Абдусаттор Ҳотамов. Ёмғирли кунда (ҳикоя)

Бутун бошли кафеда ёлғиз ўзим чой ичиб ўтирардим. Ташқарида ёмғир шаррос қуяр, жонсарак шамол гувилларди. Бежирим бетон бўлакчалари ётқизилган ҳовли этагидаги торгина ариқ аллақачон сувга тўлган, ортиқчаси қиялаб қаёққадир, эҳтимол, кенг кўчага шитоб билан оқиб кетарди.
Ёлғон гапириб нима қилдим, хаёлимнинг бир учи рўпарамда, кўча эшиги остонасида менга тескари турган қомати чиройли аёлга боғланган эди. У ҳам назаримда ёмғирдан қочиб, шу ердан паноҳ топган, билмайман, қандай рангда, эгнидаги плаши ёқасини юқорига кўтарганча, тамаддихонадан эшитилаётган мумтоз ашула оҳангига монанд аста тебраниб турарди. Яна шу нозиккина гавдаси оғирлигини гоҳ у, гоҳ бу оёғига олар, мен эса, ҳа, бечора, ўзини қийнаб намунча баланд пошнали туфли киймаса, деб ачинардим.
Эскироқ бу кафе шифтидаги митти чироқлар атрофни олачалпоқ ёритар, бундай булутли кунда эса ичкари ва табиийки, остонадаги аёл чеҳраси у агар мен томон ўгирилса ҳам аниқ-таниқ кўринмаслиги аён эди. Фақат шу равшан эдики, унинг қадди тик ва нозик, бўйи анчайин баланд, тусмолимча, у чиндан ҳам гўзал бўлиши керак эди.
Аёл ҳамон кафега орқа ўгирганича бетоқат турар, балки ёмғирнинг тинишини ёки кимнидир кутар, лекин ажабки, ўнг қўлини бот-бот даҳанигами, юзигами олиб бориб, яна туширарди.
Бир маҳал кимдир салом бергандай бўлди ва ўгирилиб қараб новчадан келган, қалин, малла сочлари юқорига текис таралган йигитни кўрдим.
— Домла, бу жой бўшми? — сўради у қўлларидаги чойнак-пиёлани стол устига қўйишга чоғланиб.
Ажабландим, кафе бўм-бўш, атайин менинг столимга келиб ўтирмоқчи. Негадир рўйхушлик бермай тўнғилладим.
— Қизиқ экансиз-ку, ана, ҳамма жой бўш. Ўтиравермайсизми!
Йигит, табиийки дағал муомаламдан ноқулай аҳволга тушди, қўймоқчи бўлиб турган чойнак-пиёласини энди юқорироқ кўтариб, нари кетишга чоғланди.
Шу аснода ўзим истамаган ҳолда қўполлик қилиб қўйганимдан хижолат чекдим.
– Э, сўраб нима қиласиз, ўтиравермайсизми, — дедим овозимни пасайтириб. – Хафа бўлмайсиз, шунчаки айтдим қўйдим-да.
Официант қиз ликопчада уч сих кабоб келтириб қўйди. Атрофга сирка аралаш пиёз ҳиди таралди.
— Олинг, — деди у орамиздан ҳеч гап ўтмагандай ликопчани мен томон суриб. — Кўп буюрибман, яқинда овқатлангандим. Қон топширмоқчиман, қорним тўқ бўлиши керак. Тажриба бор-да.
— Қон?.. Нимага?
— Э, оғзимдан чиқиб кетипти. Қўяверинг, қани, кабобга қаранг.
Унга беписанд боқиб индамай ўтиравердим. Йигит чойдан ҳўплаб дафъатан дадилланди:
— Э, олсангизчи. Чин кўнгилдан. Аммо лекин ёмон одатим бор, бир ўзим ҳеч овқатлангим келмайди.
— Бу яхши, — дедим мен ҳам орадаги ўнғайсизликни кўтаришга уриниб. — Одам одам билан тирик.
Йигитнинг кўнгли учун сихдаги кабобдан бир бўлакча олиб оғзимга солдим.
Очиғини айтсам, кўпроқ ёлғизликни хуш кўрганим учунми бу дўлвар, пучуқ бурун, пешонаси бироз олдинга туртган йигитнинг оромимни бузгани боя ғашимга текканди.
