Абдуқаюм Йўлдошев. Мих (ҳикоя)

I

Ўзбековуллик Беркин носфурушнинг тўнғичи то “Элмурод домла” бўлиб танилгунига қадар кўп қийинчиликларни бошдан ўтказди. Болапақир вилоят марказидаги ўзи тугаллаган институтда иш бошлаганида, кўпи билан тўрт йилда номзодлигимни ҳимоя қилиб оламан, деб мўлжаллаганди. Бироқ бу муддат нақ тўққиз йилга чўзилиб кетди, орада Элмурод пойтахтдаги университет аспирантурасида таҳсил олиб ҳам қайтди. Бундан ташқари, иш энди битай деган палла аввал отасидан, сўнг онасидан айрилиб қолди. Бу ёқда уч сингил унга мўлтираб қараб турибди; тўғри, ота-она ҳаётлигида каттаси турмушга чиққан, аммо, уч қовун пишиғи бўлиб қолди, умуртқа поғонасидаги чуррани муваффақиятсизроқ олдирган почча тўшакда михланиб ётибди, инчунун, жигарга кўмаклашиб турмаса бўлмайди.
Икки сингилни эл қатори тўй қилиб узатган, номзодлигини ёқлаган, ахийри овулда “домла” деб атала бошланган Элмурод бир куни зингил солиб қараб кўрдики, отадан мерос, бундан камида олтмиш йил бурун ҳашар йўли билан қурилган гувала уй анча чўкиб қолибди; гарчанд томига шифер қоқилган бўлса-да, қурт еб адо қилганми нима бало, ора-сира юпқа фанер ортидаги болорлар ваҳимали тарзда қисирлаб қўяди. Бу кетишда бир кун том “тап” этиб босиб қолиши ҳеч гап эмас. Буям камдай, пастаккина чордоққа ярим қоп буғдой олиб чиққан, эмаклаб бораётган Элмуроднинг қўллари орасидан йўғонлиги билакдай келадиган бир ола-чипор илон шувиллаб ўтди-кетди; ваҳимага тушган хотинининг йиғлаб-сиқдаб айтишига қараганда, бешикка ўрмалаб чиқаётган бош бармоқдай катталикдаги сариқ чаённи кўриб қолган-у, жон-жаҳди билан калишида урган, аммо жондор ўлмаган, бир юмалаб, ўзига келиб олгач, кигизнинг тагига кирган-кетган. Шундан буён дағ-дағ қалтирайдиган бўлиб қолган жувон кун-тун зах хонадаги икки юзлик чироқни ўчирмасдан, бешикни қучоқлаганча, кўзларини катта-катта очган кўйи тинмай атрофга аланглаб ўтиради…
Эҳтимол, бу галги режа ҳам ўзга минг бир ташвишлар билан банд бошда бир муддат изғиб юргач, номаълум муддатга унутилиб кетиларди, аммо бош бармоқдай сариқ чаён кўринишидаги сўнгги дастак домланинг қатъий қарор қабул қилишига сабаб бўлди.
Хуллас, май ойининг охирларида, таътил ма­ҳалини мўлжаллаб уй бузилди. Эски стол-стуллар ҳовли ўртасидаги дарахт тагига кўчирилди, тахтага қора бўёқ суртиб тайёрланган доска дарахтга қоқилди, ишқилиб, домла уйида дарс ўтадиган болалар учун очиқ ҳавода қўлбола синф тайёр бўлди-қолди. Шундан сўнг Элмурод анчадан буён кўнглининг тубида асраб юрган орзусини амалга ошириб, шаҳар бозорида қачон кўзи тушса юрагини бир жизиллатиб қўядиган зангор ранг дарвозани сотиб олиб келди. Дарвозамисан дарвоза эди-да ўзиям. Икки қаватли, кўча томонга қараган сиртида кўрган кўзнинг ақлини шоширадиган алламбало нақшлар, мўъжаз тутқичлари тилло ранг, қўш тавақали, ўлчамиям тўрт яримга-тўрт ярим, демак, “КамАЗ”дан тортиб хашак босилган тележкачага бемалол ўтиб кетаверади. Қуёшда товланишини-ку, айтмаса ҳам бўлади: тилло бўлмасаям, кумуш дейсиз, кумуш… Тўғри, элчилик, бир-икки қўни-қўшни, ҳамқишлоқлар атай домлага эшиттириб эшак олмасидан бурун ҳовлисига қозиқ қоққан Афанди хусусида қочиримли пайровлар қилишди, аммо Элмурод бунақанги висир-висир гап-сўзларга парво ҳам қилмади; аксинча, “кўролмасанг куйиб ўл” дегандай, ҳозирча ҳовли адоғидаги молхона деворига суяб қўйилган маҳобатли дарвозани тонг саҳардан меҳр билан артиб-суртаверди…
Эрталабдан ҳовлига қадам ранжида қилган Қа­риндош домлани мана шу машғулот устида учратди.
