Абдунаби Бойқўзиев. Тешикмозор ҳангомалари (ҳажвий қисса)

Биринчи қисм

Тешикмозор қишлоғи Андижондан юрсангиз Пойтуққа кираверишда…
Қишлоқнинг номи нега Тешикмозор деб ҳайрон бўлманг. Бунинг ўтмиш билан боғлиқ асосли сабаблари бор. Изоҳи, энди, алоҳида мавзу.
Тешикмозорнинг, мен сизга айтсам, ҳар бир фуқароси ҳангома. Айниқса, Оташ хоббони ва Бўташ гупир билан боғлиқ гапларни йиғиб китоб-питоб қилинса борми, мақтаняпти демангу, бир ажабсанда асар бўларди-да.
Ҳа, тешикмозорликларнинг дунёни лол қилгулик жуда кўп ҳангомалари бор. Фақат бир камчилиги, бу манзил-макон билан боғлиқ беғараз, бетакрор шумлигу қитмирликларни элга манзур тилда ифодалаб берадиган зўр ҳажвчи ёзувчисининг йўқлиги. Тўғри, Тешикмозордан беш-ўн чақирим атроф доирада, довруғи довонлар ошган Қамчибек Кенжа, Абдулла Комил, Наби Жалолиддин деган машҳур адиблар чиққан. Бироқ уларнинг “ҳазил-мазак”, “олди-қочди гаплар”га унчалик тоблари йўқроқ, десам хато бўлмайди. Ноумид бўлмаймиз. Жиддий жанрларда қалам тебратадиган машҳур адиблардан шунчасини берган Худо ҳангомасуярларини ҳам ато этиб қолса ажаб эмас. Ҳозирча, бу вазифани, баҳоли қудрат бажариб туриш бизнинг чекимизга тушганга ўхшайди. Ош бўлмаса, оби ёвғон ҳам овқат, дейдилар-ку, машойихлар.

* * *
Шундай қилиб, Тешикмозор халқи ёппасига ҳазилкаш. Икки одамнинг боши қовушса, гап нишоби лақабингизга бориб тақалаверади. Бу мулоқотлар тагидаги маъноости қатламларини тешикмозорлик бўлмаган одам фаҳмламаслиги мумкин. Ҳа, энди, икки тешикмозорлик бир-бири билан шунчаки, модернча усулда ҳол-аҳвол сўрашяпти-да, деб кетаверади.
Аслида, бундай ҳол-аҳвол сўрашиш асносида, икки тешикмозорлик ўзларининг ибораси билан айтганда, бир-бирининг “энасини Учқўрғондан кўрсатаётган” бўлади.
Мана қаранг, йўлда икки тешикмозорлик учрашиб, сўрашяпти:
“Яхшимисиз, Аблазиз ака? Қалай, бола-чақа, қозон-товоқ, мол-ҳол… омонми?” “Раҳмат Эркабой! Пермер болагаям раҳмат, мени бедапояға байлаб қўйған. Ўшетта юриппиз, ризқимизни чимдиб, е-еб”.
Бу гапларнинг қаери қинғир? Сал ҳазилнамо, демаса, бинойидай гаплар. Шундайми? Ҳа, яшанг! Аммо, ана шу, сал ҳазилнамо гаплар остида фақат тешикмозорликларгина пайқаши мумкин бўлган анча-мунча маъно-мазмун, нозик қочирим, имо-ишора ва энг муҳими, ҳозиржавоб топқирлик ётипти.
Ана энди сирни очай: Аблазиз аканинг лақаби, демак, сигир ёки бузоқ, Эркабойники эса эшак ёхуд хўтик бўлиб чиқади.
Бу ажабтовур суҳбат завқини ўша икки тешикмозорлигу, яна англаса… шу тешикмозорликларнинг ўзлари англайди, холос.
Тешикмозорга келиб, ҳазил ёки аския қилиб қойил қолдириб кетаман, деган одам икки чучваранинг ўртасини епти. Тешикмозорликни ағдан-бағдан келиб ҳали бирон кимса “энасини Учқўрғондан кўрсатиб” кетолмаган. Тешикмозорликнинг энасини фақат шу тешикмозорликнинг ўзи уч эмас, нақ ўнта қўрғон наридан кўрсата олади. Тешикмозорлик бўлмаган биронта одам, мен тешикмозорликнинг энасини Учқўрғондан кўрсатдим, деса бу гап лофдан бошқа нарса эмас. Ҳа, айтганча, лоф масаласида. Лоф айтишда ҳам ҳали ҳеч ким, тешикмозорликларчалик лоппиллай олмаган. Гапимиз қуруқ бўлмасин учун бир воқеани эслаб ўтай. Тўрақўрғонлик Ҳафизхон лофчи тешикмозорлик Маташбой лофчининг дарагини эшитиб, бир жуфтгина лоппиллашай, деб Тешикмозорга келибди. Қишлоққа кираверишда Маташ лофчининг саккиз ёшлар чамасидаги Абдураҳмон деган ўғлига йўлиқибди.
“Йўл бўлсин, амаки?” – деб сўрабди бола.
“Шу қишлоқдан Маташ лофчининг таърифини эшитаман. Ўша киши билан бир-икки жуфт лоппиллашай, деб келдим. Қайси уйда яшайди, айтолмайсанми?”
“Адашмабсиз. Мен ўша кишининг тўнғичи бўламан. Отам уйда йўғидилар”.
“Ундай бўлса, келгунича дарвозахонанглардаги сўрида попирис-мопирис чекиб ўтириб турcам…”
“Кутиб қолмасмикинсиз, амаки? Отам эрта билан обдан чилим тортувди. Тутунини пуфлаш учун одам сийракроқ жой излаб Тўққизадирга чиқиб кетди. Эҳтимол, мен билан лоппиллашиб қўяқоларсиз?”
Ҳафизхон лофчи боланинг гапига жавобан, пўнғиллабди:
“Тутунни чеккан жойида пуфласа бўлмасаканми?”
“Ия, нима дияпсиз, амаки! – дебди бола. – Кашандаларимизнинг ҳаммаси тутунини шу ерга пуфласа Тешикмозорни булут босиб қолади-ку!”
“Менга қара, ҳей тирранча! Шунча йўлни сен билан ади-бади айтишаман деб келганим йўқ. Менга отангни рўпара қил”, – дея зардаланибди Ҳафизхон лофчи.
Бола бошқа ҳеч нарса демабди. Меҳмоннинг олдига патнисда иккита нон, чойнакда доққина кўк чой, пахта гуллик пиёла ва беш-олти чақмоқ оқ қант келтириб қўйибди-да, узрини айтиб, айвон саҳнидаги экинлар тагини юмшатишга киришибди. Икки соатдан ошибди ҳамки, Маташ лофчидан дарак бўлмасмиш. Тоқати тоқ бўлган Ҳафизхон лофчи Абдураҳмонга дебди:
“Отанг уйга бугун-эрта қайтадиганмиди ўзи?”
Абдураҳмон энди пинагини ҳам бузмай, шундай жавоб қилибди:
“Яна андак сабр қиласиз. Отам ичидаги тутунларни пуфлаб бўлди. Энди фақат йўталиши қолди. Ўзингиз биласиз, чилим тортгандан кейин бир соат, ярим соат биғиллаб йўталиши керак-ку, одам!”
Ҳафизхон лофчи, тирмизаги шу бўладиган бўлса, отасига йўлиқмаганим маъқул, деб, изига қайтиб кетган экан.
Ошириб-тошириб гапириб қўйиб, соддаҳайронлани-иб туришда ҳам тешикмозорликларнинг олдига тушадигани йўқ. Оташ хоббони билан Бўташ гупир бу борада нафақат Тешикмозорда, балки, бутун Фарғона водийсида пеш десак бўлаверади. Уларнинг бир-бирига қилган ҳазиллари, мен сизга айтсам, менман деган қизиқчиларнинг ҳам етти ухлаб тушига кирмайди. Биттасини мисол келтирайми? Ҳай, эшитинг:
Бир куни, турмуш ташвишларидан чарчаган Оташ хоббони уйининг орқасидан шарқираб оқиб ўтадиган ариқнинг бўйида, дуррачаси билан елпини-иб ўтирса, эски, шалағи чиқиб кетган “Жигули”сини варанглатиб, Бўташ гупир ўтиб қолибди.
“Ҳа-йов! Йўл бўлсин, Бўташвой?!”, – дея бўйнини чўзибди Оташ хоббони.
Бўташ гупир ҳам, оғайнимга бир гуппиллаб қўяй, деб келаётган экан. Ойнадан кал-ласини чиқариб, машинасига ишора қилиб, дермиш:
“Жонободга! Манови, қари қирчанғи қисир қолувди. Исломиддиннинг “Волга”сидан қочириб келай!..”
Оташ хоббонига бу гап айил ботибди:
“Вой қисталоғ-ей, – дебди ичида, – шалағи чиққан аравасини пеш қилиб, менга гап едириб кетди-да, ўзича!”
Кўп ўтмай, Оташ хоббони ҳам, кишнаб турган “ГАЗ-21” сотиб олибди. Қутлуғ бўлсинга, улфатлар қаторида, табиийки, Бўташ гупир ҳам кирибди. Шу фурсатни пойлаб турган гупир хоббонига теккизиб нима дермиш: “Айрим одамларнинг, айрим масалаларда, жонободлик­ларга қатнаб, жони ҳалак бўлятганидан орият қилдик. Бўташвой! Мабодо, жигулингиз яна куйикиб-нетиб қолса, тортинмасдан олдимизга келоврасиз!”
Тешикмозорликлар, ҳазил-мутойибага жиддий ёндошишади. Анча-мунча, ҳазилчалиш гапларни оғизларига олиб, гапни хашакилаштириб ўтиришмайди. Ҳазил-мутойибанинг ҳақиқий “Фирменний тешикмозорский”ларини топиб-топиб гапиришади. Улар чайнаб ташлаган ҳангомаларни, пойтахтнинг номдор қизиқчилари, катта концерт залларида, қайта-қайта чайнашиб, бола-чақа боқади. Обрў ва унвонлар олишади. Бироқ улар бу гапларга парво ҳам қилишмайди. Чунки, тешикмозорликлар учун ҳазил-мутойиба, аския деҳқончи- лик-да. Ўзлари бир пайтлар айтган ҳангомаларни бировлар тилидан эшитиб қолишса, “Майли-да, ҳосилдан капсан-папсан ҳам берилади-ку”, деб қўяқолишади.
Шу ўринда ниҳоятда меҳнаткаш, ўзларининг тили билан айтганда, ўлардай кетмончопқир, ҳангоматопқир ҳамқишлоқларимиз ҳақида Шўролар сиёсати обдан гуриллаб турган йилларда ёзилган бир шеърни эслаб ўтиш имконияти туғилиб қолди. Эшитиб кўрасизми? Марҳамат!

