Абдужалол Тайпатов. Китоб – мўъжиза (очерк)

Эски дўст

Уч-тўрт йил бурун айрим сабабларга кўра, бир неча кун кайфиятим бузилди. Қон босимим кўтарилиб, тунда яхши ухлолмайдиган бўлдим. Вужудимни тушкунлик қоплади.
Ўзимни чалғитиш учун улфатлар давраларига бордим. Кўнгилга яқин кишилар билан суҳбатлар қурдим. Бу нарсалар вақтинча хушнудлик бахш этиб, бироз таскин берса-да, бироқ умумий тушкун кайфиятдан холос қилмади.
Шунда тасодифан қўлимга бир китоб тушиб қолди. Вақт ўтказиш, тушкун кайфиятдан қутилиш учун китобни ўқий бошладим. Бир неча саҳифадан сўнг асардаги қаҳрамонлар ҳаётига, тақдирига қизиқиб, уни қандай тугатганимни билмай қолибман. Кейин бошқасини ўқишга тушдим.
Уйқум ҳам, қон босимим ҳам меъёрига келди. Энг муҳими, кайфиятим яхшиланди. Бадиий асарнинг инсон руҳий дунёсига берадиган беқиёс ҳузурини яна бир бор ҳис қилдим. Кўп вақтдан буён бадиий китоб ўқимай қўйганим, бу эски дўстимни унутганимга иқрор бўлдим. Ўзимдан ўзим ранжидим.
Шундан сўнг тез-тез китоб дўконларини айланадиган бўлдим. Кутубхонага бордим. Ёшликда ўқиган китобларимдан уч-тўрттасини “мазза қилиб” қайта ўқидим.
…Ўқувчилик давримизда қишлоғимизнинг бир чеккасидаги кўримсиз, эски бинода мўъжазгина кутубхона бўларди. Биз мактабдан чиққач, энг кўп борадиган манзилимиз шу жой эди. Кутубхонадаги барча китобларни ўқиб чиққан бўлсак-да, яна қайтадан мутолаа қилишдан эринмасдик. Албатта, бадиий китоблар етишмасди. Янги келган китоблар қўлдан-қўлга ўтиб ўқиларди. Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти, жаҳон ёзувчилари ижоди билан биз қишлоғимизнинг шу кичик кутубхонасида танишганмиз.
Қишлоғимиз туман марказидан анча узоқда. Гоҳ-гоҳ марказга борганимизда, биринчи навбатда, китоб дўконларига кирар ва, албатта, беш-ўнта китоб олиб қайтардик.

Китоб ўқимайдиган мутахассис

Бир куни ҳамкасблар кейинги пайтларда одамларнинг китоб ўқимай қўйганлиги, маза-матрасиз кинолар кўпайиб кетаётганлиги ҳақида суҳбатлашиб қолдик. Қўшни таҳририятга яқинда ишга келган ёш журналист йигит бизнинг суҳбатимиздан зерикди, шекилли:
– Ҳозир китоб ўқиш шарт эмас! – деди беписанд оҳангда.
– Нега? – Бараварига ажабланиб сўрадик.
– Масалан, мана мен умримда иккита китоб ўқиганман, холос. Аммо тенгқурларимнинг ҳаммасидан зўрман: машинам бор, уйим бор, Тошкентда ишга қолдим.
– Қанақа китоблар ўқигансиз? – кинояли сўради даврадагилардан бири.
– “Сариқ девни миниб”… – Муаллифини эслолмади у.
– Иккинчиси?
Ёш ҳамкасбимиз бошини қашлади. Бироздан сўнг:
– Ёдимга тушмади, – деди пинагини ҳам бузмай.
Устимдан кимдир бир пақир совуқ сув қуйиб юборгандай музлаб кетдим. Юрагимда оғриқ сездим.
Шу суҳбатдан сўнг баъзи бир ёш ҳамкасбларимнинг қуруқ, ҳиссиз, расмий ҳисобот тарзидаги “услуб”лари сирини англагандай бўлдим. Бадиий китоб ўқимайдиган бундай мутахассисларнинг аҳволига ачинаман.

