Аҳмаджон Мелибоев. Сўнгги SМS (ҳикоя)

Биринчи СМС тўйнинг иккинчи куни эрталаб, Зебо келинлик либосида ўзини бироз ўнғайсиз сезиб, ҳовли саҳнига олачалпоқ қилиб сув сепаётганида келди.
“Табриклайман. Бир-бирингизга жуда монандсизлар. Ҳавасим келди. Бахтли бўлинглар. Қани энди, менга ҳам сиздек бир гўзал қиз учраса”.
Зебо ким табриклаётганини билмаса-да, кўнгли бироз ёришди. Тўй чиройли ўтди, аммо кўнглида озроқ хавотир ҳам йўқ эмасди. Жавлон билан танишганига, аниқроғи, таништиришганига унча кўп бўлгани йўқ. Дурустроқ гаплашишга улгуришмади ҳам. Куёв номдор фирмада ишлар экан, учрашувга чиқишга аранг вақт топди. Онасига: “Мен у болани яхши билмасам…” деган эди, “Тўйдан кейин бир-бирингизни яхшилаб билиб оласизлар, вақтингиз етиб ортади”, дейишди. Синфдошларидан бирини хушлаб юрарди, айта олмади ҳам.
Тўйни тезлаштиришди. Куёвнинг синглиси чет элга кетиши керак экан. Қиз томоннинг: “Бироз вақт беринглар, уйимизни таъмирлаётгандик”, деган гапига ҳеч ким қулоқ тутмади.
Икки кун аввал ҳашаматли “Орзу” кафесига одам сиғмай кетди. Ўзиям, айтилган бир киши ўрнига уч киши келди-ёв. Келиннинг қулоғига: “Санъаткорлар нав­бат кутиб қолишди, ана, биттаси аразлаб кетворди”, деган гап чалинди.
 Қистир-қистир авжига чиқди. Варьеттечи қизлар аввал ўртадаги саҳнада рақсга тушишди, кейинроқ давра айланиб, шунақанги муқом қилишдики…
Зебо, янгалари тайинлаганларидек, ибо билан, одамларга қарамай, казо-казо одамлар қутлов сўзлари айтишганида, куёв билан бирга ўрнидан туриб, тўй адоғида жуда ҳориди. Томоғи қақраб кетди. Шундоққина олдида турли шарбатлар турибди, аммо дастурхонга қўл узатсам яхши бўлмас, дея сабр қилди.
Бир-икки Жавлонга ўгирилиб қарагиси келди. Ёмон йигитга ўхшамайди. Ҳурмати жойида шекилли, шу ернинг ўзида ҳам тўёна йиғиб улгурмаяпти. Ҳозир ортиқча қилиғи йўқ йигитларни топиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Омад деганлари шу бўлса керак-да…
Куёв ёнида ўтирган келинчакка унча эътибор бермади. Куёвжўра билан алланималарни пичирлашиб ўтиришди. Ора-чира қўл телефонига жавоб бериб, “раҳмат-раҳмат” деди, кимларгадир топшириқ берди, биттасига: “Ҳў мараз, санга эртагача срок, олиб келмасанг, биласан-а, янчиб ташлайман”, дея дўқ урди.
“Ўзини тутиб ўтирибди, шуниси яхши”, деб ўйлади Зебо.

* * *

Орадан икки кун ўтиб, яна СМС келди.
“Кеча азонда наҳор ошга кетатуриб, кўзим тушиб қолди. Қайноналар келинчакларни сира аяшмайди-да. Тонгда кўчани супуриш шартми? Қадди-қоматингизга супурги ярашмабди. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Куёвболага ҳали кўп керак бўласиз”.
Эрта-азонда келин бўлиб тушган ҳовлини супуриш қизларнинг қулоғига жуда эрта қуйилади. Зебо буни яхши билади. Аммо шундоқ ҳам кеч ётиб, саҳармардонда туриш қийин бўларкан. Шуларни ўйлаб турганида, нотаниш кишининг бу тасаллиси ёқиб тушди. Шу яқин-атрофда яшайдиган қўшнилардан бўлса керак. Телефон рақамини қаердан била қолдийкин?..
Ўйлаб ўйига ета олмади, Жавлон “Чойни ойимлар билан бирга ичамиз”, деганида хаёли бўлинди. Ичкарига кириб, кийимини ўзгартирди, биғиллаб қайнаётган самоварни кўтариб, сўри томонга юрди.
Кейинги ҳафта тиғиз ўтди. Куёвнинг қариндошлари ўзига тўқ кишилар экан, бири қўйиб, иккинчиси келинчакни йўқлаб келишди.

