Восит Аҳматхонов. Мултфилмлар кимлар учун?

«Ойнаи жаҳон»да мултфилм намо­йиш этилмоқда. Лекин унинг томошабини – кичкинтой бошқа машғу­лот билан банд-у, катталар эса мултфилмни қизиқиб томоша қилишмоқда. Нега шундай? Чунки бугунги мултфилмларнинг аксарияти гўё катталар учун яратилаётгандай.

Дарҳақиқат, мултфилмлар кимлар учун яратилади? Бугун уларни кимлар томоша қилмоқда? Ўнлаб телеканалларда намо­йиш этилаётган мултфилмларни кўрар эканмиз, миямизда шундай саволлар чарх ураверади.

Албатта, болалар учун-да, деймиз-у, яна ўйлаб қоламиз. Нега унда бу филм­лар болаларбоп эмас?

Эсингизда бўлса, бир пайт­лар телевидениеда катталар учун мултфилмлар ҳам кўрсатиларди. Улар болалар ухлаган пайтларда намойиш этиларди. Шунга қарамай, уларнинг энг шармсизи ҳам ҳозирги аксарият мулт­филмлардан «юмшоқроқ» эди.

Модомики, болага телевидение орқали бирор мисқол тарбия беришга киришган эканмиз, бу вазифани ҳозирча мултфилмлар адо этади. Бунинг учун уларда яхшилик, эзгулик, меҳр-оқибат, аҳиллик, саховат, меҳнатсеварлик каби фазилатлар улуғланиши, бир сўз билан айтганда, ёмонлик устидан яхшиликнинг ғалабаси тантана қилиши лозим. Аммо надоматлар бўлсинки, «ойнаи жаҳон»ни эгаллаб олган бугунги мултфилмларнинг аксариятида бундай хусусиятлар мавжуд эмас. Аксинча, зўравонлик, бир-бирини алдаш, фирибгарлик, доғулилик сингари қусур-у иллатлар тасвирланади. Бола учун зарур тарбиявий хусусиятларни улардан топа олмайсиз. Топсангиз-да, бошқа «хусусиятлар» – ахлоқсизлик, шармсизлик олдинги ўринда қизил чизиқ бўлиб ўтган бўлади. Уларда эзгулик ғолиб чиқса-да, бу болаларбоп тасвирларда эмас, катталарбоп — муҳаббат, оилавий ришталар сингари сюжетлар орқали тайёрланган бўлади. Шунинг учун ҳам бундай мулт­филмларни кўпроқ катталар қизиқиб кўришади.

Шу ўринда мисолларга мурожаат қилсак. Бошқа мултфилмларни қўйиб турайлик, «Маугли», «Соҳибжамол ва махлуқ», «Қирол шер» каби энг оммабоп митти филмларга бир назар солайлик. Уларнинг барчасида бир-бирини қучиш, бир-биридан бўса олиш, ишқ-муҳаббат изҳорлари лав­ҳалари тўлиб-тошиб ётибди. Бугунги кунда болалар учун энг қизиқарли бўлган «Том ва Жерри» мулт­филмининг ҳар бештадан бир қисмида ҳам шундай шармсиз саҳналар бор. Қолаверса, зўравонлик, зулм, даҳшатли лав­ҳалар тасвирлари бисёр уларда.

— Кичкина неварам билан мултфильм кўриб ўтиргандим, — дейди Андижон шаҳридаги 34-мактабгача муассаса мудираси Гулчеҳрахон Муҳиддинова. — Бир пайт унда бош қаҳрамон — йигит қиз томон интилиб қолди. Шунда неварам қўллари билан юз-кўзини тўсиб олди. Кўравермайсанми, бу мулт­филм-ку, дедим уни синаш учун. У эса, «Йўқ, уят бўлади», деди. Албатта тарбия яхши йўлга қўйилган оиладаги бола бундай ҳолларда ўзи тўғри хулоса чиқариб олади-я, аммо…

Албатта, ёт ғоя инсон миясининг, фикрининг, тафаккурининг, хуллас, ҳаётининг бўш жойини мўлжалга олади ва у ерга жойлашади. Зеро, бугун болаларбоп, менталитетимизга мос миллий мултфилмларга эҳтиёж катта экан, «Ўзбек­филм»­нинг болалар учун ишлаётган студияларига катта масъулият тушади.

