Абдулҳамид Чўлпон. Чопон ва паранжи (ҳикоя)

Шаҳарнинг дилрабо, чиройлиқ боғлариға кирар эдим.
Кирар эдим мен бир вақтлар шаҳарнинг дилрабо боғларига.
Калта, ихчам пичимлик кийимлар кийган озода йигитлар, келишган, кўклам туслик ва тортқич ранглик кўйлак кийган қизлар…
Келишган қизлар, озода йигитлар у ёқдан-бу ёқға аста-аста босишиб ўталар, ўталар эди қўлтиқлашиб…
Ихчам кийимлик, катта-катта келишган тугмалик йигитлар ва ҳирс қўзғатқучи кўйлак кийган қизлар орасида узун чопонлик, ола-була белбоғлиқ якка-якка йигитлар ҳам учраб қолурлар эди…
Учраб қолурлар эди шунда узун-узун, ола-була чопонлар…
Бир вақтлар бўлдиким, чопонларни ул боғларға қўймас бўлдилар.
Бир вақтлар бўлди ким, шаҳарнинг дилрабо боқчаси ола-була чопонни кўрушдан маҳрум қолди…
Чопонни, чопонликларни курсиларга ўлтурғузмай, боғларға кирғузмай қўйдилар…
Чопонни шаҳарнинг дилрабо боғидан ҳайдадилар, қувдилар…
Чопонни маҳкамаларга, «олий остона»ларга кирғизмадилар, қўймадилар…
Сиз бизнинг пойтахтимизға боринг. Таассуб хазинаси деб айбланғон соддадиллардан бошқада чопон қолмади…
Қолмади чопон озода замона йигитларимизда… Қатор тугмалар, ихчам беллар, чақкон, калта кийимлар бечора чопонни «энгиб» келадар… Ҳай-ҳай!
Эй, беш йиллик кўз ёшлари билан чўмулғон Фар-ғона!
Эй, Туркистоннинг жаннат бурчаги бўлғон содда водий!
Сенинг боғларингда чопоннинг катта ҳурмати бор.
Чопондан қочқон йигитларни сен юмшоқ, эркалагучи бағрингға қабул қилмадинг.
Соф, бой, кўм-кўк бағрингда чопонға иссиқ жой бердинг.
Маҳкамаларингда чопон ёт эмас.
Ихчам тугмалар чопонға хўмраймайлар…
Қурултойларда бўлдим: қишлоқ деҳқонлари эски чопонларини ташламағонлар. Сенинг бағрингға ҳаёт истаб келганларга қалин чопон киюб юруб туйғазғучи озиқ, тот бергучи мева-чева тайёрлайтурғон чорикор ҳали ҳам чопон орасида…
Чопон орасидадур қишлоқ деҳқонлари…
Чопон биландур қишлоқ соддадиллари…
Қишлоқи деҳқон устидадур аларнинг ҳаёт бергучи тупроқларини ўпган чопонлар…
Ҳали чопон сенда ташланмағон.
Ҳатто бир вақтлар чопонни ташлаб юборғон «мамадана» ўғиллар ҳам яна қайтиб чопон олғонлар… Чопон «ватандошлиқ» қозонғон!
Дилрабо боғчаларға кирдим мен.
Юқори осмонларда юрдим мен…
Ола-була чопонлар, узун-узун белбоғлар…
У билан боғчалар ҳам булғанмағон, остоналар ҳам кир бўлмағон, маданият ҳам қочиб кетмағон.
Чопон, элдан қувланмоқчи бўлғон мазлум, бечора чопон!
Паранжини ҳам торт ёнингға, паранжини ҳам!..