Абдужалол Тайпатов. Истеъфодаги полковник (ҳикоя)

Бу йигит бизнинг даврамизга кейинги бир-икки йил ичида қўшилди. Юртдошлик туйғусими ёки бир вақтлари туман газетасида ишлаганини ҳисобга олибми, кимдир уни даврамизга етаклаб келди. Бунгача мен уни бир-икки бор шаҳарда шахсий “Волга”сида юрганини кўрганман ва ошналарнинг биридан “Волга”ни ким олиб берган?” дея сўраганимда, “Ўзи Афғонистондан олиб келган” дейишувди. Кейин у машинасини юзта қўйга алмаштирди.Туманда ишлари юришмади,шекилли,вилоят марказига келиб, қанақадир фирма очди. Хуллас, бизнинг ола-қуроқ даврамиз яна бир даштликка кўпайди. Гурунгларда у гоҳо Афғонистон ҳақида сўзлаб қолар, шунда мен унинг қўшни давлатдаги гуруҳларни, у ердаги вазиятни яхши билишидан ҳайратланардим.Бироқ у бу мавзуда гапни калта қилар, савол берсангизгина жавоб қайтарарди.

Бир куни ишдан қайтаётсам Мурод(янги танишимнинг исми шундай экан) дуч келиб қолди ва биттадан пиво ичишга таклиф қилди. Пиво ичарканмиз, у мендан бир масалада ёрдам беришимни сўради. Ёнидан гувоҳномасини чиқариб кўрсатди: у совет армиясининг собиқ зобити, иккинчи гуруҳ ногирони экан.Ажабландим.

– Соппа-соғ одамга ўхшайсиз-ку? – дедим кулимсираб.
– Тўрт жойимдан ўқ еганман. Асабим чатоқ.
– Нима ёрдам керак?
– Нафақамни беришмаяпти.
– Ким?
– Ижтимоий таъминот бўлимининг бошлиғи. У ҳам сизга ўхшаб шубҳаланаяпти.
– Бўпти. Агар сиз ҳақ бўлсаниз, нега бермас экан?– дедим.

Масала пойтахтга боғлиқ бўлиб қолган экан,бирга боришга келишдик.Орадан ҳафта-ўн кун ўтгач, биргаликда йўлга отландик.

Мен аралашмасимданоқ нафақани берадиган бўлишди.Кайфият чоғ.Бир-икки ҳамқишлоғу ҳамкасбларни зиёрат қилиб, кечки поездга билет олиб қўйдик. Ўзимнинг юмушларимни ҳам битказдим.

Кечқурун газетада ишлайдиган бир шоир дўстимизни етаклаб, бироз дам олиш ниятида шаҳарнинг қоқ марказидаги пивохона кирдик. Сигарета тутини, тузланган балиқ исини шимириб, чеккароқдаги столлардан бирига ўрнашдик.Шовқин-сурон, ҳамма ўзи билан ўзи овора, ит эгасини танимайди. Булар камдек магнитафондан баланд овозда қўшиқ янграяпти.Худди хориж фильмларидаги ўхшаш манзара: лаб-лунжини ола-чалпоқ қилиб бўяб олган қилтириққина хизматчи ўрис жувон пиво, шўрданак ва яна ул-бул келтирди. Гуё чўлдан чанқаб келган одамдай яхтайгина пиводан симирдик. Бир зумда бадан яйраб, мия қизий бошлади. Мен суҳбатдошларимни бир-бирига таништирдим: ҳали машҳур бўлиб кетадиган шоир, талантли журналист ва асли қаламкаш, собиқ афғончи зобит, “Эркин” фирмасининг директори…

Адабиёт,шеър, сиёсат ҳақида гап борди.Шоир шеър ёзолмай қолганини айтди.
– Йиллар давомида мустақиллик ҳақида, эркка чорловчи шеърлар битдик, – деди у. – Қарангки, бугун юртимиз мустақил бўлганида калламга бирон сатр келмайди. Гуё барча орзуимиз ушалгандай. Менимча, шоир аҳли мустақиллик шабадаларидан эсанкираб қолдиёв!

– Келинглар,ўзимизнинг гаплардан гаплашайлик,– дедим ён-теваракка бир назар ташлаб. Атрофимиздагилар эса бировни тинглайдиган ҳолда эмасди. Ёнимиздаги столда тўрт нафар мўйловли, қора кўйлак кийган йигит ажнабий тилда боядан бери бири-бирига гал бермай чуғурлашарди.

– Афғон офицерлари,– деди менга қараб боядан бери уларнинг сўзларини тинглаб ўтирган Мурод.

– Тушунасизми? – Ажабланиб сўради шоир.

–Э, буларнинг ҳамма лаҳжасини биламан . Уч йил шуларнинг орасида умрим ўтди-ку!