* * *

Жавлон уч-тўрт кунга вилоятлардан бирига хизмат сафарига кетди.
СМС келди.
“Зебо, зерикмаяпсизми? Кафеда сизларни кўриб, тўғриси, менинг ҳам уйлангим келиб кетди. Жавлондан бир ёш кичикман. Бизнесни бирга бошлаганмиз. Ичидан пишган бола. Ўзидан сўраб юрманг. Рашки ёмон, сизни хафа қилиб қўймасин тағин…”.
Кафеда ўтиришганини кўрибди-да. Кеча Жавлон иккови кечги овқатдан кейин, очиқ ҳавода бироз айланамиз дея кўчага чиқишганди. Янги очилган кафе экан, бир четда ўтириб, музқаймоқ ейишди. Катта залда никоҳ базми бошланиб, тез чиқиб кетишди. Шу ҳам ошкор бўлибди-да. Маҳалланиннг шуниси ёмон, чумчуқ бир шохдан иккинчисига ўтса, етти хонадон эшитади. “Рашки ёмон…”. Қизиқ, бу писмиқдан ҳали кўп гап эшитаман шекилли…
Писмиқ узоқ куттирмади.
“Зебо, бугун сизни атлас кўйлакда кўриб, ҳушимни йўқотаёздим. Дунё дунё бўлганидан бери ҳали ҳеч бир келинчак бу қадар латофатли кўринмаган. Атлас сизни эмас, сиз атласни безабсиз. Менга қолса, шу кўйлакдан бошқасини кийманг.. Аммо мен кимман, бир бечораман, бундай дейишга ҳаққим йўқ…”.
Ана холос! Бу “бечора” ҳаддидан оша бошлади-ку. Нима, қайси кўйлагимни кийишни ундан сўрашим керакми? – Зебо авввалига бироз аччиқлангандай бўлди. Ҳовлидаги юмушини ташлаб, беихтиёр ётоқхонага қараб юрди. Ичкарига кириб… атлас кўйлагини қў­лига олди. Кийди. Ойна олдига келди. “Дунё дунё бўлганидан бери ҳали ҳеч бир келинчакка насиб этмаган латофатни” ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлди.
Кўрди ҳам.
Чиройи анча очилган. Қизғиш, лўппи ёноқлари ўзига ҳам ёқиб кетди. Қошлари бир нимадан чўчиб, учишга чоғланаётган қушлардай, ҳуркиб турибди.
Кўзларига тикилди. Кўзларидан сўради: чиндан ҳам чиройлиманми, йигитлар ҳушини йўқотиши ростми?
Ўзи жавоб қилди: рост, чирой бўлса шунчалик бўлади-да.
Аммо…
Атлас кўйлагини кийиб, нонушта ҳозирлаётганида Жавлон олдидан кетмади, қарашиб турди, ойисига кўрсатмай, белидан қучиб, эркалади, ёноқларидан бўса олди, лекин “Кўйлагинг ярашибди” демади. Ўзи ҳам: “Кўйлагим ярашибдими?”, деб сўрамади. Сўраса айтармиди. Айтарди.
Зебо СМСни ўчиришдан олдин яна бир марта ўқиди ва… ёқимли ҳаяжон билан энтикиб қўйди.

* * *

Жавлон ҳақида ўйлай бошлади.
Бирга яшашаётганига ўн кундан ошди. Очилиб бир гаплашишгани йўқ. Кўпроқ ишини ўйлайди. Ёлғиз қолишганида бир-икки бағрига босгандай бўлади, ду­рустроқ эркаламайди ҳам, гаплари энди қовушганида сабил қолгур телефон жиринглаб қолади: “Эшитаман, алайкум ассалом, хўш, пишдими? Нима, қайтарвор, насияга берадиган аҳмоқ йўқ. Ҳе, манга қара…”.
Шунга ўхшаш гаплар.
Яна энтикди. Буниси энди сал бошқача энтикиш бўлди. Хаёлига “Эрим менга бепарвоми?” деган савол келди.
Шу савол, ўзи билан бирга анча-мунча нарсани бошлаб келди. Наҳотки…
Кун бўйи ўзига ўхшамай юрди.

