Абдужалол Тайпатов. Ўғил (ҳикоя)

У мактабдан кеч қайтди. Ичкари уйда уст-бошини алмаштираётган эди, момоси чақириб қолди.

– Самад, ҳов Самад!

– Ҳов-в!

– Довушинг ўчгир, тезроқ чиқсанг-чи.

Самад шоша-пиша кийиниб чиқди.

– Ҳа, нима дейсиз?

Ҳовлида ипини узиб кетган бузоқ ўйноқлаб юрар, кампир уни тутмоқчи бўлиб ушлолмасди.

– Манави сабил қолгурни боғлаб қўй. Ҳаммаёқни яксон қилди.

– Нима қипти?

– Ўл қипти. Ун халтани ямлаб ташлабди. Ушласанг-чи,
лаллайиб турмай. Ўн бешга кирсаям одам бўлмади бу!

Самад бузоқни қувиб кетди. Бир пасда тутиб боғлади. Кампир яна жаврай бошлади:

– Куни бўйи санқиб юрмадагин, молларга қара, сийир эрталабдан бери
сувсиз. Уйинг куйгир Усмон калта бўлса чиноқ қўзини йитириб кепти. Ҳамсояларнинг молини кўр қани, бирортасига қўшилгандир-да. Аҳмад калникини қара, бир сафар шуникидан чиқувди. Шу мол-ҳол бир менга керакми? Заҳармардиларингга бир кун керак бўп қолар. Отангнинг юриши бўлса ул. Сен сал одамга ўхшагин энди…

Самад момосининг бундай беғубор қарғишларига кўникиб қолган. Парвойигаям келмайди. Билади, момоси уни яхши кўради. Бирон кун кўринмай қолса, бутун қишлоққа жар солади. Мактабдан сал кечикса, қидириб чиқади. Улар бир-бирларига ўрганиб, суяниб қолишган. Мана шу ҳайҳотдай ҳовлида бир ўзи зерикканидан, сиқилганидан неварасини янийди, моллар билан уришади, ишқилиб кундузни кеч, тунни тонг қилади. Самад момоси буюрган юмушларни чала-чулпа, ярим-ёрти бажарадида, кўчага қочади. Болалар билан “ошиқ”, “парин”, “трақ-трақ” ёки “чиллак” ўйнаб номозгарда кириб келади. Кейин иккови кампир тайёрлаган кесган ошми, гуруч ошми, пиявами ё кулча тайлоқними маза қилиб ичишади. Момоси овқатни бирам ширин қиладики, ичиб тўймайсан. Эрталаб Самад мактабга жўнайди. Кампир яна ҳовлида ғимирлай бошлайди. Аҳён-аҳёнда унинг ҳовлидан кимнидир, ниманидир қарғаган овози эшитилиб қолади.

Самаднинг отаси шаҳарда ишлайди. Ҳар шанба куни қишлоққа келиб туради. Унинг сумкасида, албатта, Самадга бирон совға бўлади. Самад отасини яхши кўради. Баланд бўйли, елкадор, қоп-қора мўйлови ўзига ярашган салобатли ва кўркам отаси баъзан уни шаҳарга олиб тушади. Баланд-баланд уйларни, магазинларни, ҳайвонот боғини томоша қилдиради. Отасининг айтишича, Самад мактабни битиргач, шаҳарга борармиш, ўқирмиш, “катта” одам бўлармиш. Момоси бўлса отасини нуқул ёмонлагани, ёмонлаган. У одам бўлмади, дейди. Отаси ҳар келганида йиғи-сиғи қилади.

– Шунча одамга топилган ризқ-насиба, сенга топилмай қоладими, қишлоққа кел, сен ҳам одамларга қўшил, эл қатори яша, – дейди.

Отаси индамайди. Кетар чоғи Самадга тайинлайди: – Момонг қариб қолди. Бечора кўп азоб чекаяпти. Уни хафа қилма.

