Абдулла Қаҳҳор. Йиллар (ҳикоя)

Ўтди умрим, воҳ дариғ…
Қадимги қўшиқ

Ҳожимирсирож автобусда жой талашиб болалик бир хотин билан айтишиб қолди. Бир мактаб бола ҳам келаётган экан, шу орага тушди-ю, ёмон бўлди. Бу қоқвош «шу ишингиз нотўғри» дейиш билан-ку, Ҳожининг қорнига қозиқ қоққандек бўлган эди, яна «хўмрайманг» дегани нимаси?
Ҳожи бирпас заҳарини ютиб турди-да, бола автобусдан тушиб кетаётганида, секин қўлини узатиб, қулоғини ушлади ва уч буклаб туриб қаттиқ қисди; қисди, жонининг борича қисди! Бола, «қулоқдан айрилдим» деб ўйлаган бўлса керак, қўрқиб дарров ушлаб кўрди — йўқ, қулоқ жойида. У автобусдан тушиб, ловуллаб турган қулоғини ушлаганича Ҳожига қаради ва бисотидаги энг оғир, энг даҳшатли ҳақоратни ишлатди, яъни «тарбиясиз!» деди.
Ҳожи ҳузур қилиб ўч олганидан, боланинг сўккани бошқа сўз тополмаганидан хурсанд бўлиб, орқасига суянди ва атрофига назар ташлади; қараса, ҳамма, айниқса шофёрнинг орқасида китоб кўриб ўтирган киши ўзини кулгидан зўрға тийиб турганга ўхшайди. «Ҳароми, мени тоза расво қилганга ўхшайди, — деди ўзича.— Бу ҳозир кулиб юборади, ҳозир кулмаса кейин, уйига бориб кулади; бола-чақаси билан кулади! Нега мен у итваччанинг қулоғини шартта узиб қўлига бермадим?»
Ҳожимирсирож шошиб автобусдан тушди, боланинг кетидан кетди. Бола ҳамон қулоғини ушлаб борар эди; бир орқасига қараб Ҳожини кўрди-ю, жадаллаб муюлишдаги каттакон икки қаватли бинога кириб кетди. Ҳожи уни бу ерга қочиб кирди деган ўйда эшикнинг олдида узоқ пойлаб ўтирди. Қуёш ботди ҳамки, бола чиқмади. Ҳожи аста эшикни очиб кирди. Болани пастдан тополмай, оёғининг учида юриб иккинчи қаватга чиқаетган эди, кимдир зинанинг устидаги чироғини ёқиб юборди. Ҳожи бир чўчиб тушди ва юқорига қаради. Юқорида ўзига маълум Орзиқул турар эди. Ҳожи уни қаердадир қоровуллик қилади деб эшитган, лекин қаерда эканини билмас эди.
— E, ҳа, Орзиқул, — деди, — бу ерда нима қилиб юрибсиз? Шу ердамисиз?
— Ҳа, биз шу ерда, — деди Орзиқул, тўнининг енгини кийиб. — Ўғлимизга шу ердан жой теккан. Сиз нима қилиб юрибсиз?
Ҳожи гангиб қолди. У, «Орзиқулнинг ўғли яхши йигит чиқди, ҳозир битта ўзи ўттиз иккита машинага қарар эмиш» деб эшитган, лекин унинг шундай жойда туришини хаёлига ҳам келтирмаган эди.
— Шунақами, — деди Ҳожи бошқа сўз тополмай, — бу жой ўғлингизга теккан экан-да, мен ўзингизга теккан деб эшитган эдим… Буюрсин… Шундай ўтиб кетаётган эдим, эсимга тушиб қолдингиз, бир кирай дедим, Орзиқул уйида бўлса, қуллуқ бўлсин қилиб чиқай…
— Жуда соз бўпти-да, Ҳожим! Кўп яхши қилибсиз. Қани кирсинлар… Йўқ, йўқ, кавушни ичкарига ечадилар… Заб келибсиз-да. Ўзим ҳам сизни бир айтиб келаман, бирпас гапиришиб ўтирамиз деб юрган эдим.