Тешикмозор – ўзбеки қишлоқ,
Бу ерда ҳам пахтадир борлиқ.
Фуқароси беармон ишлаб,
Армон билан чиқарар ҳордиқ.

Тонг, бунда ҳам отади эрта,
Тун, ҳузур не билмай ўтади.
Пайкалнинг у боши уйғонса,
Этагини уйқу элтади.

Кундузлари, шундай узунки,
Ярим йўлда ҳорийди қуёш.
Аламзада офтоб забтига
Фақат, қизлар беради бардош.

Касалманд қул томирларидай,
Қорадарё борадир қуриб.
Нима қилай, Тўрткўлариғай-й!..
Тушларимга кирса айқириб.

Туғён урар дилда иштибоҳ:
Бахт бунчалар бўлмаса оний.
Бу ердан ҳам ҳақиқат йироқ,
Бу ерда ҳам мустарлик ғаний.

Бироқ, элим, шундай қовулки,
Кулфатин ҳам айтар кулдириб.
Демак, демак боқийдир кулги,
Аскияни бўлмас ўлдириб.

Биров келса уйингиз сўраб,
Таомил шу – беради овоз.
Фақат, етти маҳалла узра
Лақабингиз қилади оғоз.

Бизга чин, сизга муболаға,
Кимдир ўлса, очилса аза.
Марҳум исми қолиб бир ёқда,
Лақабига ўқир жаноза.

Ана шундай, бизларнинг қишлоқ,
Яшамоқни обдан билади.
Кулги билан йиғлайди, кўпроқ,
Йиғлаб туриб кулги қилади.

Ана шунақа гаплар…
Тешикмозорликлар, мен сизга айтсам, ҳар бир соҳада ўзига хосликка интилишади. Ишда, яшашда, ошашда, ҳатто, меҳмонга кўрпача тўшашда ҳам, деб қўйишади, қўшни қишлоқликлар.
Биз ёғоч от миниб, кўча чангитиб юрган пайтларимиз экан. Бутун республика пахта усталари ғўзани “квадрат” усулида етиштириб турган бир пайтда бу ерликлар ўзига хосликларини намойиш этиш учун чигитни кўндалангига экишган, дейишади.
Тўғри, тешикмозорликлар яна, мен сизга айтсам, кулги чиқадиган жойга суви бўлмаса ҳам каллачасига ташлашади. Бироқ улар ҳазил-мутойибага қанча ўч бўлишмасин, одамнинг афти буришиб кетадиган даражада ориятли ҳам.
Ҳа, айтганча, тешикмозорликлар ўлардай болажон халқ. Қолаверса, бу ерликларнинг муштдайидан тортиб тошдайигача турган-битгани ҳангома.
Шундай келишсак. Отаси ҳақида гапириб чарчаганимизда, тешикмозорликларнинг болалари тилидан эшитганларимизни ҳам таппа-таппа қоғозга тушириб кетаверсак, ажаб иш бўларди-да. Демак, розисиз? Келишдик! Демак…

Латифа:
Қачон гапириб берасиз?

Уч ёшли набира бобосининг мешдай бўлиб кетган қорнини эзиб сўраётганимиш:
– Опподада, бу йима?
– Буми? Гап, болам, гап.
– Ҳаммаси-я?
– Ҳаммаси.
– Улайни қачон дапийиб беясиз?
Энди юқорида айтганларимни исботламасам, бўлмас. Мана, бўлиб ўтган, қорнимизда сақланаётган ўша воқеалардан айримлари.

Хотин, дамингни чиқарма!..

Саккизинчими, ё… Йўқ, аниқ тўққизинчи синфда ўқирдик. У пайтларда янги йилни улфатлар билан бир ерга йиғилишиб нишонлаш тоза расм бўлган. Ҳар йили гоҳ у, гоҳ бу ўртоғимизникида кутиб оламиз. Албатта, йиғилишиб янги йил кутишнинг ҳам ўзига яраша даҳмазалари бор. Гўшт, ёғ, яна анча-мунча биров билмас, шиша-пиша, дегандай. Аялманд оиланинг боласи сифатида мен бундай ҳотамтойлик қилолмасдим.
Отамиз ўша йили Ўнтом деган томонлардан шоли экиб, ҳосилини биз ўрта уй, деб атайдиган омборхонамизга, қанорқопларга санжоб қилиб жойлаб қўйганди. Ниманидир қидириб ўша уйга кирсам, дунёнинг чумчуғи ғужғон ўйнаяпти. Шартта эшикни ёпдим. Қўлимни ҳавога ёлғондакам сермасам, тўрт-бештаси чангалимга илинади. Бир-бир калласини узиб, кир ювиладиган тоғора шу ерда экан, ўшанга ташлайвердим. Тоғоранинг катталиги, нима десам экан, ўн учта чулдирвақаси бор оиланинг кир тоғораси биласизми, қанча бўлади? Хуллас, ўша тоғора чумчуққа тўлиб-тошдиям, учиб юрганлари тугай демайди. Қўйингки, бир дуйсанба қуш гўшти. Уни оиламиз билан бир ҳафта есак, тугатолмаймиз. Хаёлимга зўр бир фикр келди. Бугун кун нима? Ўттиз биринчи декабрь. Шу янги йилни ўртоқларим билан бизнинг уйимизда кутсакчи! Ўзимнинг ақлимга ўзим қойил қолдим.
Ўрта уйда амалга оширганим қирғинбаротни бориб даврабошимиз Муталлибжонга айтдим. У Аҳмаджон, Ҳакимжон, Холматжон ва яна кимларнидир етаклаб келди. Бир ғарам, боши йўқ чумчуқ. Кўриб турибман, ҳаммаси ҳайратда – оғзининг таноби қочиб кетди.
“Зўр бўпти!” – деди даврабошимиз. – Гап бундай, бу сапар янги йилни Ҳабишларникида – шетта кутамиз. Ҳабиш, сен кечқурунгача, чумчуқларни тозала. Қолган нарсаларни ўзимиз опкеламиз”.
Хуллас, кечқурун, тенг-тўшлар бизникида йиғилиб, чумчуқхўрликни бошладик. Қовуриб едик, қайнатиб едик, қўрга кўмиб, қозонга димлаб едик. Қўйингки, бор чумчуқни янги йил кирмасиданоқ соб қилдик.
У пайтларда қишлоқларда, асосан, вино ичиларди. 26, 53 деган тоза хўроз винолар бўларди. Эллик учидан йигирма олтинчисининг юқумиям, ютумиям яхшироқ бўларди. Ўшанисидан икки-учтасини ағанатганимиздан кейин, йигирма олтинчиси тугаб, фақат эллик учинчилари қолди.
Кимдир:
– Энди 26-си отилмасин! – дея хитоб қилди.
Ўша пайтларда, шу номдаги бадиий фильм машҳур бўлган. Кинотеатрларга келиб қолса, ҳамма ёпирилиб борарди. Биз ҳам энди 26-сини отмай, 53-сига ўтдик. Отишма роса қизиганда, чумчуқ гўшти тугади.
– Уйда мол гўшти бор экан, – дедим мен.
– Йўқ, бугун қуш гўштидан бошқаси бекор! – деди кимдир. – Фақат, қуш гўшти еймиз.
Чумчуқ эти ва винога бўкиб олган улфатларимиздан икки-учтаси қаёққадир ғойиб бўлиб қолишди. Бу маҳалда, соат миллари тунги хуфтонни кўрсатиб турарди. Худо бергандай, ташқарида гупиллатиб, қор ҳам ёға бошлабди.
Кўп ўтмай, ҳар бири биттадан-учта товуқни қўлтиқлаб, шерикларимиз пайдо бўлишди. Қаердан, кимникидан, деган саволларимизга ҳеч бири чурқ этишмасди. Нима бўлса, бўлган, астойдил ёпишиб, товуқларни сўйиб, тезроқ саранжомлаш керак эди. Қассоблик Холматжоннинг чекига тушди. Оёғидан боғланган макиёнлар қалин қор устида “ғулқ, ғулқ”лаб ётибди. Ҳамма ҳар хил фикрда.
Кимдир:
“Пичоқни, бисмилло, деб, хиққилдоғидан торт, – деса, бошқаси:
“Тўғри келган жойидан сўявер. Барибир, вино ичиб, жонлиқни бежон қилганинг учун дўзахнинг нақ ўтхонасига тушасан, ярамас! – дейди. – Фақат, қақағлатмасдан сўйсанг, у ёқларга опкетишётганида, ўзингнинг жонингни ҳам дод дегизмасдан олишади”.
Товуқларни ими-жимида, овоз чиқармай сўйишга келишдик.
Холматжон бир амаллаб уларни ҳалоллади. Ичак-чавоғини ағдараркан, келишув ёдидан чиқдими ё ҳайратини босолмадими, ҳаяжонли овозда деди:
“Во!! Ичидан тухумиям чиқди!”
Қассобимиз икки дона оқ-сариқ нарсани Аҳмаджоннинг кафтига ташлади.
“Тухум экан, – деди Аҳмаджон ҳам, ва эзиб кўриб. – Пўсти ҳали қотмабди”, деб қўйди.
Бу пайт, тунги гап-гаштагини тугатиб келган отам, шундоқ тепамизда турарди.
“Ҳа, ҳормайнар, йигиллар?!”
Ҳаммамиз турган еримизда қотдик. Отам бир менга, бир чавақланиб ётган товуқларга қарайди. Дамимиз ичимизда. Нима дейишни билмаймиз. Жимликни отамнинг ўзи бузди:
“Кимникидан опкелишдинг?!”
Қани энди, биронтамиздан жўяли жавоб чиқса. Ким ўтирган, ким энкайган, ким тик… Бундай ажабтовур инсон манзараларини, ҳаётим ҳаёт бўлиб, бошқа кузатмадим.
“Бўлар иш бўпти! – деди, отам охири, пўписа билан ва буйруқ оҳангида қўшиб қўйди. – Энди, тезроқ пишириб еб, уй-уйинга жўнаш! Тузукми?”
Шундай деб, отам ичкарилади. Ундан у ёғи… товуқларни қандай пишириб, қандай едик. Нима деб, нима қўйдик. Янги йилни кутиб олдикми, йўқми. Тўғриси, эслаёлмайман.
Эртаси куни тонг саҳарда отамнинг меҳмонхонасида юзага келган ҳолат ҳақида эса эшитганларим кечагидай ёдимда. Хуллас, отам, меҳмонхона улфатлари нонуштага йиғилгач:
“Биродарлар, кеча кечқурун кимнинг уйидан товуқ йўқолди?” – деб сўрабди.
Қарангки, шу савол бўлганда янги ёққан қор устида ўзининг ҳовлисидаги катакдан бошланган ўғри излар бизнинг дарвозамизга келиб кириб кетганини кўриб индамай изига қайтиб кетган ва:
“Хотин, дамингни чиқарма, товуқлар нозик жойга кетди!” – деб, аёли Ўктамхон аянинг оғзини ҳам ҳеч қачон очилмайдиган қилиб ёпиб қўйган Худойберган бува ҳам шу ерда ўтирган эди. Турган гапки, бу ажойиб инсонлар, аввало, учтагина товуқни деб, отам билан ўрталаридаги узоқ йиллик дўстлик ришталарига совуқчилик ўрмалашини, қолаверса, яхши-ёмон оғизларда уйига ўғри тушибди, деган гап сақичдай чайналишини ҳам истамаган экан, энди ўйласак.