Ўқиш ва ёзиш завқи

Инсон ҳавосиз, сувсиз, нонсиз яшай олмаганидек, китобсиз ҳам умр кечиролмайди. Бадиий адабиётнинг инсон маънавий дунёсига таъсири бениҳоя катта. Адабиёт қалбни тарбиялайди. Адабиётга ошно инсоннинг дили меҳр-муҳаббатга тўлиқ бўлади. Адабиёт инсонни курашга, юксак мақсадлар билан яшашга, халқпарвар, ватанпарвар бўлишга ундайди, бунёдкорлик, яратувчиликка даъват этади. Гоҳо давраларда бугунги ёшлар ҳақида гап кетиб, улардан нолиш бошланганда, мен ёшларнинг биздан устун жиҳатларига эътиборни қаратаман. Улар компьютерни яхши билади, хорижий тилларни ўзлаштирган… Спорт ва санъат, илм-фан соҳасида фарзандларимиз эришаётган муваффақиятлардан ғурурланамиз. Бироқ, назаримда, бадиий асар ўқиш, китобхонлик масаласи сал камайгандай туюлади.
Бунинг бир қатор объектив ва субъектив сабаблари бор, албатта. Шулардан бири кино, телевидение, компьютернинг ҳаётимиздан кенг ўрин эгаллаганидир. Қўлимиз бўш бўлди дегунча, телевизор мурватини бураймиз. Уйқудан тургач, то ишга кетгунча, ишдан қайтиб, то уйқуга ётгунча эрмагимиз телеэкран. Ишхонада эса уззукун тикилганимиз компьютер. Ёш болаларни айтмайсизми, мактабдан келибоқ компьютер олдига ўтиради. На овқат ейди, на сув ичади, билгани компьютер ўйинлари.
Тўғри, телевидение, компьютер инсоният яратган энг катта мўъжизалардан бири. Аммо бу воситаларнинг ижобий томонлари билан бирга салбий жиҳатлари ҳам борлигини асло ёддан чиқармайлик. Гоҳида хизмат юзасидан турли идораларга кирганимизда пўрим кийинган, тили бийрон йигит-қизларнинг она тилида икки жумлани бир-бирига қўшолмай, ярим варақ хатни ёза олмай терга ботиб ўтирганини кўрамиз. Шунда бадиий асар ўқимайдиган мутахассиснинг фожиаси негизини англагандай бўламан.
Китоб ўқувчига беқиёс маънавий завқ бериш билан бирга, унда ёзма нутқ кўникмасини шакллантиради. Ёзиш инсонга берадиган ҳузур эса китоб ўқилганда туйилган маънавий ҳузурдан бир неча баробар ортиқдир. Сўзнинг маъносини, товланишларини, оҳангини, рангини, қудратини ҳис қилган одам нафақат билимли, саводли, балки жамиятга керакли кишидир. У Ватан равнақига жуда катта ҳисса қўшиши мумкин ва бундай инсоннинг элга нафи кўпроқ тегади.