Биродарлар, мен ҳам шу овулнинг фарзандиман, шу элга мансубман. Қишлоқни эса биласиз, ҳамма баайни ажриқ томирларидай бир-бирлари билан қўшилиб-чирмашиб, хеш-уруғ бўлиб кетган. Инчунун, тилга олинаётган Қариндошнинг ҳам бизга она томондан андаккина яқинлиги борлиги сабабли исмини қоғозга туширишдан истиҳола қилиб турибмиз: то эрта-бир кун юрт олдида “Сенми ҳали мени ёзадиган? Мўлтонидан одам чиқса, чодирига ўт қўяркан-да, а!” дея жовиллаб ёқамизга ёпишиб турса, бунинг хижолати ёмон кечади; илло, овулдошларимиз ҳодисотга довур нима бўлганлигини эмас, ҳодисотнинг ўзини узоқ йиллар сақич қилиб чайнаб юришади, дейлик, орадан чорак аср ўтиб қишлоққа борсам ҳам, биринчи учраган киши “Ҳа, бу сенми, танидим, жондай яқининг фалончини китоб қилган ёзғувчисан-да!” дея иддао қилиши аниқ. Шу боис, ҳар галгидек, гап шаклдами, моҳиятда-ку, дея ўзимизни ўзимиз чалғитамиз-у, воқеа тафсилотига ўтамиз.
Ўзи асли қизиқ одам эди-да бу Қариндош деганлари. Ўнинчи синфни якунлаш арафасида бирдан мактабни олтин медаль билан тугаллаши кутилаётган синфдоши билан яқин жўра бўлгиси келиб қолди-ку. Шу мақсадда, қавм-қариндошларининг “ҳай-ҳай”ига ҳам қарамасдан, ота-онасини кўндирди ва ҳеч нарсадан бехабар синфдошини қўноққа чақириб, оёғи тагига бир қўчқорни олиб урди, сўнг, бу билан ҳам кифояланмасдан, удумга кўра, тўкин дастурхон устида хижолатдан қип-қизариб ўтирган, томоғидан овқат ўтмаётган синфдошига сарпо қўйди – костюм-шим кийгазди. Шу билан улар жўра бўлишди.
Тўғри, яна ўша урф-одатимизга кўра, Жўра ҳам Қариндошни чақириб, зиёфат қилиши, сўнг кийитлик қайтариши – костюм-шим, ҳеч бўлмаганда чопон ҳадя қилиши лозим эди. Аммо бу орада мактаб тугаб, ўқишга кириш илинжидаги битирувчилар ҳар томонга учиб кетишди-ю, шу билан “қайтар товоқ” Жўранинг бўйнида қарз бўлиб қолаверди.
Кутилганидек, Жўра пойтахти азимдаги катта ўқишга ўз кучи билан кирди-кетди. Қариндош эса “сайқали рўйи замин аст”даги институтнинг биринчи имтиҳониданоқ гуппа қулади.
Уч-тўрт ҳафта “Ҳақиқат йўқ экан! Бўлмаса ҳамма саволларга юз процент жавоб бергандим! Мандатдан қайтаришди! Саводи “нол”ларни олишди. Ёзаман!” деб юрган Қариндош охир-оқибат тақдирга тан берди шекилли, залворли кетмонини елкага ташлади-ю, далага йўл олди.
Шу билан ҳаммаси изига тушиб кетгандек, Жў­ранинг бўйнидаги қарз қиёматга қадар унутилгандек эди. Бунинг устига, ўқишда маҳаллари ора-сира қишлоққа келиб турадиган Жўра жондай жўраси Қариндошдан хабар олавермасди, ҳатто қайдадир амалиётдалиги боис унинг тўйида ҳам қатнашолмади.
Бироқ тез орада Қариндошнинг арқонни жуда-жуда узун ташлаб қўйгани, дейлик, қичийдиган жойини олдиндан қашлаб қўйгани, йиқиладиган жойига эса гилам тўшаб қўйгани аён бўлди…
Университетни “қизил диплом” билан тугаллаган Жўра пойтахтда қолди ва аста-секинлик билан бўлса ҳам амал пиллапояларидан юқорига кўтарилаверди. Табиийки, бунга мутаносиб равишда овулда Жўранинг уйида тутун чиқса ҳам етиб боришга ҳозиру нозир қариндош-уруғлари сони орта борди. Дам шу дамдир… Шундоқ фурсат келишини сабр билан кутган Қариндош ҳам мийиғида илжайган кўйи ҳаракатни бошлади…
Шоир “Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин”, дейди. Келинг, журъат этиб, шу ҳикматга озгина қўшимча қилайлик: “Ҳаргиз ҳузурингга илтимосчилар саф-саф бўлиб келишига кунинг қолмасин. Айниқса имкониятларинг чекланганини ўзинг билиб турганингда…” Илло, мен ўша, илтимосчилар гуррос-гуррос келаётган талотўп кунлари алам-изтиробдан юзи қорайиб кетган, наинки уйига, ишхонасига боришдан ҳам юраги безиллаб қолган, ўзига қуюқ салом берган ҳар бандага ҳадиксираб қарайдиган шўрлик Жўрани кўргандим…
Қариндош “қондош жўрам-жондош жўрам”лаб Жўрани соғиб ичди ҳисоб… Қариндош ўғлига суннат тўйи қилганда Жўра тўй эгасига, унинг хотинига, тўй болага бошдан-оёқ алламбало сарполар қилиб келди, лекин бу билан қутулмади. Мана шу бола коллежни битирганида ўқишга киришига кўмаклашди, бироқ бу билан ҳам бўйнидаги қарз арқонидан халос бўлмади. Охири бир амаллаб институтни битирган шу боланинг божхонага ишга жойлашишида ҳам қўлидан келган ёрдамини аямади. Аммо синов муддатида бўлган ёш мутахассис босар-тусарини билмай қолганми, ишқилиб, орадан уч ой ўтар-ўтмас пора олаётган маҳал қўлга тушганида Қариндош минг тавалло қилиб, ялиниб-ёлвориб келмасин, Жўра ишни “бости-бости” қилишга мутлақо аралашмади…
“Топармон-тутармон боламнинг даврида кетмон кўтариб юрсам ярашмас”, деган мулоҳазалар ила аллақачон даладан бўшаб олган, катта-катта ейишга ўрганиб қолган Қариндошнинг Жўрадан ҳафсаласи пир бўлди, аммо буни эл-юртга сездирмади.
