Абдужалол Тайпатов. Улғайиш (ҳикоя)

Машина орқага юриб, очиқ турган дарвозадан ичкари кирди. Секинлаб бордида ҳовли тўрида одам бўйи келадиган, тирқишларига латта-путта тиқиб қўйилган ёғоч эшикка тақалиб тўхтади. Кабинадан шапкали, фуфайка кийган йўғон киши тушди. У эҳтиёткорлик билан дарвоза табақаларини бирлаштирди-да темир дастакни илдирди. Бир пас қўшни ҳовлиларга қулоқ тутди. Сокинлик. Осмоннинг бир четидан хира нур сочиб тепага кўтарилаётган қошдеккина ойни ҳисобга олмаганда тун сукунатини бузишга гўё ҳеч ким журъат этолмаётгандек.
Ўнг томондаги томи шифер билан ёпилган баланд уйнинг айвонида чироқ ёнди. Ичкаридан кичик жуссали, муштдеккина бир аёл чиқди.
–Ғаллахонанинг калитини обчиқ!
Аёл ичкарига қайтиб кирди. Даҳлиз деворидаги михга осиғлиқ турган шода калитлардан бирини олдида эшигининг тирқишидан ёруғ тушиб турган турги хонага ўтди. Хонада рангсизгина, оқиш юзли бола кўкрагини ёстиққа босганча китоб ўқирди. У шарпани сезиб, бошини кўтарди.
–Ҳалиям ётмадингми?
–Ҳозир, озгина қолди… – Бола яна китобга юзланди.
–Отанг келди. Кийиниб чиқақол, юки борга ўхшайди.
Бола китоб варағини буклаб, ёпди. Астаридан пахтаси чиқиб қолган эски чопонини елкасига ташлаганча ташқарига йўналди. Отаси машинанинг орқа томонини тушириб, қўлида курак билан кутиб турарди. Бола индамай отасининг қўлидан куракни олдида кузовга чиқди. Чиқаётганда курак кузовга тегиб “даранг”лаб кетди.
– Секинроқ, – деди ота. – Кўзингга қара! Шошмасдан, товуш чиқармасдан тушир! – Унинг овози нимагадир қалтираб чиқди.
Бола юкни тушира бошлади. У ҳар курак сурганида қуюқ чанг тумани осмонга кўтариларди. Аксига олиб шамол ҳам қарши томондан эсмоқда. Бир пас ишламасдан терлаб, толиқа бошлади. Қулоқ-бурни, юзи чангга беланди. Томоғи қуриб, оғзида лой таъмини сезди. Машина устида чанг булути пайдо бўлди. Бола чангдан қочиб кузовнинг четига ўтди ва пастга, онасига қаради.
–Эна, оғизни боғлагани рўмол-пумол беринг. Ичим чангга тўлиб кетди.
Аёл уй томон юрди. Ота ўғлига ўшқирди:
–Тезроқ қимирласанг-чи, биратўла ювинасан! – Барибир сабри чидамади. Йўғон гавдасига ярашмаган чаққонлик билан машинага чиқди. Бироз ишлади. Кейин куракни ўғлига тутқазиб, белини ушлаганча пастга тушиб кетди.
Бола яна ишга шўнғиди. Ўйлай бошлади. “Нима керак экан шу ишни қилиб? Ҳамма нарсамиз бор бўлса. Ё шундай қилмаса, кунимиз ўтмасмикин?! Нега?! Ҳамманики ўтаяпти-ку?! Мана Акбарларни олайлик. Мендан яхши кийинади. Уйларининг ичиям бизникидан чиройли. Отаси домилла. Ҳамма нарсага тушунади. Қани, менинг отам ҳам шундай бўлса!”.
Шу пайт кўчада мотор овози эшитилди.
–Ёт-т!