Самад бу йил бешинчида ўқияпти. У зеҳнли, зийрак бола. Мактабда ҳамма уни мақтайди, ҳавас қилишади. Унинг ҳамма нарсаси бор. Кийимлари кўп. Чиройли ручкалари, велосипеди бор. Сумкасида доим бирор қизиқ китоб олиб юради. Отасининг пули кўп. Хоҳлаган нарсасини олиб беради. Отаси “зўр” одам. Фақат баъзан ўйлаб қолади. Нега унинг энаси йўқ. Энаси қаердайкин? Момосидан сўраса: “Сени мен тувганман, мен сенинг энанг бўламан” деб бақириб беради. Момосининг гапларига ишонмайди. Момоси ёлғон айтади. Ахир, қанақасига унинг энаси бўлсин?! У отасининг энаси-ку!

Самад мактабда Бахтиёр билан ошна. Синфдошлари ичида шу бола унга ёқади. Уларнинг уйи бозоржойда, мактабнинг йўлида. Самад баъзан кун бўйи уларникида бўлади. Баъзан кечаси ётиб ҳам қолади. Бахтиёрнинг отаси Сотволди ака бўлса, Самад билан худди катта одамлардай гаплашади. Отасини, момосининг ҳол-аҳволини обдон суриштиради. Бугун ҳам томорқада ер ағдараётган экан. Самадни чақириб қолди. Ундан-бундан сўради, гаплашди. Кейин қўлидаги кетмонни дарахтга суяб, Самаднинг елкасига қўлини қўйди-да:

– Ўғлим, – деди босиқлик билан. – Энди сен катта йигит бўп
қолдинг. Кўп нарсага тушунасан. Хўп десанг, энангникига олиб бораман.
 
– Энам… энам… борми? Қаерда? – Самад ҳайратланди, кўзлари
жовдиради.

– Узоқда, борасанми?

– Бораман-н-н!
 
 Сотволди ака Самадни эшиккача кузатиб чиқаркан: – Бу гапни отангга айтмай қўя қол, – деди.

Самад йўл бўйи ўйлаб келди. “Менинг энам бор!” Ҳозир унинг бақиргиси, ҳамма эшитадиган қилиб қичқиргиси келарди: “Менинг энам бор!” Севинди. Кўзларига ёш тўлди. Бир марта Салим сариқ билан уришиб қолган. Шунда Салим сариқ “сағир” деб сўкди. Ўшанда у Салим сариқни қўли толгунча урди. Уриб бўлиб, ўзи ҳам аламидан йиғлаб юборди. Мана энди унинг энаси бор. Салим сариққа энди кўрсатиб қўяди. Сотболди ака “отангга айтмагин” дедими, нега? Отам билан энам уришиб қолган бўлсалар керакда. Нега унда мени сўраб келмайди. Энам қанақайкин? Бахтиёрнинг энасига ўхшармикин?

Ўша куни кечаси туш кўрди. Тушида чип-чиройли, сочлари қоп-қора, юзлари, қўллари оппоқ, мулойим бир аёл уни қучоқлаб йиғлаётганмиш. Отаси эса узоқдан қараб турган эмиш. Юраман деб юролмасмиш. Ҳадеб чақирармиш:

– Са-а-м-а-а-д-д!

У чўчиб уйғониб кетди. Тонг отиб қолибди. Апил-тапил ўрнидан турди. Момосининг ўрни аллақачон йиғиштирилган. У момосининг қачон туриб, қачон ётишини ҳеч маҳал кўрмаган. Ташқаридан овози эшитилаяпти: “Бошт, ҳай, эганг ўлгур”.

Самад отаси ҳафта бурун шаҳардан олиб келган, ҳали байрамда кияман деб асраб қўйган яп-янги камзул-чолворини кийди. Ойнага қараб сочини таради. Тепасидаги бир тутам сочи тиккайиб гаранг қилди. У сочини ҳўллаб, қалпоғи билан бостириб қўйди.

– Ота-а, Самад келди-и! – Эшикка чиққан Бахтиёр ичкарига қараб
чақирди.

– Кел ўғлим, келгин, – деди чакка сочлари оқариб кетган, йўл-йўл
малларанг уй кийимидаги Сотволди ака оёғига калиш иларкан. – Бахтиёр, ошнангни уйга киритиб чой ичиб туринглар. Мен ҳозир…

Сотволда ака кийиниб чиқди. Бахтиёр ҳам уларга эргашди. Сотволди ака машинани эҳтиётлик билан бошқариб бораркан, секин гап отиб қўярди.