Етти йилга ҳукм қилинган ўғил уч йилда амнис­тияга илиниб қайтиб келди. Шу билан у тинчгина яшаса бўларди. Йўқ, отасининг қондош-жондош Жў­раси кўмагида йигитларни Кореяга кафолатли ишга жўнатиш қўлидан келишини бир-икки жойда шипшиб қўйган экан, “кўк”идан кўтарган хоҳловчилар узун-қисқа бўлиб Қариндошнинг уйига кириб келаверишди.
Орадан бир йил ўтди-ўтмади, фирибгар ўғил бўй­нида олтмиш минг доллар қарзи билан қамалди-кетди. Пулига куйиб қолганлар Қариндошнинг уйининг турумини бузишди.
Зўрдан зўр келса, зўр думини қисади. Қариндош ҳам “Бор, кучала еган жойингга бориб тириш!.. Менга бир сўм бериб қўйганмисан?.. Мен ҳеч нарсани билмайман!..” ва ҳаттоки “Қайси замонда ота ўғил учун жавоб берган?” қабилидаги далил-дастакларни қалаштириб ташлашга, бақир-чақир қилиб турганлардан ҳам кўра қаттиқроқ бўкиришга уриниб кўрди; аммо кўпчилик барибир кўпчилик-да, бунинг устига, мол аччиғи – жон аччиғи: бунақа маҳал қўл ўз-ўзидан кетмондастага бориб қолаверади… У ёқда Жўра ҳам номардлик қилди: бош эгиб келган Қариндошга уйда борини қириб-қиртишлаб, бор-йўғи тўрт минг беш юз эллик беш доллар чиқариб берди. Айниқса охирги беш доллар Қариндошнинг роса асабини ўйнатди: паст-да, паст; шуям пулми? Шуниям уялмай тутқазди-я! Нима, у садақа сўраб келган гадомидики?! Яна жўрамиш… Бироқ нима ҳам қила оларди? Пасткаш Жўранинг дас­та-даста долларлари турадиган сейфнинг калити ёнидамидики… Охир-оқибат Қариндош уйини сотишга ва оиласи билан қишлоққа туташиб кетган дала шийпонига кўчиб ўтишга мажбур бўлди.
Адашган ўғил-ку, яна авфи умумийга илиниб, қайтиб келди; пулига куйиб қолганлар инсоф қилишди – қайтиб уни безовта этишмади: ахир, ранг кўр – ҳол сўр… Фақат Қариндошнинг аламзадалиги тарқамади. Устига-устак, бир эмас, икки эмас, тўрт марта бориб ҳам Жўрадан белга тугиб қайтарли далда ололмади, аксинча, бир-икки оғиз нордонроқ гап эшитди. Қайси жин урган, тушуниш қийин, лекин Жўранинг тўнини тес­кари кийиб олгани равшан эди: нима сўраса, нуқул “иложим йўқ”, дейди, қайсар эшакдай оёғини тираб туриб олади. “Ўғилни ҳеч бўлмаса газзаправкага жойлаштириб бер…инг”, деганди, ўзини эшитмаганга солди, Қариндош унинг отасини уриб ўлдириб келгандай экрани бир ярим қулочлик “ойнаи жаҳон”дан кўз узмаган кўйи без бўлиб ўтираверди… Э, садқаи одам кет…
Албатта, Қариндош қишлоққа, эл кўзига димоғи чоғ ҳолда қайтди ва атай овулнинг уч-тўрт хабарчисига эшиттириб айтдики: “Бизнинг кўчадаям байрам бўлиб қолади… Жўрам ваъда берди, ҳеч ўйланманг, ўзингизниям, ўғлингизниям шахсан ўзим бориб, ёғли­роқ ишга жойлаб келаман, деди…”
Шунгаям бирон беш йил бўлиб қолди-ёв. На ёғли ишдан дарак бор, на ёғсизидан. Ота бекор, йўл қа­райвериб ранги синиққан ўғил бекор. Яна бош эгиб, бирон фермерга кетмончи бўлиб боришга Қарин­дош­нинг бўйни ёр бермади. Яхшиям уй бекаси қишлоқ марказидаги шифохонада ҳамшира бўлиб ишларди: топган уч-тўрт сўми рўзғорни амаллаб тебратиб туришга етарди.