Бола энгашди. Мотоцикл экан. Қўшни кўчага бурилиб, товуши узоқлашди. Отаси дарвозадан чиқиб қараб келди. Бола ҳамон ўз ўйлари билан овора эди. “Ҳозир мелиса кеп қолса-я. Отасини қамайдими? Унда бизга ким нон топиб беради? Мендан сўраса-чи? Сен комсомолсан, тўғрисини айт, нима иш қилаётгандинг, деса, нима дейман? Тўғрисини айтади. Шундай-шундай бўлди, дейди. Йўғ-е, унда отасини қамаб қўядилар-ку! Мениям қўшиб қамаса керак-а? Чунки буғдойни мен тушираяпман-ку! Буни Гулсара эшитса нима дейди? Домиллаларчи? Ошналарим-чи?!”.
– Нима бало, ухлаб-пухлаб қолдингми?
– Ҳозир. Томоғим лойга тўлиб кетди. – Бола куракни кузовга суяб, пастга тушди. – Бир сув ичиб олай. Бурнини қоққан эди, бир парча лой тушди. “Жонга тегди, нима керак шундай яшаш?”
Ота ўғлининг чарчаганлигини сезди. Бола бечорагаям жавр бўляпти. Бултур том суваётганда нарвондан йиқилиб, бели қаттиқ лат еган эди. Шундан бери катта-кичик юмушнинг ҳаммаси шу ўғлига қолган. Каттаси армияда. Шу тиромага келади. Шунчалик қилмасаям бўлмайди. Бир қозондан ўн уч жон овқат ейди. Эшикли уй – биров келади, биров кетади. Ҳали олдида маъракаси бор. Икки қўлини бурнига тиқиб ўтирган билан биров келиб берармиди?! Ойлик тирикчиликдан ортмаса.
Эр ёнида турган хотинига ўгирилди.
–Чиқ, ёрдамлаш!
Аёл машинага тирмашди…

***

Мусурмонқул кечга яқин уйга қайтмоқчи бўлиб моторни ўт олдираётган эди, бошлиқ четга имлаб қолди.
–Қоронғи тушиб, одам-одамни танимайдиган бўлгач, иккинчи бўлим ангарига бориб, Маматқул комбайчига учрашинг. Бир бункер тўкиб беради. Уйни биласиз.
Мусурмонқул бошлиқнинг айтганини қилди. У ҳеч маҳал бошлиқларга гап қайтариб ўрганмаган. Шунинг учун ҳам “катта бува” ҳар мавсумда уни бош инженердан сўраб олади.
Энди юкни туширмоқчи бўлиб турганларида бошлиқнинг отаси Ҳайдар гажир чиқиб қолди. Ўлгидай ўжар, бир сўзли бу одамни қишлоқда шундай аташади. У ҳақда қизиқ бир гап юради. “Ҳайдар гажир бир кун калиш олмоқчи бўлиб бозорга тушибди. Бир жуфт калишга харидор бўлибди. Энди савдолашиб турган экан бир чол (айтишларича, уям гажир экан) келиб мол эгаси айтган пулни тўлабди. Калишларни Ҳайдар гажирнинг қўлидан юлқиб олиб, хуржинига сола бошлабди. Ҳайдар гажирнинг орқаси тутибди. “Буни мен олмоқчийдим-ку” деган экан, калиш эгаси “Мол пулини тўлаганники”дебди. Ҳайдар гажир шу заҳотиёқ у айтган пулни тўлабди-да, калишларга ушлашибди. Икки гажир талашиб-тортишиб, уришиб қолишибди. Алқисса, иккови икки пойни қўлтиққа қисиб жўнабди. Олибсотар бўлса бир жуфт калишни икки калишнинг баҳосига пуллаганига хурсанд қолаверибди. Миш-мишларга қараганда, ўша бир пой калиш Ҳайдар гажирникида ҳалиям турганмиш”…
Чол қоронғиликда яхши кўрмасада ҳассасини тўқиллатиб, машинанинг ёнига келди. – Нима бу? – деб сўради. Кейин бирдан жазаваси тутиб қолди.
–Ол машинангни! – Бақирди Мусурмонқулга қараб. – Ҳозир мелисага хабар қиламан! Нонтепкилар!