– Оббо Самадвой-е, катта йигит бўп қолдим, дегин. Мактабни битириб
ким бўлмоқчисилар?.. Ҳали бир одам бўлингларки!..

Унинг кулиб туриб берган саволларига, ҳазил-чин гапларига Самад елка қисиб қўяди. “Билмасам” дейди, қизаринқираб ерга қарайди. Улар анча юрдилар. Катта асфальт йўлдан ўнгга бурилиб, тупроқ йўлга тушишди. Атроф қирлар. Ҳар бир қир устида икки ёки уч уй. Оралари олис-олис. Сойларда қўй-эчки, сигир-бузоқлар ўтлаб юришибди. Молларнинг ортида уч-тўрт бола. Улар чиллак ўйнашаяпти. Баҳор эмасми, қип-қизил лолақизғалдоқлар кўзни қамаштиради. Ўт тиззага уради. Осмон яқин. Қўл узатсанг етгудай туюлади.Машина ўт-ўлан, чўл гулларини босиб-янчиб, ёлғизоёқ йўлдан ўрмалайди. Сотволди ака бир қирга чиқиб, машинани ўчирди. Рўпарада томи қизил тунука билан ёпилган оддий пахса уй. Уй олдида ўчоқ, тандир. Ўчоқдаги қозондан буғ кўтарилаяпти. Сой тарафда тўриқ от, тойчасиям бор. От боғлоғлиқ, тойча бўш. Бўйни оппоқ, ҳирсдай кучук чопиб кела бошлади. Уйдан бир аёл чиқиб, ўчоқ томон юрди. Машинага кўзи тушди, шекилли, дарров орқасига қайтди. Ялангбош, ялангоёқ тўққиз-ўн ёшлардаги бола машина томон кела бошлади. Болани кўриб, ҳураётган ит жимиб қолди. Думини ликиллатиб унинг оёқларига суйкалди.

Сотволди ака машинадан тушди.

– Са-амалай! – Бола салом берди.

– Ваалайкум ассалом!

 У ҳамма билан қўл бериб кўришди.

– Қани, йигит, чопқиллаб юрибсанми? Катта йигит бўп қолдингми?

Бола индамай оёғи билан ер чиза бошлади.

–Мамат бова уйдами?

– Йўқ. Молга кетган. Тушга келади.

– Сендан бошқа тағин ким бор?

– Энам.

– Энангни бу ёққа чақир. Самад акам кепти, де.

Бола орқасига қайтиб улгурмасидан эшик олдида уларга қизиқсиниб қараб турган бояги аёл ҳалпиллаб, ҳарсиллаб чопиб кела бошлади. У машинанинг олдига келиб, бир зум тараддудланди. Олдин Бахтиёрга, сўнгра Самадга қаради. Ва бирдан, она қалби алдамади – ўзини ўғлига отди.

– Боламм! – Самаднинг юз-кўзидан чапиллатиб ўпа бошлади. – Вой,
энагинанг ўргилсин. Мени сўраб келган оёқларингдан ўзим айланай… – У кулиб туриб йиғларди. Юзида, кўзида табассум қотиб қолган эди.

Самад бу аёлни кўргандаёқ танасига титроқ кирганди. Аёл уни бағрига босиб, суйиб ўпаркан ҳаприқтирувчи бир туйғудан бутун вужуди қизиб кетди. Юраги “гуп”иллаб, тез-тез ура бошлади. Димоғига ниманингдир ҳиди, сут исимией, урилди. Бу исни у жуда ёш пайтларида момосининг қучоғида туярди. Боши айланиб, кўзи тинди. “Шу аёл энасими? Болам, деяптику” Унда менга ўхшаса керак-а?” У бошини кўтариб, энасидан ўзига ўхшашлик ахтарди. Самад отасига тортганди. Аммо унинг сал қисиқроқ кўзлари, қоп-қора сочлари-ю, пачоқ бурни энасиники эди.

Аёл Самадни қучоғидан бўшатиб, Бахтиёрнинг пешонасидан ўпди, ўргилиб айланди:
– Вой ўғилгинамнинг ошнасиданей, вой силардан ўзим ўргилай. Вой, омон бўлгирларей…

Унинг кўзи Сотволди акага тушди. Янги узилган нондек бўрсилдоқ юзига сал-пал қизиллик югурди.

