уйланаман…”
У журъатсиз гапирмади, шунчаки ўзи паст овозда сўзларди. Зарифа ҳозиргина эшитганларига ишонгиси келмади. У ички дард, ҳасратларини баён этган эди, холос. Бу йигит эса, уйланаман, деб турибди.
— Ахир, мен бадном бўлганман, — деди Зарифа титроқ овозда. — Алданган қизни бошингизга урасизми? Кейин…
— Пушаймон бўлмайман, сиз андуҳ чекмасангиз бўлгани!
Зарифа йиғлаб юборди. У бу йигитнинг пойига тиз чўкишни, оёғига бош уришни истади. Йигит чўнтагидан рўмолча чиқариб, унга узатди.
— Йўқ, — бош чайқади қиз, — сиз барибир пушаймон бўласиз, вақти келиб, ўтмишимни юзимга соласиз. Ахир, кимлар менга чанг солмаган! Эртага биттаси бўлмаса, бошқасига дуч келиб қоласиз. Йигитчилик: бирор даврада шу гап кўтарилса, нима бўлади? Сиз ановиларни билмайсиз, ҳали-бери тинч қўйишмайди. Ҳаммасига сабаб – чиройим! Ким билан гапирмай, дарҳол феъли айнийди. Нега шундай? Нега эркаклар очофат?.. Сизга ҳам ишонмайман, билдингизми, ишонмайман.
— Мен сизни бахтли қиламан, — деди йигит…
Аммо қиз бахтли бўлмади. Сабаби… оилада тўкинчилик йўқ эди. Зарифа енгил ҳаётга ўрганган, у оғир-босиқ, мискин эрининг топганига қаноат қилолмасди. Турмуш қурганларига бир йил ўтмай, жанжал кўтарадиган бўлди.
Бу нимаси? Эр бўлгандан кейин боқсин-да! Мана, фалончининг эри ўзининг хотинини тилла тақинчоқларга буркаб қўйибди, еганлари олдида, емаганлари ортида! Гап-гаштакдан бўшамайди. Ҳар оқшом қўшниларга кўз-кўз қилиб ресторанга овқатланиш учун борадилар. Писмадон қўшни ҳам топармон, ҳатто хотинига машина олиб бериб қўйган. Зарифанинг ўша аёллардан нимаси кам, ахир?! Нимаси эмас, кими?! Агар мана шу бўш-баёв эр бўладиган бўлса, бир умр косаси оқармайди. Қанақа одам бу? Бирор марта ишхонасидан орттириб пул олиб келмаган, фойдани кўзламайди.
Зарифа кўз ёшларига зўр беради. Бироқ бу галги йиғиси бир вақтлардаги аламларидан тамомила фарқ қилади. У эрига дийдиё қиларкан, унга текканидан минг-минг пушаймонлигини айтиб ёзғиради. Ўшанда ановилар билан ош-қатиқ бўлганида ҳозиргидек яшамаслигини писанда қилади. Эр эса индамайди. У нималарни ўйлайди – айтмайди ҳам. Бир бор бўлса-да, “бас қилинг”, демайди. Унинг кўзлари ғамгин боқади. Зарифа ана шу кўзларга қараб қийналиб кетади. Кечаси эри ухлаб ётганида юм-юм йиғлаб, эрининг оқаринган сочларини силайди. Бироқ барибир…
— Мен кетаман, — деди у. — Ажрашамиз! Тушунинг, сиз билан яшолмайман.
Эр яна индамади.
Зарифа ростдан ҳам кетди. Қизалоғини қолдирмади. Эрнинг қадди янада эгилди. Ахир, хотинининг олиб кетадигани фақат шу фарзанд эди. Шундоқ ҳам ўзини ёлғиз ҳис этадиган эр баттар “ёввойилашди”. Унинг ҳеч ким билан гаплашгиси келмас, ягона овунчи фақат иш эди. У ерда эса у ҳануз оёқости қилинар, у курашиш нималигини билмас, ким нима деса, елкасини қисиб, бошини эгиб кетаверарди. Укаси, боласи тенгилар ҳам унга иш буюраверарди.
Оила ҳақида гап очилса, чўчиб тушадиган бу одам энди икки карра ҳадиксирайдиган бўлди. Унинг кулганини ҳам, йиғлаганини ҳам ҳеч ким билмасди. Шу боис у билан заррача қизиқишмас, у назардан бегона, диққат-эътибордан мутлақо мосуво эди.
Буларнинг ҳаммаси бора-бора унга жудаям алам қилди. Нега? Нега ишхонага кеча келган ўспирин йигитни тилга олишади-да, Комиловни тирноқчаям эсламайдилар? Ахир у ўлгани йўқ-ку! У тирик-ку! У шундоқ ёнларида, ахир! У ҳам инсон! У ҳам шу ишхонанинг ходими! Ёки сени тилга олишлари учун албатта, бошлиқ, ўринбосар, бўлим раҳбари, жилла қурса, тилли-жағли, уддабурон, каззоб ходим бўлишинг керакми? Жимгина юрган, жимгина ишлаётган ходимнинг қадри йўқми?..
