Абдулатиф Абдуллаев. Ота ва бола (ҳикоя)

Чигирткалар чириллайди, қурбақалар қуриллайди. Оғил тарафдан тўйиб ётиб олган сигирнинг инқиллаши, байталнинг пишқириғи эшитилади. Ота ва бола ёзнинг фарахли кечасида, очиқ осмон остида, шифер томли уйнинг олдига тушган супада юлдузларга термулиб ётибди. Бола тўлай деб қолган ойга тез тез қараб олади. Бошида саволлар ғўжғон ўйнайди. Лекин отасининг маюс ва ўйчан ётганини кўриб, пинжига тиқилади-ю, гап қотишга ботинмайди. Ўзига эътибор тортиш ва баҳонада узилиб қолган суҳбатни давом эттириш пайида отанинг деярли оқариб қолган узун соқолини силайди. Отанинг кўкка қадар етиб борган нигоҳлари изига қайтиб, хаёли бўлинади. Кенжасига ёнбош бўлиб ётади. Бола имкониятни қўлдан бермайди:
—    Отаа?!
—    Лаббай, тойчоғим.
—    Оймомо юлдузларнинг энаси-я?
—    Ҳа, улим.
—    Унда отаси қаерда?
—    Ишлагани кетган.
—    Қачон келади?
—    Эрталаб.
—    Отаси қуёшми?
—    Ҳимм.
Бола яна юлдузларга термулиб ўйланиб қолади. Элас-элас кўринаётганларини яқинда туққан Зийрак итининг нимжон боласига қиёслайди. Кундузи Зийрак ҳар сафар болаларини эмизишга келганда нимжон гидик энасини эмолмай ғингшиб қолгани эсига тушиб, митти юлдузлар ҳам очликдан йиғлаётгандай туюлади:
—    Отаа?!
—    …
—    Отааа!
—    Ҳов, улим… — кўзи илинган ота қўл узатиб боласининг бошини силайди.
—    Юлдузларга отаси нон олиб келадими?
—    Ҳа, улим.
—    Хўрозқанд ҳам олиб келадими?
—    Ҳимм.
Бола беихтиёр лабини ялайди. Энди юлдузларга ҳавасланиб қарайди:
—    Эрта менгаям хўрозқандга пул берасиз-а?
—    Ҳа, улим.
—    Мактабга қачон бораман?
—    Озгина қолди. Худо хоҳласа, кейинги йил.
—    Худонинг уйи қаерда, ота?
—    Ҳамма жойда, болам. — Ота сергак тортади. Бу мавзуда боласига янглиш тасаввур бериб қўймасликка тиришади. Чарчоқ босиб келаётган бўлса-да, кўзларини очиб ётади. Боласи жўнжикканини сезиб, ёнидаги чопонини унинг устига ёпади.
—    Аллоҳ Худонинг ошнасима? — бола осмондан кўз узмайди.
—    Йўқ, болам. Аллоҳ, Худо, Парвардигор деганимиз ҳаммаси Худонинг исмлари. Унинг тўқсон тўққизта исми бор. Лўлилар уйга келганда тожикча гапирганини эшитганмисан?
—    Ҳиммм.
—    Уста Толикнинг ўрисча гапирганини-чи?
—    Эшитганман.
—    Ҳамма Худони ўзининг тилида айтади. Шунинг учун унинг оти кўп, болам. Ўзи эса битта.
—    Энасиям отасиям йўқма?
—    Йўқ, улим. Уни ҳеч ким туғмаган. Аввалдан бор бўлган. Абадий бор бўлади.
—    Унда нега кўринмайди?
—    Сен шамолни кўрганмисан, улим?
—    Йўўўқ. У кўринмайди-ку.
—    Лекин шамолнинг борлигини биламиз, тўғрими. Худди шундай кўринмас нарсалар дунёда кўп, болам. Худони кўриб, ушлаб бўлганда у Худо бўлармиди?! У ҳеч кимга ўхшамайди. Ҳаммадан катта. Ҳаммани кўриб туради.
—    Қоронғудаямми?
—    Қоронғудаям.
—    Ҳамма нарсани У ясаганми?
—    Шундай, улим.
—    Кучугимизниямми?
—    Ҳимм.
—    Гидигиниямми?
—    Ҳимм.
—    Алламанг, гидикларни Зийрак тувди-ку?!
—    Ҳали ҳаммасини тушуниб оласан, энди ухла болам, хўпми?
—    Хўўп…
… Атрофга сукунат чўкади. Боланинг хаёлларини отанинг хўрраги бузади. Бошини кўтариб уй томон қарайди. Ўрта хонада чироқ ёқиқ. Демак, ҳали онаси ирчиқ йигириб ёки тикиш қилиб ўтирибди. Бола энди тезроқ ухлашга тутинади. Бўлмаса, онаси ҳам келиб ётганда ухлашга улгурмаса, бир ўзи уйғоқ қолишдан қўрқади. Бир олам саволлари бошида аралашиб кетади. Болани уйқу элтади…

2014 йил