Абдурауф Фитрат. Мухтасар Ислом тарихи

МУҚАДДИМА

Тарих таърифи

Тарих миллатларнинг ўтмишини, тараққиётини ҳамда таназзулининг сабабларини ўргатувчи фандир.

Тарих тақсими

Тарих икки қисмдан иборат: умумий тарих ва хусусий тарих. Барча миллат ва жамиятларнинг ахволини баён қиладшан соҳа умумий тарих, деб аталади. Хусусий тарих биргина миллат ва биргина жамиятнинг тарихини ёритади. Ислом тарихи ҳам хусусий тарих жумласига киради; бинобарин, Ислом тарихи Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.)нинг дунёга келишларидан ва Ислом динининг дунёга тарқалишидан баҳс қилиб, Ислом оламининг тараққиётини тушунтириб беради. Ислом тарихини билиш барча мусулмонлар учун фарздир.

Биринчи қисм

САОДАТ ДАВРИ

Рум ва Эроннинг Исломдан аввалги аҳволи

Исовий (христиан) дини тарихининг беш юзинчи йиллари дунёда икки улуғ давлат мавжуд бўлиб, буларнинг бирини Рум ва иккинчисини Эрон, дер эдилар. Бу икки давлат подшоҳларидан бири доимо иккинчисининг устига лашкар тортиб, ўртада узоқ давом этган жанглар бўлар эди. Натижада икки томон ҳам ҳолдан тояр, иккови икки томонга чекинган ҳолда яна лашкар тўплар, халқнинг ҳисобига пул тўплаб, яна янгитдан жангга ҳозирлик кўрар эдилар. Жабр-зулм остида қолган бу мамлакатларнинг халқлари бот-бот исён кўтарар, турли диний ихтилофлар баҳонасида подшоҳларини ағдариб ташлаш қасдида бўлар, хуллас, фисқ-фужур, ахлоқсизлик, зўравонлик ва босқинлар бу юртларда кенг тарқалган эди. Натижа ўлароқ, бу юртлар кундан кунга хароб аҳволга келиб, халқнинг сони камайиб борарди.

Араб ярим ороли ва у ердаги халқнинг аҳволи

Бу икки мамлакатнинг жануб тарафида бошқа бир қитъа бор эди; уни Араб ярим ороли (Жазиратул-араб), деб атаганлар. Бу ернинг халқи асосан араблардан ташкил топган. Араб ярим ороли Рум ва Эрон юртлари каби обод эмас, балки кўп ерлари қумликдан иборат бўлиб, баъзи қитъалардагина обод манзиллар мавжуд эди. Бу қитъалардан энг машҳури ва мубораги Ҳижоздир, чунки бу қитъада Макка билан Мадина жойлашган. Харитага қарасангиз кўрасизки, Ҳижоз қитъасининг бир тарафи Қизил денгиз ва бошқа бир тарафи чўлдир. Бу жойларни Рум ва Эрон давлатлари эгаллай олмаганлар. Бу ерда яшовчи халқлар Рум ва Эрон каби ўз ҳукуматларига эга бўлмай, қабила-қабила, яъни тўп-тўп бўлиб яшаганлар. Ҳар бир қабиланинг ўз сардори бўлган.
Барча араблар жоҳил ва бадавий (саҳройи) бўлганлар. Чўпонлик ва қароқчилик билан кун кўрганлар. Бирон йил бўлмаганки, бир қабила иккинчисига ҳужум қилмаган, ўртада қон тўкилмаган бўлсин. Барча қабилаларнинг диии бутарастлик эди. Макка шаҳридаги Каъба хонасида 360 бут (санам) ўрнатилган бўлиб, ҳар бир қабила ўзига тегишли бутга сиғинар эди. Қиморбозлик ва шаробхўрлик уларнинг кўнгил очар ишлари бўлган. Агар уларнииг хотинлари қиз туғса, ор қилиб, бегуноҳ гўдакларии тириклайин ерга кўмар эдилар. Хуллас, на фақат Рум ва Эрон ёки Араб ярим оролидаги қабилалар, балки бутун олам давлатлари хароб аҳволга келган эди. Буюк Ҳазрати Парвардигор бу дунёнинг харобаликларини хоҳламас эди, шунинг учун бот-бот пайғамбарлар тайин қилиб, улар орқали панд-насиҳатлар қиларди. Аллоҳ таоло жуда кўп пайғамбарлар юборгандан сўнг, энди ҳақдин билан охирги пайғамбарни юборишга қарор қилди, аммо охир замон пайғамбарини Рум ва Эрон каби буюк давлатлардан танламади, чунки бу давлатлардаги одамлар кўп беахлоқ, беандиша ва беғайрат бўлиб кетган эдилар. Аммо Араб ярим оролидаги Ҳижоз араблари Рум ва Эрон подшоҳларига ҳеч вақт тобеъ бўлмаган ва у мамлакатларнинг халқлари билан борди-келди қилмаган эдилар; ҳарҳолда ахлоқда улардан мумтозроқ эдилар. Уларнинг хислатларидан баъзилари шуки, улар мусофирпарвар, ростсўз, ғайратли, сўзамол ва шоирлик иқтидорига эга эдилар. Бинобарин, Худойи таоло у буюк Пайғамбарни араб қавмидан тайин қилдики, ул жаноб бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад ъалайҳиссалом бўлдилар.