Орзиқул бу гапни меҳмоннинг кўнглига бўлиб айтмади, ростдан ҳам Ҳожимирсирожнинг бир келишига орзуманд эди. Лекин, ростини айтганда, Ҳожини уйига таклиф қилишдан муроди бирпас гапиришиб ўтириш эмас, унга ўз турмушини кўрсатиш эди. У, уй-жойини, маишатини кўрсатиш би-лан мақтанмоқчи эмас, чунки қўлга киргизган нарсаси ўз қадр-қимматидан юқори бўлган одам мақтанади. У фақат ҳақиқатни айтмоқчи, «чўлоқ чўлоқлигидан, камбағал кам-бағаллигидан норизо бўлса, худонинг қаҳри келадиган» замонда хокисор бўлган одамларнинг ўт кечиб, сув кечиб олиб борган курашлари натижасида турмушлари қандай ўзгарганлигини кўрсатмоқчи, холос. Орзиқул бу ҳақиқатни кўрсатиш билан таъна қилмоқчи ҳам эмас, чунки таъна қилиш — қаттиқ ўпкалаш деган сўз. Ҳожидан нима деб ўпкалайди? «Шунча йил сенинг заводингда ишлаб қорним ҳам тўймади, очдан ҳам ўлмадим; сен мени от қатори кўрар эдинг; тойпахталар остида қолиб қовурғам синганда касалимни маҳалла боққан» деб ўпкалайдими? Ҳожи шундай қилмаслиги ке-рак эмишми? Завод эгаси-я? Лекин Ҳожи ўша вақтда шундай қилмасам бўлар экан, деб ҳозир айтиши мумкин ва айтади ҳам, чунки шу гап билан бировнинг кўнглини юмшатиб бир пиёла чойини ичади.
Орзиқул Ҳожини коридорнинг охиридаги эшикка — ўзининг бўлмасига бошлади. Бу бўлмада балконга чиқиладиган эшикнинг тутқичига илинган аллақандай бир халтадан бўлак ҳамма нарса Ҳожининг кўзига қалбаки кўринди шекилли, бутун жиҳозларни алоҳида-алоҳида кўздан кечирди, ҳатто деворларни чертиб кўрди.
Орзиқулнинг келини Тожихон кирди. У, меҳмон билан кўришиб, нариги уйга таклиф қидди. Орзиқул Ҳожини ошхо-нага бошлаб чиқди. Ошхонада Мурод харита кўриб ўтирар эди.
— Келдингми, ўғлим, — деди Орзиқул, — мана Ҳожи бобонг ҳам келдилар.
Мурод дарров туриб Ҳожи билан сўрашди ва назокат билан унга жой кўрсатди.
— Келинг, Ҳожи бобо. Кўринмайсиз, келмайсиз…
— Баракалло, ўглим, баракалло,— деди Ҳожи курсига эҳтиёт билан ўтираётиб. — Умрингиз узоқ бўлсин. Кўпдан-кўп хурсанд бўлдим… Ўғил деган шундоқ бўлсин, отасини рози қилсин. Кўп хурсанд бўддим. Хўп… Бу гилам… бу гилам-ни неча пулга олдингиз?
— Eсимда йўқ. Анча бўлди олганимизга.
— Ўтган ҳафта бозорга бир гилам чиқди, гиламмисан гилам эди-да. Бир минг уч юзга савдо қилиб, Қодиралининг ўғлига олиб бердим. Гилам таниган одам икки мингга индамасдан олади. Шунақа нарсалар керак бўлса менга айтиб қўйинг. Хўш… яшанг, ўғлим, кам бўлманг. Энди Орзиқул оёғини узатиб, баҳазур ёта берса ҳам бўлар экан. Биз бурун замонда шунча давлат билан ҳам бу хилда орзу-ҳавас кўрган эмасмиз. Энди ишламассиз-а, Орзиқул?
— Нега ишламас эканман, қирқтўртинчи мактабда қоровуллик қиламан. Мен ишламасдан туролмайман… ўрганмаганман…
— Ана шу чакки-да, Орзиқул, ана шу чакки! Ношукурчилик…
— Ношукурчилик бўлса ҳам ўрганмаганман.
Мурод кулди:
— Кўрдингизми, ўрганмаганлар! Бу кишини ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳаддим сиғмайди.