* * *

СМС келди.
“Зебо. Мени кечиринг. Сизни алдадим, яхши иш қилмадим. Ҳаммасини тушунтириб бераман. Менга ишонинг. Ҳабиб”.
Буниси энди ҳаммасидан ошиб тушди.
“Сизни алдадим…”. Нима дегани бу? Ким ўзи бу Ҳабиб дегани? Нега мендан кечирим сўраяпти?
Фикри алғов-далғов бўлиб кетди.
Эрталаб нонушта пайти, қўлидан пиёла тушиб синди. Тушликда қозон қусди, мошхўрда эмас, қора аталанинг ўзи бўлди.
Қайнонаси пиёла синганида: “Майли-майли, келган бало-қазо шунга урсин”, деди. Аммо Зебонинг ичидан келаётган овоз бундай демади.
Бошқача гап қилди.
Зебо тўйқус-тўйқус телефонига қарайдиган бўлиб қолди.

* * *

Икки кун ўтди.
Жавлон хизмат сафаридан қайтиб келди. Хотинини билинар-билинмас ўпди. Бор-йўғи битта сўз айтди: “Яхшимисиз”. Шуни ҳам номигагина, ярим овоз билан, онаси: “Бор, хотинингнинг олдига кир”, деганидан кейин айтди.
Бу Зебога камлик қилди. Ҳеч бўлмаса: “Соғиндим” деса бўларди. Демади. Ясан-тусанига эътибор ҳам қилмади. Телефонга зўр берди.
“Алло, алайким салом, ҳа, келдим. Нима гаплар? А? Ҳали ҳам ивирсиб юрибсанларми? Вей, менга қара…”.
Хотинига “Менга қара” демади. Шуниси алам қилиб кетди.

* * *

СМС келди.
“Зебо, приветик, как ты…».
Мактабда бирга ўқиган дугонаси экан. Дубайга кетувди. Зўр нарсалар олиб келганмиш.
Кўзига зўр нарсалар эмас, бошқа нарсалар кўринди. Идиш юваётганида СМС келди. Дугонаси: “Бирор нарса олсанг, бизникига кел”, дебди.
Ҳаёлига “Ҳабиб эмас экан” деган гап келди. Бадани сесканди. Нима, ундан мактуб кутяптими? Йўғ-е, нега кутсин, шунчаки…
Зебо “Кутаётганим йўқ”, дея ўзини ўзи ишонтиришга беҳуда уринаётганини билиб турарди. Аммо буни тан олгиси келмасди. Бундай пайтда хаёлни бир жойга йиғиш жуда мушкул.
Хотининг бу ҳолатини сезди чоғи, Жавлон унга тикилиброқ қаради. Ҳеч нима демай шундоқ қаради. Бир нима деса енгилроқ бўлармиди.
Зебо тараддудланиб қолди. Беихтиёр жавоб қи­лишга шайланди, бахт қуши қанотида осмонда учиб юрган аёллардай жилмайишга ҳаракат қилди. Ўх­шамади. Тамомила тескариси бўлди.
Жавлон хотинининг ёнига яқинроқ келиб: “Бирор нарсадан хафамисиз, ё ойим…” деди.
Сал нарироқдан туриб айтса ҳам бўларди шу гапни. Ёнига келиб, кўзига қараб деди.
Эри сезмади, ё сезса ҳам ўзини сезмаганликка олди: Зебонинг бадани титраётганди.
Бадан титраши нималигини биласизми? Бундай пайтда бировнинг кўзига қараш осон эмас.
Кечқурун Жавлон маҳалла чойхонасига чиқиб кетди.

* * *

СМС келди.
“Зебо, энди айтмасам бўлмайди. Юрагим қон бўлиб кетди. Ўзим ҳақимда аввал ёзган гапларимнинг ҳаммаси ёлғон. Жавлон билан таниш эмасмиз. Уни тўй куни кўрдим. Асли, мен ношудлик қилдим. Бахтимни қўлдан чиқардим. Сиз… меники бўлишингиз керак эди… Ўзим яратган қора тақдирга тан беришдан бошқа чорам йўқ энди. Ягона юпанчим – Сизнинг бахтингиз. Аммо… бахтли бўлармикинсиз…”.

