Абдуқаюм Йўлдош. Дилноза (ҳикоя)

Яна мукофот ёзишмабди. Буям камдай, ҳафталаб қорасини кўрсатмай, маош бериладиган куни келиб, сақичини чапиллатганча кассир ёнидан жилмай ўтирадиган касаба уюшма раисаси Назокат опа қарғадай қағиллаб ҳақини юлиб қолди: бу ойда бирмас, икки ходим туғилган экан. Тўрт ойдан бери ваъда қилинаётган мукофотга эса…
– Пулимиз етмай қолди, – деди Назокат опа мутлақо хотиржам тарзда. – Энди кейинги ойда уриниб кўрамиз…
Дилноза мукофот чиқса, уйга бориб келаман, деб ният қилиб юрганди. Энди эса… қўлидан келгани, судралиб жойига қайтгач, раисага ўқрайиб қараб қўйиш бўлди.
Дилноза ишхонадан асабий ҳолатда чиқди. Юлқиниб, жаҳл билан олдинга интилаётган қиз баногоҳ қадамини секинлатди. Сиртига дермантин қопланган сумкачасига қараб қўйди. “Агар шу матоҳда бир миллион сўмим, минг долларим бўлиб қолсами… – беихтиёр орзуларига берилди қиз. – Қулоғимда тилла сирға, бўйнимда чиройли занжир, бармоқларимда… иккита узук… Майли, биттаси бриллиант кўзли бўлсин…” Орзулар, ёқимли, одамни сархуш этадиган, баданларни жимирлатиб юборадиган ширин орзулар…
Куз куни эмасми, атрофни бирдан қоронғулик чулғади. Ўз хаёлларидан маст Дилноза ҳали кўча чироқлари ёнмаган, аммо яқин-атрофдаги кўпқаватли уйлардан тушаётган шуълада юзаси ялтираётган асфалт йўлда энди шошмасдан кетиб борарди. Зеро, у энди ўзини қимматбаҳо сумкачасида хаёлидагича пули бор, тилла тақинчоқларга кўмилган бойвучча қиз сифатида тасаввур қила бошлаганди. Бу тасаввур шунчалар ёқимли ва шунчалар табиий эдики, қиз беихтиёр қаддини ростлаб, кўкрагини керди. Лабларига майин табассум инди.
Худди шу лаҳзада орқадан кимдир ҳансираб-пишқириб югуриб келаётганини ҳис қилди ва шириндан-ширин хаёлларидан чалғиганидан сал оғринган кўйи шу томонга андаккина қиё боқди. Атроф қоронғи эди ва шу зулмат ичида Дилноза деярли ёнига келиб қолган тахминан йигирма беш ёшлардаги, қорувли, бошига қўндирган шляпа тагидан патила сочлари чиқиб турган, баногоҳ кўпқаватли уйлардан тушган нурдан ялтираб кетган кўзойнак остидаги катта-катта кўзлари бесаранжом йигитни кўргандай бўлди.
Қиз ҳатто бирон нарсани фаҳмлаб улгурмади. Йигит бир силташда унинг елкасидаги, айни дамда меҳр билан силаётган сумкачани тортиб олди ва қандай пайдо бўлган бўлса худди шундай тезликда ўзини қоронғилик қаърига урди.
Дилноза аввалига турган жойида анграйиб қолди. У ҳатто қўрқишга ҳам улгурмаганди. Ниҳоят у бир нарсани англаб етди: сумкани олиб қочишди. Унинг сумкачасини! Ичида жами бойлиги – уч юз олтмиш беш минг сўми бор сумкачаси! Қиз чинқириб юборди ва тезликда узоқлашиб кетаётган йигит ортидан жон алпозда чопди. Ўн қадамча чопар-чопмас пошнаси қайрилиб кетди ва қиз гуп этиб асфалтга қулади. Дилноза ҳўнграб йиғлаган кўйи туришга уринаркан:
– Ёрдам беринглар! Ёрдам! – деб қичқирди.