Латифа:
Ақлли бўлганмисиз?

Тешикмозорлик Қўйливой отанинг беш ёшли набираси Жавоҳир бобосидан сўраётганимиш:
– Опподада, ошни қачонгача ўнг қўлда ейман?
– Ақлли бола бўлгунингча.
– Сиз ҳам ақлли бола бўлганмисиз?
– Бўлганман, болам, бўлганман.
– Унда нега ошни ҳалиям ўнг қўлда ейсиз?

Нортуядай бақувват

Тўлқинбой бригадир Тешикмозорга Жонободдан қатнарди.
Анчагина дароз, елкалари билинар-билинмас бўртиброқ кўринадиган бу йигит истаралигина, киришимлигина эди. Бировни ака, бировни ука деди. Аёлларни катта бўлса опа, кичик бўлса синглимлади. Тез орада, қишлоққа сингишиб кетди. Келгинди раҳбарларга бўй беравермайдиган тешикмозорликлар Тўлқинжон Қодировни шу ернинг одамидай ардоқлашиб, нима иш буюрса бўйин товламай, сидқидилдан бажариб кетишаётганининг боисини билолмай, туманнинг катталари ҳам анчагача ҳайрон бўлиб юришди. Бу апоқ-чапоқликнинг сабаби бор эди. Гапни чўзиб нима қилдим, айтиб қўяқолай. Тўлқинжон ҳам тешикмозорликларнинг ўзларига ўхшаб, одамнинг ҳавасини келтирадиган, янаям диркиллатиброқ айтсак, икки ўркачли… лўмбиллабгина юрадиган жонивор номи билан боғлиқ лақаби бор эди.
Бу сирни энди қаламга олсам, биров мени айбламайди. Чунки ҳар қандай, ҳатто, ҳарбий маълумотларни ҳам йигирма беш йилдан ортиқ сир сақлаб бўлмайди. Иккинчидан, биз билган Тешикмозорнинг одамлари лақаби йўқ одамни одам ўрнида кўришмайди. Борди-ю, бирон бегона одам билан танишиб мириқиб суҳбатлашмоқчи бўлишса, лақаби борми йўқлигини пайпаслаб кўришади. Лақабсизлигини пайқаб қолишса енгил-елпигина саломлашган бўлишади-ю, жуфтакни ростлашади-воради. Тузуккина лақабингиз бўлиб, анча-мунча ҳазил-мутойибага қинғайиб, чиртинг-пиртинг қилмаслигингизга ишонч ҳосил қилишса,
“Э, азиз биродар! Қаердаги, одам топмас қишлоқларда юрасизми хор бўлиб. Келинг, сизнинг жойингиз бизнинг Тешикмозорда! – деб, сизни кўчириб опкетишлари ҳам мумкин. Лақабингиз киройи жаранглайдиган лақаблардан бўлса худо берди, деяверинг. Ўзлари, ҳашар йўли билан ҳовли-жой солиб, шу ерлик бирон лақаби йўғонроқ марҳумнинг бевасига уйлантириб қўйишcа ҳам ажаб эмас.
Мавзудан манғиб кетдиг-а? Узр.
Хуллас, Тўлқинбойни олиб келиб бригадирликка тайинлаётганда, раисимиз Абдусамат буванинг:
“Тўлқинжон, болам, шу оғир участкани бугун сенга юклаяппиз. Эртага “Бў-ў”, деб юбормайсан-да! Астойдил бўласан. Мана шу оғир карвон қишлоқнинг олдига тушиб ёруғ манзиллар сари етаклайсан, энди” – деганида, мажлис аҳли орасида ҳаккам-дуккам кулги ҳам кўтарилган эди.
Тешикмозорликлар ўшандаёқ билишган эдиларки, янги бригадирнинг лақаби… Ҳай, майли, бу ҳақда кейинроқ. Хуллас, ўшанда раис бир ўқ билан икки қуённи урган. Бу гапи билан тешикмозорга қаердаги, “белақаб одам”ни олиб келмаганини, энг муҳими, оғиркарвон деб ном қозонган бунақа бригадани тортиб кетиши учун мана шунақа, Тўлқинжонга ўхшаган нортуядай бақувват кадрлар шарт, деган сиёсатини ўтказа олган экан.
Тўлқинжоннинг лақабини айтмадингиз дейсизми? Неча марта айтдим, ахир! Ҳаҳ, ўқувчим-а! Тешикмозорлик эмассизда, эмассиз!..

Латифа:
Ҳарфлар қочиб кетмасин

Тешикмозорлик Қўйливой буванинг набираси Жавоҳир бобосидан яна сўраётганимиш:
– Оппоғдада, китоб ўқиётганингизда нега кўзойнак тақиб оласиз?
– Ҳарфлар қочиб кетмасин, дейман-да, болам…
– Унда нега бувимга қараганда кўзойнагингизни ечиб қарайсиз?

Ошқовоқ эксам!..