Бу йиллар ичида… Қариндош ёзишнинг роса ҳа­дисини олди. Шаҳарга боришга йўл пули топилмай қолгач, ёрдам сўраб аввал жондош-қондош Жўрасига ёзди, ундан жавоб келмагач, тузукроқ ишга жойлаштириб қўйишларини илтимос қилиб ҳокимиятга ёзди, прокурорга ёзди, судга ёзди, ижтимоий таъминот бўлимини ҳам эсдан чиқармади. Бироқ расмий идоралардан бир хил жавоб келаверди: “Бу масалада фалон ташкилотга мурожаат қилишингизни сўраймиз”. Ўша ташкилот, яъни, бандликка кўмаклашувчи идора аризагўйни рўйхатга олиб олти ойга яқин нафақа бериб турди, бу вақт ичида уч-тўрт жойга йўлланма тутқазди, бироқ Қариндошга бу ишларнинг биронтаси ёқмади: бергани носвой пулига етмайди-ю… Оқибатда идора пул тўлаб туришни бас қилди, Қариндош эса “Мана сенга!” дегандай “ёза-ёз”ни авж олдирди. Айниқса бу борада унга хотини ишлайдиган шифохонадаги компьютер жуда қўл келди: бу сизга катак қоғозда ручка тиқирлатиб ўтириш эмас, принтердан бири-иккинчисидан силлиқ, чиройли матнлар кўзингизни қувнатиб чиқиб келаверардики – Қариндошнинг ўзи ҳам бу манзарани ёш боладай қувониб-ҳаяжонланиб, юраги “дурс-дурс” урган ҳолда, кафтларини бир-бирига ишқаган кўйи кузатиб ўтирарди, – уларга кўзингиз тушса бас, шу заҳоти шикоятчининг барча муаммосини ҳал қилиб ташласам дердингиз…
Қариндош аста-секин аризабозлик сарҳадини кен­­гайтирди. Энди фақат шахсий дардларгина эмас, овулда содир бўлаётган катта-кичик воқеа-ҳодисотлар, миш-мишлар, турли талқинлару ажабтовур хулосалар ҳам Қариндошни компьютер клавиатураси томон етак­лайдиган бўлди. Алал-оқибат, бир неча марта калитни бердиртирмаган бош шифокор устидан “Беморлардан пора олади… касалхонани еб ётибди… мендай бечора ишсизданам қўрқмай пул сўради…” қабилида ёза-ёза охири уни қонига ташна қилган аризагўй худди юмушга келгандай, роппа-роса соат тўққизда компьютер сақланадиган хона эшиги ёнида тик турадиган ва ғалаба товони ундираётган музаффар томон янглиғ масрурлик билан навбатчидан калитни оладиган бўлди…
Икки йилча бўлиб қолди-ёв, овулнинг ўзларига тўқ фермерлари камхаржроқ оилаларга соғин сигир бериш ташаббуси билан чиқишди. Олим ферма яқин хешим, тус жияним дея ҳеч ким йўғида Қариндошнинг шийпонига атаганини ташлаб кетибди: савоб пинҳона қилинади-да.
Шифохонадаги кундалик “юмуши”дан қайтган Қариндош кўчиб келганларидан буён бўм-бўш ётган бостирма тагидаги болали сигирни кўради-ю… Хуллас, Қариндош ҳадяни олдига солиб ҳайдаб тўғри Олим ферманинг уйига боради, “Берсанг тузукроғидан, семизроғидан бер-да, жиян, бунинг ориқ-ку, қара, умуртқаси саналиб ётибди, эртага йиқилиб қолади-ку”, деб тўполон қилади. Фермернинг ҳозир кўклам пайти эканлиги, шунга яраша ҳамма сигирларнинг ҳам ориқлаганлиги, буям оғзи кўкка етса бас, тўппосдай семириб кетиши ҳақидаги изоҳлари ўжар тоғага асло таъсир қилмайди. Қариндош: “Мен тоғаман, етти пирдан азизман, шунга яраша сағрини ялтираб турганидан берсанг ўласанми?” деб туриб олади. Асли сиркаси сув кўтармайдиган, жаҳли бурнининг учида турадиганлар тоифасидан бўлган фермер жиян қаттиқ асабийлашади, вужуди дир-дир титрай бошлайди. Сўнг, айтишларича, бир эмас, икки марта “Олмайсизми, тоға?” деб сўраган. Қариндош бунга жавобан: “Буни ўзинг пишириб е, жиян. Мен олсам фермангга кириб, ўзим танлаб оламан”, деган. Дарвоқе, Голландияданми, қайдандир эллик бош зотдор сигир олиб келиб, уни алоҳида жойда парвариш қилаётган Олим фермер, фермасига тоғаси у ёқда турсин, хотинини ҳам киритмасди. Шунгами, тоғанинг бу талаби сабр косасига томган сўнгги томчи бўлади-ю, портлаб кетган фермер “Олмасанг олма! Сенга бергандан кўра балиқларга ем қиламан буларни!” дея болали сигирни катта канал бўйига судраб чиқади ва иккаласини ҳам шиддат билан оқаётган бўтана сувга отиб юборади…
Ориқ бўлсаям, сигирдан, демакки сут-қатиқдан қуруқ қолган тоға алам устида саркаш жияни устидан эринмай ёзди, қайта-қайта ёзди, фойда бўлмади. Келган комиссияларга Олим фермер: “Мулк меники! Агар ғинг десаларинг, қолган сигирларниям каналга отиб юбораман! Сизларга шу керакми?” дея ўшшайиб тураверган. Қариндош ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятидан анча умидвор бўлиб турганди, бироқ бу муассасага йўлланган шикоятлар сувга чўккан она-бола сигир мисоли изсиз йўқолди…

II

Хуллас, эрталабдан ҳовлига қадам ранжида қилган Қариндош Элмурод домлани ҳовли адоғидаги молхона деворига суяб қўйилган маҳобатли дарвозани меҳр билан артиб-суртаётган ҳолида учратди.