Ҳазрати Расули акрам алайҳиссаломнинг дунёга келишлари

Юқорида айтдикким. араблар қабила-қабила бўлиб яшаганлар. Ҳижоз араблари ҳам шу каби бир неча қабиладан таркиб бўлган. Уларнинг ичида энг улуғ ва эътиборлиси Қурайш қабиласидирки, зеро Каъбага хизмат қилиш уларнинг қўлида эди. Қурайш қабиласининг бир сардори бўлиб, уни Абдул-Муталлиб, деб аташган, унинг Абдуллоҳ исмли ўғли бўлиб, Абдул-Муталлиб бу ўғлини бошқаларидан кўпроқ яхши кўрардилар. Омина исмли араб қизини никоҳлаб бердилар. Орадан етти ой ўтгач, Абдуллоҳ савдогарлик важҳидан Мадинага бориб, у ерда вафот этадилар. Яна икки ойдан сўнг, исовий сананинг 570  йили, Рабъул-аввал ойининг 12-сида, душанба куни Аллоҳнинг раҳмати билан бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад ъалайҳиссалом бинни Абдуллоҳ Макка шаҳрида Оминадан дунёга келдилар.

Ҳазрати Пайғамбарнинг тарбиялари

Демак, юқорида айтганимиздек, Пайғамбаримиз дунёга етим келдилар, оталари оламдан ўтган эдилар. Боболари Абдул-Муталлиб ул ҳазратнинг тарбияларини ўз зиммаларига олдилар. Макка халқининг бир яхши одати бор эдиким, янги туғилган гўдакларни саҳройи энагаларга бериб, шаҳар ташқарисига чиқариб юборар эдилар. Абдул-Муталлиб ҳам ул ҳазратни Ҳалима исмли дояга бериб, шаҳардан ташқарига чиқариб юбордилар. Ҳалима бир йил ул ҳазратни тарбия қилди, сўнгра қайтариб топширди.
Ҳазрат олти ёшга тўлганларида оналари вафот қилдилар, саккиз ёшда эканликларида боболари ҳам вафот этдилар. Амакилари Абу Толиб ул ҳазратни ўз тарбияларига олдилар. Ўн уч ёшга тўлганларида Абу Толиб билан Шом шаҳри томон йўлга отландилар. Йўлнинг ярмида Буҳайро исмли бир насроний роҳиб ул ҳазратни кўриб, у кишининг баъзи аломатларидан Пайғамбари охир замон эканларин пайқади ва Абу Толибга: «Бу йигитни Шомда яҳудийлар таниб қолиб, зарар етказинглари мумкин», деди. Абу Толиб Буҳайронинг сўзига кириб, Маккага қайтиб кетдилар.

Пайғамбарнинг уйланишлари

Ҳазратнинг ахлоқ ва одоблари бисёр мақбул ва комил бўлган; ҳеч вақт ёлғон гапирмаганлар, ҳеч кимга хиёнат қилмаганлар, ноинсофлик, мурувватсизлик ва беҳаёликдан йироқ эдилар. Бинобарин, ҳазратнинг эътиборлари ортиб, кундан кунга зиёда бўлган. Макка халқи ул зотни Муҳаммад Амин, деб атади. Ҳазрат йигирма тўрт ёшга тўлганларида маккалик Хадича исмли молдор аёл у кишига молини бериб, Шомга юбордилар. Бу дафъа ҳам йўлнинг ярмида Настуро исмли бир насроний роҳиби у кишини кўриб, Шом сафарини манъ қилди. Шул сабабли молларини ўша ерда катта фойда эвазига сотдилар ва қайтиб кетдилар. Хадича ул ҳазратдан жуда мамнун бўлдилар. Йигирма беш ёшда эканликларида Хадичани ўз никоҳларига олдилар.