Кутубхона қурган муаллим

Ўз маблағи ҳисобига кутубхона қурган отахон ҳақида эшитганимда, кўпчилик қатори мени ҳам бироз ажабланиш, бироз ҳайратланиш туйғулари қамраб олди. Бу одам билан танишиш, кутубхонасини кўриш истаги пайдо бўлди. Суриштирсам, у кишини нафақат Қашқадарёда, балки бутун мамлакатимизда кўпчилик зиёлилар яхши билишар, бу маънавият жонкуяри ҳақида қатор оммавий ахборот воситаларида мақолалар ҳам чоп этилган экан.
Бугун шаҳару қишлоқларимизда ҳар қадамда қад ростлаб турган бири-биридан кўркам тўйхонаю чойхоналар, савдо дўконларию аҳолига турли хил хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўриб кўзингиз қувнайди. Булар мустақиллик берган шароит ва имкониятлар туфайли халқимизнинг турмуши кун сайин фаровонлашиб бораётганидан бир нишонадир.
Хўш, оддий қишлоқ муаллими Холбой Хонқулов нега ҳар куни фойда келиб турадиган савдо дўкони, тўйхона ёки ошхона эмас, айнан кутубхона қурди?
– Болалигимдан китобга меҳр қўйдим. Шу меҳр, ҳавас туфайли Тошкентда ўқиб, олий маълумот олдим. Бутун умр мактабда ўзбек тили ва адабиётидан ёшларга сабоқ бердим. Уларда китобга, илм-фанга меҳр уйғотишга ҳаракат қилдим. Ўқувчиларимни яхши инсон, малакали мутахассис бўлиб эл-юртимизга хизмат қилишга даъват этдим, – дейди отахон. – Нафақага чиққач, бундай қарасам, уйимда бир дунё китоб йиғилиб қолибди. Ўзим йиллар давомида сотиб олганман, фарзандлар олиб келишган. Булардан одамлар баҳраманд бўлсин, дедим. Ўғил-қизларимни йиғиб, уларга маслаҳат солдим. Фарзандларим ниятимни маъқуллашди.
Касби тумани ҳокимлиги раҳбарлари оиламиз ташаббусини қўллаб-қувватлаб, кутубхона қуриш учун ер ажратиб беришди. Баъзилар ўзи бир оддий муаллим бўлсангиз, пулни қаердан олдингиз, дея сўрашади мендан. Томорқамиз кенг-мўлгина. Каттагина боғимиз, чорвамиз бор. Шуларнинг даромадидан жамғариб қўйган пулим бор эди. Камига банкдан кредит олдик. Фарзандларим, ҳамқишлоқлар ҳам қараб туришмади…
Қатағон қишлоғида ўн мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Иккита умумтаълим мактаби, иккита қишлоқ врачлик пункти бор. Холбой отанинг кутубхонаси ҳамиша мактаб, коллеж ўқувчилари, китобхонлар билан гавжум. Мўъжазгина кутубхона 20 мингдан зиёд китоб фондига эга. Бу ерда ижтимоий-сиёсий адабиётлар, илм-фанга оид ўқув қўлланмалари, бадиий адабиётлар ва болалар учун китоблар тартиб билан жавонларга териб қўйилган. Ўқув зали замонавий мебеллар, иситиш ва совутиш ускуналари билан жиҳозланган. Уч дона компьютер ўқувчилар ихтиёрида. Баъзи китобларнинг электрон шакллари ҳам мавжуд.
Кутубхона фонди йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Чунки ўқитувчилар, журналистлар, нашриётлар бу мўъжаз маърифат масканига тез-тез китоблар совға қилишади. Ёзувчи ва шоирлар янги чоп этилган асарларидан намуналар жўнатиб туришади.
Бир куни вилоят марказидан бир одам келди. Кутубхонадаги китобларни санаб, бугунги баҳода нархлаб, ҳисоб-китоб қилиб чиқди. Сўнгра Холбой отага таклиф қилди: фалон миллион сўм бераман, китобларингизни менга сотинг, бойиб кетасиз, отахон, деди. Балки у бир олибсотардир, балки муаллимнинг ўзига ўхшаган китоб “жинни”сидир. Аммо Холбой ота кўп ўйлаб ўтирмай, уни зиё масканидан ҳайдаб чиқарди.
“Ўзингиз ўйланг, Президентимиз маънавият, маърифатга қандай юксак даражада эътибор бераяптилар. Шундай пайтда биз – ўқитувчилар, зиёлилар у кишига камарбаста бўлиб, баҳолу қудрат қўлимиздан келгунча ёрдамлашсак, юртимиз янада обод бўлиб, халқимиз фаровон яшайди-ку! Ахир, бугун озод Ватанимиз эришаётган муваффақиятлар замирида илм-фан, маънавият ва маърифат турибди-ку!” дейди Х.Хонқулов.
– Кутубхонага тез-тез кириб тураман, – дейди Қатағон қишлоқ врачлик пункти шифокори Нурали Очилов. – Бу ерда Президентимизнинг асарлари, Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясининг барча жилдлари, марказий газеталар тахламлари, илм-фан, тарихимизга, замонавий тиббиётга оид китобларни ҳам топиш мумкин. Биз шундай фидойи, жонкуяр, китобсевар ҳамқишлоғимиз борлиги билан фахрланамиз!
Кутубхона 2010 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда. Холбой ота Хонқуловнинг эзгу ниятлари кўп. Ўзи бош бўлиб қураётган икки қаватли “Ёшлар маркази” биноси ишга тушгач, бу ерда ёшлар учун ҳар хил тўгараклар фаолиятини йўлга қўйишни мўлжаллаган.
Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида шундай ёзади: “Халқимиз доимо маънавий жасорат ҳисси билан яшаган ва бу улуғ туйғу унинг ҳаётида йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора кучайиб, юксалиб бормоқда. Чунки халқ маънавияти шундай бир буюк уммонки, ҳар қайси авлод ундан куч-қудрат, ғайрат ва илҳом олиб, ўзининг нақадар улкан ишларга қодир эканини намоён этади”.
Қашқадарёнинг олис бир қишлоғида бутун умр йиққан-терганига кутубхона қуриб, одамларга зиё, маърифат тарқатаётган оддий муаллим, жонкуяр инсоннинг маънавий жасорати ана шу фикрларнинг амалий исботи бўлиб кўринади бизга.

2014 йил 24 февралда ЎзАдан узатилган.
”Маърифат”,”Туркистон”,”Қишлоқ ҳаёти” газеталарида чоп этилган.