Абдулатиф Абдуллаев. Марварид донаси (ҳикоя)

Эрталабдан кўнгли ғашланди. Ҳолбуки, бугун яхшигина мукофотга лойиқ топилганди. Ҳамкасблар, таниш-билишлар қутлашар, уларга минғирлаб, мужмал жавоб қайтарарди. Совринни кабинетининг бир чеккасига қўйди. Очиб кўрмади ҳам. Қаердандир кўнглига ёпирилиб кирган дилхиралик тарқамаётганди. Кечга бориб бетоқат бўла бошлади. Қишлоққа – отасига қўнғироқ қилди. Ҳол-аҳвол сўрашди. Сўнг онасининг қалтираган овози эшитилди:
– Яхшимисан, болам? Келиним, наварам зўрми?
– Тузукмисиз, нега овозингиз қалтираяпти, соғлигингиз яхшими?
– Яхшиман, болам! Мендан ҳечам хавотир ома. Бу таманларға алағда бўма. Хўпми улим?! Ҳар замонда бир тилпонда «эна» десанг бас…
Онаси негадир гапни қисқа қилишга уринди. Йигитнинг ҳадиги босилмади. Орадан икки кун ўтиб, яқин дўстининг онаси оламдан ўтди. «Шунга экан-да, ичимдаги ғашлик, яхши аёл эди», – қишлоққа отланган йигит ўзини овутиб борар, аммо ҳануз мужмал кайфиятда эди. Оғир кунида дўстининг ёнида турди. Ундан онасининг кўзидан марварид донасига ўхшаган ёш думалаб-думаламагани ҳақида сўрамоқчи бўлди…
Кечқурун ота-онасининг ёнида тунади. Кўзи энди илинай деганда бош томонига кимдир ўтиргандай бўлди. Кўзини очмади – онаси унинг сочларини силарди.
– Ҳой, билдириб қўясан… Қани, ухла энди… – отасининг шивири кўнглидаги ҳадикни яна қўзғатиб юборди.
«Нимани сир тутишаяпти экан», – унинг уйқуси қочди. Тўлғониб ётаркан, секингина жойига бориб ётган онасининг гапи қулоқларини қиздириб юборди:
– Биргина кўргим келувди-да…
– Уйғотиб қўясан, деяпман, – таҳдидли шивирлади отаси. – Кейин кўнгли эзилиб, ишида унум бўмай юради. Шу керакми сенга?!
Онаси бошқа гапирмади. Йигитнинг кўзлари катта-катта очилди. Марваридга ўхшаган кўз ёш ҳақида ўйлади. Алламаҳалгача карахт ётди… Эсига яна ишхонадаги бўлим мудираси Афифа опа яқинда таъсирланиб ҳикоя қилиб берган ўша воқеа тушди. Афифа опа онаси билан охирги бор хайрлашаётганда онасининг кўзидан одатдаги кўзёшидан фарқли, худди марварид донасига ўхшаган бир томчи ёш чиқиб, яноғи устида тўхтаб қолган, юзи аллақандай нурдан ёришиб кетган экан. Орадан уч кун ўтмай боқий дунёга рихлат қилган ўша кампир сиймоси кўз олдида жонланаркан, ҳозир онасининг ҳам йиғлаб юбориши ва кўзида ўша марваридга ўхшаган ёш пайдо бўлишидан қаттиқ қўрқди. Яратганга ич-ичидан дуолар қилди.