Аммо атрофда бирон қора кўринмасди. Дилноза амаллаб қаддини ростлади ва оқсоқлана-оқсоқлана олдинга юришга уринаркан, яна:
– Ёрдам! Ёрдам беринг! – деб қичқирди.
Шу маҳал кўпқаватли уйлар ортидан катта тезликда чиқиб келган машинанинг ўткир чироқлари уни ёритди. Машина тепасида ёниб-ўчиб турган чироқларни кўрган Дилноза оқсоқланганча шу томон югурди. Қизнинг ёнига келиб тўхтаган машина милицияники эди. Ундан отилиб тушган формадаги ходим икки ҳатлашда Дилнозанинг ёнида пайдо бўлди.
– Нима бўлди? – ҳовлиқиб сўради милиционер.
Қалт-қалт титраётган қиз нимадир демоққа уринди, аммо оғзини каппа-каппа оча олди, холос.
– Ўзингиз тузукмисиз, ишқилиб?
Қиз мажолсиз бош ирғади.
Милиционер жон ҳолатда ёнбошини пайпаслаб, ғилофидан тўппончасини чиқарди ва шошиб атрофга аланглади.
– Неча киши эди?
– Битта…
– Қаёққа қочди?
Дилноза ўғри чопиб кетган томонга ишора қилди.
– Нимангизни ўғирлади?
– Сумкамни…
Нозир ўғри кетган ёққа диққат билан бир муддат қараб тургач:
– Унда бундай қиламиз… Сиз ҳозир машинада бўлимга бориб, навбатчига ариза топширинг, — деди.
Шу гаплардан кейин милиционер бориб машина эшигини очди.
Машина юриб кетди. Тобора тезликни ошириб бораётган ҳайдовчи қаршисидаги кўзгучадан Дилнозага ачиниб қараркан:
– Ёлғизмидингиз, нима бўлди? – деб сўради.
Қиз бир зум ўйланиб қолди, сўнг нима дейишини билмай:
– Ўғри сумкамни олиб қочиб кетди, – деди.
– Анави… ўзингизгаям ҳужум қилдими?
– Йўқ…
Ҳайдовчи бош чайқади.
– Унақа деманг. Кўриниб турибди-ку. Сиз бундай аблаҳларни аяб ўтирманг… Эҳ, аёллар! – дея хитоб қилди ҳайдовчи. – Ҳатто душманингизга ҳам раҳм қиласиз-а! Булар тобора сурбет бўлиб боряпти, – ҳайдовчи бир лаҳзага орқага ўгирилиб, қунишибгина ўтирган Дилнозага далда бергандай бош қимирлатиб қўйди, – аяб ўтирманг. Борини ёзиб беринг. Бир таъзирини есин!
– Қўлга тушармикан? – иккиланиб туриб сўради қиз.
– Маҳмуд акам тажрибали изқуварлардан, – деди ҳайдовчи ишонч билан. – Бир изига тушиб олса бўлди, ушламасдан қўймайди…
Шу асно машина милиция бўлими ҳовлисига келиб тўхтади. Ҳайдовчи чопиб бориб навбатчини чақириб келди. Иккала милиционер тиззаси оқсоқланаётган Дилнозанинг машинадан тушишига ёрдамлашишди.
– Тузукмисиз? – меҳрибонлик билан сўради навбатчи.
Қиз бош ирғади. Навбатчи қизни ваннага бошлаб кириб, жўмракдаги сувни илиқ қилиб чиқиб кетаркан, илгакдаги сочиққа ишора қилди:
– Тортинмай ишлатаверинг. Ювилган, дазмолланган…
Дилноза ювиниб, сал ўзига келгач милиционернинг хонасига борди. Кексароқ ёшдаги, сочлари кумушранг, қизга ачиниб қараб турган навбатчи столга уч-тўртта оқ қоғоз ва ручка қўйди.