* * *

“Келин, чиқа қолинг…”.
Зебо қайнонасининг овозини эшитибгина ўзига келди.
Қайнона қўрқиб кетди.
Вой келин, тузукмисиз, нима бўлди сизга? Бирор жойингиз…
Қайнона Жавлоннинг учта акасини уйлантириб, уйли-жойли қилган, бирдан тутиб қоладиган оғ­риқларни кўп кўрган аёл эди. Шу боис, хаёли яхши томонларга қочди. Саволини такрорлади:
– Вой шўрим, рангингизда ранг қолмабди-ку, тинчликми ўзи?
Зебо бир оғиз “Тузукман ойи” деса бўларди, шунга ҳам тили келмади. Айб иш қилиб қўйган боладай туриб қолди.
– Вой, бўйгинангдан ўргилай, ўзимнинг асал келиним, кириб ётинг, чарчабсиз шекилли…
“Асал келин” шундагина:
– Йўқ ойижон, яхшиман, ҳалиги, сал…, – дея олди, холос.
 
* * *

Ўша куни тонг қийналиб отди. Оқармай, бўзариб тураверса қийин экан.
Зебо тўлғониб чиқди.
“Ким бўлди бу Ҳабиб дегани? Мактабда бундай бола йўқ эди-ку? Мақсади нима? Ё уйимни бузмоқчими?
Жавлон пишиллаб ухлади. Ярим кечада туриб, чойнакда қолган чойни жумрагидан хўриллатиб ичди. Хотинининг ҳолатини сезмади.
Нонушта пайти ораларидан кичгинагина “ола мушукча” ўтди.
Бехосдан ўтди.
– Зебо, мендан хафамисан? – деди Жавлон кутилмаганда.
– Вой, нега унақа дейсиз, хафа эмасман, – деди Зебо кулимсираб. Аммо кулгиси ўхшамади. Бу дунёда ўхшамаган кулгидан кўра ёқимсиз нарса йўқ. Худди шундай бўлди. Кулгисигина эмас, кейинги гапи ҳам пишиқ чиқмади:
– Ойим жуда меҳрибонлар…
Бу гап Жавлоннинг энсасини қотирди. Чунки у онасини бафуржа тинглаб улгурган эди.
– Мендан ниманидир яшираётганга ўхшайсиз?
– Вой, Жавлон ака, нимани ҳам яширардим, ҳаммаси жойида.
– Жойида бўлса, нега овозинг титраб, ғалати бў­либ ўтирибсан?
Хуллас, оилада “ола мушукча” пайдо бўлди.
Кўчада, қайсидир муюлишда эса, Зебонинг наздида, “катта ола мушук” воқеалар ривожини кузатиб турарди…

* * *

Орадан икки кун ўтди.
Эслагулик воқеа юз бермади деса ҳам бўлади.
Фақат бир нарса: Жавлон гапни бошлашга бошлади-ю, давом эттирмади. Ҳеч нарса бўлмагандай, эрталаб нонушта қилди, ишига отланди. Кечқурун Зебога бир-бир қараб қўйганини айтмаса, ўзини хотиржам тутди.
Зебо бўлса, бировнинг ҳовлисига кириб қолган қўзичоқдай, уйда, ҳовлида ўзига жой топа олмайди. Ниманидир кутади, тўғрироғи, содир бўлиши мумкин бўлган воқеани, шу боис, эҳтиёткорлик қилади.
Эҳтиёткорлик қилгани сари…
Бу ҳаётда таваккалчилардан кўра эҳтиёткорлар кўпроқ қоқилишади. Қани, бирорта донишманд бунинг сабабини изоҳлаб берсин-чи?

* * *

Ораларидан “ола мушук” ўтган куни Зебо қай­нонасидан сўраб, икки кўча наридаги дугонасиникига бориб келди. Аслида, боргиси йўқ эди. Аммо ўзига ҳам номаълум бўлган ички бир куч уни ташқарига юлқиб олиб чиқди.
Ҳали ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаганди. Кўчада дуч келган одамга, албатта ёшроғига, зимдан, ўғринча разм солади. “Йўқ, бу эмас, бу эмас, бу ҳам эмас. Балким ҳу анудир. Йўқ, ўхшамайди…”.
Қайтишда ҳам шу аҳвол.
Бундай ҳолатга дуч келмаган одамга тушунтириш қийин: излайсиз, қидирасиз, аммо нимани излаётганингизни, кимни қидираётганингизни билмайсиз. Ўзингиздан ўзингиз қочасиз, ўзингиздан ўзингиз яширинмоқчи бўласиз.
 
