Абдунаби Бойқўзиев. Янги ном (ҳажвия)

Бугун нима кўп, хусусий фирма, қўшма корхоналар кўп. Номланиши турлича — алламбало…
Бир танишимиз фирма очди. Номи «Хўп-хўп». Бу нима деганийкин, деб қизиқсиняпсизми? Бу — пулини берсангиз истаган хизматингизни хўп, хўп дея бажарамиз, дегани эмиш.
— Нима иш билан шуғулланасизлар? — сўрадим бир куни биродаримдан.
— Любой ишни қиламиз, — деди у хўрозланиб. — Аёлларга сийнабанд тикишми, самолётга патта олиб келишми, ўн тўққиз, йигирма қаватли бино қуришми, сув ости кемаси ясашми, бизга фарқи йўқ, устасига барибир.
Жаҳон андозаларига мос фирмалар шунақа бўлармиш. Дастлабига «Хўп-хўп»нинг иши роса юришди. Оғайнимизнинг босари билан тусарида навозишлар пайдо бўп қолди.
Одамлар «Хўп-хўп» ҳақида гап кетса «ҳа, қойил, зўр» деб қўйишади. Тез орада фирманинг номи «зўр» деган сифат билан безанди. Бора-бора бу сўз фирманинг номига дўнди. Мижозлар энди фирмани «Зўр», оғайнимизни «Зўрим» деб улуғлай бошлашди. Кўп ўтмай Зўрим Зўримбойга айланди.
Хўш босари нима-ю, тусари нима, дерсиз?
Босари Зўримбойнинг юриш-туриши, кийинишида ҳаво пайдо бўлиши. Тусари бу энди яшаш ва ошашидаги ўзгариш. Қўша-қўша машиналар, данғиллама уй-жойлар, дала ҳовлида тантиқланиб кун ўтказиш, казо-казолар билан борди-келди қилиш ва ҳоказолар.
Шундай бўлди ҳам.
Оғайнимиз бугун омад тулпорига маҳкам ўрнашиб олган. Ҳисоб рақамига пул ўтказгану ўтказмоқчи бўлганлар тун-кун йўлида.
Янгиликка замоннинг ўзи ўч бўп турган давр эмасми, газеталар оғайнимизнинг оддий воситачилик хизматларини кўпиртириб ёза бошладилар, радиосухандонлар мақтовни булутларга етказишди. Вилоят телевидениесининг битта канали эртадан кечгача Зўримбойнинг хайрли ишлари ҳақида лавҳа, репортаж кўрсатиб турибди. «Зўрнинг кети тегирмон тошини айлантиради», деб қўярди томошабинлар.
Ҳа, Зўримбой бунақа нарсаларга пулни аяб ўтирмасди. Кўп ўтмай матбуотда «Зўр» фирмаси мақтовига зўр берувчилар машқида сусайиш сезила бошлади. Узун-қулоқ гапларга қараганда, Зўримбойни шишириб турган аллақандай «Шилдир-шоп» компаниясининг бели синиб, аранг қимирлайдиган бўлиб қолган эмиш.
Илгари маблағини «Хўп-хўп» ҳисоб рақамига ўтказишни орзу қилиб юрган одамлар энди ўтказган пуллари эвазига қайтариладиган молларни қачон олиши ёки қандай хизмат кўрсатишини билолмай овораи сарсон эдилар.
«Хўп-хўп»чиларнинг хўп-хўпидан зада бўлган мижозлар ғимирлаб қолишди. У ёқ-бу ёққа шикоятлар уча бошлади. Биродаримиз норозиликлар оқими камаярмикин, деган умидда «Хўп-хўп»ни банкрот, деб эълон қилди. Ўрнига «Сабр» фирмасини очди. Энди ҳақини талаб қилиб келганларга «Сабр қилинг, ака, бажарамиз», дея жавоб қила бошлади.
Оғайнимиз бу ном мазмунидаги жанговар ҳимоя оҳангига умид боғлаган эди. Аммо… даъвогарлар энди жанговар ҳимоя устига жанговар хужум билан бостириб келишарди. Астағфируллоҳ!.. Не қилмоқ керак? Фирма номини янада жанговарлаштириш керак. Бошқа чораси йўқ. Ном шундай ном бўлсинки, ўқиган одамнинг нафаси ичига тушиб кетсин.
Эски танишлар бор бўлишсин. Ўшалар ёрдамида фирманинг номи энди «Ҳалво» деб ўзгартирилди. Аммо бу билан ҳам оғиз чучимади.
Ном ўзгартириш машқини олган, қолаверса, бундай чоранинг анчайин самарали эканлигига мазахўрак бўлиб қолган биродаримиз бугун фирманинг янги номи устида бош қотирмоқда. Бу ном шундай бўлиши керакки…
Сиз нима дейсиз, муҳтарам мижозлар?
Балки таклиф сизлардан чиқар?