Тожихон овқат келтириб қўйди. Овқат вақтида Ҳожи ҳеч кимга сўз навбати бермай, бурунги замонни ёмонлаб кетди. Маълум бўлишича, бурун замонда, завод эгаси бўлишига қарамай, у ҳам жабр кўрган экан: уезд ҳокими «акангизни мингбоши қиламан» деб уч минг йигирма етти сўм пулини еб, сайловда дегрезлик Исомиддин деган жаллобни сайлаган экан. Тожихон «пиқ» этиб кулиб юборди ва Муродга қаради:
— У қанақа сайлов? — деди.
— Мен қаёқдан билай. Дада, у қанақа сайлов?
Орзиқул анчадан кейин жавоб берди:
— Мингбоши сайлов деб эшитар эдим-ку, ҳеч кўрган эмасман… Қанақа сайлов бўлар эди, мана Ҳожим айтдилар-ку… Оббо хотинталоқ-ей, шунақа қилган денг, Ҳожим!..
Тожихоннинг кулиши, Орзиқулнинг сўзидаги калака оҳанги Ҳожига ёқмади. У, кичкина пичоқчаси билан суяк тозалар экан, сўзни бошқа, буларга хуш келадиган мавзуга буриш ниятида бирдан сўради:
— Ўғлим, — деди, — стахановчилик дейсизлар, бунинг ҳикмати нимада? Жуда кўп нарсаларни ақлим ола бермас эди, энди секин-секин фаҳмлаяпман. Лекин шу стахановчилик ҳеч ақлимга сиғмайдиган иш бўлиб чиқди. Бурунги замонда битта одам, менинг билишимча, жуда нари борса уч ярим пуд пахта терар эди, ҳозир йигирма беш пудга етказиб терар эмиш. Мана, сиз, битта ўзингиз ўттиз иккита машинага қарар эмишсиз…
Мурод мийиғида кулиб, Тожихонга қаради:
— Тожихон, сиз айтинг, нима учун ҳозирги одамлар Ҳожи бобонинг ақлларига сиғмайдиган ишларни қилишади? Айтинг, сиз ҳам стахановчи-ку.
Тожихон жавобга лаб очганида эшик тақиллади-ю, ту-риб кетди. Жавобни Муроджон ўзи берди:
— Стахановчиликнинг ҳикмати шундаки, ҳожи бобо… ўзимизда бир мақол бор-ку: «Бировнинг ишига саратонда қўл совқотади». Стахановчиликнинг ҳикмати ҳаммадан бурун шундақа, мен бошқарадиган ўттиз иккита машина ҳам, бу машиналар билан килинадиган иш ҳам бировники эмас. Бу — бир…
Eшикни тақиллатган Ўлмас экан, йўлақда онасига нима тўғридадир қувона-қувона сўзлаётган товуши эшитилди. У, шу қувончини отасига ҳам айтиш учун бўлса керак, шошилиб кирган эди, не кўзи билан кўрсинки, ҳали автобусда «тарбиясизлик» қилган киши ўтирибди! Ўлмас ихтиёрсиз қулоғини ушлаб, секин ётоққа томон бурилган эди, Мурод тўхтатди:
— Хўш, ўртоқ командир, қанақа кино кўрдингиз?
Болани таниб, Ҳожининг эси чиқиб кетди. «Оббо ҳароми,— деди ичида, — ҳозир арз қилади. Агар арз қилса, чўнта-гимга қўл солди дейман!»
— Ўртоқ командир танкист бўлар эмишлар, — деди Тожихон кулиб. — Учувчи бўлишдан айнибдилар… Ўлмас, меҳмон билан сўрашмайсанми?
Ўлмас сўрашгани қўл узатди. Ҳожи унинг қўлини олар экан, ўрнидан турди:
— Eнди мен кетай, бемаҳалга қолмай, — деди.
У, боланинг шикоят қилишидан ва бунинг натижасида ўнғайсиз аҳводда қолишидан қўрқмаса ҳам бўлар эди, чун-ки Ўлмас ҳеч шикоят қилиб ўрганган бола эмас. Орзиқул уни пастгача кузатиб хайрлашди. Ҳожи кўчанинг у юзига ўтиб, битта-битта қадам ташлаб борар экан, ўйлар эди: «Машина ҳам, бу машиналар билан қилинадиган иш ҳам ўзингники… танкист… танк ҳам ўзингники! Йиллар, йиллар ўтди! Ўтган бу йиллар дунёни остин-устун қилди!..»

1939