Абдусаттор Ҳотамов. Тоға-жиянлар (ҳикоя)

У қоровулхона йўлагидан кетаётиб бежиримгина қўл телефон топиб олди. Сиртига тилла суви югуртирилган бўлиб, ажабки, фақат учтагина тугмачаси бор эди: яшил, қизил ва яна овоз белгисини кўрсатувчи тўлқинли чизиқчалар тортилгантугмача!
Қари-қартанглар, кўзи ожизлар учун овоз билан истаган одамини чақириб берадиган “сотка”лар ҳам чиққан, деб эшитганди. Демак бу ўшанақасидан экан-да. Кимники экан… Бир-икки кишига кўрсатди, елка қисишди. Қўл телефонга ишқибозлиги йўқлигидан уйига элтиб ташлаб қўйди-да, унутди.
Ҳайдар уч кунда бир “смена”га келади. Каталакдек қоровулхонасига кириб олиб, эртадан кечгача ўтиб-қайтувчилар билан савол-жавоб қилади: “Хўш, қаёққа?”. “Танимаяпсизми, товуқбоқарман-ку, цехга”. “Балки кеча ишдан бўшагандирсан, ҳужжатингни кўрсат”. Яна бошқасининг йўлини тўсади: “Ҳов оғайни, қаёққа бораяпсиз?”. “Хўжайинга”. “Ия, шаҳар бедарвоза эмас! Тўхтанг, олдин у кишидан рухсат сўрай”. Шундай деб стол устидаги тошбақадек телефон аппаратига қўл узатади. Агар шу ерда ишлаётган бош ҳисобчими, цех бошлиғими – хуллас, амалдорроғи рўпара келса лаганбардорлик қилиб ўтирмайди-ю, бироқ оғир қўзғалади: “Э, хуш кўрдик, хуш кўрдик, яхши келаяпсизми?” дейди, холос.
Гармдори нусха дўпписини бошига қийшиққўндирган, оқиш лўппи юзида қон томирлари бўртиб турган бу одамдаги сал илжайишҳар қандай кишида унга нисбатан меҳр уйғотади.
Кечқурун ишдан кейинги машмашани қўяверинг. Қовоғи уюлиб, юпқа лаблари қисилади. Эшикдан ҳаммани чўнтагидан тортиб, халтасигача текшириб чиқаради. Баъзан қоровулхонада бақириқ-чақириқ бўлиб қолади. Кимдир тухум олгану ҳужжатини тўғриламай чиққан ёки товуқ гўштини уйидан овқат келтирган кастрюлкасига яширинча солиб олиб чиқаётган бўлади. “Ноинсофлар, — дейди улар қайтиб кетгач, — кўпнинг ҳақини еб бўладими, тешибчиқмайдими!”. Аёлларга келганда кўйлаклари устидан пайпаслаб кўришни жуда истаса-да, бундай қилишдан чўчийди. “Ия, мени ким деб ўйлаяпсиз?”, деб сумка ёки мушти билан тушириб қолишларидан қўрқиб, “Қани, қўлингиздагини бир очиб кўрсатинг-чи”, дейди холос. Кейин бўйнини чўзиб қараб хотиржам бўлади-да, боши билан “Ўтаверинг”, ишорасини қилади.
Шу тариқа “смена”ни ўтказади-да, эрталаб шериги келгач, овқатдан бўшаган идиш-товоғини халтасига солиб, шақиллатганича уйига қайтади. Ўрик остидаги симкаравотда бироз мизғиб олиб, ҳовлисидаги экинни чопади, мол-ҳолга қарайди. Кечга яқин оёқ-қўлларида чарчоқ туяди, кўчага чиқиб, темир дарвоза тагидаги ёғоч ўриндиқда тин олади.
Қишлоқ кичкина бўлгани учун ҳаммани танийди. Биров помидор сотиб, яшигини кўтарганича бозордан қайтади, бошқаси ҳай-ҳайлаб сигир-бузоғини даладан қайтариб келади, яна бири кўчага ёйиб қўйган бедасини паншахада титади. Ҳайдар буларнинг ҳаммаси билан бозор-ўчар, мол-ҳол, экин-тикин тўғрисида гап сотиб кўради. Кўнгли жойига тушгандек бўлади. Ҳар ҳолда маҳалла-кўйдаги янгиликлардан хабардор бўлиб туриши керак-да.