Одатдаги салом-алик, қисқача ҳол-аҳвол сў­рашишлар, уйга (тўғрироғи, ҳовли чеккасидаги чорпояга) таклиф қилишу, буни миннатдорчилик ила рад этишлардан сўнг Қариндош чор-атрофга бир муддат диққат билан, айтиш мумкинки, танқидий кўз ташлаб чиққач, дабдурустдан:
– Домла, энди устингиздан ёзмасам бўлмайди, – деб қолди.
Элмурод домла аввалига ажабланди, сўнг “Но­тўғри эшитмадиммикан?” деган ўйда чақирилмаган меҳмоннинг жиддий юзига тикилди. Йўқ, қўноқ ҳа­зиллашаётганга ўхшамасди.
Бу тахминни тасдиқлагандай, Қариндош ишонч билан такрорлади:
– Домла, энди устингиздан ёзмасам бўлмайди.
 Элмурод домла ўзини мажбурлаб жилмайди:
– Ёзишга арзийдиган нима гуноҳ қилибмиз?
Қариндош ҳовлига ишора қилди:
– Отангиз бир носкаш эди. Энди шундай одамнинг боласи қандай қилиб ҳовлини бузиб, ўрнига қаср солади, а?
Домла хотиржам гапиришга уринди:
– Қаср эмас, тўрт хонали оддийгина уй, ака.
Қариндош бўш келмади, энди дарвозага ишора қилди:
– Бизам сув кўрмасдан этик ечмайдиганларданмиз. Оддий уйнинг дарвозаси бунақа бўлмайди, ука.
Домла сал асабийлашди:
– Қанақа бўлади?
Қариндош саволга жавоб бермади, бунинг ўрнига чўнтагидан ёндафтарча ва ручка олди, ниманидир ёзишга ҳозирланди.
– Хўш, ойлигингиз қанча, ука?
– Нима эди? – хўмрайиб сўради Элмурод.
– Айтаверинг. Мен оддийгина уй қуриш учун ҳам неча йиллаб емай-ичмай, бир сўминиям сарфламай йиғишингиз кераклигини бирпасда ҳисоблаб ташлайман. Сиз бўлса, икки йил бурун синглингизни чиқардингиз, энди бўлса қаср қураяпсиз…
– Қаср эмас, оддий уй…
– Барибир. Ҳозирги замонда уй қуришнинг ўзи бўладими? Демак, бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, сиз ноқонуний даромад топаяпсиз. Катта даромад…
Элмурод домла анграйиб қолди:
– Қанақасига?
Қариндош ўпкасини тўлдириб нафас олди, пишиллаб нафас чиқарди:
– Шунақасига. Институтда студентлардан пора, ўқишга киритишга яна пора…
Домланинг жаҳли чиқди:
– Оғзингизга қараб гапиринг, ака!
Қариндош домлага тик қаради:
– Оғзимга қарасам-қарамасам бор гап шу, ука.
– Туҳмат қилманг!
Қариндош ҳовли ўртасидаги дарахт тагида турган эски стол-стулларга, дарахтга қоқилган доскага ишора қилди:
– Балки ҳали репетиторлик қилаётганингиздан ҳам тонарсиз. Агар тонмасангиз, марҳамат қилиб ли­цензиянгизни кўрсатсангиз. “Фуқароларнинг муро­жаатлари тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳу­қуқ­ларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга кўра, буни сиздан талаб қилишга менинг ҳаққим бор. Сиз эса лицензияни кўрсатишга мажбурсиз.
Элмурод домла анграйиб қолди. Зеро, тўрт-беш йил бўлиб қолди, чиндан ҳам март-июн ойларида қишлоқ болаларини ўқитади, аммо шу пайтгача бирон марта бирон киши ундан лицензия сўрамаган.
Домланинг қандай аҳволга тушганини кўрган Қа­риндош қониқиш билан, мамнун илжайди:
– Шунақа, Беркин акамнинг боласи, шунақа. Демак, ноқонуний фаолият олиб борганингизни ўзингиз ҳам тан оласиз, шундайми? Шундай деб ёзаверайми?
Домла илон сеҳрига тушган одамдай Қарин­дошнинг ёндафтар саҳифаси устида йўрға­лаётган қў­лига анграйиб қараб қолди.
– Ёзаверайми? Қўл қўйиб берасизми?
Ниҳоят Элмурод домла бир сесканиб ўзига келди:
– Қанақа қўл, ака? Қанақа даромадни гапиряпсиз?
Қариндош кўп нарсани биладиган одамдай уй эгасига маънодор қаради:
– Яширяпсиз-да, а? Мендан-ку, яширарсиз, лекин келган одамлар бор ҳақиқатни ичингиздан суғуриб олмай қўймайди, ука. Ҳа…
Домла очиқ ҳаводаги қўлбола синфга ишора қилди:
– Ака, ростданам ўн битта болани ўқитаман. Бештаси яқин қариндошларимнинг болалари, улардан бир тийин олмайманам, ололмайманам.
Дафтарчасига ниманидир ёзишда давом этаётган Қариндош истеҳзоли илжайиб қўйди, холос. Элмурод домла изоҳ беришда давом этди:
– Қолган олтитаси ҳам бегона эмас. Биттаси Маннон фермернинг қизи. У киши қизимни ўқитиб бер, йил яхши келса уч қоп ғалла бераман деган. Яна биттаси Қурол дўхтирнинг боласи. Вақт-бемаҳал дўхтирга ишимиз тушиб туради, шунинг учун у кишиданам пул олмайман. Яна иккитасининг отаси “Боламиз ўқишга кирса бир нарса ташлаб кетармиз”, деган. Шунда пулга ўқийдиган иккитаси қолади, холос. Уларам…
Ёзишни тугатган Қариндош ёндафтарчани ёпди:
– Ҳар қалай, бутун бошли қасрни иккита болани ўқитганим эвазига қуряпман деб мени лақиллатмассиз, ука? Алдагани бола яхши-я?