– Синглим, ҳаммаси қандай бўлган бўлса шундайлигича, батафсил ёзиб беринг. Аввал исм-шарифингизни, манзил, иш жойингизни, телефонларингизни кўрсатинг. Сўнг нима бўлганини ёзинг. Ўғри олган нарсаларни алоҳида рўйхат қилинг. Сумкангизнинг ранги, кўриниши, ичидаги нарсалар — ҳеч нарсани унутманг. Мен дўхтир чақирдим…
Дилноза ўтириб, ёза бошлади: “Менким, Дилноза Маликова Олимжоновна…”. Қиз яшаш манзилини, иш жойини, иш жойидаги телефон рақамларини ёзди. Сўнг намозшом маҳал кўчада ўғри ўзига ташланиб қолганини ёзаркан, баайни ўша қўрқинчли лаҳзаларни қайтадан бошдан кечираётгандай қалтираб кетди. Бу ҳатто ёзувига ҳам таъсир қилди – ҳарфлар қинғир-қийшиқ чиқа бошлади. Ҳаяжонланган қиз ёзишдан тўхтаб, суянчиққа беҳол суянди. Унинг кўз олдида қийшайган шляпа, патила сочлар, ялтираган кўзойнак, катта-катта бесаранжом кўзлар намоён бўлди. Бу тасаввур шу қадар аниқ ва яқин эдики, қиз беихтиёр сесканиб кетди. Худди шу лаҳзада унинг қулоқлари тагида милиция машинаси ҳайдовчисининг сўзлари янграгандай бўлди: “Сиз бу аблаҳларни аяб ўтирманг. Кўнгил бўшлик қилган сайин булар тобора сурбет бўлиб боряпти. Шунинг учун, аяб ўтирманг…”.
Тўсатдан Дилноза кўнгли ғазаб аралаш алам зардобига тўлиб бораётганини ҳис қилди. Ахир, ўша сурбет унинг охирги пулларини, охирги чақаларини шилиб кетди. Яна эркак эмиш!..
Тўғриси, Дилноза кўнглининг туб-тубида ўғрининг топилишига ишонмасди. Шундай экан… Қизнинг кўзларига ёш келди. Шу туйғу таъсиридами, Дилноза беихтиёр энгашди ва жаҳл билан ёза бошлади: “Қора сумкачамда… – туйқусдан қиз босқинчилик содир бўлмасидан бурунги ҳолатини эслади ва нимагадир айнан ўша, ўзини орзулаган нарсаларни ёза бошлади: – … бир миллион бир юз олтмиш беш минг сўм, ўнта юз долларлик пулим бор эди. – Дилноза бир зум ўйланиб турди-да, сўнг илҳом билан ёзишга тушиб кетди: – Ўғри мени “Ўлдираман!” деб қўрқитиб қўлимдаги иккита узукни (биттаси бриллиант кўзли), бўйнимдаги тилла занжирни, қулоғимдаги тилла сирғани ечиб олди… Шуларни тинчгина олиб кетавермасдан мени бир неча марта урди ҳам…”.
Бўлди! Ниҳоят ёлғон-яшиқ ёзиш билан нафси ором олган Дилноза чуқур уф тортди, матн охирига бугунги санани ёзиб, имзо қўйгач, қоғозни ўзидан нари сурди, титраётган бармоқларини стол остига яширди.
Навбатчи аризани олдию, унга қарай-қарай стол устидаги журналга бир нималарни қайд қилишга тушди. Бино дарвозаси ёнига “Тез ёрдам” машинаси келиб тўхтади.
Шифохонада Дилнозага тиббий ёрдам кўрсатишди, сўнг “Тез ёрдам”да уйигача обориб қўйишди.