У узоқ ўйлади. Нимадир қилиш керак! Керак!..
Орадан икки кун ўтиб, тушдан сўнг бирданига уни йўқлаб қолдилар-ку! Бири қўйиб, бири ҳайрон, оғзи ланг очиқ. Табриклаганлар ҳам, очиқчасига ҳасад қилганлар ҳам бўлди. Комилов хижолатдан ўсал бўлди, умрида ўзига нисбатан бундай эътиборни кўрмаган эди, лекин бу жуда-жуда ёқди. У ширин энтикар, кўз ёшларини ичига ютарди.
Кечқурун ишдан қайтгач, Илёс анча вақтгача масрур ётди. Гўё ҳаммадан устун, ҳаммадан ғолиб эди у.
— Энди нима бўлади? — деди ўзига-ўзи. — Буёғи неча пулга тушди?
Йўқ, кейинни ўйлаш бугунги қониқиш, лаззатланиш олдида ҳеч нима эмас эди. Яқин-яқингача оёғининг учи билан кўрсатганлар бугун унинг олдига ялтоқланиб киргани, оғзининг таноби қочиб сўрашганини у сира-сира унутмайди. Қадри баланд Комиловнинг, мавқеи ҳам юксак…

* * *

“Менинг болалигим жуда оғир ўтган. Ўгай отам бўлар-бўлмасга мени калтаклар, сира кун бермасди. Шунинг учунми, қўрқоқ бўлиб ўсдим. Кейин бир умр панд едим. Умуман олганда, менинг дийдам қотиб ўсишим керак эди, бироқ касалманд онамнинг оққан кўз ёшлари кўнгилчан қилиб вояга етказди, деб ўйлайман.
Онам раҳматли нуқул менга уйдан қочиб кетишни маслаҳат берарди. У мени ўйлар, менга жудаям раҳми келарди. Аммо мен ҳам онамни ўйлардим, шу боис уни ташлаб кетолмасдим.
Бир гал ўгай отамнинг калтаклари туфайли ҳушимдан кетиб қолибман. Касалхонада ўзимга келдим. Шундан сўнг баттар қўрқоққа айландим. Уйдан қочиш ҳақида ҳам ўйлайдиган бўлдим. Кўчадан ичиб гандираклаб келган отамнинг йўталини эшитсам, қалт-қалт титрардим. Менинг аҳволимни кўриб, онам янада эзиларди…
Онагинамдан жудо бўлгач, бу уйда менга жой йўқлигини тушундим. Ўшанда қишнинг чилласи эди. Бошим оққан томонга кетдим. Не-не кунларни кўрмадим…
Мен Зарифага дуч келганимда уни чин кўнгилдан бахтиёр қилмоқчи эдим. Бироқ ўзи бахтсиз, толеи паст киши қандай қилиб бошқа инсонга бахт ато этиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. У, “сиз иродасиз одамсиз, нотавонсиз”, деганида қанчалик ҳақ эканлигига амин бўлардим. Мен ўзимни оқламайман, тақдиримдан ҳам нолимайман.
Зарифа мени ташлаб кетганида ўкинмадим, аксинча, яхши бўлди, деб ўйладим. Менга эмас, унга яхши бўлди, деган ўй кечди хаёлимдан. Менсиз нақадар яхши яшайди, деб енгил тортдим… Хотиним бошқа эркакка турмушга чиққанини эшитганимда, янада қувондим. Ахир, нима бўлганда ҳам у мени унутмоғи даркор эди. Тунлари у мени ўйлаб йиғлаб чиққанларини ҳеч қачон унутмайман. Кўзларимни чирт юмиб ётаверардим.
Зарифага ва қизимга яхши бўлди, деб ўйласам-да, энди мен ёлғизлик комида эдим. Кечалари уйғониб, қўрқиб кетардим. Ёнимда аввал онам, кейин Зарифа ва қизалоғим пайдо бўлишарди. Сўнг ишхонадаги ҳамкасбларим кўзимга кўриниб, устимдан кула бошлардилар. “Нега куласизлар, – дердим, – мен сизларга нима қилдим?” Улар эса янада баландроқ хохолаб кулишарди: “Ҳамма гап шундаки, сен ҳеч нима қилмадинг. Ҳеч нима! Ҳеч нима!..”