– Яхшимисиз, – деди ийманибгина. Рўмолини тузатган киши бўлди. Бир
зумда тортинчоқ қишлоқ аёлига айланди-қолди. – Бола-чақа, уй ичларингиз тинчми? Марҳамат дугонам эсон-омонми?

– Шукр. Ўзларинг яхши ўтирибсизларми?

– Худога шукр. – У бир қўли билан Самадни яна бағрига тортиб, унинг
сочларини тартибсиз сийпалай бошлади. – Ичкарига кирингизлар!

Деворларига гилам, кашталар тутилган кенггина уйга кирдилар. Тўрда гулдор сандиқлар устига ҳар хил гиламлар, кўрпа-ёстиқлар тахлаб қўйилган. Бурчакда печка ўрни. Аёл тахмондан шойи, бахмал, беқасам кўрпачаларни олиб, қалин қилиб тўшади. Хонага бир-бирига қўйиб қўйгандай ўхшайдиган паст-баланд икки бола чопқиллаб кириб, аёлнинг пинжига тиқилди. Аёл уларни бағрига олиб суяркан, деди:

– Ана, Самад аканг кепти. Қани кўришинглар. Салом, денглар-чи?!

Каттароғи бирин-кетин қўл узатиб чиқди. Укаси онаси қанча қистамасин, ўрнидан қўзғалмади. У онасининг орқасига пусиб, меҳмонларга бегонасираб қараб қўярди.

– Эсли йигит эканда бу. Малодец! – Сотволди ака боланинг қўлини
силтаб кўришди.

Самад нима бўлаётганини, қаерда ўтирганини идрок қилолмасди. Қимтиниб, тортиниб ўтирарди. “Шу аёл энасими? Бу болалар ким? Аканг, дедими? Мен уларга қанақасига ака бўлай? Уларни танимасам… Бу уй кимники? Энам нега бу ерда?”.

Дастурхон ёзилди, қанд-қурс, ёнғоқ-майиз, ҳолва… Дастурхон тўлиб кетди. Юмшоқ, бўрсилдоқ нонлар синдирилди. Сал ўтмай аёл косаларда иссиқ шўрва, тош лалида устихонли гўшт келтирди.

Даҳлизда узун бўйли, қотмадан келган, қорача чўзинчоқ юз, қўнғир соқолли киши кўринди.

– Келинг, Мамат бова, – Сотволди ака ўрнидан туриб, қўшқўллаб кўришди. – Бардаммисиз, моллар чарчатмаяптими?

Мамат бува чордона қуриб ўтирди. Фотиҳага қўл қовуштирди. Лаблари секин пичирлади-да, товушини чиқариб:

– Овмин, – дея қўл кўтарди. – Омонлиқ бўлсин! – Ҳамма билан алоҳида-алоҳида сўрашди.

– Э, нимасини айтасиз, домилла, – деди сўнгра Сотволди акага ўгирилиб, – Бир кал эчкимиз уч кундан бери йўқ эди. Дарагини тополмай юрувдим. Оқтўнлилик Мирҳайдар чўпоннинг сурувига қўшилган экан. Отангга раҳмат, дуруст йигит-да. Дуч кеп қовди. “Бир эчки бор, сизданмасми?” деса бўладими? Бирон имонсизга тушганда борми…

– Ҳа, инсофли одамлар кўп. – Сотволди ака Мамат буванинг гапини маъқулларкан, патирни синдириб шўрвага тўғрай бошлади.

Аёл эрига шўрва сузиб келди. Мамат бува косани оларкан хотинига гап қотди:
– Ўғлинг келган бўлса, мол-пол сўймадингми?

– Сиз келдингиз, энди-да.

– Ташвишнинг кераги йўқ. Биз дарров қайтамиз, – гапга Сотволди ака қўшилди.

– Аллағайтиб бир келибсизлар, бугун-эрта қирларни айланиб, меҳмон бўлиб… кетасиларда ўша уй бўлса…

–Иш кўп, бова. Самаджон борган экан, савобда деб… Ҳали меҳмондорчиликка алоҳида келамиз, насиб этса…

– Яхши иш қилибсиз, иним. – Мамат бува Самадга бир қараб қўйди.
–Танишганлари маъқулда.