* * *

Уйига қайтиб келди. Телефони жим. Ички бир овоз: “Шу сабилни ўчириб қўй, хотиржам бўласан”, дейди. Қани энди ўчириб бўлса. Бармоқлари митти тугмачалар устига боради-ю, ток ургандай орқага тисарилади.

* * *

Кечга яқин…
“Зебо, менинг менга насиб қилмаган жоним. Бўлар иш бўлди. Сизни ортиқча ташвишга қўймоқчи эмасман. Аммо, мен ҳам одамман, ҳеч кимдан кам жойим йўқ. Жавлонга ўхшаб қўли узунлардан бўлмаганим айбим эмас. Шундай экан, бу дунёда ҳеч бўлмаса дардингни эшитадиган, ҳолингни сўрайдиган бир киши бўлиши керак-ку. Наҳотки шунга ҳам арзимасам? Нима дедингиз?”.
Икки соат ўтиб…
“Зебо, сизни кўчада кўриб қолдим. Йўқ, мен ўзим орзулаган мағрур, латофат боғининг кўрки, муҳаббат тахтининг безаги, бахтдан энтиккан, менга тутқич бермаган Зебони эмас, сўлишга бошлаган гавдани – вужудини ўкинч кемираётган бир бечорани кўрдим. Ўзимни ўзим алдамай – бу сиз эдингиз. Ҳаммасига чидайман, аммо бу ҳолатингизга чидашим қийин, ишонинг. Нима бўлди? Ҳеч бўлмаса бир оғиз жавоб қилсангиз бўлади-ку…”.
 
* * *

Зебо ўзига ўхшамасди.
Қайнонаси маҳалла поликлиникасига олиб чиқди. Уч-тўртта хонага киришди. Кўрикдан ўтди. Врачлар аниқ бир гап айтишмади, қайнона ўйланиб қолди. Кўнглидан: “Келиним телефонини ёнидан қўймайди, эрта-кеч уйига қўнғироқ қиладими-а. Қудалар тинчмикин, ишқилиб?”, деган хаёл ўтди.
Хуллас, ўша куни кечки овқатдан сўнг “ола мушук” яна озроқ “миёвлади”.

* * *

 Эртасига туш пайти…    
Эри бугун тушликка келди. Қайнонаси билан бирга овқатланишди. Бундай пайтда кимдир: “Барака топинг, ширин бўлибди” дейиши таомилда бор, аммо на қайнона, на эр чурқ этишмади.
Онаси дастурхонга фотиҳа ўқиб, ҳовлига чиққач, Жавлон тилга кирди:
– Дўхтурларга кўринибсан, дори-пори ёзиб беришгандир…
Зебо бир нима демоқчи бўлиб, энди оғиз жуфтлаганди, Жавлон гапини ҳали тугатмаган экан:
–    Тўйдан олдин касал-пасал бўлмаганмисан ўзи?…
Бу гапни шунчаки бир қизиқди-да, деб ҳам тушуниш мумкин. Бироқ, Зебога оғир ботди. “Оғир ботди” дейиш оз, бу гап Зебонинг бошидан ўтиб, танасини минг-минг бўлакка бўлиб, товонини ёриб чиқиб кетди, ер ҳам чок-чок бўлди. Қаергача етиб борган бўлса, ўша ерга олов илашди.
Мана шуниси тўғри.
 