Албатта, ўтган-кетганнинг Ҳайдарга ҳам илтимоси бўлади. Қўшниси тухум олиб беринг деса, нариги кўчадаги деҳқон товуқўғити экинни хўп қутуртириб юбораркан, бир арава олиб берсангиз-чи, деяўтинади.
Унисигаям, бунисигаямйўқ демайди. Лекин ёнига ўтқазиб олиб ўзича тушунтиради: “Уйда тўртта товуқ боқсангиз бўлмайдими, пулингиз ёнингизда қолади. Хоҳламасангиз, дўкон тўла тухум”. “Сиз сўраётган ўғитни ҳовлига солиб бўлмайди, қўшни. Ҳидига кўз очолмай қоласиз”.
Ҳайдар бу гаплари билан маҳалладошларини ранжитаётганини билса ҳам сира хижолат бўлмайди. Ахир, минг пулини тўлаб олса ҳам товуқхонада нима деб ўйлашади: “Ўзи қоровул-да, йўлини қилиб олиб чиқаяпти, бошқа бировга дона тухум чиқартирмайди”.
Бунинг устига раҳматлик отасининг васияти бор: “Тўғри ўйла, тўғри сўйла, тўғри юр! Шунда мен тинч ётаман”.
Тирикчилиги туппа-тузук ўтиб турибди. Маоши тайин, ҳар ой мукофот беришади, тўйларида гўштдан ёрдам кўрсатишади. Йиғилишларда ҳалоллигини мақташади. Ўғиллари ёнига кириб қолган. Ҳовлисидаги каталакда ўн-ўн бешта товуғи, қўрасида қўйи, бўйрадеккина жойда иссиқхонаси бор. Бўш вақтларида шулар билар андармон.
Шуларни ўйларкан хаёлига тоғаси келди. Соғ-омонмикан? Анча йил бўлди кўрмаганига. Отаси раҳматлик унга “Сени шу одам ишга жойлаган, ҳолидан хабар олиб тур”, деганди.
Тоға ўша пайтларда товуқхонада омбор мудири эди. Тухумми, гўштми, емми — ҳаммаси унинг қўлидан ўтарди. Ҳайдар орқаворотдан тўғрими, нотўғрими ёки лофми эшитганди: “Тоғадаврида тонна-тонна ем омборга етиб келмай қаёққадир гумдон бўлган, минг-минглаб тухумцехда синди, деб ҳисобдан чиқарилган, етим-есирларга дея ажратилган қанчадан-қанча тухум ва гўштлар бозорда сотилган”.
Паррандабоқарлар эса шикоят қилишаркан: “Товуқлар нимжон, тухум камайиб кетаяпти, бунинг устига майда”. Тўғри-да, товуқлар тўйиб донламаганидан кейин қаёқдан ҳам тухум берсин. Ишхона қарзга ботиб борарди.
Янги директор анча кузатиб юрди. Омбор мудирининг қилмишларини пайқаб қолди-да, ишдан бўшатди.
Ҳайдар ана шу воқеа арафасида қоровулликка ишга келган, тоғаси унданманфаатдорбўлолмай қолганди.
Одам дегани барибир яхшиликни унутмас экан. Ҳайдар бу машмашаларни эшитган эса-да, ўгай бўлса ҳам барибир тоға-да, кўчадаги ўриндиқда ўтириб, уни бир кўргиси келди. Ҳовлига кирди, товуқ катагига бош суқиб, тўрт-бешта тухум олди. Боғ этагидаги қирмизи олмадан саралаб беш-олтитасини узди. Гузардаги новвойдан бир жуфтёғлиқ патир, бозордан мева-чева олиб қўшди. Халтасига бундоққараганди камроқ кўринди. Тоғамнинг овқат қилиб берадиган одами йўқ, жудабўлмаса қовуриб ер, деб ўйлаб ортига қайтди. Дўкондан яна ўнта тухум олди ва кўнгли тўлгандек бўлди.
