Абдунаби Бойқўзиев. Қатралар

ЭРТАКДАН ХУЛОСА

Одатда, камон ўқига машъала кўтариб бораётган одамлар кўпроқ нишон бўладилар. Бунинг боиси, машъала тутганларнинг қоронғуликдан яхши кўринганлари учун эмас, аксинча, уларнинг машъала ёруғидан нарини яхши кўрмаётганликлари сабаб, десак тўғрироқ.
Шундай экан, инсоният учун юрагида ёвузлик ўрнашган кимсаларда раҳм-шафқат туйғусини уйғотишдан кўра, машъала ёруғини кучайтириш ҳақида кўпроқ қайғуриш фойдалироқ.

ОЗОДБЕК

Озодлик ҳисси Абдулҳамид Чўлпонни шоир қилди, деб ёзибди атоқли адиб Иброҳим Ғафуров. Ҳа, озодлик соғинчи Чўлпонни орзуманд қилди. Орзулари эса озодликдан маҳрум этиб, маҳбус қилди. Охир-оқибат жонидан жудо айлаб, озодлик тимсолига айлантирди.
Истиқлол боис эса унинг номи ҳуррият, эрк, озодлик туйғулари шамоилида қайта балқиди.
Чўлпон бу — озодлик. Чўлпон энди — Озодбек!

ҚИРҒОҚЛАР

Дунёда бирон дарё йўқки, икки қирғоғи бўлмаса. Иккала қирғоқ ҳам сувнинг манзилига бардавом етишида, айнан бизнинг хизматимиз буюк. Биз бўлмасак, дарё қаёқда, деб ҳисоблайдилар.
Аслида ҳам шундайми?
Шундай, деса ҳам бўлаверар… Бироқ мен бундай эмас, дегим келади. Сабабими? Қирғоқларни ҳам аслида йўл излаб, сувнинг ўзи бино қилган, десам нима дейсиз!..

ИРОДА

Машаққат ва кулфатлар инсон иродасини доим ҳам букиб, синдириб ташламаган. Аксинча, темирчи маъданни оловда доғлаб, болға ва сандон орасида пишитиб, пўлат қиличга айлантиргани каби, ижобий натижалар ҳам берган. Бироқ ҳеч бир давр «яшасин машаққат!» демаган. Яшасин инсон иродаси, деган, деяверган. Шунингдек, дунё бино бўлгандан буён яратилган жамийки битикларнинг барчаси инсон иродаси мадҳиясига қўйилган навбатдаги ғишт бўлиб қолаверган.

ШУКРОНА

Одам боласининг қаерда, қандай оилада дунёга келиши Яратганнинг инон-ихтиёрида. Ажабки, мен ундоқ жойда, бундоқ одамлар орасида дунёга келмаганим учун тақдирдан норозиман, деган инсон деярли учрамайди.
Дунёнинг қайси бурчида, ким билан суҳбатлашманг, мен фалон маъвода туғилганман, отам ундоқ фазилатли, онам бундоқ хислатли кишилар, деган калималари бошқалар қалбига нур, илиқлик бахш этади.
Санкт-Петербургда ўқиётганимда доғистонлик Рамазон исмли дўстим билан қилган суҳбатим ҳеч эсдан чиқмайди:
— Қишлоғингизда нималар ўсади? — сўрадим бир куни ундан.
— Ҳеч нарса!..
— Дарахт ҳам йўқми?
— Ҳамма ёқ тоғ-тош…
— Ҳайвонлар нима ейди?
— Гиёҳ ўсмайдиган жойда ҳайвон нима қилсин?!
— Қазилма бойликларинг кўпдир-да?
— Билмайман, бирон нарса ҳам қазиб олишмайди.
 — Унда, аҳолининг тирикчилиги қандай ўтади?
— Ҳамма нарса ташиб келтирилади.
— Бундай жойда яшаб нима қиласизлар? Бирор ёққа кўчиб кетмайсизларми?
— Ақлинг жойидами?! Бу бизнинг Ватанимиз, ахир!..
Қаранг-а! Оллоҳ бир миллатини ҳеч вақо унмайдиган тап-тақир, тошлардан иборат ҳудудда меҳрли, шукурли, фахрли қилиб яратибди.
Инглизларнинг буюк шоири Байрон «Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч нимани сева олмайди», деган экан.
Улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг бордию пешонамга музликлар ёзилган бўлса, меҳримни ўша музликларга бермасмидим, деган таваллоси мазмун-моҳиятини айнан ўша куни чуқур ҳис қилдим.