* * *

Зебонинг синглиси келди. Қудалар йўқлов тоғора, қуда холага, куёвга кийимлик юборишибди.
Опа-сингил анча дардлашиб ўтиришди.
– Энди сенинг навбатинг, – деди Зебо синглисига.
– Ҳе, мен сизга ўхшаб шошмайман, – деди шаддод қиз.
Бу гап опасига ёқмади. Жавоб ўрнига:
– Борақол, анча ўтириб қолдинг, ойим кутиб ўтиргандир, – деди қўйди.
– Телефонингиз нуқул банд, поччам билан ро­са-а?..
– Борақол, жинни…

* * *

Зебо синглисини соғинганди. Жуда сирдош бўлиб қолишганди бу қақажон билан. Ярим тунгача алланималарни пичирлашиб ётишарди.
Гаплари қовушмади. Бир-бирларига бегона қа­раш қилишди. Бунинг устига, келиши биланоқ, “Вой-вуй, кўзларингиз киртайиб қолибдими, опа?”, дегани Зебони довдиратиб қўйди. “Ойимга бориб айтади бу ярамас…”.

* * *

СМС келди.
“Турмуш деганлари шунақа бўлади, келин бола. Бир кун ундоқ, бир кун бундоқ. Чидаш керак, бошқа илож йўқ. Аммо ҳамма нарсани ичига ютавериб, адойи-тамом бўлиш мумкин. Бир оғиз сўз десангиз-чи, бир оғизгина-я! Қаҳрингиз бунча қаттиқ…”.

* * *

Зебо чидаб туролмади. Телефонига ёпишди. Бир оғиз сўз сен тентакдан айрилсин, мана:
“Нима демоқчисиз?”.
Жавоб келди.
“Бахтли бўлинг демоқчиман, бахтли яшашга ҳақ­қингиз бор демоқчиман”.
“Сиз айтмасангиз ҳам, бахтлиман”.
“Йўқ, ундай эмас, бахтингиз жуда омонат, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз…”.
“Мендан нима истайсиз ўзи? Гапларингиз жонимга тегиб кетди”.
“Ёлғон бахтга ишониб қолманг, демоқчиман”.
“Сизнингча, нима қилишим керак?”.
“Ана, ўзингизга кела бошладингиз. Шу саволга жавоб топсангиз бас…”.

* * *

Ҳовлида бир нима тарақлаб кетди. Зебо телефонининг овозини пасайтириб, ташқарига чиқди. Йўқ, қўшни ҳовлидан келаётган овоз экан. Ичкарига кириб, баҳсни давом эттирмоқчи бўлди, лекин ўзини тўхтатди. “Бир балони бошлаб қўйдим, энди мени тинч қўймайди…”.

* * *

Эртасига ёзишма давом этди.
“Яхши ётиб турдингизми, куёв бола омонмилар, сизни хафа қилмадиларми?”.
“Сизга нима?
“Кайфиятингиз бузилмасин, очилиб-сочилиб юринг, дейман-да”.
“Ғалати бола экансиз, сиздақаларни довдир дейишади”.
“Тўғри топдингиз, довдирлигим бор. Кўрсангиз кула-кула ўласиз”.
“Шунақа ўладиган тасқарамисиз?”.
“Э, тасқара ҳам гапни, шалпангқулоқ, карнайбурун, ғилайкўзман”.
“Онангиз гапга туққан экан шекилли…”.
“Шунақа. Лекин, гапдан бошқа нарсаларни ҳам биламан…”.
“Сиз уйлангансиз, уйланмаганман деб ёлғон гапираяпсиз”.
“Тўғри, уйланганман, аммо севиб эмас. Биттасига уйлаб қўйишган”.
“Ёқтирмайсизми?”.
“Муроса учун яшаб юрибман”.
“У-чи, балки сизга кўнгли бордир?”.
“Йўқ, унда кўнгил нима қилсин. Овқат пиширади, ейди, ётади”.
“Бирортасини севмаган экан-да?”.
“Менингча, севган, аммо ҳозир севгининг вақти эмас,тўғрими?”.
“Билмасам…”.

* * *

Яна бир кундан кейин.
“Кеча телевизорда туркча янги сериал бошлашди. Кўрдингизми?
“Кўролмадим. Эрим ўртоқларига зиёфат берди. Чарчаб жоним узилаёзди. Нима кино экан?”.
“Бир келин бўлади. Уни ҳеч ким тушунмайди. Ҳамма ўзини ўйлайди. Бечора келинни тинглайдиган одам йўқ. Бугун албатта кўринг”.