Мусурмонқул бошлиққа қаради. Бошлиқ отасига яқинлашиб, унинг қулоғига нимадир деб шивирлади.
–Ни-м-м-а-а! – Чол бақиришда давом этди. – Кунжара еб катта бўлганингни унутдингми? Ҳали кўзим очиқ экан сенларга бу номаъқулни едирмайман. Ўлганимдан кейин эса билганларингни қилинглар. Ҳайда машинангни! – Чол ҳассаси билан кабинага ниқтади. Мусурмонқул “Нима қилай?” деган маънода бошлиғига бурилди.
–Бўпти, сиз бораверинг! – Бошлиқ жаҳл билан қўл силтади.
–Буни-чи? – Мусурмонкул кузовга ишора қилди. – Буни нима қилай?
–Билганингизни қилинг!…

***

Ғаллани киритиб олишди. Бола қаттиқ чарчади. Томоғи ачиша бошлади. Ювиниб бўлгач, отасининг ёнига – супага чиқиб ўтирди. Она ўғлига чой қуйиб узатди.
–Ич, чарчоғингни босади.
–Йигит ҳам чарчайдими? Буларнинг ёшида бизлар, эҳ-ҳе, мардикор ишлардик. – Ота гапга аралашди. Бир ухласанг, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетасан.
Бола тараддудланди. “Айтсамми? Уришиб берса-я. Уришса уришар”.
–Ота-а… – Товуш жуда синиқ чиқди.
–Ҳа, нима дейсан? – Эр бўш пиёлани аёлига узатди.
–Шу-шу… ишни қилмасангиз-чи? – Боланинг кўнглидаги гап беихтиёр оғзидан чиқиб кетди.
–Ни-и-ма-а? – Ота ўрнидан туриб ўтирди. Ўғлини биринчи марта кўраётгандай тикилиб қолди. Ойнинг хира нурида унинг юз ифодасини кўриб бўлмасди. Аёл эрига ҳадик билан боқди.
–Ақл ўргатаяпсанми менга?! Ким қўйибди шу пайтдан отага гап ўргатишни?! Яхши. Зўр тарбия бераяпти экан домлаларинг! – Э-э, ҳавога кўтарилган қўлини ҳафсаласизлик билан силтади-да, яна ёстиққа ёнбошлади. Сен ҳали ниманиям тушунардинг…
Орага оғир жимлик чўкди. Бола пиёлада совиб қолган чойни ҳўплади. Ота аста ҳеч кимга билдирмай хўрсиниб қўйди. Сўнгра вазмин оҳангда гўёўз-ўзига сўзлаётгандай гап бошлади.
–Азондан қора кечгача тинмайман. Кимгадир ака дейман, кимгадир ука. Бари ким учун? Мен билан энангга нимаям керак. Бир халта ун бўлса, бир ой майда чайнаб еймиз. Шулар бировдан кам бўлмасин, шулар бирор нарсага дарқаб қолмасин, бировнинг қўлига қарамасин, деб елиб-югураман. Ҳали тушунмайсан. Кейинроқ, ота бўлганингда биласан. Эрта-индин аканг армиядан қайтади. Унинг уйини тушириб беришимиз керак. Сен ҳам мактабингни битирай деб қолдинг. Яна ўқирман дерсан. Бунинг ҳаммасига пул керак, ўғлим. Менинг ёшимга етганингда, отам бечора тўғри айтган экан, дейсан. Мен сизларнинг ўқимишли, обрўли одам бўлишларинг тарафдориман. Мен тортган азобларнинг мингдан бирини ҳам кўрманглар, дейман. Ўзинг эсли йигитсан-ку, ўғлим!…
У отасининг бунчалик куйиниб, дард билан гапиришини, отам шунча гапни билади, деб сира ўйламаганди. “Демак, ҳали бу дунёда унинг ақли етмайдиган кўп нарсалар бор”. Бола аста ўрнидан туриб, уй ичкарисига юрди. Ота ўғлининг орқасидан қараб қолди: “Ғалати бўлиб ўсаяпти. Мен бошқачароқ эдим”.