* * *

Эртасига нонушта қилиб бўлгач, ўртанча акасиникига чиқди. Янгасини гапга солиб, кечаги «жумбоқ»қа жавоб излади. Маълум бўлдики, онаси тўрт-беш кун қаттиқ бетоб бўлиб, ҳатто ейишдан қолибди. Эшикка термулиб, ким кирса, унинг исми билан янглиштириб чақирармиш. Шундай бўлса-да, кенжасига хабар беришларига унамабди. Йигит мутаассир бўлди. Шаҳд ўрнидан турди. Ҳозир бориб онасини қучоқлаб олгиси, қадоқ қўлларини юзга суртиб йиғлагиси келди. Аммо негадир уйга келиши билан бундай қила олмади. Нимага шундай бўлди, уни нима тўхтатиб қолди, аниқ-тиниқ билолмади ҳам. Балки онасини аягандир. Унинг «болам узоқларда қийналиб юрган экан», деб хавотир олишидан чўчигандир. Ҳар ҳолда яна ўзини бепарво тутди.
Отаси эрталабдан қаергадир кетганди. Келиши билан чўнтагидан пул чиқариб, хона ўртасига қурилган сандал устига ташлади. Сўнг печ ёқишга тутинган онасига юзланди:
– Ҳалиги пулларни ҳам олиб чиқ, ҳаммасини.
– Хўп…
Онаси секин туриб, жамалагига тақилган калит билан сандиқ қулфини очди. Унинг ичидан кичикроқ рангпар бўхчани олиб чиқди. Матолар тахини бузмасдан бир-бир олиб қўйди. Энг тагидаги кийимлик ичидан тўрт тахлам майда пулни олиб отасига узатгач, матоларни силаб-сийпалаб яна аввалгидай тахлай бошлади…
Пул санаб, белини бойлаётган ота олдида ўғил ўзини бемаврид қарзини қистаб келган одамдай сезди. Отасига ожизгина қаршилик қилган бўлди:
– Пулим кўп, буларни ўзингиз ишлатинг. Мана, сумкамда бир пачка мингталик турибди…
– Илойим, давлатинг зиёда бўсин, улим! Бизникиям бир илинчак-да. Етмаганда ямоқ бўлар…
Отанинг оғзи гапдан, қўли пул санашдан тўхтаб қолди:
– Булар бешта эди шекилли, ёки адашяпманми? – у ўгирилиб онасига қаради. .
– Билмасам… – Онаси ажабланмади, негадир кўзини олиб қочди.
– Катта неваранг олган чиқар-да, бу бетайин бошимизга ёстиқ ҳам бўмади. Отаси билан суви тинмаганидан уйга олиб кегандим. Энди тарбиялайман, деб тиргак излаб қолаяпман…
Йигит отасини чалғитмоқчи бўлди:
– Балки ишлатилиб кетгандир…
Отаси иккиланиб қолди. Сўнг неварасини чақира бошлади.
Гапнинг бу зайл кетишини кутмаган она шошиб қолди:
– Мен… Мен олгандим биттасини…
Ота-бола баравар анграйиб қолди. Она пул санашни-да билмасди…
…Бир пайтлар, йигит ҳали бола бўлган чоғларда отанинг даромади яхши эди. Баъзи кунлар йиғилган пулларни кампирига санатар, она бу ишга мамнуният билан киришар, бироқ анча машаққат чеккач, «эй, бор-ей, ўн бир тўққиз», деганча бошқа ишга тутинар, бундан отага қўшилиб кенжаси ҳам завқланиб куларди. У ростдан ҳам пулга ҳеч қизиқмас, уларни рақамлари ўрнига ранги билан атарди. Бир пайтлар чоли «яшириб қўй», деб берган, вақтида анча қийматли бўлган ўнтача йирик пул бекитилган жойида йиллар бўйи қолиб кетган, пул алмашиб кетганидан сўнг уларни топиб олиб, чолига қайтармоқчи бўлганди. Умуман, онанинг соддалиги шу қадар эдики, у билан боғлиқ ҳаётий ҳангомалардан тўққиз боласи тўққиз хилини айтиб бериши мумкин эди. Ҳаммасидан катта ўғил тез-тез такрорлаб турадигани қизиқ эди. Унда айтилишича, паспорт алмашаётган пайтда ота болаларга кўз қисиб, кампирига жиддий қиёфада:
– Сенга бошпўрт олмасак ҳам бўлади, – дейди.
– Нега керакмас экан? – тутақади она. – Ахир мен Хушмурод ё Элмуродникига бормайманми, Ҳанифани кўргим кемайдими?
У паспортсиз қолса кўролмай қолишидан ташвишланаётган одамлар шу қишлоқнинг ўзидаги укалари ва қизи бўлгани учун ҳам болалари ҳар сафар бу ҳангомани эшитганда мириқиб кулишарди.
Бугун ана шу она кенжа ўғли ва чолини ҳайратлантирган, ҳозир ота ҳам ўғил ҳам бу ишнинг мутлақо ўғрилик эмаслиги ҳақида ўйлаб, жимиб қолганди… Йигитнинг кўзи ёшланди. Ташқарилади. Жадал юриб оғилхона томонга ўтди-ю, елкалари силкинди…
Ич-ичидан ҳайқириқми, ўкирикми бостириб келарди. У билардики, онаси ҳеч қачон ўғрилик қилмайди. Тушунгандики, яқиндагина оламдан ўтган дўстининг онаси ўзининг онасидан бир ярим мучал кичик эди ва бу фанодан бақога мавридсиз кўчиш касалдан тузалиб-тузалмаган онасига қаттиқ таъсир этган. Иримига, деб одамларга улашилган, юзига «икки юз сўм» деб ёзилган пулдан бири қўлига текканда рангпар бўхчага тугилган пуллар кўз олдига келган… Бу фикрдан неча кун ваҳимада юрган, айтай деса, чолини аяган. Олмай деса, тўсатдан… Рўзғорини амал-тақал қилиб юрган болалари ўша кунда шу рангдаги пулларни қидириб қоладигандай туюлаверган. Беш тахламнинг ичидан биттасини олгану, кўнгли хотиржам бўлган… Йигитнинг ёдига кеча онасининг рангпар матоларни бир-бир силаётгани, «Омонгул холангнинг ёши нечага чиққан экан?», деб сўрагани, отасига: «Эндиги пенсиямни ўзимга берасиз», дегани тушди. Ҳозирданоқ юрак-бағри ҳувиллаб қолаётгандай чўчиб кетди. Ёмон туш кўриб босинқираётгандай мавҳум ва айни пайтда ойдин бир ҳолдан энтикиб, чуқур хўрсинди-ю, яна ўзини қўйиб юборди…