* * *

Яна бир кундан кейин.
“Кино маъқул бўлдими?”.
“Қўшнилар чиқишганди, уларга қараб кўра олмадим. Бир қозон овқатни паққос туширишди. Чой-чой дейишади нуқул. Бугун кўрарман”.
“Келинсиз-да, хизмат қилишингиз керак”.
“Э, келинлик ҳам қурсин. Тинка-мадоринг қуриб кетар экан”.
“Куёв бола қалай, ишлари яхшими?”.
“Билмасам, кайфияти йўқроқ. Текширувчилар келишибди. Ҳужжатларни битта-биттадан кў­ри­шаёт­ганмиш”.
“Гаплашса бўлади. Текширувчининг ҳам нафси бор”.
“Шунақа денг? Балким, ёрдам берарсиз?”.
“Сиз учун жоним билан…”.

* * *

Чехов домла: “Яхши ёзувчи гапни чўзмайди, бўладиганини ёзади-қўяди”, деганлар. Ёзувчиликка давоим бўлмаса-да, гапни чўзворганимни ўзим сезиб, ўқувчидан узр сўрашга чоғланиб турибман.
 Алқисса, Зебо ва Ҳабиб мулоқотлари яна узоқ давом этди. Улар бир-бирларини кўришмаган бўлишса-да, телефон баҳона жуда яқин, қадрдон, сирдош, кўнгилдош бўлиб қолишди. СМС жўнатиш ва унинг жавобини ўқиш кундалик турмушнинг мазмунига айланди десам, ишонаверинг. Аҳвол шу даражага етдики, Зебо Ҳабибдан маслаҳат сўрайдиган, унга кўнглини ёзиб, ичини бўшатиб оладиган, бир-икки кун жим бўлиб қолса, уйқуси қочадиган бўлиб қолди.
Ҳабиб бўлса ўзини одоб билан тутар, собиқ маъшуқаси кўнглига ботадиган бирор сўз айтмас, хатларида иболи, таъсирчан сўз ва ибораларни қўллар, ёш келинчакни вазминликка, қийинчиликларни бардош билан енгишга ундарди. Фақат битта сўз бу қоидадан истисно эди. У ҳам бўлса: “жоним”.
Зебо аввалига “жоним”ни хушламади, олифта йигитларнинг олифта қилиғига йўйди, кейин-кейин СМС матнидаги айни шу сўзни нигоҳлари тийраклашиб ўқийдиган бўлди. Шу сўз унинг қанотига айланди.
Ҳабиб бўлса Жавлонлар оиласининг ички ҳаётини баланд бир жойдан дурбинда кузатаётганга ўхшарди. Бу ерда бир нима бўлди дегунча, у бундан хабар топиб, СМС матнини шу воқеага мосларди.
Бир куни Жавлон уйга маст келди. “Тамом, ҳаммаси тамом”, дея шовқин солди. Фирма ёпиладиган, ўзи одам эшитса юраги орқага тортиб кетадиган даражада кўп жаримага тортиладиган бўлибди.
Зебо уни юпатмоқчи бўлди. Аммо юпанч сўзлари оловга керосин қуйгандай бўлди. Умрида биринчи марта эркак кишидан шапалоқ еди. Эртасига эрталаб Жавлон уйидан безор бўлган одамдай, “Мен кетдим” деди. Зебо “Қаёққа?” деган эди, эрининг оғзидан ёзса қоғоз ҳам уяладиган сўз чиқди.
Тушга яқин Ҳабибдан СМС келди. Ораларида нима гап-сўз бўлганини ёзиш шарт эмас. Аммо Зебо, борди-ю Ҳабибнинг қаердалигини билганида, олдига боришга, биров кўрсаю кўрмаса бошини елкасига қўйиб, юм-юм йиғлашга тайёр эди.
Узоқдаги Ҳабиб буни жуда яхши ҳис қилиб турарди.