Тўлқинжон бригадир ҳам, ўзвак кўрингани билан, бироз маҳаллийчилиги бор экан. Тракторчиси бошқа бригадага ўтиб кетгач, ўрнига ўзи томонлик Собиржонни етаклаб келди. Собиржони ҳам ўзидан ўтган ўзвагакан. Бир куни Тўлқинжонга:
“Тўрткўлканда бўйларидаги лойқа кўтармага, ошқовоқ экиб олсаммикин?” – деб, маслаҳат солибди.
Собиржони тушмагур-ей, бошқа экин қуриб кетгандай, ошқовоқ экаман, дейдими? Қовун-повун, ҳеч бўлмаса, тарвуз экаман, демайдими. Икки ўркачлик, деган ажойиб лақаби билан аллақачон тешикмозорлик бўлиб кетган Тўлқинжоннинг ҳам шу ерда тешикмозорча шумлиги тутибди.
“Жуда яхши-да. Отангга раҳмат! – дебди у, Собиржонни янада рағбатлантириб. – Уруғини Камол акангдан сўрайсан. Сўртавўй, ётволи-иб бўладиғанлари, ўша кишидан топилади, дейишади”.
Собиржон, кўтармага экиладиган уруғни ўзича чамалаб, тўрт-беш килолар кетса керак, деб ўйлади ва Камол аканикига йўл олди. Камол ака ҳам уруғларидан сўраб келишганидан ўзида йўқ хурсанд эди. У негадир хохолаб кулар, кулган сари ошкадидай сап-сариқ қошу кўзлари, киприклари, офтобда қизарган, серажин юзлари баттар олтинланиб, товланиб кетарди. Камол ака бу шумликнинг ортида кимлар турганини аллақачон сезган эди.
“Қанча керак?” – деб сўрайди, кулгидан ўзини аранг тўхтатиб.
“Тўр-беш килоси етар”, – дейди Собиржон.
Камол ака, “Ҳозир-да!”, дея ичкарига кириб кетади. Бир зумдан кейин, тўрт қарич, беш қарич келадиган бешта қизчасини олдига солиб, етаклаб чиқади.
“Мана, беш килолигиям, олти килолигиям бор. Танлаб, ёққанини олиб кетаверасиз!”.
Собиржон ҳеч нарсани тушунмай, серрайиб туриб қолди.
“Мен… мен, сиз билан ҳазиллашгани келганим йўқ, ака!” – деди у.
“Мен ҳам ҳазиллашмаяпман. Уруғларимизга ишқибоз бўлиб келасизу, биз бермаймизми?!”
Камол аканинг уйидан қуруқ қўл билан қайтган Собир тракторчи Тўлқин бригадирга ёзғирди:
“Бу, Камол ака дегани жинни-пиннимасми? Уруғ сўраб борсам сариқ-суруқ қизларини суняпти!..”
Ҳангомани уюштириб жилмайиб турган Тўлқинжон ҳам, унинг атрофидаги бошқа аъзолар ҳам тешикмозорчасига мириқиб кулдилар. Ўша куни нима деярини билмай, анграйиб қолган Собиржоннинг эса тешикмозорлик бўлишига ҳали беш-олти қовун пишиғи борлиги билиниб қолди.
Камол аканинг ҳам лақабини айтмадим.
“Айтмасангиз, қаердан биламиз?” – дейсизми? Эҳ, содда ўқувчим! Сизнинг ҳам, тешикмозорлик бўлишингизга ҳали а-анча қовоқ пишиғи бор…

Бўйимизни бўлишволамиз

Тешикмозорлик Қўйливой бобо набирасига ҳазиллашяпти:
– Бегижон, нега сен акангдан паканароқсан?
– Кеча уни қулоғидан чўзиб кўтардингизу, ўшанда мендан ўзиб кетди-да.
– Ундай бўлса, кел, сенинг бўйингни ҳам ўстириб қўяй.
– Йўқ, акамникини ўстираверинг, кечқурун бўлишволамиз.

Ўғирликка ўз уйига…

Шўро даврида ўғирлик айб саналмай қолган эди десам, ҳозиргилар ишонармикин? Аксарият замондошларимиз қаердандир ниманидир ўмариб кетса, шу кунни яхши ўтказдим, деб ҳисоблайдиган бўлиб қолганди, десаму, улар мени бутун бир совет халқи юзига қора чаплаяпти, деб ўйлашлари тайин. Ҳар ҳолда, Шўро ҳокимияти келгандан бошлаб ташмачиликка қарши курашганини ва бу иллат негадир, Шўро қулаб тушгунга қадар йўқолмай қолаверганини айтсам, биронта тарихчи бекор айтибсиз, деёлмайди. Албатта, бу “фазилат”дан Шўро ҳудудининг биқиқ бир парчаси сифатида Тешикмозор қишлоғи ҳам холи эмас эди.
Шундан келиб чиқиб дадил айта оламизки, “Ўғирлик қовуннинг мазаси бошқа”, деган иборани ҳам айнан тешикмозорликлар ўйлаб топишган бўлса керак. Ҳар ҳолда, бунақа “қитмири ибора”лар фақат уларнинг оғзидангина чиқиши мумкин. Бунга асос бўладиган воқеалар ҳам тешикмозорда тиқилиб ётибди. Хўш, қайси бирини айтсам экан? Худойберган буванинг товуқларини “тинчитганимиз”ни айтдим. Оламайдонлик­лар колхоз раҳбарларидан яшириқча пайкалнинг этакроғига эккан қовунларидан бир аравасини Тўрткўлкандага оқизиб, Тешикмозордан тутиб олганимизни ёзайми? Йўқ, яхшиси, Дўманқора шийпон болаларини ўз уйига қовун ўғирликка юборганини сўзлаб бера қолай. Ҳа, шуниси қизиқроқ.
Дўманқора деганимиз, далада ишлайдиган ёш-ялангларнинг ичида ёши каттароғи. Ўша пайтларда, негадир, қишлоқнинг ўсмир йигитлари колхознинг дала шийпонида тунаши жамоа хўжаликлари ички тартибига киритилган экан чоғи. Хўш, ўнта, ўн бешта навқирон бўй бола кечаси билан шийпонда тинч ётади, дейсизми? Ҳа, баракалла, ётмайди! Айниқса, ўғирланган қовуннинг мазасини яхши биладиган тешикмозорлик болалар ётган жой бўлса!..
Шийпон болалари ҳаётининг биров билмас кундузги ва тунги кун тартиби бўларди. Кундузги кун тартиби ҳаммага маълум: табелчи билан бригадир нима иш буюрса, бажариш. Бажаргандаям, қойил қилиб бажариш. Оқшом чўкиб шийпон ўзларига қолгач эса, фақат Дўманқора ва Водил аканинг ҳукми – ҳукм. Бордию, улардан бири қўшни Урганжи жамоа хўжалигининг бутун бошли тарвузпояси ёки олмабоғини Тешикмозорга кўчириб келамиз деса, барча бир ёқадан бош чиқариб ўша ишни амалга оширишга астойдил киришган. Турган гапки, шийпон болалари тунги ҳаётининг “мазмунли ўтиши”, “амалий ҳаракатлар”ининг муваффақияти, асосан, шу икки “оқсоқол”нинг кундузи олиб борадиган “разведка” ишлари ҳамда ишлаб чиққан ҳаракат дастурларининг пишиқ-пухталигига боғлиқ бўларди. Кўзланган режа муваффақиятсизликка учраса ёки бадхатроқ амалга ошса, вазиятдан қандай чиқиш ва жавобгарлик масъулияти ҳам ўша икки “оқсоқол” зиммасига тушарди.
Шийпон болалари бундай тунги тадбирларни “юриш”, деб аташарди. Юришларнинг каттароғи, ўртачароғи ва кичикроқлари бўларди. Бу атамаларнинг нимани англатишини зукко ўқувчимиз назаримизда аллақачон илғади. Шундай бўлса ҳам айтай: “Катта юриш” дейилса, қўшни колхоз, “ўртачароқ” дейилса, қўшни қишлоқ ёки бригада ҳудуди, “кичикроқ” дейилса, шу маҳалланинг ўзида етиштирилган қишлоқ хўжалик ёхуд полиз маҳсулотларидан ўғирлаб келиб, мазза қилиш ҳақида гап кетаётган бўлади. Ана шу “парол” сўзга қараб шийпон болалари кутилаётган юришга руҳан, ҳам жисмонан тайёр туришлари зарур бўлган. Амалга ошириладиган иш мазмуни ва тархи болаларга тунда “юриш” олдидангина маълум қилинган. Унгача, режа йўналиши ва тархи ҳақида уни ишлаб чиққан икки оқсоқолдан бошқа ҳеч ким билмаган. Сабаби энди, ўзингизга маълум: сир сақлай олмаган одам қайси бир замонда барака топган?
Шу ўринда яна бир маълумот: кимнинг томорқасига нима экилган, қанча ва қандай экилган, кимнинг уйида анжиру кимнинг уйида пиёладай-пиёладай отёғи шафтоли ёки карсиллаган, тишласанг суви сачраб кетадиган нордон олма… Буларнинг барини икки оқсоқол уйнинг эгаларидан ҳам яхшироқ билишган десак, хато бўлмайди.
Бу сафарги режа мазмуни юқорида айтганларимизнинг биронтасига ҳам тўғри келмайди. “Юриш” шийпон болалари оқсоқолларидан бири Дўманқоранинг ўз ҳовлисидаги қовун-полизга. Ўзингизга маълум, ҳар куни тош кўтариб юрган полвонлар машқини бир гал канда қилса, эртасига иш пачава, деяверинг. Шийпон болаларини бир тун юришдан қолдириш эртасига сардорларга қимматга тушиши мумкин. Жанговарлик руҳини сақлаб туриш учун эса Дўманқора ўз отаси етиштирган қовунлардан бир нечтасининг баҳридан ўтишни маъқул топган кўринади.
Шундай қилиб, шийпон болаларининг ўша тунги ризқи Дўманқора уйидагиларга билдирмайгина, ўз ҳовлисидаги қовун палаклари устига ташлаб қўйилган оқ белги – дафтар варақлари остида экан. Тешикмозорлик болалар учун сутдай ойдин кечада, банд бериб узилай-узилай деб турган, ҳиди бир маҳалла наридан ҳам бурунга гуппиллаб урилаётган бўрикалла ва босволдиларни топиш унчалик қийин иш бўлмаган эди, деб эслашади ўша пайтнинг ўғригина болалари, гоҳи-гоҳида йиғилишиб қолишса.
Шу ўринда яна бир омонат гапни айтиб ўтай. Тенг-тўшларининг кўнгли учун қизиқ-қизиқ воқеаларни ўйлаб топадиган, керак бўлса, ўз хонадони манфаатидан кечиб бўлса-да, улфатларининг кўнглини шод этишга шай, ёш-ялангларни ўғирликка етак­лаган, аммо ўғри бўлиб кетишига йўл қўймай, бўй кўрсатиши мумкин бўлган беғубор зараркунандаликларни ёшлик даври қусурлари сифатида, ёшликда қолдириб кета олган Дўманқора тешикмозорликлар ёдида бир яхши хотиралар қолдириб, олтмиш ёшлар атрофида қазо қилди. Бир пайтлар “ўғридоши” бўлгани учун айтяпти демангу, ҳақиқатан ҳам у киши ажойиб улфат, яхши ота ва ўнлаб қобил набира ва абираларнинг бобоси сифатида яшаб ўтди. Олло раҳмат қилсин!
Водилжон “оқсоқол” айни кунда ҳаёт – етмиш ёшларда. Узоқ йиллар колхозда табелчи, бригадир, ҳосилотлик лавозимларида ишлаб нафақага чиқди: қарилик гаштини сурмоқда.
Ҳеч бўлмаса, шу Водил оқсоқолнинг лақабини айтиб кетинг, дейсизми? Айтсак, айтаверамиз. Биздан биров қўрқармиди? Бироқ бир андишамиз бор. Тешикмозорлик­лар, шу, Ҳабишвой деганиям, Тошкентда ўқиб жўрналис бўпқолдим деб, оғзига келган гапларни ёзяпти, дейишмасмикин, ишқилиб. Эт-бетдаги йиғинларда одамлар Водил оқсоқолга, “Ҳабибулло деган жўрналист ҳамқишлоғингиз сизга ҳам “ниши”ни бир санчиб ўтибди. Ачиштирмаяптими?”, деб қолишса, Водил акамиз, ноқулай аҳволга тушиб қолиб, аччиқ устида, “лақабимизни ёзган қўлларингни чаёнлар чақсин”, деб қарғавормасмикин деб қўрқамиз, холос!..
Азиз китобхон! Юқоридаги жумлада Водил оқсоқолнинг лақабига нозиккина ишора қилдик. Сал пайпаслаб кўрсангиз, сиз ҳам топасиз ўша сўзни. Фақат, эҳтиёт бўлиброқ пайпасланг. Фалокат оёқ остида, дейдилар. Қўлингизни чаён-паёнга чақтириб ўтирманг тағин.