Элмурод домланинг бурун катаклари керилди:
– Ака. Мен сизга изоҳ беришга мажбур эмасман. Боринг, кўринг, керак бўлса текширинг, институтда бир ярим ставка ишлайман…
Қариндош ҳи-ҳилаб кулди:
– Икки йилдан бери қабул комиссиясининг аъзосисиз…
Домланинг юзига олов тепди, шунгами, тишлари ғижирлаб кетиб, асабийлашаётганини сездириб қўйди:
– Ҳозир тест, ака, тест…
– Биламиз, биламиз, бунинг ҳам йўлини топиб қўйгансанлар… Тестдан жарақ-жарақ пул ишламасангиз, бунақанги қасрни тушингиздаям кўрмасдингиз?
Элмурод гувала, эски-туски қурилиш материаллари сочилиб ётган ҳовлига ишора қилди:
– Қани сиз айтган қаср?
Қариндош пинагини бузмади:
– Бугун бўлмаса эртага қурилади-да, ука. Ҳаром пулнинг сассиғига ухлай олмай чиқадиган бойваччалар учун битта қаср нима деган гап? Шаҳарданам уч-тўрттасини олиб қўйгандирсиз? Бировларнинг номига, а?
Бўғриқиб кетган домланинг қўллари мушт бўлиб тугилди:
– Мақсад нима, ака?
– Мақсад сизни фош қилиш.
– Менинг нимамни фош қиласиз?
– Сизда гап кўп, ука, гап кўп. Сезиб турибман, юришларингиз бежо…
– Ҳақорат қилманг-да, ака, бориб, бемалол хоҳлаган жойингизда хоҳлаганча фош қилаверинг.
– Бўпти. Аввал институтингизга бораман. Ректорингизга учрашаман. Ўнта студентни олиб келиб, мажбурлаб ишлатганингизни айтаман. Гувоҳларим бор. Суратгаям олиб қўйганман.
Элмурод домла инграб юборди:
– Ахир… ахир улар ҳашарга келишди-ку. Уйни бузгани…
– Ҳашарга эмиш? Одамнинг кулгисини қистатманг, ука. Келмаям кўришсин-чи. Институтдан ҳайдаттириб юборардингиз. Ундан кейин, иш маҳали биронтасини том босиб қолса нима қилардингиз?
– Бу нима деганингиз, ака?
– Сиз ана ўшандаям сувдан қуруқ чиқиб кетардингиз, булар ўз ихтиёрлари билан келишган, деб. Лекин билиб қўйинг, энди бундай бўлмайди. Мен бунга йўл қўймайман! Кейин ректор жаноблари ҳам билиб қўйсин, унинг ойликка яшайдиган ўқитувчилари қандай қасрлар қураётганини!
Чарчаб кетган Элмурод домла оғир уф тортди ва без бўлиб турган қўноққа ҳорғин тикилди:
– Бўлдими, ака?
– Йўқ, бўлмади. Ректорингиз олдидан чиқиб, налоговийга бораман. Неча йиллардан бери лицензия олмай, репетиторлик қилиб келаётганингизни айтаман. Ҳеч бўлмаса шуни тан оларсиз?
– Бўлдими?
– Йўқ. Биласиз, ҳеч бўлмаса эшитган чиқарсиз, Тошкентда, катта идорада менинг жон Жўрам ишлайди. Унга бир оғиз телефон қилиб қўйсам бўлди, сизнинг авра-астарингизни ағдариб текширишади, институтдан ҳам орқангизга тепиб, бошқа жойга ишга киролмайдиган қилиб ҳайдашади. Шарманда бў­ла­сиз.
Элмурод домла Қариндошга бақрайиб қараб қол­ди, ахийри аранг сўрай олди:
– Мен тушунмаяпман, мақсадингиз нима ўзи, нега мени қўрқитмоқчи бўлаяпсиз? Ё мендан уч-тўрт сўм ундирмоқчимисиз?
Бу гапларни эшитаётган маҳал мамнунликдан оғзи қулоғига етган Қариндош шоша-пиша ёндафтарига нималарнидир қайд эта бошлади:
– Пора таклиф қиляпсизми, демак айбингиз мен ўйлагандан ҳам кўра катта. Жуда катта! Буни ҳам тиркаб қўямиз. Мана, энди бўлди!
Дафтарчасини ёпиб, дарвоза томон йўналган Қа­риндош уч-тўрт қадам юргач, бирдан тўхтади ва ортига ўгирилиб, уй эгасига қарата хитоб қилди:
– Лекин билиб қўй, ука, ҳаммани сотиб олсанг ҳам мени сотиб ололмайсан!
Ниманидир мулоҳаза қилди шекилли, Қариндош қайтиб домланинг ёнига келди, унинг қўлидан тутди ва билагига кўрсаткич бармоғини нуқиган кўйи оҳиста, сўзларни дона-дона қилиб деди:
– Мен бирдан ўйиб олмайман. Аста тирнайман, тирнайвераман. Тирналган жой ярага айланади, кейин йиринглайди, охири ҳаммаёқни заҳарлаб ташлайди.