Йигит ликопчадаги кабобни имиллаб еди, бўлка нон ушоқларини узун бармоқлари билан битта қолдирмай оғзига солди. Кейин стол устидаги стаканга думалоқлаб қўйилган қоғоз сочиққа қўлларини артиб, ўзингга шукур, деди аста.
— Нима иш қиласиз, ука? — деб сўрадим жим ўтираверишдан ўнғайсизланиб.
— Бизники ота касб. Деҳқончилик-да, — оғзининг таноби қочди унинг. — Хотиннинг қўлида, фермер хўжалигида. — Чойдан ҳўплаб давом этди. — Отам раҳматли ҳам деҳқон ўтганлар. Васият қилгандиларки, туғилган жойингдан ҳеч қаёққа кетма, деб. Ўзимча ўйлайман, ўшанда балки ҳозирги яхши кунлар келишини билгандирлар.
— Ҳа-а-а, оталар кўп нарсани билишади. Сабр яхши, ишонч яхши.
— Сабрнинг таги олтин, дейишса, аввал мен ҳам тушунмасдим. Ўспирин бўлганмиз-да, шошқалоқ. Мана энди ниятимиз ушалмоқда. Туппа-тузук яшаб юрибмиз. Буёғиниям эшитасизми? Унда раҳмат. Узр-да, домла, бир кўнглимни ёзгим келди. Тушунадиган одамга ўхшайсиз. Шунинг учун… Шундай қилиб отам раҳматли қишлоғимиздаги қассобнинг қизига уйланасан, деб туриб олдилар. Э, дедим, у қаёқдаю, мен қаёқда? Отасининг гўшт-ёғини еб семириб ётган бўлса, мен бир кетмончининг ўғлиман-ку, демоқчийдим, тағин отам хафа бўлмасин, деб индамай қўяқолдим. Отам “Қара, қанақа полвон, бир кетмон урса ер зириллайди” дейдилар яна мақтаб. У пайтлар, ҳозиргидек кондиционерли тракторлар қаёқда дейсиз. Таваккалига уйланавердим. Аммо, лекин полвон хотин тўққиз йилдаям туғмади. Эр-хотин… Э, билмадим, бола бўлмаганидан кейин шундай дейиш тўғрими-йўқми, хуллас, жимгина яшаб юравердик. Ахири бир кун юр, иккимиз дўхтирга борайлик, дедим. Кўнди. Бечора, болалигида қаттиқ шамоллаган экан. Даволата бошладим. Бир кун нима дейди денг: “Туққунимча бекор юрмай фермер бўламан”.
Суҳбатдошим шу ерга келганда пиқ этиб кулганди, қўлидаги чой чайқалиб, ерга тўкилди. Парво қилмай давом этди:
— Вей, — дедим қўлимни пахса қилиб. — Ким қўйибди сенга фермер бўлишни. Бир оддий қассобнинг қизи бўлсанг.
Домла, яхшиямки оғизда ўттиз иккита тиш бор. Қўрғон-да. Бўлмаса бу бесуяк тил яна нималар демасди, “ҳой, аввал хотинлигингни бажариб, биттасини туғиб қўй, кейин бошқа иш қиласан” деворган бўлармидим. Эрталаб айвонда чой ичиб ўтиргандик, фарзандсизлик алами ўтиб турганди, хонтахтага бир мушт туширгандим чой ҳозиргидек тўкилди-кетди.
Домла, зериктириб қўймадимми? Ҳа, унда яхши. Бир гап келиб қолди-да. Хуллас, комиссияга ариза берди. Қойил-э, ҳақиқат бор экан, ютиб чиқди! Коллежни битирганди, маълумоти ҳам тўғри келибди. Энди озгина тарихга қайтай. Бир пайтлар отам раҳматли хўжалик раисига экиндан бўшаган ердан бир парча беринг, рўзғоримга кечки картошка экай деса, беришмаган экан. Мана энди юз гектардан ортиқ еримиз бор. Ҳамқишлоқлар билан ишлашиб ётибмиз. Қозон ҳам мой, чўмич ҳам. Шундай бўлгач, айтинг-чи, мен сўзамол бўлмай ким бўлсин, домла.
Йигит гапирар, унга меҳрим ошиб борар, ичимда ишончнинг қудратига тасаннолар айтардим. Кўнглимнинг бир чеккасида ҳузуримга келаётган беморларга ҳам тузалишлари учун ана шу содда, очиқкўнгил йигитдагидек ишонч бўлишини тилардим.