Эшик қия очиқ экан. Йўлакка кириб “Тоға, ҳов тоға!”, деб овоз берди. Жим-житлик. Анча ичкари юриб, ҳовли ўртасига келди. Қаттиқроқ чақирди. Атрофида қатор хоналар салобаттўкиб турар, ўртадаги фаввора кўпдан бери ишламаган шекилли, оппоқ кафелли думалоқҳовуз ичи қуриб-қақшаб ётар, атрофини ғумаю қўйтиканак босиб кетганди. Бир пайтлар бу жойда тоғанинг қадрдонлари беармон улфатчилик қилишган, не-не бўйни узун шишаларни думалатиб ташлашган…
Тоғанинг кампири қон босимидан вафот этган, тоға қанчалик хоҳламасин ёлғиз қизи бу ерга кўчиб келишни истамас эди. Янада аниқроғи куёви буни хоҳламас, қайнотасининг ҳашаматли кошонасидан кўра ўзининг пешона тери эвазига қурилган одмигина уйида яшашни маъқул кўрарди. Яхшиямки, қўни-қўшнилар тоғанинг ҳолидан хабар олиб, ош-овқатдан қарашиб туришади. Ҳайдар буларни эшитиб, кўнгли ғашланар ва ажабо, шу топда тоғам ўгай-ку, шунгаям хижолат бўламанми, деган юпанч билан таскин топарди. Айни чоғда ўз хаёлидан ҳам уялиб кетади. “Лоақал йилда бир бориб кўрмаслик гуноҳ. Ахир у яхшилик қилган, уйланаётганда ота-онаси “Келиб-келиб тоғ тепасидаги қизга кўнгил қўйдингми?
Тоғдан келин қилмаймиз”, деб оёқ тираб туриб олишганида уларни кўндирган ким? Шу тоғаси! Кейин тўй юборар куни ароққа тўйволиб “Бу дунёда ўйнаб қол…” деб чапаниларча ўйинга тушган, ҳаммани ўзига қаратган ҳам шу одам! Буни билмаслик… Шуларни ўйлаб кўнгли ёришди.
– Тоға, – деб қаттиқроқ чақирди у. – Ҳов, уйда ким бор?
Ҳовли этагидан ниҳоят “Ким у, келаверинг!” деган уйқудан кейинги бўғиқ овоз эшитилди.
Ҳайдар ўша томон юрди.
– Ия, сенми, жиян! – тоға қадам товушини эшитиб каравотига туриб ўтирди. Ҳайдар илдам юриб борди ва … узатган гўштдор қўли ҳавода муаллаққолди. Тоғанинг кўз қорачиғлари лоқайд ва бепарво эди.
Қотиб қолди. “Келмаганимга икки йил бўлди, шекилли. Наҳотки соппа-соғ одам… Э, тақдирнинг ўйини…”, деб ичи ачиди.
Бўғотдаги бир жуфт қалдирғоч тинмай чуғурлар, галма-гал учиб бориб, тумшуқларида аллақаёқлардан лой парчаларини келтириб, уста ҳунарманд мисол пишитиб-пишитиб уя ясарди.
Ҳайдар эшитгандики, ароқнинг ёмони бора-бора кўр қилади. Тоға эса маишат деса ўзини томдан ташларди. У пайтлар ароқ кам. Тухумга хуфёна бўлар-бўлмас спирт алмашиб, маишат қилиш, оқликка, жониворлар насибасига хиёнат натижасими бу?
У шундай хаёллар оғушида темир каравот четига аста чўкди-да:
— Иссиқ патир олиб келгандим, — деди оғзидан гаплари тўкилиб. — Еб олинг. Айтгандай, тухум ҳам бор. — Бирдан жонланди — Хонаки тухум! Ўзимники. — У ўтирганича каравотдаги халтачани титкилай кетди.
Тоғанинг тундчеҳраси бирдан ёришди:
— Тухум?! Олчи… кўп йил бўлди-я тутмаганимга. – У дўрдоқ лабларини чўччайтириб бошини чайқади вабир “уф”лади-да,эгилиб икки қўлини чўзди.
Ҳайдар халтасидан битта тухумни олиб узатди.Тоға уни авайлаб силади, қулоғи остига олиб бориб, силкитиб-силкитиб кўрди. Кейин ҳидлади. Бир оз жим қолди ва кутилмаганда йиғлоқи овозда бақириб юборди:
– Эй, нега мени алдайсан?! Бу товуқхонанинг тухуми, билдинг! Ахир, мен ўттиз йил ишладим у ерда! Кўр бўлсам ҳам ҳидидан, ичидаги сариғи қимирлашидан биламан!
Кейин бошини эгиб жим қолди. Ҳайдар янглишганини, уйникини эмас, балки гузардаги дўкондан олган тухумни тутқазганини пайқади ва тоғанинг аллақандай нотабиий сезгирлигидан ҳайратга тушди. У икки қўллаб халтачасини бесаранжом кавлаётганди, буни сезган тоға кафти билан унинг елкасига туртди:
– Керакмас, барибир шуниси яхши.
У тухумниҳидлаб жим қолган, бепарво ва жиддий эди.