Шу билан Қариндош ҳовлидан чиқди-кетди.
Элмурод домла унинг ортидан анграйиб қараб қолаверди…

III

Бошламасига ректоратдан суҳбатга чақиришди. Оддий фан номзоди қандай қилиб қишлоқда қаср қураётгани, шаҳарнинг ўзида эса бир нечта ҳовлини бировларнинг номига олиб қўйгани билан қизиқишди.
Элмурод домла изоҳ беравериб чарчади.
Келган комиссия ҳовлини видеога олиб қайтди. Шу билан ҳамма машмаша тугагандай эди. Аммо эртаси куни кечга яқин, дарс ўтилаётган маҳал солиқдан келиб босишди…
Булар изоҳ-пизоҳ эшитиб ўтиришмас экан: холислар иштирокида дарҳол далолатнома тузишди, ўқувчиларга ҳам имзо қўйдириб олишди. Неча йиллар давомида ноқонуний фаолият олиб борганлиги учун Элмурод домла ҳам отнинг калласидай жарима, ҳам унданам каттароқ солиқ тўлашга мажбур бўлди. Қонунбузар бундан кейин мазкур кўринишдаги фаолиятини давом эттириши учун махсус рухсатнома олиши кераклиги ҳақида тегишли тартибда огоҳлантирилди.
Солиқчиларни кузатиб, уйга асабий равишда қайтиб келган Элмурод домла жаҳл устида эски стол-стулларни йиғиштириб ташлаётган маҳал қўлбола дос­ка ёнидан чиқиб турган михга билагини уриб олди. Домла занглаган мих тилган жойнинг сал қизаринқираб қолганини кўрди-ю, бунга эътибор бермасдан, ишида давом этди…
Кейинги куни маҳалла профилактика инспектори ташриф буюрди. Ҳашарда қатнашган талабалар орасида болалар, яъни ўн саккизга тўлмаганлар бўлмаганлигини исботлагунга қадар Элмурод домланинг она сути оғзидан келди: бунинг учун ҳар бир талаба паспортининг нусхаси билан бирга “домланинг уйидаги ҳашарда ўз ихтиёрим билан қатнашдим” мазмунидаги тушунтириш хати ҳам топширишга мажбур бўлди.
Шу куни Элмурод домла мих тилган жойнинг қичишаётганини, симиллаб оғриб-оғриб ҳам қўяёт­га­нини сезди, аммо ўтиб кетар деган ўйда шу жойга лой босиб, устидан рўмолчасини боғлаб қўйиш билан кифояланди.
Туман электр таъминоти корхонасидан келиб, бузилган уйда электр симлари ўзбошимчалик билан узиб ташланганини аниқлашди, тегишли тартибда баённома тузишди ва симёғочдан уйга келган симни ашёвий далил сифатида қирқиб олиб кетишди…
Элмурод домла билагининг мих тилган ўрни ловуллай бошлаганини сезди ва рўмолчани ечиб кўрди. Яра ўрни маддалай бошлаганди. Домла дўхтирга ўтиб келмоқчи ҳам бўлди, аммо аввал жаримани тўлаб келишга қарор қилди. Дўхтир шу ерда, қишлоқда. Омонат касса эса туман марказида. Улгуриш керак. Дўхтирга эртага борса ҳам бўлади.
Эртасига эрталабдан ташкилотига тушган “сигнал” туфайли текширишга келган туман меъмори уйни бузиш ва ўрнига янги уй қуриш учун рухсатнома олинмаганлигини аниқлади. Энг асосийси эса, янги қурилажак уйнинг тегишли тартибда тасдиқланган лойиҳаси йўқ эди. Бу қанақаси ахир? Уй эгаси бўлмиш домланинг ўқувчилар дафтаридан йиртиб олинган саҳифасига чизилган қинғир-қийшиқ бир нималари меъморлик лойиҳаси вазифасини ўтай оладими? Асло ва асло йўқ! Бу ахир инсонлар ҳаётини хавф остига қўйиш билан баробар-ку! Жарима, дарҳол жарима!..
Билагидаги яра ўрни ловуллаб оғрийвергач, Элмурод яна дастрўмолни ечиб кўрди. Яра йиринглаб кетганди… Буни кўриб, Элмурод эртага эрталабдан, агар осмон узилиб ерга тушсаям, дўхтирхонага боришга ўзига ўзи ваъда берди. Ахир одамга соғлиқ керак-ку!
Бироқ домла улгуролмади: эртаси эрталабдан туман газлаштириш идорасидан келган мутахассис-вакил газ қувури амалдаги тартиб-қоидаларга зид равишда кесиб ташланганлигини фош этди. Уй эгасининг “Ахир олти ойдан бери газнинг ўзи тугул, ҳидиям йўқ-ку!” деган изоҳлари вакилга чивин чаққанчалик таъсир қилмади. Билъакс, кўзлари ола-кула бўлиб кетган мутахассис бир зумда ваҳимали манзарани чизиб ташлади: туйқусдан газ келиб қолди, қувур эса кесилган. Хўш, нима бўлади? Газ йиғилиб туради-туради-да, кейин бирдан… порт-лай-ди! Тамом-вассалом! Бутун қишлоқ осмонга учади! Элмурод домланинг “Ахир, газ қандай қилиб очиқ ҳавода йиғилади, бу ерда газ йиғиладиган хонанинг ўзи йўқ-ку!” деган эътирозлари ҳам ўша кўринмас газ мисоли ҳавога изсиз сингди-кетди. Вакил эса шоша-пиша тегишли тартибда баённома тузди, керакли одамларга имзолатди ва бундоқ жинояткорона масъулиятсизликка, совуққонликка, ло­қайдликка йўл қўйган уй соҳиби энг кам иш ҳақининг фало-он баробари миқдорида жарима тўлашга маҳкум этилди. Зудликда…
Шу билан кун кеч бўлди. Кўнгли ҳовлисидай зимистон Элмурод домла дўхтирга эртасига боришга қарор қилди. Аксига олиб домла яна улгуролмади: тонг саҳарда қўнғироқ қилишиб, раҳбарият уни институтга чақираётганини маълум қилишди.