Латифа:
Энг катта лайлак туққан

Беш ёшли Жавоҳир бобосидан яна сўраётганмиш:
– Оппоғдада, сизни ким туққан?
– Катта бувинг туққан.
– Катта бувимни ким туққан?
– Катта бувингни катта бувим туққан.
– Катта бувимизни…
Бобо қараса, саволнинг кети кўринмайдиган. Қарши савол билан набирасини чалғитмоқчи бўлди.
– Ўзингни-чи, ўзингни ким туққан?
– Меними? Энг катта лайлак туққан.

Машъала думли эшак

Собиржон тракторчи қанақадир ҳайвоннинг даҳшатли пишқириғи ва ўзлари ётган йиғма калавот атрофида ҳар томонга учқун сачратиб гир айланаётган аланга ҳароратидан чўчиб, уйғониб кетди. Ё, тавба! Оламайдоннинг алвастилари бор, деб айтишарди-я! Ўша жинлар базм бошлашибди-да, деб ўйлади у. Ва шоша-пиша истиғфор келтиришга тушди:
“Ла илаҳа валақуввата Илло, билло!… Муҳаммадан Расулуллоҳ!..”
Ёнидаги калавотда қотиб ухлаётган Суҳробни уйғотсамикин! Ёш бола-ку! Қўрқиб кетар. Бирор кор-ҳол бўлиб қолса, отасига нима дейди? Ярим тунда алвастилар чалиб кетди болангизни, дейдими? Ўлақолса, ишонмас! Уйғотмаса ҳам бўлмайди. Ўзининг ҳам ўтакаси ёрилиб кетай деяпти. Суҳроб ёш бола бўлса ҳам дадил. Бирон жўяли гап чиқиб қолса ҳам, ажабмас. Ҳа, уйғотгани маъқул! Бироқ Собиржоннинг овози чиқмасди. Ҳозиргина калима келтираётган тиллари негадир сўзга айланмасди. Йўқ, болани уйғотмагани маъқул. Бу манзарани кўрса, у қўрқувдан тамом соқов бўлиб қолиши та­йин. Яхшиси, Худога ёлворай. Шундан фойда, деди-да, дуо ўқий бошлади:
«Паноҳо ли зулмоти субҳоно инни кун тум мин аз золими-ин!..»
Собиржоннинг дуодан ҳам кўра кўпроқ йиғламсирашга ўхшаб кетадиган бу тиловатларини пайкалнинг ўртароғида ғўзаларга сув тараб юрган Водилжон билан Дўманқора ҳам эшитиб турарди.
 Алвасти Оллонинг калимасидан ҳам чўчимай, икки бегуноҳ бандаси атрофида баттар жазавага тушар, чир-чир айланарди:
«Худо-о! Раҳминг келсин! Бу балойингдан ўзинг асра! Ўзинг қутқа-ар!»
Собиржон бу илтижоларни ичида айтдими ёки овозини баралла қўйиб қичқирдими, бугун буни аниқ айта олмайди. Қизиқ экансиз! Бир бандаи мўмин қўрқувдан жони халқумига келиб турса-ю, биз ояти каримани тилида айтдими ё дилида, деб муҳокама қилиб ўтирибмиз! Ичида айтди нима-ю, ташида айтди нима? Ҳар қалай, айтди-ку! Сиз билан биз шу ҳолга тушсак, эҳтимол, калима ҳам келтиролмай, туёқ қоқворган бўлармидик… Астаҳпирилло, ал азийм!..
Хайрият, Собиржон тракторчининг оҳи Оллога етди. Аланга – алвасти уларнинг атрофида яна икки топқир айланиб, катта йўлга чиқиб олди ва қишлоқ томон йўл солди. Ажина бу ердаги базмни якунлаб, Тешикмозор кўчаларида чаппар ураётганда, Оламайдондаги Собиржонлар ётган калавот атрофида қўланса ҳид таратиб, гоҳ тутаб, гоҳ липпиллаётган куюндилар сочилиб ётарди. Ажина анча узоқлашгач билдики, шериги Суҳроб ҳам аллақачон уйғонган. Фақат, бошини ёстиқ билан босиб, ғужанак бўлиб, қалт-қалт титраб ётарди…
Ушбу ҳангома Тўлқин бригадир даврида содир бўлганмиди ёки Водил бригадир даврида, аниқ айта олмаймиз. Лекин шуниси аниқки, бу юз пойиз бўлган воқеа деб, юз пойиз тешикмозорликлар гувоҳлик беришига юз пойиз ишонамиз. Ана шунақа! Шоир Ғафур Ғулом айтганидай: бизнинг оғзимизга бир тушган сўз қайтиб ишга ярамайдиган бўлиб қолади. Йўқ, биз сўзнинг елкасига “Ғапуровский”ча маънолар юклаб ташлаганимиздан эмас, аксинча, бир сўзни юқоридаги каби, “юз пойиз”га ўхшатиб, бир жумлада майиб бўлиб қолгунича қайта-қайта ишлатганимиздан шу аҳволга тушади.
Олис-яқинларга овоза бўлган, “Уфалогия ва ноаномал ҳодисалар” институти ходимларининг ҳам узоқ йиллардан буён ризқини бутун қилиб келаётган ўша “Машъала думли эшак” воқеаси сценарийси ҳам, аслида, тешикмозорлик шийпон болалари томонидан ёзилиб, амалга оширилган эди.
Ҳа, бу қоғозга тушмаган пьеса. Пьеса бўлгандаям, анча-мунча пойтахтлик драматург ёки режиссёр театр ё кино қилиб қўёлмайдиган пьеса. Сабаби унинг қаҳрамонлари пахта даласидан нари чиқмаган, жудаям содда одамлар. Бундай содда ва беғубор инсонлар ролини фақат тешикмозорлик, бирон ерда ўқимаган, шийпон болаларигина қойил қилиб ижро эта олади. Пойтахтлик артистлар ўқитилган. Ўқиган артистлар ролни фақат ўқиганидай, тўғрироғи, ўқитилгандай қилиб ўйнайдилар. Қолаверса, қаҳрамонлар рўйхатида эшак ҳам бор. Бўлганда ҳам тирик эшак. Тирик эшакни театр саҳнасига олиб чиқиб бўларканми? Саҳнанинг ўртасига тезаклаб-нетиб қўйса ёки шариллатиб… Борди-ю, шундай қилган тақдирда ҳам, эшакдан биров ранжимайди. Эшак ролини одам ўйнаса… Эшак одам эса, эшак характери ва ҳаракатларини ўла қолса, ўхшатолмайди. Ўхшатолмайди-да, кулгига қолади. Демак, “одам ҳайвон”нинг роли сунъий чиқади. Эшак ролини, табиийки, эшакдан бошқа жонивор табиий чиқара олмайди. Табиий чиқара оладиган артист эса ҳали туғилмаган. Туғилган бўлса ҳам… ўқитиб қўйилган.
Ҳай, майли, Тешикмозорга қайтайлик.
Тешикмозорнинг ғўзаси ёз ойлари Тўрткўлканданинг Оламайдон деган хилват жойидан насос билан тортиб олинадиган сувга муҳтожлик сезади. Насосни созлаш, юргизиб назорат қилиб туриш, кечалари қўриқлаш ҳам бригада тракторчисининг зиммасида. Тунда, албатта, унга шийпон болалари навбати билан ҳамроҳлик қилишади.
Хуллас, ўша куни, шийпон болалари Дўманқора ишлаб чиққан режага асосан, Эмон буванинг тунда бўшалиб кетиб, кўсакка бўкволадиган хачирини тутиб, жазолашга қарор қилишди. Бу ишда собиқ тракторчидан қолган, яғири чиқиб кетган эски пинжаги иш берди. Уни яхшилаб думалоқлаб боғлаб, саляркага бўктиришгач, бир қулоч алюмин сим билан хачирнинг думига боғлашди. Жониворнинг боши Эмон буванинг уйига томон қаратилиб, гуппига гугурт чақиб юборилди.
Иш шийпон болалари ўйлагандай бўлиб чиқмади. Кетини олов жизиллатган эшак шаталоқ ота бошлади. Шаталоқ отган сари орқа туёқлари машъалага урилар, ҳар урилганда атрофга учқунлар сочилиб кетарди. Оловдан ҳуркиб, жон аччиғида, нажот излаган хачир эгасининг уйига эмас, шу яқин орада потиллаб сув тортаётган насос қоровуллари томон чопган эди…
Бор гап шу, азизлар!..