Қалдирғочлар ҳамон лой ташиб келар, битай деб қолгануясига санъат асари каби зеб беришда давом этарди. Тоға яланг бошини чап қўли кафти билан силади:
— Кечир, жиян. Шунақа бўлиб қолганман. Товуқхонани соғиндим. Жуда. Ҳиди… кўп-кўп тухумларни эслатади. — Яна бироз жимликдан сўнг сўради: —Хўш, оламда нима гап?
Ҳайдар жонланди? Ўғли зоотехниклик ўқишини битириб, шу фабрикада ишлаётгани, товуқларга компютер ёрдамида ўлчаб ем-сув берилаётгани, тухумлар синиши камайгани, ҳамма паррандаларни эллик-олтмиш киши ўрнига бир одамбоқаётгани, ҳатто ўзи ишлайдиган қоровулхонада ҳам назорат аппарати ўрнатилганини оғзини тўлдириб айтди.
— Яхши, яхши, — деди тоға дардли овоз билан. — Ҳаммаси яхши. — Унинг гап оҳангида хасад йўқ эмасди, лекин хавас ҳам борлигини Ҳайдар сезаётганди.
У ҳамон титроқли ўнг қўли кафти орасидатухумни тутиб турар, елкалари билинар-билинмас учиб-учиб тушарди. Ҳайдарнинг, буни олинг, деб узатган хонаки тухумгапарво ҳам қилмасди.
— Сендан битта илтимосим бор, — деди бир маҳал тилга кириб. — Эшитдимки, овоз билан ишлайдиган қўл телефони чиқибди. Шунақасидан топиб келсанг, жиян.
Тоға тухумни хонтахта устигақўйганди, думалаб борди-да, тўп этиб чим босган ерга тушди.
– Синмади-а, – деди у ҳайрат билан. – Қобиғи қаттиқ экан. Товуқлар тўйиб ем еган, шекилли.
Ҳайдарнинг ҳайронлиги ошди. Қўлидаги тухумни халтасига солишдан бошқа чора қолмади.
– Яна бир илтимос, – тоғанинг овози энди майинлашди. – Олиб келадиган телефонингга қўнғироқўрнига хўрознинг қичқириғини ёздиргин, хўпми?
Ҳайдар “хўп” дедию жойидан жилолмай қолди. Кўнгли бузилди: “Тоға, сизни зўр дўхтирга обориб тузаттираман”, деди аранг. Ва юраги ачишиб ўйлади: “Бир пайтлар савлатидан от ҳуркадиган одамнинг аҳволими шу?”
Тоға икки кафтини юзларига суриб Ҳайдарни узоқ дуо қилди. Сўнг ёстиқ ёнидаги қора кўзойнагини тақиб:
— Жиян, очиғини айтсам, дардимга фақат хўроз қичқириғи даво, — деди.
Ҳайдар халтачасини бўшатиб, ердаги тухумни олиб хонтахта устига қўяркан ажабланди: нега хўроз қичқириғи? Балки ёшлиги, гуриллаган йилларини ёдига солар…
Йўлда кетиб бораркан, қоровулхонаси йўлагидан топиб олгантелефонни эслади. Бу матоҳ хўп тоғамбоп экан-да, деган ўй ўтди кўнглидан.“Йўқ, — деди ичида кимдир, — у бировники-ку. Бечора ҳали номер ҳам олмаган экан, яп-янги”.
Эртасига телефонни қоровулхонаси шифтига мих қоқиб, ипга боғлаб илиб қўйди. Кириб-чиқаётганлар телефонга назарлари тушиб, Ҳайдарга ишшайиб ғилай қарашар, кейин жиддийлашиб кўзларини олиб қочишарди. У эса бу кимники, деб сўрайдиган анойи эмас. Эгаси топилса ўзи айтади, хаёлидан ўтказди хотиржам.
Ҳар ишга келганида бу қимматбаҳо антиқа телефонни чўнтагидан олиб ипга илар, лекин бир ой ўтса ҳамки, биров, ия бу меники-ку, демасди. “Кел, тоғамга олиб бориб бера қолай, — деб ўйлади яна. — Бу ҳам савоб-ку”. Шу топда қулоғига аллаким таънали пичирлади: “Ҳа, писмиқ, ҳа, ўғри! Ҳеч ким билмайди деяпсанми!? Бекорларни айтибсан. Отангнинг васияти ёдингдан чиқдими?!”
У яна ниятидан қайтди. Тоғам учун бошқасини сотиб оларман, деди-да, туман марказига қараб кетди.