Элмурод домла ўпкасини қўлтиқлаганча ҳовлиқиб ишхонасига етиб келди. Ректоратда унга бу йилги қабул комиссияси таркибидан чиқарилганлигини, шунингдек, дарс соатлари ҳам қисқартилганлигини айтишди.
Юрагига қил ҳам сиғмаётган бўлса-да, Элмурод домла институтдан чиқиб, тўғри қишлоқ врачлик пунк­тига бормоқчи бўлди. Бироқ йўл-йўлакай туман газ идорасига кириб ўтишга қарор қилди: жаримани тўлаш керак эди. Аксига олиб, ягона бадқовоқ аёл ишлаётган кассада одам кўп экан, навбатда узоқ туришга тўғри келди. Бўйинбоғ тақиб олган Элмурод домла бунақа масалаларда ўта зиёли эди: ҳеч қачон навбатсиз олдинга суқилмасди, ҳатто институт ошхонасида ҳам талабалар билан тенг навбатда турарди.
Билаги лўқиллаб оғриётган, иссиғи чиққан Элмурод домла уйига қоронғу тушганда базўр етиб келди.
Эртаси куни эрталабдан, домла бир амаллаб кийи­наётган, аёли эса сигир соғаётган маҳал дарвоза тарафдан “Илмурод…” деган таниш чақириқ эши­тилди. Домла янглишмаганди: қишлоқда фақат фуқаролар йиғини раиси Наҳалбой акагина уни шундай деб чақирарди.
Наҳалбой ака сўрида узоқ ўтирди, уч чойнак чой, бир коса сут ичди, бўлган воқеаларни эринмай суриштирди, Элмуроднинг гапларини томоғини тақиллатган кўйи бошини чайқаб-чайқаб эшитди, алоҳа, ҳаммасининг тагига етишга ваъда бериб ўр­нидан қўзғалди.
Элмурод домла сал енгил тортди. Аммо у ҳов­лидан чиқишга улгуролмади: Маннон фермер кириб келди. Фермер нега қизи ўқишга келмаётгани сабабини сўради. Элмурод домладан ўқиш вақтинчалик ёпилганини эшитиб эса, ўпкалашга тушди: бунақа эмас-да, укажон, атаганимиз кам бўлса, майли, яна бир қоп қўшай, фақат сиз қизимни яхшилаб ўқитинг, домла, дўст-душманнинг олдида ўз кучи билан бир ўқишга кириб кетсин…
Элмурод домла фермерни бир амаллаб кузатганида вақт чошгоҳга яқинлашиб қолганди. Шундоқ эски дарвоза ўрнидан шошиб чиққан домла каттагина сумкасини елкасига ташлаб олган ўрта ёшли бир аёлга урилиб кетишига сал қолди.
Аёл ўзини “БТИданман, туман меъмори топшириғи бўйича келганман” деб таништирди. Сўнг сумкасидан йиғма ўлчагич чиқарди ва бузилган уйнинг пойдевори ўрнини ўлчашга тушиб кетди. Аёлнинг якка ўзи қийналаётганини кўрган Элмурод домла ноилож унга кўмаклашиб турди.
Ўлчаш ишлари анча чўзилди. Сўнг аёл ёзиб олганларини каттагина қоғозга тушира кетди. Кейин дом­ла чизган янги уй лойиҳаси билан қизиқди.
Хуллас, аёл ишини битиргунга қадар соат бешдан ошди. Энди ҚВПга боришдан фойда йўқ эди.
Кечаси чорпояда ётган Элмурод домланинг иссиғи кўтарилиб, дағ-дағ қалтирай бошлайди.
Буни кўриб ваҳимага тушган домланинг рафиқаси Қурол дўхтирнинг уйига чопди…
Шу оқшом “Тез ёрдам” бутун бадани ўтдай ёниб, ўзи алаҳсирай бошлаган Элмурод домлани вилоят марказидаги шифохонага олиб кетди…

IV

Орадан икки ҳафта ўтди.
Элмурод домла қишлоққа бир кўйлагининг енги бўш ҳолда қайтиб келди…
Кузга бориб Элмурод домла дарвозани ярим пулига бир амаллаб сотди ва уста ёллаб, бир хонали ҳужра қурдириб олди. Қиш ўтиб олсин-чи, кейин бир гап бўлар…
Айтишларича, шу кунларда Элмурод домла дў­кондан ярим кило мих харид қилсаям чекини талаб қилиб олишни унутмас экан: ҳар эҳтимолга қарши-да, мабодо текшириб келиб қолишса, “мана, ҳаммаси қонуний” деб кўрсатиш учун…

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 1-сон