Ўғли билиб-билмай унинг қалб торларини чертиб кетди. Отанинг хаёли қочди. “Бу ёшлар ниманиям тушунарди. Азоб кўрмай ўсаяпти. Отам ўтганида ўн учдан энди ўн тўртга ўтган эдим. Эҳ-ҳе, кимларнинг хизматини қилмадим. Бир ҳовуч буғдой ёки бир бўлак қора зоғора учун нима ишлар қилишга мажбур бўлдим. Мен тенгиларнинг битта ғами бор эди: уям бўлса қорин. Одам бўлиб кун кўраётганимизга ҳали кўп бўлгани йўқ. Ўқийолмадим. Бунга вақт ҳам, имкон ҳам бўлмади. Оддий рабоччи одамман. Бировга гапим ўтмайди. Баъзан хўрлигим келади. “Қўли текканнинг оғзи ҳам тегади” деган гап бор. Гайи-гайида тўғри кеп қолганда бир қопми, ярим қопми оламан. Ҳарна-да. Беш-олтита мол бор. Ахир, ҳамма қилаяпти-ку?! Директор “бува”нинг ўзиям шу мошинни беришда умидвор бўлган. Бўлмаса қандай зўр, тушунган одам. Москвада ўқиб келди. Нима етмайди у кишига. Ҳамма одамда томоқ бор. Бизлар энди иложсизликдан қиламиз. Тўрт ўғил, олти қиз. Уларни кийинтириш, боқиш осонми? Ҳар бирини уйлаш, чиқариш-чи? Кечалари баъзан уйқум қочиб кетади… Э, нодон бола-я?”.
Бола ўз хонасига кирди. Ерда ётган китобини дераза рахига олиб қўйди. Ечинмасдан ўрнига чўзилди. “Нимага бундай? Китобларда бошқачароқ ёзилади-ку?! Наҳот, тўппа-тўғри, ҳалол яшаб бўлмаса? Кимга ишониш керак? Домлаларнинг ҳамма гапи тўғрими? Ана Сувон домлани олинг. Уларга географиядан кирарди. Синфда папирос чекиб ўтирарди. Бир куни қизиқ бўлди. Сувон домла дарс ўтаётувди, тўғрироғи, китобдан ўқиб бераётган эди. Нима бўлди-ю, у ташқарига чиқди. Шунда биринчи партада ўтирадиган Карим калта китобнинг бошқа бетини очиб қўйди. Сувон домла қайтиб кирди-да, ўша жойдан ўқишга тушди. Болалар кулиб юборди. У ҳаммани уришди. Карим калтани бир шаппат урди.
Ўша Сувон домла ҳозир совхознинг омборида катта. Одамларнинг айтишича, бир халта пули бормиш. Ўғли Собир сариқ тўқиштириб ўқишниям билмасада, домлалар унга “беш” қўяди. Нега бундай қилади, тушунмайман. Собир сариқнинг мақтанишича, ўнинчини битирса отаси машина олиб берармиш. Кейин қизларни миндириб катайса қилармиш. Очил маллим бўлса худди ёш боладай ҳалиям валасапид миниб юради. Тунов куни Собир сариқ уни “энангди…” деб сўкди. Ҳеч ким унга индамади. Директоримиз эшитсаям ҳеч нарса демади. Мен шундай қилганимда эртагаёқ мактабдан ҳайдашарди.
Қаттиқ чарчаган бўлишига қарамасдан унинг сира уйқуси келмасди. Ҳадеб у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарилар, чалқанча ётганча ўй сурарди. Ёпирилиб келаётган охири йўқ саволларга жавоб тополмай мурғак қалби озорланар, қийналарди. “Отамнинг гаплари тўғрими? Пул бўлмаса кун ўтмайдими? Нега унда Тайлоқ кўр билан Ислом чўлоқ очдан ўлиб қолмайди?”
Тўлишиб тобора ёрқинроқ шўъла таратаётган кемтик ой эса деразадан ўғринча мўраларди. Тонг оқариб келарди…

1979 йил.