ТЕНТАКСОЙ

Қишлоғимиз шимолроғидан анча феълли-хўйли Тентаксой оқиб ўтади. Баҳор келди, дегунча, пишқириб, қирғоқларини бузиб, оқимини ўзгартиришга ҳаракат қилаверади. Шунинг учун бўлса керак, аҳоли унинг номи ёнига тентак сўзини қўшган.
Қиш тугаб, тоғларда қор ва музлар эрий бошласа, Тентаксойнинг ҳам феъли айниб, телба тўнини тескари кия бошлайди. Маҳаллий ҳукумат эҳтимолий офатларнинг олдини олиш мақсадида, юзлаб транспорт воситалари, шу жумладан, теварак атроф аҳолисини ҳам, Тентаксойни мустаҳкамроқ жиловлашга жалб этади. Ҳа-ҳа билан ўзанлар тозаланиб, қирғоқлар шағал, улкан харсангтошлар билан янада баландроқ, пухтароқ иҳоталанади.
Тентаксой бўлса, негадир тайёр эски ўзанидан оқишни истамайди. Бошини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа уриб, бетон, харсанг тошлардан тикланган тўсиқ-тўғонларни бузиб йиқитиб, оқизиб кетаверади. Бир йил ўнгдан оқса, бошқа йили ўзанини ўзгартириб, бошқа ёкдан айқиргиси келади. Кимлардир унинг ўзи оққиси келган йўлдан йўрғалашига қарши чиқаверишади, чиқаверишади.
Яшнаб турган боғларни, кўм-кўк бўлиб, гуллаб турган экин майдонларини ювиб, гоҳо уй-жойларни йиқитиб, жониворларни оқизиб кетса ҳам одамлар уни астойдил қарғамайди. Сойнинг қилмишлари жуда жондан ўтган кезларда ҳам бир муддат «Бу тентакнинг феълини ҳеч тушуниб бўлмади-бўлмади-да», деб бир-бирларига гапириб юришади-ю, кўп ўтмай, баҳор оёқлаб, тошқинлар тингач, яна ҳеч нарса бўлмагандай, одатий турмуш ташвишларига шўнғиб кетаверишади. «Тентаксой қуриб кетсин, тўхтаб, тиниб қолсин», деган қарғишни ҳали биров эшитмаган…

ҚАРЗ

Яхшилар тузини кўп ичдим. Меҳру мурувватлар кўрдим. Эҳ-ҳе, эслаганим қанчаю, эслай олмаганим қанча. Баъзан одамлардан кўрган меҳр-оқибатга лойиқ яшай олмаётганингни ҳис қилиб, бу яхшиликларнинг ҳисоб-китоби қандай бўлади, деб юракни ваҳм босади…

ДИЛ УЙИ

Иморат қанчалик ҳашамдор, маҳобатли бўлмасин, унинг соҳиблари ўзини, ўзлигини англаб етмаган бўлса, бундай бино сохти-салобати ён қўшнининг уйидан ўтмасингданоқ, ҳароратини йўқотади. Уйни уй, юртни юрт, даврни давр қиладиган ҳам шахслардир. Шахслар қўноқ бўлса, пастаккина кулбанинг ҳам томлари юксалиб кетади.

ТААССУРОТ

Фикри-ёди учраган одамда яхши таассурот қолдириш бўлди. Бироқ тошойна ўз олдидаги аксни қанча тез унутса, одамлар хотираси уни ундан-да тез унутиб юборди.

МОЗИЙ

Музей – мозий. Булар аслида бир сўз бўлиши керак. Демак, музейни мозий деб ёзаверсак ҳам бўларкан?!

ТОНГ…

Тундан қанча безмайлик, тонг барибир ўз вақтида отади.
Ҳа, мунаввар тонг қаро тун бағрида туғилади…

БИЛИШ ИЛМИ

Дунёда нима кўп, илм йўналиши кўп. Уларнинг орасида бир илм борки, ундан оҳанраболиси, мураккаби бўлмаса керак. Барча илмларнинг негизи, у ижтимоий бўладими ёки табиий, руҳиятга доир бўладими ёки фалсафага, айланиб келиб шу илм томирларида туташаверади. Бу инсонни билиш, англаб етиш илмидир.
 
ХОТИРА

Эслаб қолиш қобилияти одамзоднинг улкан бахти. Бироқ фаромушхотирлик қусурияти чандон бахтидир. Йўқса ер юзи Гина Кудурадистонга айланиб қоларди.

СЎЗ ЎРНИ

Кейинги пайтларда “классик” сўзи ўрнига “мумтоз” калимасини қўллаш таомилга кирди. “Мумтоз” “классик” маъносини беролмайди. Атоқли адиб Асқад Мухторнинг “Тундаликлар”идаги “Фақат классикагина мунозарасиз қабул қилинади. Биз эса классик эмасмиз…”, деган гапини эслайлик. Ана шу жумладаги классик сўзи ўрнига мумтозни қўллаб кўринг…

ИСРОФ

Асқад Мухтор домла яна, “Одамлар гапираётган гапларнинг тахминан етмиш, саксон фоизи ортиқча” деб ёзган эди. Бир товушни талаффуз қилиш учун қанчадир энергия сарф бўлиши ҳақида ҳам гапирган. Демак, кўп гапириш ҳам исрофгарчилик. Исроф эса гуноҳ. Демак, ёзаёганимизда кимлардир куч сарфлаб ўқишларини ҳам унутмаслигимиз керак!..
 
БОЙЛИК

Қанчалик кўп одам фойдаланса, шунчалик кўпаядиган ягона бир бойлик бор. Бу тилдир.

ЯХШИЛАР

Бир тоифа одамлар бўлади. Худо уларни, фақат, эзгулик учун яратганмикин, деб ўйлаб қоласан. Учрашиб қолсанг, “Сизга қандай яхшилик қилсам экан”, деб, кўзлари порлаб туради. Жилла қурса, бирон гап топиб айта қолсаки, кўнглинг тоғдай кўтарилиб кетса. Аслида, яхшилик туйғуси ҳам инсон табиати учун эҳтиёж…
Илоҳим, ҳаммамизни яхшиликка эҳтиёжманд қилиб яратган бўлсин!

УНУТМОҚ

Бир акамиз бор, бот-бот “Бизни унутқонни унутмоқ керак…”. Бобур бобо шундай деган, деб қоладилар. Шунда Бобур бобо унутқончалик унута оламизми, деган андиша хаёлимдан ўтади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 19-сонидан олинди.