Латифа:
Ўз тиззангга ўтиб ўтир

Тешикмозорлик Қўйливой отанинг беш ёшли набираси Мужгон бобосининг ўнг тиззасида ўтирган синглиси Райҳонни итариб, деяпти:
– Қоч, ўзингнинг тиззангга ўтиб ўтир.
Бу гапдан ҳайрон бўлган бобо катта набирасидан сўради:
– Ўнг тиззам қачон сеники бўп қолди?
– Уни мен Райҳон туғилмасдан олдин ўзимники қилволганману…

Вовани суннат қилиш…

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларимиди. Маҳалламизга Павлик исмли ўрис амаки кўчиб келди. Унинг Зина исмли маржаси ва Вова исмли олти ёшли “синог”и (ўғли) ҳам бор эди. Уларни бизнинг чекка, зерикарли қишлоғимизга тақдирнинг қайси шамоллари учириб келган, билмаймиз. Ҳар ҳолда, Павлик амаки шофёр эди. Ён қўшнимиз Маташвой бува билан биргаликда колхознинг қирдаги чорвасига “водовоз” машинада сув ташишларини билардик, холос.
Ўша пайтларда ўрислар яшамайдиган қишлоқларга ҳаётдан орқада қолган, зерикарли жойлар сифатида қаралганини ҳозиргилар ақлига сиғдиришолмайди. Маҳаллий аҳоли ҳам ўриси йўқ маҳалламизга рус оиласининг кўчиб келишини, қанақадир ижобий ҳодиса сифатида қабул қилишгани аниқ. Чунки ким иккита нон, ким боғидан узилган мева, ким косада оби ёвғон ё лаганда ош билан, кунда-кунора йўқлашларидан шундай хулоса чиқарса бўларди.
Биз болаларни-ку, қўяверасиз: тамом талтайиб кетдик. Теварак-атрофдаги ўриси йўқ қишлоқларга бориб қолсак, Тешикмозорнинг ҳам энди маданий қишлоқлардан эканлигини билдириб қўйиш учун, ҳар икки гапнинг бирида, Павлик амаки ёки маржаси Зина холанинг фазилатларидан, улар билан аҳил-иттипоқ эканлигимиздан бир-биримизга гал бермай мақтанамиз. Маҳалламизнинг шоир боласи Даврон Қули ўз отасининг Павлик амаки билан ўрисча гаплашиш учун она тилимни унутишга тайёрман, деган гапини газетада ёзиб чиқиб, бир ой “Артек” лагерида бепул дам олиб келди. Ўртоғимиз Вовани-ку, ота-онасидан ҳам кўра, ота-оналаримизнинг арзандаси. Айниқса, айрим ёш келинчаклар Вовкани кўриб қолишса, ийиб кетишиб: “Шу болани, ичларимга тиқиблар олгиларим кепкетяпти!”, деб юборишлари… Бир куни денг, Жавлон акамизга яқиндагина келин бўлиб тушган, киноларда ўйнайдиган артист қизлардай қишлоғимизнинг барча болаларини ошиқу беқарор қилиб қўйган келинчак – Дилоро опа ҳам шундай деганини ўз қулоғим билан эшитганимда кўзимга дунё қоронғи бўлиб кетди. Шу куни, сизга айтсам, Тешикмозорнинг ўзбек болалари ўрис бўлгимиз, ўрислар бўпқолгимиз кепкетган эди!
Қишлоғимиздаги барча болаларнинг ҳаваси келадиган Вовканинг рўза кунлари биз билан рамазонлар айтишиб, ҳайит намозларидан кейин тухумлар уриштиришига монелик қиладиган бир камчилиги бор эди. Бу – унинг суннат қилиниб, қўли ҳалолланмаганлиги эди. Икки ҳайит тантаналарида яйрай олмай, бир чеккада мунғайиб, кўнгли ўксиб қолган Вовка тешикмозорлик ўртоқларига маслаҳат солди:
– “Соппан-соппан, со-оп!..” дуоларини сизлар билан бирга томоша қилишим, тухумлар уриштириб, катталардан ҳайитликлар олишим учун нима қилишим керак?
– Бунинг чораси бор! – деди, Эркин душа.
– Қўлингни ҳалоллаш керак, – дея аниқлик киритди Ҳамдуш.
– Нима, сенинг қўлинг ҳалолу, менинг қўлим ҳаромми? – деди Вофка хафа бўлиб.
Вофканинг девор-дармиён қўшниси Муҳаммаджон вазиятни юмшатди.
– Биласанми, Вова, – деди у, – сенинг қўлинг ҳам тоза. Фақат, булбулингдан озгина ортиқча жойи олиб ташланмаган. Тушундингми? Агар шуни кесиб ташласак, сен ҳам ҳақиқий тешикмозорлик бўласан. Қўрқма, чумчуқ чўқиганчалик оғрийди, холос. Ярим кундаёқ, юриб кетасан. Мана ўзим, икки соатда чопқиллаб кетганман.
– Папам билан мамамга айтмайсанми, ишқилиб? – деди Вова ҳам розилик оҳангида.
Хуллас, тешикмозорлик уч мусулмон, бир “копир” маслаҳатни бир жойга қўйишди. Даминбой чекилик уста Эргаш ўзларини қандай суннат қилган бўлса, шундай қилишади, вассалом, олам гулистон – Вова мусулмон!
Эркин душа қамиш, Муҳаммаджон пичоқ топди. Ҳамдуш уйидан қон чиққан жойига куйдириб бозиллатиб босиш учун мозпахта олиб келди. Суннат амали шийпонда амалга оширилди. Тўғриси, чалароқ амалга оширилди. Нега, дейсизми? Ахир, Вованинг суннатида ҳар томондан пул сочиб, алдаб-сулдаб бақирса, оғзига тухум тиқиб, “Ку-ла-лў”, деб турадиган тоғалари, амакилари йўқ эди-да! Шунинг учун, ишнинг ярмидаёқ, Вованинг чинқириғи бутун Тешикмозорни тутиб кетди…
Қўйингки, тешикмозорлик болалар бошлаган “суннат амали”нинг давоми Пойтуғдаги катта банисада, катта дўхтирлар иштирокида ниҳоясига етказилди. Бутун районимизнинг коммунистлари эса ўшанда, Тешикмозорда “ўзбеклар бир ўрис боланинг булбулини “чиканка” қилиб қўйибди”, деган гап Московга етиб бормасин-да ишқилиб, деб бир неча йиллар юракларини ҳовучлаб яшаганлари ҳам бор гап.
Тешикмозорликлар орасида бугун ўша, суннат воқеаси қачон эсланса, “Вовка мусулмон бўлганмикин, ёки?..” деган савол қайта-қайта кўндаланг бўлаверади. Бу саволга ҳали-ҳануз, биронта тешикмозорлик аниқ жавоб беролмайди. Уларнинг топиб олган якдил гаплари шуки, Вовка шифохонадан соғайиб чиққан куниёқ, Павлик амаки шошилинч, кўч-кўронини йиғиштириб, маржасига:
– Хотин, юр, тешикмозорликлар менинг қўлимни ҳам ҳалоллаб қўймасларидан олдин, бу ерлардан кетайлик, – деган ва ярим тунда қайсидир томонларга кўчиб кетган…
Вовалар кетиб, тешикмозорликлар юксак маданияти билан мақтаниша олмай қолгандир, дейсизми? Қаёқда, улар, ҳозир ҳам, “Бизнинг қишлоғимиз ўрис кўрган қишлоқлардан”, деб, ўриси йўқ қишлоқлар одамларининг оғзини очиришмайди.