Энди ёмғир ҳам, шамол ҳам тинган, ҳаво ёришган, атроф ёруғликка тўлиб борарди. Бирдан эшик тагида аста рақс тушаётган сарвиқомат аёл ёдимга келди ва бурилиб остона томон қарадим. Лекин у негадир кўринмас, бироқ энди менга бунинг сира қизиғи қолмаган, суҳбатдошимнинг ҳикояси хаёлимни банд этиб бўлганди.
— Хўш, — дедим энди батамом хотиржам. — Даволатганингиздан кейин болали бўлгандирсиз?
Шу пайт қалтис савол берганимни пайқаб қолдим. “Йўқ, деса қандай аҳволга тушаман. У-чи? Ўзи кўп савол бериш дўхтирларнинг касбий одати”, ўйладим кўнглим ғашланиб.
Йигит худди сабримни синаётгандек пиёладаги совиб қолган чойни шошмай симирди. Кейин давом этди:
— Қайни синглимнинг эрини машина босиб, тўртта боласи етим қолганди. Шулардан олмаймизми, деб кўп маслаҳатлашдик: савоб бўлади, бизга ҳам яхши, унга ҳам дедик. Тағин ўйладик: Ҳой, инсонмисизлар ўзи, кимга тўй, кимга азами, деб қолса қанақа одам бўламиз. Таваккал қилиб бориб айтдик. Бечора, катта-катта кўзларини очганича бизга бақрайиб қолди. Кейин тескари қараб олганди, елкалари учиб-учиб тушди. Назаримда, жимгина юм-юм йиғларди. Кўрпачага қараганча ҳайкалдек қотиб қолдик. Кейин… Э, агар қўлимдан келса, вақтга ҳайкал қўярдим, одам боласи ҳамма нарсага кўникаркан. Бироздан кейин бурнини тортиб-тортиб бизга қаради. Сўнг кўзлари қизарганча: “Майли, — деди овози титраб, — пешонамга ёзилгани шу бўлгандан кейин нима ҳам қила олардим”.
Мана шунақа. Ҳозир ўша асраб олган болаларимизнинг иккови ҳам мактабда ўқишаяпти. Оналари азиз меҳмонимиз, уйига ҳам юбориб турамиз. Болалар уники ҳам-да.
Йигит бирдан завқланди:
— Мана энди худо ўзимизга ҳам берди. Ўғил! Дўхтирларнинг айтишларича, соғлом, полвон йигит.
— Қачон? Неча ёшга чиқди? – дедим мен ҳам тўлқинланиб.
Йигитнинг кўзлари баттар ёнди.
— Э, бугун, ҳозир, бир соат бўлди!
— Унда табриклайман, — стулдан ярим туриб қўл узатдим. Қувонаётганимни тасдиқлаш учун давом этгим келди. — Исмини нима қўймоқчисиз?
— Бу бизнинг иш эмас, домла. Онам борлар. Ўғил бўлса Бекмурод қўямиз деганлар. Аммо лекин зўр-а! Ахир ҳаммамиз муроду мақсадимизга етаяпмиз, тўғрими?
— Жуда тўғри, — дедим ва шошиб сўрадим. — Олдинда кўп тўйлар бор экан. Айтарсиз?
— Албатта. Янги “Нексия” олганман. Қорасидан. Савлатли-да. Шуни сизга юбораман. Тағин ўйламанг хушомад қилаяпти, деб. Менга вазифангизнинг сира аҳамияти йўқ. Фақат ўғилчалик бўлганимда биринчи учратган одамимсиз, холос. Ўртанча ўғлимизнинг суннат тўйига қўшиб, ўзимизнинг дала шийпонида катта ош бераман. Етти карнайчи-сурнайчини айтаман. Би-и-и-р қишлоққа жар солсин.
Йигит баттар завқланиб ўрнидан турди:
— Атроф боғ. Қора, сариқ гилослар пишиб ётган бўлади. Еримиз баланд. Анҳорга чархпалак ўрнатганмиз. Боққа сув ҳайдайди. Қушлар… Балки жа-а-а, оширворди деяётгандирсиз. Сираям! Борсангиз кўрасиз. Товусларим ҳам бор. “Прокат”га сўраб туришади. Шийпонда бир кеча қоласиз. Ана жаннат! Тоза ҳаво — дардга даво. – Йигит тараддудланди. — Энди мен бориб, қон топширай. Вақти-вақти билан шундай қиламан. Майли, қайсидир касалга керак бўлар.