* * *

СМС
“Зебо, менинг зебо сирдошим.
Бугун туш кўрибман. Қирғоқлари уфққа туташиб кетган денгиз эмиш. Қайиқда сузиб бораётган экансизлар: Сиз, Жавлон. Бирдан довул кўтарилиб, қайиқ тўнкарилиб кетди. Иккингиз ҳам дод солдингиз. Олам додингиздан ларзага келди. Ўзимни сувга отдим. Аммо ҳарчанд уринмайин, Сизга етолмадим, денгиз тубига чўка бошлаган Жавлон менга маҳкам ёпишиб олиб, пастга торта бошлади. Мен эса кўзларим жовдираб Сизни қидираман. У бўлса овози хирриллаб: “Дўстим, мени қутқар, мени…” дейди. Мен унга дўст эмишман. Уйғониб кетдим. Кўнглим хира…”.
Зебо шу заҳотиёқ жавоб йўллади:
“Сизда авлиёлик хислати бор. Мен чиндан ҳам чўка бошладим. Атрофим тўла одам, аммо ҳеч ким қўлини чўзмайди. Сиз ҳам. Дунёдан совидим. Бу совуқ дунёни кўришга тоқатим қолмади”.
Ҳабибга шу керак эди. У, мана икки ойдирки, айни шу ҳолат учун курашди ва бугун ғолиблик нашидасини сурди.
“Зебо, менинг ягонагинам, ягона илинжим, бугун кўришмасак денгиз тубига сиздан олдин мен йўл оламан. Раҳмингиз келсин”.
Зебо ўзида эмасди.
“Қаерда?”.
Ҳабиб, афтидан, қачондир шу савол берилишини кутган ва унга тайёр экан чоғи, дарҳол жавоб ёзди:
“Қўшни маҳалла адоғида “Муштарак” кафеси бор. Ичкарига кириб, ўнг томондаги охирги хонага юринг. Бир соатдан кейин ўша ерда бўламан. Сизни кўп ушламайман”.

* * *

Бир соат минг соатдан ҳам ўтиб кетди. Соат миллари имиллаб қолди. Вақт тўхтагандай эди.
Зебо кийинди, тақинчоқларини тақмади, аммо сумкачасига солди. Яқинлашганида тақиб олади. “Муштарак” кафесини билади. Жавлон билан бир марта киришган, нимадир ёқмай, қайтиб чиқишган эди.
Кафега яқинлашгани сари юраги гупиллаб ура бошлади. Мактабда ўқиб юрган кезлари, ёш шилқим домла уни четга тортиб, қўполлик билан қучоғига тортганида шундай аҳволга тушганди. Оёқлари биринчи марта юраётгандай чалкашиб кетар, аммо тўхтамасди, аксинча, илдамлаб борарди.
 Етиб келди. Вақт кеч эмасди, одамлар сийрак, борлар ҳам ўзи билан ўзи овора. Бундай жойларда биров бировга қарамайди, аммо ҳамма ҳаммани кўради.
Ўнг томон. Биринчи, иккинчи, учинчи ва, ниҳоят, охирги хилватроқ хона.
У ҳозир шу хилват хонанинг эшигини очади. Кейин кўнглини очади, балким бағрини ҳам очар. Қўшиқда “Нима бўлса бўлар эртага” дейилади-ку.
Хона эшиги қия очиқ экан. Қўли тегиши билан ланг очилди. Ва шу ерда, минг бор узр, ҳикоямиз… ниҳоясига етди.
Нега дейсизми?
Негалиги шундаки, эшик очилишга очилди, аммо ҳеч нима содир бўлгани йўқ. Кимдир Зебонинг устидан бир тоғора совуқ сув қуйиб юборди. Бадани аввалига музлади, сўнг тош қотди. Кўзларидаги ҳайрат ва қўрқув ҳам қотиб қолди.
Ичкарида Жавлон лағмонни санчқига ўраб, иш­таҳа билан тушираётганди…

* * *

Орадан бир ой ўтди.
Зебо қақажон синглиси билан уй ичини тозалаб бўлиб, энди диванга чўзилган ҳам эдики, СМС келди.
“Зебо. Ҳаммасига ўзим айбдорман. Уйга қайт. Аҳмоқлик қилдим. Мен ярамасни кечир. Ахир, бирор айб иш бўлгани йўқ! Келмасанг хароб бўламан. Ойим ётиб қолдилар. Хўб десанг, ўзим бориб олиб келаман”.
“Жавлон ака, бу дунёда мен учун фақат битта иш қолди, у ҳам бўлса… Ҳабибни топиш”.
“Зебо, нега тушунмайсан, Ҳабиб ахир менман-ку!”.
“Йўқ, Сиз ҳеч қачон Ҳабиб бўлолмайсиз. Бўло-олмайсиз! Мен уни албатта топаман”.
Бу – сўнгги СМС эди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 11-сон.