* * *

Қайтар бўлди. Олиб кетишига тайёрлаб қўйилган нарсаларни бир одам кўтара олмасди. Ҳар доимгидай онаси унга ойна тутди:
– Доим юзинг ёруғ бўлсин. Исириққа ҳам тутиниб ол, болам!
Кийимларига уннаб қолишини айтиб, эътироз билдирадиган ўғил бу сафар итоаткор бўлди. Отасининг кўзини пана қилиб, онаси уни имлади. Ҳолироқ жойга ўтгач, бошини силаб, пешонасидан ўпаркан:
– Мен ҳали ўлмайман, болам, – деди овози титраб. – Сен ҳеч ўйлама. Онам бор эди, ҳоли нима бўлди, деб ортингга қарама. Худога шукурки, ёнимда бошқа болаларим ҳам бор. Нима айб қилдингки, кечадан бери бошингни эгасан. Билсанг, бу ишинг билан бағримни эзаяпсан. Бошингни тик тутиб юргин, хўпми? Хотининг, улинг билан шоду хуррам яшайверсанг, мен ҳам хурсанд бўламан…
У хавотирланди. Хайриятки, онаси йиғламади. У чўчиётган «марварид» ҳам кўриниш бермади. Демак, энди унинг онаси уч кундан кўп, кўўўп яшайди. Ҳа, шундай бўлади!..
Шаҳарга қатнайдиган тоғасининг машинасига ўтирганида кайфияти анча тетик, ҳатто минғирлаб, қайсидир қўшиқни хиргойи қилар эди:
– Қўрқмай ҳайдайверинг, ака… – деб юборди тоғасига беихтиёр.
Тоға ажабланди. Жиянига син солиб қаради-ю, индамай қўя қолди…

2010