У ташқарига йўналди. Шунда йигитнинг бўй-бастини яққол кўрдим. У аввал ўйлаганимдек озғин, нозик эмас, аксинча, кенг елкали, ўзига ишонган, алпқомат эди.

* * *

Хонамга кириб, оқ халатимни кияётгандим, кимдир эшикни сабрсизларча тақиллатди. То киринг дегунимча эшик ғийқиллаб очилди. Ўгирилиб қарасам кафеда кўрганим — ўша аёл! Сочлари орқасига чиройли турмакланган, юпқа плаши ёқаси юқори кўтарилган, кечирасиз, оёғига ҳам қараб улгурдим, мих пошна “лодка” кийган. Қарашларида беписандликми, киборми сезилиб турарди.
— Келинг, — дедим жойимга бориб ўтириб. – Нима безовта қилаяпти?
Шундай дедиму боя тамаддихонада тасаввур этганимдек юзи сутга чайилган мисол оппоқ эмаслиги, ичидан қорамтир сариққа тортаётганлигини пайқадим. Лекин нимпушти бўёқ суртилган бордан йўққина ингичка лаблари ва албатта, жон олгучи қоп-қора, ўйноқи кўзлари таъсирига тушиб қолдим.
— Гапингиз қизиқ-ку, — деди у сўрамасдан ҳам рўпарамдаги стулга чўкаркан. — Ўзи сизга нега келишади? Кашандаликдан қутилиш учунми?
Кутилмаган таънадан гангиб қолдим.
— Ҳа, ҳа, албатта. Лекин барибир суҳбатлашишимиз керак. Суҳбат эса ўзингиз биласиз, савол-жавобдан иборат бўлади, — дедим аранг.
— Розиман. Лекин аввал мен савол бераман, хўпми?
— Хўп.
— Чекишни ташлаб бўладими?
Аёл шундай дедию менга ишва билан қараб тураверди. Боқишига бардош беролмай кўзимни олиб қочдим.
— Бу иродангизга боғлиқ, — дедим энди унга қиё боқиб.
— Ирода? Бу расмий гап. Ҳаракат денг қўйинг.
— Хўп, шундай бўла қолсин.
У оёқларини чалиштирганча, ўрнашиб ўтириб олди.
— Бунга ироданинг нима алоқаси бор, ҳайронман. Дори беринг қўйинг-да. — Кейин овозини баландлатиб давом этди. — Эрим агар кашандаликни ташламасанг қўйвораман деяпти. Тағин айтади: бунақа тутунхўрлигингни билганимда сенга икки дунёда ҳам яқин йўламасдим. Менга инвалид бола керакмас, дейди. Жоҳил! Ўзи уйда бўлмайди ҳисоб, узоққа автобус ҳайдайди. Рашк қилганига ўлайми! Алмисоқдан қолган гапни қайтараверади. Бир кун астановкада оғзида сигарет билан бола эмизиб ўтирган хотинни кўрганмиш. Бола йиғласа ҳам тортиб-тортиб чекармиш. Сўкиб берипти. Ўзи чекмайди-да. Ўшани таниркан. Юрагими, ўпкасими касал бола туғипти. Шунга сиздан сигаретга қарши дори сўраб келдим. Топиб берарсиз, ҳарҳолда эримдан ажралиб қолишимни хоҳламасангиз керак? — Аёл жилмайганди думалоқ икки юзидаги кулгичлари ўйнаб кетди. Афсус, унинг чиройига зид ҳолда кўп чекувчиларда бўлганидек чакаклари ичига торта бошлаганди.
– Ҳа, албатта, қўша қаринглар, — дедим жиддий. Кейин сўрадим:
— Энди савол бериш менинг навбатим, шекилли.
— Розиман. Фақат бўладиган гапни айтинг. Фирмада иш кўп. Тутатишгаям вақт йўқ. Шунинг учун сизни кутиб кафе эшигида бир хумордан чиқдим.
Хаёлимга боя унинг орқа ўгирганича бир қўлини тез-тез юзи томон кўтариб тушираётгани келди. Демак, ўшанда чекаётган экан.