Мамат бува билан Сотволди ака ундан-бундан гаплашиб ўтирдилар. Мол-ҳол, нарх-наво, тўйлар ҳақида. Йил оғир келди, таъзиялар кўп бўлаяпти, дейишди.

Она эса ўғлидан кўз узолмас, ҳадеб уни дастурхонга ундарди.

– Ол, е, Самаджон, олгин, олинглар!

У пиёласидаги совиб қолган чойда сузиб юрган шамага тикилиб ўйларди: “Анча улғайиб қопти. Ёқимтой, ширин бола бўпти. Қўғирчоқдай ясатиб қўйибти-я, куйдирги. У мен ҳақимда айтганмикин? Нималар деганикин? Қол, десам, қолармикин? У ўлгандаям менга бермайди. Фақат айб мендами. Аслида ким айбдор?”.

Самад атрофида содир бўлаётган воқеаларни ажабсиниб кузатарди. “Бу бова ким бўлди? Энасининг эрими? Нега энаси бу одамга тегди? Отаси ёмонми? Энаси-чи? Уни шу аёл туққан, эмизган, кечалари бошида алла айтганми? Нега унда уйларига бормайди? Нега Самад унинг анови қоракўз бола бош қўйиб ётган тиззаларига бош қўёлмайди? Нега? Боя қучоқлаб эркалаган пайтда бир боши айланиб кетдики… Ҳозир ҳеч ким бўлмаса, у энаси билан тўйиб-тўйиб узоқ гаплашса. Энасига ҳаммасини тушунтирса. Энасини уйларига олиб кетса…”

– Дастурхонга дуо айтсангиз…

Самаднинг хаёллари тўзғиб кетди.

– Энди биз борайлик. – Бу Сотволди аканинг овози эди.

– “Меҳмон атои худо” дейдилар. Омин сиздан домилла.

– Сизнинг ёшингиз улуғ.

– Барибир биз уй эгаси.

– Сиздан ўтолмаймиз, бова.

Мамат бува қўлларини жуфтлаштирди:

– Эсон-омонлик бўлсин. Тўйларда кўришайлик. Йигитлар ўсиб
унаверсин. Омин!

Ҳамма унга қўшилиб қўл кўтарди.

– Самаджон қолар… – Аёл бир эрига, бир ўғлига, бир Сотволди акага
илтижо билан боқди. Кўз косасига қалққан ёшни енги билан сидирди: “Қолақол, ўғлим?”

– Самад, қоласанми? – Сўради Сотволди ака ўрнидан қўзғаларкан.

–Бугун дадам келадилар, сўрамаганман.

Орага оғир, юракни сиқадиган сукунат чўмди. Бу жимликни яна Сотволди ака бузди.

– Мана, танишиб олдинглар. Самаджон энди кеп туради.

Ташқарига чиқдилар. Самад орқароқда қолди. Онаси уни қайта-қайта қучоқлаб ўпар, кўзларини арта-арта такрорларди:

– Кел, келиб тур, жон болам, келасан-а?

Самаднинг кўнгли эзилди, йиғлагиси келди.

– Юринг, кетамиз эна! – У бу сўзни эсини таниганидан бери биринчи
марта айтди.

Она ортиқ тоқат қилолмади. Ўпкаси тўлиб, кўзидан оққан ёш жолалари юзини ювди.

– Эна, деган тилларингдан ўзим ўргилай. Бораман, болам, бораман!

Улар бир-бирига суйкалиб машина томон юришди. Аёлнинг кичкина болалари йиғлашиб онасининг этагига тармашдилар…

Самад уйга келганида отаси одатдагидай унга гап қотди:

– Қара, сенга нима олиб келдим, ўғлим?

Самад отасига қарамади. Тумшайиб ўтираверди.

– Ҳа, нима бўлди. Сени ким хафа қилди? Қаерда эдинг?

– Энамникига борувдим…

– Нима-а-а?

– Энамни кўриб келдим.

Отанинг қўлидан совға тушиб кетди. Лаблари хиёл титради. Ранги оқаринқиради. У Самадни шу пайтгача кичкина бола деб юрарди. Унга тикилди. Ўғлининг кўзларидаги ўй, мунгни илғаб, кўзини олиб қочди. Кўкрагида илкис оғриқ турди…

1983 йил.