Латифа:
Пакаш бўпқоласиз

Тешикмозорлик Қўйливой отанинг тўрт ёшли набираси Бегижон ёнбошлаб, чой ичиб ётган бобосига деяпти:
– Оппоғдада, қаранг, бўйим сизники билан баравар бўпқолди.
– Отам ўғлим, бобом ўғлим! Яшанг!..
Мақтовдан талтайган набира энди бобосига насиҳат қила бошлади:
– Сиз ҳам паловни менга ўхшаб катта-катта ошанг. Бўлмаса, Зуҳур гадикка ўхшаб пакаш бўпқоласиз…

Калнинг бошига ўт кетди

Бу воқеа ҳам ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига тегишли.
Гапнинг пўст калласидан бошлайқолай: эрталаб уйғонсам, бошимнинг чап томонидан бир тутам сочим ёстиққа тўкилиб қолибди. Ичим шув этди. Кал бўлиб қолибсан чоғи, дедим ўзимга ўзим. Сени ҳам энди Ориф дўхтирга дучор қилишади. Қолган қутган сочларингни ҳам бозиллаб турган суюқ сиранч чаплаб, қотгач, шарра-шарра шилиб олишади ва қизиб турган силлиқ бошингга жазиллатиб йод суркаб, қўйиб юборишади. Сен эса:
“Калнинг бошига ўт кетдў-ў, йўлдан қоч!”, – деб, калбанисанинг ичида зир югурасан. Қанча тез югурсанг, бошингга шунча кўп шамол тегиб, шунча ором оласан.
Ҳа, ўша йиллари қишлоқларда негадир кал болалар кўпайиб кетган эди. Қизиқ, бу касаллик бир кечадаёқ ўзини кўрсатар, эрталаб турсанг, бошингнинг тенг ярмида сочинг йўқ. Ширин уйқуда ётганингда, колхоз қўйларининг жунини қирқувчилар келиб, худди атай қилгандай, каллангнинг бир томонини шип-шийдам қилиб кетарди. Бирор ҳафтадан кейин қарасанг, бошинг ҳозиргина товуқнинг кетидан тушган тухумдай, сип-силлиқ бўлиб қоларди.
Ўша куни нонуштада, бошимдаги бу манзарани ота-онамдан яширдим. Дўппимни чап томонга қийшайтириброқ кийиб ўтирдим. Эртасига эса бу қилиғим ўсмирликда бўладиган болаларча парангликка йўйилди. Отамнинг хаёлидан тергаб қўйиш керакка ўхшайди, деган мулоҳаза ўтди, шекилли:
– Дўппингиз бироз қийшайиброқ қоптими, ўғлим? – деб қолди.
Отамга ҳеч нарса демадим. Ўрнимдан туриб, ташқарига чиқиб кетдим. Бу ҳаракатимни ҳам ўсмирлик ўзгаришларига йўйган отам, ўтиб кетар, деб ўйладими, ҳар қалай, бошқа индамади.
Афсуски, дўппим эртасига ҳам, индинига ҳам тўғриланмади. Бир ҳафтада бошим ола чиққан шолипояга ўхшаб қолди.
Ажабланарлиси, касаллик юққан болалар ҳақидаги маълумот яшин тезлигида Жонободдаги “калбаниса” қулоғига етиб бориши эди. Икки ҳафта илгари, иккита ўртоғимни тутиб кетиб, уйидаги бор кўрпа-тўшакларини буғхонасида қайнатиб берган ўша, хунукдан-хунук “зимпесса (дезинфекция) мошина” энди менинг изимга тушган. Биринчи бор излаб келишганида, жонимга онаизорим оро кирди: секин имлаб чақириб, қочириб юборди. Дўхтирлар иккинчи сафар ҳам қуруқ қўл билан қайтиб кетишди. Энг қизиғи, калмошиначилар учинчи марта келганида содир бўлди. Пахтазордан ўрган ўтимни орқалаб, ашулани ванг қўйиб уйга келдим. Ҳовлимиз этакдаги молхона остонасидан ҳатлагунча ҳам уйимизда калдўхтирлар пойлаб туришганини сезмабман.
Хуллас, елкамдаги юкни сигирнинг охурига ташлаб, қайтиб чиқаётганда, оқ халатликлар шарпасини пайқаб қолдим. Шартта изимга қайтиб, охур ичидаги ўтнинг остига узала тушдим. Молхона остонасидан биринчи бўлиб Ориф дўхтир ҳатлади. Охур тахтасининг тирқишидан кўриб ётибман: орқасида иккита ҳамшираси ҳам бор. Улар ним қоронғи молхонани айланиб чиқишди. Ориф дўхтир, ҳайрат билан деди:
– Вой, қисталоғ-ей, ҳозиргина, шу эшикдан кириб кетувди-ю! Қаёқдан қочиб кетақолдийкин?
Бироздан сўнг ҳафсаласи пир бўлган Ориф дўхтирнинг овози ташқаридан, дарвозахонага яқинроқ жойдан эшитилди:
– Бу сафар ҳам қўлдан чиқардик. Тожибу, болангнинг товонида кулдиргичи борми, дейман? Кетдик!
Калмашина ҳам ўжар ўргимчакдан баттар тажовузкор эди. Бир пойлаган ўлжасини тутиб ямлаб ютмагунча, изғийверарди-изғийверарди.
Ўша кал боланинг исми нима эди, деб қизиқяпсиз-а? Айтсак, бинойидек, “тандур” лақаби ёнига “кал” сўзи ҳам қўшилиб, қўшлақабли бўлиб кетмаслигимиз учун индамаганимиз маъқулмикин?

Латифа:
Насиб этса…

Тешикмозорлик Қўйливойнинг беш ёшли набираси Бегижон бобосидан сўраяпти:
– Оппоғдада, сочим қачон сизникидай оқаради?
– Мендай бўлганингда, болам.
– Қачон сиздай бўламан?
– Яна қирқ беш йилдан кейин.
– Қирқ беш йилдан кейин сиз кимдай бўласиз?
– Ҳа, болам-а, насиб этса… сендай бўламан.