Эртасига шанба эди ва Дилноза кун бўйи хонасида ётишдан бошқа илож тополмади. Тиззаси ҳамон симиллаб оғриб турарди. Пешонасидаги шиш анча пасайди, аммо юзининг тилинган жойлари ҳамон қонсираб турарди. Бу аҳволда кўчага чиқиш мушкул. Барибир кўчага чиқишдан фойда йўқ эди – аблаҳ ўғри уни сўнгги тийинига қадар қоқлаб кетганди. Ўз аҳволини ўйларкан, қизнинг хўрлиги келди ва ёстиққа юзини босганча ҳўнграб йиғларкан, бир камбағал бечоранинг бор-йўғини шилиб кетган ўғрини роса қарғади…
Якшанба куни чошгоҳга яқин эшик қўнғироғи жиринглади. Остонада ўтган кунги милиция машинаси ҳайдовчиси илжайиб турарди.
– Ассалому алайкум, – деди йигит кўтаринки оҳангда. – Опкетгани келдим, сўрашяпти.
– Ким? – деди ҳам ҳайрон бўлган, ҳам қўрқиб кетган Дилноза.
– Юраверинг, кеннойи, – деди оппоқ тишларини намойиш этиб илжайган йигит. – Ўғрини ушлашибди, ўғрини.
– Ростдан-а?!
– Рост, кеннойи, рост. Айтгандим-ку, милиция топмай қўймайди деб.
Гўё ҳозирнинг ўзида эски сумкачасини ва уч юз олтмиш беш минг сўмини қайтариб олаётгандай суюниб, ҳаяжонланиб кетган Дилноза дарров кийиниб чиқди. Бир пасда идорага етиб келишди.
Ойнаванд хонада ўтирган навбатчи қизни иккинчи қаватга бошлаб чиқди. Кичкина хонада ўша милиционер – капитан Маҳмуд ака ўтирган экан. У Дилнозани очиқ чеҳра билан қарши олди ва:
– Келинг, синглим, келинг, – деди ўрнидан туриб Дилнозани қаршисидаги стулга таклиф қилар экан. – Марҳамат, ўтиринг.
Қиз жойлашиб ўтиргач, Маҳмуд ака меҳрибонлик билан ҳол-аҳвол сўрашди, сўнг олдида турган қоғозларни варақлади.
– Мана, Дилнозахон, – деди Маҳмуд ака оталарча меҳрибонлик билан жилмайиб, – тиббий хулосаларни ҳам олдим. Жароҳатларнинг хавфли жойи йўқ экан, ўзингизни яхши ҳис қилаяпсизми, ишқилиб?
– Раҳмат. Жуда яхши.
Дилноза бесаранжомланиб, ўрнида қимирлаб қўйди. У борган заҳотим сумкачамни беришади ва шу билан ҳаммасидан қутуламан, деб ўйлаганди. Аммо сертакаллуф Маҳмуд аканинг гап орасида синчковлик билан қараб-қараб қўйишига қараганда, ҳали-бери жавоб берадигана ўхшамайди.
– Ўғрини ушлабсизлар деб эшитдим… – деди қиз аста.
– Ушладик, синглим, ушладик, – деди аллақандай ишончсизлик билан Маҳмуд ака.
– Хурсандман, – деди Дилноза. Сўнг ҳайдовчининг гаплари ёдига тушиб қўйиб, қўшиб қўйди: – Бунақаларнинг боплаб жазосини бериш керак. Индамаган сайин ҳаддидан ошиб кеташаяпти…
– Албатта, албатта, – деди негадир бесаранжом бўлиб қолган Маҳмуд ака.
Шу маҳал эшик тақиллаб қолди.
– Киринг, – деди Маҳмуд ака.
Эшик очилиб, аввал бир милиционер, сўнг узун бўйли йигит кириб келди. Гарчанд шляпасиз бўлса-да, Дилноза узун сочларидан, қорувли гавдасидан ва кўзойнак остидаги бесаранжом кўзларидан ўғрини таниди. Маҳмуд ака аллақандай изтиробли овозда сўради:
– Ўртоқ Маликова, сизга ҳужум қилган ўғри шуми?
Қиз ерга тикилиб олган йигитга бир муддат қараб тургач, ишонч билан:
– Шу! Худди шу! – деди.