Шу пайт барда у ёқдан бу ёққа мақсадсиз кезиб юрган қизни “афғон”лардан бири имлаб чақирди.Ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги гунг қиз, ҳар кеч кунда-шундалардан, шекилли, кулимсираб йигитларнинг олдига келди. Йигит қизга ўнг бетини тутиб, ўпишга ишора қилди. Қиз ўпди.Йигит унга мукофот тариқасида пул берди ва энди лабини чўччайтириб “ўп” дея имлади. Қиз энди йигитнинг лабларидан ўпди. Шунда йигит қизнинг белидан қўлини ўтказиб, ўзига тортди.Бу манзарани бутун бар кўриб турар, кимдир ғижинар, аммо ҳеч ким забардаст зобит йигитларнинг кайфиятини бузгиси келмас, аниқроғи, журъат қилолмасди.

Шунда мен Муроднинг асаблари бузилаётганини сездим ва унга қараб бошим билан “ҳа” ишорасини қилдим. У кружкадаги пивони охирига қадар симириб юборди-да, ўрнидан турди. Мен бирон кор-ҳол бўлмасин, дея изидан эргашдим.

Барнинг тўридаги столлардан бирида бўйинбоғ таққан басавлат жаноблар ўтиришарди. Мурод уларнинг олдига яқин бориб, салом берди. Афғончалаб “Мен полковник Муродман” деди. Савлатидан от ҳуркадиган жаноблар шошиб қад ростлаб, солдатдек тик қотдилар.

– Ана у ерда офицерларингиз ичиб олишиб, майнавозчилик қилаяпти!

Улар афғончада бир-бирларига нимадир дейишди-да, бир зумда бизнинг ёнимиздаги қора кўйлаклилар зални тарк этишди. Мурод худди ўзини полковникдай тутарди.Хизматчи аёлдан бар каттасини чақиртирди.Тезда бояги сатанг қиз ҳам кўздан йўқолди.

Унинг бу қилиғи мени тамоман ҳайратлантирди. Ошнамга ихлосим ошди. Барибир, эҳтиёт шарт,ўрнига келиб ўтиргач: “Шартмиди шу, билганини қилмайдими, бир сатанг бўлса…” дедим.

Мурод графиндан пиво қўйиб симирди-да бизларга қарата қўлларини силкитиб бақирди:

– Сизларда миллат туйғуси ўлган, сизлар қўрқоқсизлар. Гунгми, …ми, ўша қиз ўзбек, бу ер Тошкент! Чет элдан келган бўлса, меҳмон бўлса … жим юрсин. Сизлар фақат чиройли гапирасизлар…

У ғирт маст эди.Мен уни сал босиш учун:”Бу ер катта шаҳар бўлса,қай бирига эгалик қиласиз, бу киши, – шоирга ишора қилдим, – ҳозир уйига кетади, мен билан сиз вокзалга чиқиб қишлоққа қайтишимиз керак.Ташқарида кутиб турган бўлиб, йўлимизни тўсса нима дейсиз? Сиз маст бўлсангиз” дедим.

–Э,оғайни, – у қўлларни янада баландроқ силкита бошлади. Пешонада бори бўлади.Сиз ўлмайман,деб ўйлайсизми? Мен сизга айтсам, ҳеч қачон қўрқманг. Мени, саҳройи бир ўзбекни ашаддий советларнинг душманлари ичига самолётда ташлаб кетишган.Уч йил бегоналар орасида юрганман.Ҳар минутда ўлиб кетишим мумкин эди. Битта қуролим тилни билардим.Ҳатто афсонавий ўзбек генерали билан ҳам учрашганман. Менинг лақабим “полковник …” эди. Менга қарашли элликдан зиёд одам бўлиб,хоҳлаганимни истаган пайтда отиб ташлаш ҳуқуқи берилганди. Сиз бўлсангиз Тошкентнинг қоқ марказида ўтириб қалтирайсиз…

– Бу тўғри айтади,– деди шоир.– Қаранг, атрофимиздагиларнинг тўрттадан учтаси ўзбек.Аммо ҳеч ким ўрнидан жилмади. Бизнинг этимиз ўлган,жаноб полковник! Яхшиси, пиводан ичинг!

Ўша куни биз поезддан қолиб кетдик. Муродни меҳмонхонага олиб боргунча анча овора бўлдим. У меҳмонхонанинг тор хонасида қиблага қараб, қўлларини осмонга чўзганича, афғончада бир нарсалар деб илтижо қила-қила, охири полда ухлаб қолди.

Пиво ўткир эканми ё Муроднинг гаплари таъсир қилдими тонгга қадар кўзимга уйқу келмади…

1992 йил.