Шалдироқ арава

Юқорида эслаганимиз Тўлқинжон бригадирга эргашиб Тешикмозорга келган Собир тракторчи кўтармага сўртавой ошқовоқлар экиб бойиб кетди ва йиллар ўтиб, катта опамизга уйланди. У киши биз учун энди – Собиржон почча.
Собиржон поччанинг тўрт ғилдиракли “Белорусь” трактори бўлар, у киши учун йил-ўн икки ой “сезон” ҳисобланарди. Ишсиз қолган куни деярли бўлмасди. Чунки тиркама аравали транспортга худонинг битмиш куни эҳтиёжмандлар чиқиб турар, иш топилмаган пайтларда эса Собир почча бизникига келиб, отамиз билан гурунглаше-еб ўтиришни хуш кўрарди.
Кеч куз. Колхозда пахта терими тугаб одамлар ғўзапоя йиғиштиришга тушган. Пахта “задания”сидан қутилган деҳқонлар ерга қор тушмай туриб экин-тикинларини саранжомлаб олишга киришган кунлар. Ўзингиз биласиз, ғўзапоя ғамлаш ҳам қишлоқ аҳли учун энг муҳим ташвишлардан. Бусиз унинг ўчоғи гуриллаб, қозони қайнамайди. Тандири қизиб, сандали бозилламайди.
Қўйингки, тиркама араваси бор тракторчиларнинг куни туққан. Собир поччанинг ҳам мартабаси чандон ошиб, одамлар унинг изига тузоқ қўйган кунлар.
Таҳсилдан таътилга келган студент болам бир маза қилсин, дедиларми, онамиз тушликка ошни катта дамладилар. Дастурхон атрофида бутун оиламиз жам. Собир почча ҳам шу ердалар.
Онам пиширган паловни обдан соғинган эканман. Қоринлар чирманда бўлиб кетгунча туширдим. Ошдан кейин отам билан поччамизнинг узилиб қолган узундан-узоқ суҳбатлари қайта тикланди. Ноилож, ҳазми таом учун кўчага чиқдим. Қарасам, поччамнинг трактори шудгор четида “пилиқ-пилиқ”, “пилиқ-пилиқ” қилиб ишлаб турибди. Ўша кезларда ёнилғи зовурдаги сувдан ҳам қадрсиз. Тракторчилар бир-икки соат дам олиш пайтида моторни ўчириб ўтирмасди. Сездим, поччам тиркама аравасини кимнингдир пайкалида ғўзапоя юклаш учун қолдириб келган.
 Шу тракторни бир ҳайдамайсанми, деган шум фикр кечди хаёлимдан. Шартта рулга ўтирдим. Собир почча бажарадиган амалларни тахминан такрорладим. Трактор аста ўрнидан жилди. Қувончим ичимга сиғмайди: яшшавор, Ҳабишвой! Мана, ўқишни тугатмай туриб, трактор ҳайдашни ҳам ўрганиб олдинг…
Шудгорнинг ғўзапояси йиғиштириб олинган жойларида анчагача сайр қилдим. Колхознинг тинкани қуритиб ташлайдиган меҳнатидан ўлгудай ҳориб, ўзининг экин-тикини, ўтин-чўпига қолганда, силласи қуриган ҳамқишлоқларим онда-сонда келадиган бир талаба боланинг трактор ҳайдашини сезмаётгандай, ҳорғинтобгина, ўз ишлари билан андармон. Уларнинг бу пайтдаги ҳолатини тушунса бўларди. Бошқа пайт бўлса-ку, йўқ ердан қийтиқ чиқаришиб:
“Тешикмозорнинг тошкентлик “тандири” (ҳа, дарвоқе, айтиш эсимдан чиқибди. Тандир бу бизнинг тешикмозорликлар орасидаги оилавий “унвон” – лақабимиз) ўзини тракторга ортиб қаёққа кетяпти?”га ўхшаш гапларни бири қўйиб, бири айтиб, аскияга чорлаб туришарди.
Хуллас, тракторчилик ҳам ярим соатга етмай, меъдага тегди. Энди уни тўхтатиш керак. Бироқ бу “темир дев”ни юргизишнинг ҳавосини олибман-у, тўхтатишини кузатмаган эканман. У қилдим, бу қилдим, қани энди “дев” қулоқ солса. Юрагимга ваҳима тушди. Хаёлимга лоп этиб, пайкалнинг тепароғида карчопка қилинган ғўзапоясини ўроқ билан тупроқдан суғуриб тахлаётган Ўсканбой ака келди. Тракторчининг укаси-ку, ҳарқалай. Илтимос қиламан. Эҳтимол, ўзи ёнимга сакраб чиқиб ўчириб берар…
Рулни ўша томон бурдим. Аста Ўсканбой акага яқинлашаман ва ҳали чалароқ қолган салом-аликни тўлдирган бўламан:
– Чарчамаяпсизми, Ўсканбой ака?
Ўсканбой ака нима дейсан, дегандай бошини сал кўтаради-ю, ишини қизғанибми ё ҳазилга мадори келмаганиданми, унчалик парво қилмай, машғулотида давом этади. Қарасам, узоқлашиб кетяпман. Жон ҳалпида яна қичқирдим:
– Манави шалдироқ аравани тўхтатолмаяпман!
Бу сафар у менга бир маъноли қараш қилади-ю, ўзини ҳеч нарса эшитмаганга солиб, ишида давом этади. Шаҳардан келган, бекорчи бола тантиқлик қиляпти, деган хаёлга борди, деб ўйладим. Трактор эса табиийки, ўша-ўша, қайсар… Рулни буриб яна Ўсканбой акага яқинлашаман:
– Ҳазили йўқ… Ёрдам берворинг?
У энди айнан бизнинг қишлоғимиз одамларидангина эшитиш мумкин бўлган жавобни берди. Нима дейди, денг? Айтсам, куласиз:
– Парво қимай ҳайдовур. Ёғи тугаса ўзи тўхтайди.
Ўсканбойнинг беписандлиги бироз иззат-нафсимга тегади.
Кўрсатиб қўй унга, ҳазил қандай бўлишини, дейди қайлардандир келган шайтоним. Тракторни Ўскан акага ажратилган, ҳали ғўзапояси йиғиштириб олинмаган шудгор томон бураман. “Белорусь”нинг ғилдираклари энди унинг ғўзапояларини пайҳон қила бошлайди.
– Ҳа-ҳов! Нима қилганинг бу? – ўроқ дўлайиб, пўписа қилади у.
Мен ҳам Ўсканбойнинг жавобини ўз оҳангида ўзига қайтараман:
– Парво қилманг! Ёғи тугай деб қолди.
Ҳар ҳолда, Ўсканбой ака билан ошимиз пишмади. Бир бечоранинг ўтинини пайҳон қилиш ҳам инсофдан эмас эди. Тракторни яна уйимиз томон бурдим. “Темир дев” ҳеч нарса бўлмагандай, бир меъёрда, биғиллаганча олға интилади.
Нима қилсам экан? Ўзим билан ўзим ўйлашиб тракторнинг олди ғилдираклари катта ўқариққа мункиб қолганини сезмабман: бир-икки бор силтанди-ю, уни ўчди.
Елкамдан тоғ ағдарилди. Оёғимни қўлимга олиб уйга чопдим. Кирсам, отам билан Собир почча ёнбошлаше-еб, ҳамон ўша мен чиқиб кетган палладаги мавзунинг мойини чиқаришиб ётибди.
– Собир ака, – дейман ўзимни хотиржамгина кўрсатишга ҳаракат қилиб. – Тракторингизни кўчага тўхтатувдингизми?
– Ҳа, нима эди?
– Кимдир уни, ҳов, шудгорнинг ўртасига оббориб қўйипти!
– Э қўёвуринг, бу депарада уни ҳайдаб кетадиган одамнинг ўзи йўқ. Топилсаям, узоққа опкетолмайди. Жонига тегиб бирон ерга ташлаб кетади, – деди-ю, суҳбатни келган жойидан яна давом эттирди…
Ўскан аканинг нима учун ўшанда менга ёрдам бермагани боисини кейинроқ эсладим. Қайсидир укамизнинг суннат тўйи эди, адашмасам. Ҳовлимиз саҳнига жой қилинган. Ош тортилгач, аския бошланиб кетди. Мавзуга негадир “арава” пайрови танланган эди. Ҳар томондан чўқиланаётган Мўйсинбой акага (Ўсканбойнинг акаси. Лақаби… ҳай майли, айтақолай: “арава”) кимдир:
– Сизга раҳмимиз кепкетяпти, Мўйсинбой! Бугунги тўйдан бир “арава” гаппинан қайтадаған бўлдингиз. Ярим-ёлчисини, анови, укангиз Ўсканбойга юклавормасак, йўлда гупчагингиз айрилиб кетиб, уятли бўпқолмасангиз гўргайди! – деб аскияга якун ясагани ёдимга тушди…

Латифа:
“Права”си йўқ-да!

Тешикмозорлик Қўйливой отанинг олти ёшли набираси Жавоҳир бобосига деяпти:
– Оппоғдада, катта бўлсам, сизга “Мерседес” оббераман.
– Яшанг, ўғлим! Бувингизга нима олиб берасиз?
– Бувимларгами? Чак машина олиб бераман.
– Уларгаям “Мерседес” обберақолинг.
– Обберарди-им, “права”лари йўғу?..
– Биратўла “права”синиям оберақоласиз…
– Ҳозирдан бунақа қинғир ишларга бошламанг-да, одамни, оппоғдада!

“Бўйнинг узулгур!..”

Тешикмозор аёллари ҳам фавқулодда очиқкўнгил, дилсўз, шу билан бирга, чийратма гапларга анчагина чечан бўлишади. Рашкчиликда-ку, дунё аёллари бир томону тешикмозорлик аёллар бир томон. Хожаларини ўзга аёл тугул, ўзининг соясидан ҳам қизғанишади. Бу борада эрларининг бирон хато-патосини сезиб қолишса борми, илмоқ-ишора, қоқитма гаплари билан этларини узиб-узиб олишларини бир кўрсангиз. Ҳол-аҳвол сўрашишларини айтмайсизми? Қарғишлариям ўзларига бирам ярашимли. Мана, тешикмозорлик икки қўшни аёл гуваласи тўкилибгина турган деворнинг икки томонида туришволишиб, суҳбатлашишяпти:
– Ҳой, қўшни! Сабохон! Бияққа бир қаранг!
– Эссонмисиз, Қумри опа?
– Бунда-ай, деволдан овоз бераям демайсиз?
– Кеча, овоз берай деб мўраласам, мўйловини шопдай қилиб, эрингиз Раҳим акам турипти. Ўлақолмасам деб индамайгина писақолдим. Нимагадир Раҳим акамни кўрсам, қочқим келади.
– Шу, шарти кетиб, парти қолган гўрсўхтанинг нимасидан қочасиз?
– Ундай деманг… Нимагадир, хўжайинингизнинг сири бор, одамни босадаған…
– Ҳе, сири бўмаям ўлсин, бўйнинг узулгурнинг. Дўконидаги биттасиминан искалашиб юради, деб эшитаман. Нима қилай, ўзимдан саккиз ёш кичкина бўлса, бу гўрсўхта!..
– Вой, ўлмасам! Қанақа қилиб?..
– Ҳа, акангизга, бошпутимни ўзгартириб текканман. Ўзи билмайди, буни. Айтиб-нетиб юрманг, тағин. Билиб қолса, мени отамникига оббориб қўйиб, дўконидаги анови мегажинини опкеволади.
– Ўлиппами, айтиб.
– Манави, кастрилкани олинг. Қўй ёғи. Эрингизга ош қилиб беринг. Хурсанд бўлади. Раҳим акангизнинг пули кўп. Еб тугатмасак, мен ўлганимдан кейин бошқалар келиб ейди.
– Ундай деманг, опа! Узо-оқ яшанглар. Қўй ёғига ош қилиб бермасам ҳам бунингиз қутуриб ётибди. Калтак емаган куним йўқ. Кеча кечқурун, десангиз, Қумри опа, бунингизи хўйи бир тутди, бир тутди! Бир гапига қарши, гап қиғандим, шунақаям… уриб ташладики!..
– А-а, ашнақами?..
– Ҳа-а! Қочиб бориб, товуқнинг катагига кириб, аранг жон сақлаппан. Илоё иловандо, тепган оёқларинг акашак, урган қўлларинг қўшмашак бўлиб, қўлларимга қарў-ўб, мўлтираб ўтирмасанг, розимасман, деб қарғадим, қарғадим, катакка кирволиб! Қарғадим-у, орқасидан, астопилло келтирдим. Нима қилсаям олтита ойтовоғминан, еттита емахўрни шунингиздан топдим-да, опўш!..
– Ҳай, қўшни, катакни яхши эслатдингиз. Товуқларингиз туғяптими?
– Ўлат теккан. Ҳаммаси судрали-и-б юрибди. Ома, туғяпти.
– Тухумини нима қиляпсиз?
– Егани қўрқяппиз.
– Бизникидаям, шу овҳол. Катта тоғора тўла тухум… Шу бугунчаям, емай туринглар. Кечқурун анови бўйнинг узилгур Раҳим акангиз уйга келар-у. Беш-олтитасини пишириб, едириб кўрай. Эрта-индин ўлмаса, сизлар ҳам еяверасизлар, тузукми?!
 
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 2-3-сонлар