– Олиб чиқиб кетинг!
Милиционер ўғрини олиб чиқиб кетаётган пайти у тўсатдан тўхтаб, Дилнозага нафратланиб қаттиқ тикилди ва сўзларни дона-дона қилиб деди:
– Аризангни ўқидим… Роса обқочибсан-ку…
Энди сумкачам ўзимга тегади деб ўйлаётган Дилнозанинг юраги уришдан тўхтаб қолгандай бўлди. Аммо қиз буни сездирмасликка ҳаракат қилганча савол назари билан Маҳмуд акага қаради.
– Биласизми, синглим… – баттар каловланиб, керакли гап топишга қийналиб қолди капитан эшик ёпилгандан кейин. Охири ўзида куч топди чоғи, қизга эмас, столидан кўз узмаган кўйи шартта-шартта гапирди: – Хуллас, синглим, мен ҳам тирик одамман… яқинларим, таниш-билишларим бор… Бу бола… хотин томондан узоқроқ қариндош чиқиб қолди… Ҳеч кутилмаганда денг… Катта бир одамнинг, тўғриси, бир балнисанинг бош врачининг боласи экан бўлмаса… Тўқликка шўхлик қилиб… Хуллас, синглим, мен аризангизни ўқиб чиқдим. Бу бола сиздан тортиб олган пул, тиллаларнинг барисини қайгадир йўқ қилган… Яна бўйнига олмаганини занғарнинг!.. Биз… отаси билан ўтириб баҳоладик… Отаси ўзим қаттиқ жазолайман деяпти… Ишламасам ишламайман, лекин боламни одам қиламан деяпти… Биласиз, ўзингиз тушунасиз, у ёққа тушиб қолса тамом бўлади… Хуллас, синглим, агар сиз рози бўлсангиз…
Дилноза анграйиб қолди. У капитаннинг гапларидан ҳеч нарсани тушунмади. “Энди сумкачам топилмайди” деган ўйдан ваҳимага тушиб, ранги оқариб, капитанга тикилиб қолди:
– Сиз… сиз менга… Мен… наҳотки… Мени ким деб ўйлаяпсиз?
Бу гапларни ўзича тушунган милиционернинг бўлари бўлди. Баттар қизарди, бўзарди, охир-оқибат:
– Асло! – деди у аллақандай ишончсиз оҳангда. – Асло ва асло! Пора ҳақидаги гап хаёлимга ҳам келмаган! Биламан, у босқинчилик қилган, сизга тан жароҳати етказган, қўрқитган. Буни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат! Айниқса, аёл кишига шундай… Жиноятига яраша жазосини ҳам олиши керак… Лекин… ўртада хотин… қариндош-уруғлар…
Терлаб кетган капитан шартта ўрнидан турди ва:
– Хуллас, гап бундай, – деди гўё ўзи истамаган гапларни айтаётгандай. – Одам кўп нарсалардан воз кечиши мумкин, лекин қариндош-уруғдан кечиб кетиши қийин экан. Айтиб қўяй, ихтиёр тамомила ўзингизда. Лекин сизга шу илтимосни айтиб қўйишга мажбурман. Аризангизни кўриб чиқдик. Ўғирланган пул, доллар ва тиллаларни ўғрининг отаси бозор нархида беш минг долларга баҳолаган. Тан жароҳат етказилгани учун зарарни йигирма мингга… долларда. Хуллас, ўғрининг отаси сизга йигирма беш минг бериш эвазига аризангизни ўзгартириб беришни ўтиниб сўраяпти… Яъни фақат сумкамни олиб қочиб кетди, деб ёзиб берсангиз бас. Биламан, аслида у аблаҳ сизни қўрқитган, ҳаттоки қўл кўтарган. Айтдим-ку, у барибир қамалади деб. Фақат… Агар “Қоронғида келиб фақат сумкачамни олиб қочди”, деб ёзиб берсангиз… Биринчи марта эканлиги ҳисобга олиниб… Қонунларимиз инсонпарвар… Сизни кўрган шифокор отасига шогирд чиқиб қолди… Ёзиб берсангиз… Шунда бола шартли қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бир йилгами, икки йилга… Агар амнистияга илиниб қолса олти ойда ҳам қутулиши мумкин. Ҳар қалай кўз олдида бўлади. Акс ҳолда уч йилдан етти йилгача, қаттиқ режимли колонияда… Лекин, айтиб қўяй, ихтиёр ўзингизда…