Ваҳийнинг келиши

Юқорида биз ҳазратнинг одоб-ахлоқлари ҳақида гапириб ўттан эдик, ҳазратнинг яна бир хислатлари шундан иборат эдики, бошқа маккаликлар ёки умуман араблар сингари бутларга сиғинмас эдилар, уларни бир тош деб билиб, чандон эътибор қилмас ва ҳатто ёмон кўрардилар.
Қирқ ёшга етганларида Аллоҳ томонидан Жаброил орқали «Иқра, бисми раббука» ояти нозил бўлди ва сўнгги уч йил ичида ҳеч бир оят келмади. Сўнг «Йа аййуҳал-муддассиру қум фа-анзир» ояти келди ва у ҳазратни пайғамбарликка амр қилди. Ул ҳазрат бу хабарни аввал Хадичага, сўнг ҳазрати Абу Бакр ва Алига етказдилар; уларнинг ҳаммалари мусулмон бўлишди. Ҳазрати Али бу пайтларда гўдак эдилар. Айтадиларким, энг аввал мусулмон бўлган кимсалар — аёллардан Ҳазрати Хадича, эркаклардан ҳазрати Абу Бакр, гўдаклардан ҳазрати Али мусулмонликни қабул қилганлар. Бундан сўнг ҳазрати Абу Бакрнинг далолати билан Макканинг бир неча улуғлари мусулмон бўлдилар. Дастлаб мусулмонларнинг сони йигирма кишидан иборат бўлган. Ҳазрат бу янги мусулмонлар билан пинҳона ибодат қилардилар, суҳбат ҳам пинҳона эди. Аммо буюк ишларни доимо яшириб бўлмайди, шунингдек, янги дин ҳам буюк иш бўлиб, уни яширишнинг иложи бўлмади; ҳазратнинг Пайғамбарлиги Маккага овоза бўлди; ҳамма ҳайрон, баъзилари келиб ҳазратнинг ўзларидан сўрадилар ва ул зоти шариф тавҳид илмини уларга тушунтирдилар. Пайғамбар билан келиб суҳбатлашган баъзиларга янги дин маъқул келиб, улар ҳам мусулмон бўлдилар. Янги дин одамларни покизаликка, Худодан қўрқишга, эзгу ишларга даъват қилар экан, одамхўрлик ва беҳуда ишларни манъ қилар экан. Араблар бу динга рағбат кўрсатдилар. Лекин Макканинг айрим улуғлари, масалан, Абу Жаҳл ва Абу Суфён: «Агар биз мусулмон бўлсак, Муҳаммадга тобе бўлиб қолиб, улуғликни қўлдан берурмиз», — деб мусулмон бўлмадилар, айни пайтда мусулмонликни қабул қилган кишиларга ҳам кўп азоб бердилар. Ҳазрат кофирларнинг берган азобларидан нолимадилар, доимо Худо амрини бажо келтириб, уларни ҳам чарчамай Ислом динига даъват этдилар.

Ҳазрати Ҳамза ва ҳазрати Умарнинг мусулмон бўлишлари

Ҳазратнинг доимий сабот ва саъй-ҳаракатлари натижасида арабларнинг атоқли баҳодирлари жаноби Ҳамза ва Умар мусулмон бўлдилар, бундан мусулмонларнинг диллари қувватланди. Ҳазрати Умарнинг далолати билан Пайғамбар ъалайҳиссалом ўз ёронлари билан Каъба масжидига бориб ошкора намоз ўқидилар, одамларни мусулмонликка даъват қилдилар, кишилар бирма-бир, аста-секин келиб мусулмон бўлдилар.

Пайғамбар ёронларининг Ҳабашга кетишлари

Ул ҳазрат Пайғамбарлигининг бешинчи йилида мусулмонлар сони 300 га етди. Мусулмонларнинг сони орта бориши билан кофирларнинг ҳам зулми кучайиб кетди. Шунинг учун ҳазрат кимнинг хоҳиши бўлса, Ҳабашистонга боришлари мумкинлигини айтдилар. Пайғамбарнинг олий ҳимматлари билан бир неча асҳоблари Ҳабашистон юртига кетдилар ва у ернинг подшоҳидан мурувват кўрдилар. Ислом дини куч олгунга қадар асҳоблар ўша ерда истиқомат қилдилар, сўнгра Ҳазратнинг хизматларига қайтиб келдилар.