Бора-бора мен “кичрайиб” боравердим. Ишдагилар, қўни-қўшнилар, одамларнинг мен билан муносабат тарзи мени тамомила ҳолдан тойдирди. Бу аҳволда йўқ бўлиб кетишим тайин эди. Мен ўзимдан норози бўлиш ўрнига улардан ёзғира бошладим. Қадр-қимматим учун дод деворгим келарди. Ҳамманинг олдида ўзимни кўз-кўз қилиш қутқуси пайдо бўлган эди менда. Нимадир қилишим, нимадир рўй бериши керак эди. Бусиз бўлмасди…
Хуллас, ҳаммаси ўзгарди. Мени, ҳатто бошлиқ ўз ҳузурига чақириб гаплашди. У ёғимдан-бу ёғимдан ўтиб, аллақандай таклифлар айтди. Кейин мажлисда исмимни алоҳида тилга олиб мақтади. Ана шунда уларнинг устидан тўйиб-тўйиб кулгим келди. Шундай қилсам бўларкан. Аллақачон улардан қутилиб кетардим. Бироқ мен шунча йил бу даргоҳда ишлаб, азобларим учун қайтиши керак бўлган ташналикни ҳали қондира олмаган эдим. Яна-яна диққат-эътиборда бўлишни хоҳладим.
Шундай кунларнинг бирида менга Зарифа қўнғироқ қилди. Ҳеч гапдан гап йўқ, кечирим сўради. Олдимга қайтажагини айтди. Мен қўрқиб кетдим. У қаердан эшитди экан?.. Наҳотки, аёл зоти тўкин яшаш учун тупурган тупугини қайтариб олса?! Ахир, у мендан воз кечган эди-ку! Нега қайтмоқчи? Ким учун? Мен учунми ё ўзи учунми? Ёки яхши яшаш учунми? Мен уни қандай қилиб бахтли қила оламан? Шунча вақт мен билан бирга яшаб, наҳотки тушунмаган бўлса?!. Тушунган, бироқ энди “менинг бошимга бахт қуши қўнган”ини эшитган ҳам.
Мен Зарифани сўкиб беришим керак эди, бироқ бундай қилолмадим. У уялмай-нетмай, мени севишини, қаттиқ соғинганини, ҳар куни, ҳар сонияда кўргиси келаётганини, қизимиз ҳам ичикканини қандайдир эҳтирос, жўшқинлик, қандайдир ишонарли… ёлғонлар билан айтиб ташлади. Мен фақат қизим ичиккани ҳақидаги гапига ишондим. Бироқ хотиним каби у ҳам бахтсиз бўлишини сира хоҳламасдим…
Обрўйинг қанча тез кўтарилса, шунча тез тушади, деганлари ҳақида эшитган эдим. Мен билан худди шундай бўлди. Бора-бора мендан ҳақиқатни талаб қила бошлашди. Менинг роҳатбахш, қадрибаланд кунларим якун топаёзган эди. Ҳамкасбларим, қўни-қўшниларим ялтоқланиб, мендан пул қарз сўрашлари жонимга тегарди. Мен яна улардан ўзимни олиб қоча бошладим. Яккалик, ваҳима ва саросималик тағин қалбимни исканжага олди. Уйқумдан ҳаловат қочди. Энди нафақат ухлаганимда, балки ўнгимда ҳам шарпаларни кўра бошладим. Очиғи, уйқумми-ўнгимми, англай олмасдим ҳам. Шунча вақт ҳамкасбларим умидворлик билан интиқ кутгани – бой-бадавлат холам менга улкан мерос қолдиргани ғирт ёлғон, уйдирма эди. Мен бир кеча уйқум ўчганида, шайтон йўлига кириб, шу алдовни ўйлаб топган эдим. Ўшанда унинг хунук оқибати ҳақида қайғуриш хаёлимга ҳам келмаган.
Аммо энди қўрқинчли фурсатлар тобора яқинлашиб келарди. Мен ёлғончи сифатида гап чиқаргандан кўра аввалги ҳолатимга тушишдан кўпроқ ваҳимага тушардим. Ахир, нима бўлганда ҳам мен қадр-қиммат таъмини тотиб кўрдим, бу менга унутилмас ҳузур-ҳаловат бахш этди. Энди қандай чора кўриш керак? Мен биратўла баридан халос бўлишим керак эди.
Узоқ ўйланиб, мен, ҳатто ўзимни алдаш даражасигача борадиган бир чора ўйладим. Очиғи, бу ҳақда орзу қилдим. Мен қаҳ-қаҳ уриб кулдим, кулавердим. Анча вақт кулгач, чарчаб қолдим. Кейин ўзимни мажбурлаб кулдим. Кўз ёшларим оққунча кулавердим… Бир маҳал куляпманми ё йиғлаяпманми, билмай ҳам қолдим. Бу мен учун жумбоқ эди.
Ёнимдаги шарпалар ҳам худди шундай эдилар…
Тез орада мени жиннига чиқаришди. Мен ўзимга-ўзим ҳукм чиқарган эдим, гўё.
Мени, мана шу бугун ҳамма жойимни ўраб-чирмаб олиб кетадилар…”

Бу сўзлар Илёс Комилов яшаган ижара уйдан топилган кундаликка ёзилган эди. Мен уни ўқиб, узоқ хаёлга толдим. Шундан сўнг кундаликни ҳеч ким кўрмайдиган жойга яшириб қўйдим.