Бу гапларни айтиш асносида тамоман терга ботган Маҳмуд ака сўзини тугатган заҳоти баттар қизариб ойна тарафга бурилиб олди. Ниҳоят қиз ўзидан нима талаб қилишаётганларини англаб етди. Аризани қайта ёзса бас. Эвазига йигирма беш минг доллар…
– Мен… розиман…
Дилноза бу гапни қандай айтиб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Баногоҳ енгил тортган Маҳмуд ака қизга ўгирилди. Кўзлари жиққа ёшга тўлган капитан жилмайишга уринаркан:
– Сиз!. Сиз… – деди ҳаяжонланиб, – ажойиб қиз экансиз, оқила қиз экансиз! Сиз хафа бўлманг. Мен уни ўзим яхшилаб дўппослаб… назоратим остига олиб… Лекин сиз… – азбаройи тўлиқиб кетган Маҳмуд ака туйғуларини ифодалашга сўз тополмасди, – сиз… бизнинг оилани сақлаб қолдингиз… Янгангизнинг олдида обрўйимни ошириб юбордингиз… Янгангиз “Барибир эплолмайсиз, сизнинг бунақа гапларга тилингиз айланмайди, қариндошларгаям қайишмайсиз”, деб йиғлаб қолганди… Лекин сиз буюк қиз экансиз! Кечиримли…
Бу гапларни қуйи лабини қонаб кетгудай даражада қаттиқ тишлаб эшитаётган Дилноза алоҳа қизиб кетган бошини кўтарди ва келганидан буён биринчи марта капитанга тик қаради:
– Фақат… — у йиғларди.
Маҳмуд ака қалқиб кетди, кейин бўшашиб, аранг гапира олди:
– Ҳали айтдим, синглим, ҳар қандай ҳолатда ҳам танлаш ҳуқуқи ўзингизда…
Дилноза маъюс кулимсиради, бу ночор табассумда сўнаётган ғариб илинжлару, юз очаётган қатъиятнинг ожиз кўланкалари бўй кўрсатгандай бўлди.
– Мен… ҳаммасини ёзаман… Аслида қандай бўлган бўлса, шундайлигича… Ҳаммасини… Менга сумкам ва уч юз олтмиш беш минг сўм пулимни қайтариб берсангиз бўлди.
… Орадан беш ойга яқин вақт ўтди. Жума куни эди. Ишдан эртароқ қайтган Дилноза ошхонада куймаланиб, кечки овқатга тайёргарлик кўрарди. Эшик қўнғироғи жиринглади. Қиз бориб аввал ёғоч эшикни очди, кейин қалин темир эшикка ўрнатилган кўзгучадан ташқарига қаради. Йўлакда қора чарм куртка кийган барваста бир киши тескари ўгирилиб турарди. “Иссиқ сувдан шекилли”, деган ўйга борган Дилноза ҳар эҳтимолга қарши:
– Ким? – деб сўради.
Эркак ўгирилди. Дилноза ўша таниш қиёфани кўрди: узун сочлар… йўлакдаги неон чироқда ялтираб турган кўзойнак. Аммо йигитнинг нигоҳи маъсум, юзи кулиб турарди. Йигит ғоят хотиржам ва ўктам овоз билан ўша таниш жумлани такрорлади:
– Аризангни ўқидим… Роса обқочибсан-ку…
Аввалига бир қалқиб кетган Дилноза беихтиёр илгакка қўл чўзди…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 37-сон