Хадича ва Абу Толибнинг вафотлари ҳамда муносабатларнинг узилиши

Кофирларнинг изза ва ҳақоратлари кўпайган сари мусулмон динига рағбат билдирувчиларнинг сони ҳам кундан кунга кўпая борди. Макка улуғларидан бўлган кофирлар мажлис ўтказиб, Пайғамбар ва у кишининг ёронлари билан ҳар қандай муносабатни узишга қарор қилдилар. Қарор натижаси ўлароқ аҳднома ёздилар: бундан кейин ҳеч ким мусулмонларга хотинликка қиз бермайди ва улардан хотин олмайди, улар билан саломлашмайди, савдо-сотиқ алоқаларини қилмайди. Бу аҳдномага имзо чекиб, Каъба дарвозасига осиб қўйдилар. Бу аҳднома уч йил ўз кучида турди. Кўпгина мусулмонлар бу аҳднома натижасидан кўп қийинчилик кўрдилар, аммо мусулмончиликни қабул қилувчи оламлар сафи тўхтамади. Оқибатда аҳдномадан ҳеч қандай наф бўлмай, кофирларнинг ўзлари бу аҳдномани йиртиб ташладилар, аҳли Ислом ундан халос бўлди.
Ҳазрат Пайғамбаримизнинг ваҳий ола бошлаганларининг ўнинчи йилида ҳазрати Хадича ва амакилари Абу Толиб дунёдан ўтдилар. Абу Толибнинг ўлимидан кейин Макка кофирлари Пайғамбаримиз ва мусулмонларга зулмларини ҳаддан ошириб юбордилар. Айни иайтда Расули акрамнинг меърожлари воқеъ бўлиб, ҳазрат моддий оламдан маънавий оламга сафар қилиб қайтдилар. Меърож тунидан бошлаб беш вақт намоз фарз бўлди.

Маккадан Мадинага ҳижрат

Кофирларнинг зулми ва зўравонлиги ҳаддан ошиб кетганлиги сабабли Расули акрам баъзан атрофдан келган мусофирларни Ислом динига даъват қилиш ва ўз тарафдорларини янада кўпайтириш учун шаҳар ташқарисига чиқар эдилар. Пайғамбарликнинг ўн иккинчи йили бир куни Мадинадан келган бир неча одамни мусулмонликка даъват қилмоқ учун шаҳар ташқарисига чиқдилар. Мадиналиклар Пайғамбаримизга агар сиз Мадинага келсангиз биз ўз мол ва жонимизни сиз учун кўмак йўлида фидо қилар эдик, дедилар. Пайғамбаримиз уларнинг бу қасамларига ишониб, таклифни қабул қилдилар. Бу учрашув Ақоба мавзеида содир бўлгани учун уни тарихчилар » Ақоба иттифоқи», деб атаганлар. Кейинги йилда Мадинадан яна бир неча улуғлар келиб «Ақоба иттифоқи»ни янгилаб кетдилар. Кофирларнинг қулоғига бу итгифоқ етиб боргач, мусулмонларга нисбатан ўз зулмларини янада кучайтириб юбордилар. Ҳазрат ўз асҳобларига Мадинага ҳижрат қилишни буюрдилар ва мусулмонлар якка-якка ва жуфт-жуфт бўлишиб Маккадан ҳеч кимга сездирмай чиқиб кета бошладилар. Кунлар ўтган сайин Маккада Ҳазратнинг ўзлари Абу Бакр ва Али билангина қолдилар. Кофирлар Пайғамбаримизнинг ёлғиз қолганликларини билгач, ул зотни тунда қатл қилмоққа маслаҳат килдилар, ул Ҳазратга Аллоҳ бу маслаҳатдан огоҳ этди ва ўринларига Алини ётқизиб, Абу Бакр билан бирга ўша куни Маккадан чиқиб кетдилар. Кофирлар Пайғамбаримизнинг кетиб қолганликларини билиб, излашга тушдилар, айниқса, Ас-Сабоҳ деган кофир кўп қидирди, аммо изларини ҳам топа олмади. Ул Ҳазрат Абу Бакр билан бирга саломат ҳолда Мадинага бориб етдилар. Улар келган кунни Мадина аҳли катта байрам қилди. Ҳазрат Али ҳам орадан уч қун фурсат ўтгач, Мадинага кириб келдилар. Ҳижрати Пайғамбарнинг ўн тўртинчи йилида, исовий 622-санани мусулмонлар ўз тарих ҳисобининг ибтидоси, деб билурлар, яъни ҳижрий йил шу йилдан бошланган.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.