— Неча йилдан бери чекасиз?
Аёл бошини баланд кўтариб, қаҳ-қаҳа отиб кулганди оғзи тўла тилла тишлари ярақлаб кетди.
— Стажингиз демоқчисиз-да? Вой, кў-ў-п!
Кейин қизиқ, шу ондаёқ жиддийлашганди сурма тортилган мастона кўзлари бурчакларида кулганида пайдо бўлган билинар-билинмас ажинлар кўринмай қолди. Шу тобда рўпарамда ҳали тамаддихонада ўтирганимда мен ўйлаган соҳибжамол, ҳаёли аёл эмас, аксинча, қандайдир чапани, эркаксифат хотин турганини пайқадим.
— Тушунарли, — дедим бошимни сарак-сарак қилиб. Сўнг ўйладим: бу таманно хонимчага никотин сарғайтирган ўзининг туғма тишлари аллақачон сира ярашмай қолган бўлса керакки, тилла тиш қўйдириб олган. Таваккалига сўрадим. — Камида саккиз-ўн йил бўлгандир?
У кафтлари билан тиззаларини шапиллатиб урди:
— Бало экансиз, топдиз!
Кейин жимиб, ўй сургандек ҳикоя қилди:
— Отам амалдор эди. Мени жуда яхши кўрарди. Уч ўғил ичида ёлғиз қиз бўлганим учун кўп эркалатарди. Лекин характерим ўғил болага ўхшарди. Ҳозир ҳам! — У кулди. – Ўшанда эркалигим тутса, акаларимни тутиб олиб уришдан ҳам тоймасдим. Отам ўғил бола қизимга ҳамма нарса мумкин, дерди. Билмайман, қайси синфда ўқиётганимда токчада турадиган отамнинг сигаретини чекардим. Аввал ҳавасга, кейин одат бўлди қолди. Акаларимга агар отамга айтсаларинг кунларингни кўрсатаман, дердим. Қўрқишарди. Чунки отам кўп ичиб келар ва бундай пайтларда уччала акамниям дўппослашдан тоймасди.
Аёл бирдан сергакланиб, қўл телефони соатига қаради:
— Кеч қолаяпман, ака. Мана, тарихимни ҳам эшитдингиз. – У чақмоқтошдек қора сумкасидан бир даста йирик пул чиқарди. — Хўш, қанча туради?
Кўнглим баттар хижил бўлиб:
— Дори бизда бўлмайди, — дедим. — Аввал анализ топширишингиз керак. Ўпкангиз, умуман, соғлиғингизни текширишимиз лозим.
Шундай деб тиббий кўрикка йўлланма ёзишга тутингандим аёл бақириб юборди:
— Нима, мени бекорчи деб ўйлаяпсизми? Чекишни ташлашга ҳам шунча оворагарчиликми?
Аёлнинг бақириғи унинг келишган қоматию чиройли чеҳрасига сира мос эмасди.
У жавобимни кутгандек бир зум ўқрайиб турди-да, ҳайронлигимдан таажжубланиб, ҳафсаласи йўқолди ва қўлини силтади. Кейин зардали пичинг қилди:
— Фу-у! Шунгаям асабимни бузишим керакми? Қўйворса қўйвормайдими, бошқасига тегволаман. — Бу гапни ҳазиллашиб айтдими ёки чин – тушунолмадим.
Аёл шаҳд билан туриб чиқдию кетди. Менда эса у ҳақдаги илгариги тасаввуримдан зарра ҳам қолмаган, умримда ҳанузгача сира туймаган атир аралаш ўткир сигарет ҳиди, аллақандай тушунарсиз бир нарса кўнглимни беҳузур қиларди.

* * *

Ҳикоям шу ерга келганда ўйланиб қолдим. Нима, бу аёл чиройли бўлгани учун… ёмонми? Йўқ, яхши, аниқроғи соҳибжамол. Лекин донишманд ёзувчилардан бирининг инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак, деган ҳикматли гапи ҳам бор. Айни чоғда тамаддихонадаги суҳбатдошимнинг “полвон” аёли кўз олдимга келди. Фермер аёл… Дилим ёришди. Ў-ў, у бошқа бир дунё. Аввало эри! Айтгандай, ишхонамнинг манзилини сўраб олганди. Тўйга чақирармикан? Чақирса, албатта бораман…