«…Мустақиллик йилларида «Ўзбекфилм» киностудияси томонидан саксондан ортиқ мултфилм ишлаб чиқарилди…» деб ёзади ЎзА мухбири Анвар Самадов «Мултфилм – митти, вазифаси — катта» («Маънавият» газетаси, 10-сон, 21 май, 2011 йил) мақоласида. Мустақиллик йиллари, яъни 20 йилни ҳисобга олсак, йилига бор-йўғи 4 тадан мултфилм тўғри келмоқда. Уларни саралаб олсак-чи? Бундай ҳолатда телеканалларни, албатта, юзлаб ўзга юрт мулт­филмлари эгаллаб олади-да.

— Кузатишларимга асосан айтишим мумкинки, болалар барибир ўзимизнинг миллий мултфилмларни қизиқиброқ кўришади, — дея сўзида давом этади Гулчеҳра опа. — Ўша «Зумрад ва Қиммат», «Ур тўқмоқ», олтин тарвуз ҳақидаги мултфилмларни. Аммо улар жуда оз-да. Назаримда, ҳозир тан­сиқроқ бўлиб кетаётган меҳр-оқибат, аҳилликни улуғловчи мултфилмларни кўпроқ яратиш керак. Болаларни кузатсам, улар орасида ўзини ўйловчи, қизғанчиқ, бировни хушламайдиганлари учраб қолади. Ана шундай — ёмон муҳитда ўсаётган болаларни тарбияловчи филм­лар жуда зарур…

Юртбошимиз Ислом Каримов ўзининг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида «Албатта, фарзандга меҳр қўйиш, уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилиш ўз йўли билан, лекин болаларимизни ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида воя­га етказиш биз учун доимо долзарб аҳамият касб этиб келган. Бу масалага эътибор бермаслик нафақат айрим ота-оналар, балки бутун жамият учун жуда қимматга тушишини ҳам кўпгина ҳаётий мисолларда кўриш мумкин…» дея бежиз таъкидламаган. Демак, бу борада ҳаммага бирдек юксак вазифа юкланмоқда.

Мултфилмларга мавзу танлашда кичкинтойлар оламига «сайр этиш» ёхуд шу оламни пухта биладиган руҳшунос-педагоглар билан маслаҳатлашиш фойдадан холи бўлмасди. Шу ўринда хориж кинематографчилари томонидан ишланган «Катта» («Болшой») филмини эслаб ўтишни жоиз деб билдим. Катталар оламига интилиб яшаган киноасар қаҳрамони – ёш бола сеҳрли бир куч орқали катта бўлиб қолади. Аммо унинг онги, дунёқараши ёш боланикилигича қолади. Бу эса ўйинчоқ ишлаб чиқарувчи корхонада асқотади. Унинг болаларча маслаҳатлари билан корхона гуркираб ривожланади. Шу нуқтаи назардан олиб қарасак, мулт­филмлар яратувчилар ҳам кичкинтойлар оламини яхши англайдиган мутахассислар билан ҳамкорликда ишлашлари соҳага сифат ривожини берармиди?!

Бундан ташқари, мулт­филмларнинг ҳаётийлигига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Ҳаётда зараркунанда, нохуш кайфият уйғотадиган паррандаю даррандаларнинг образларини идеаллаштиришдан йироқ бўлмоқ лозим. Аксинча, инсонларга дўст бўлувчи, ёрдам берувчи ҳайвонлар образлари ижобий қаҳрамонлар даражасига кўтарилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу борада мултфилм ишлаб чиқарувчи кинематографчиларга муваффақиятлар, митти филм­ларни хориж тилидан ўгириб, телеканаллар учун тайёрлаётган мутасаддиларга эса, бу борада оқиллик, баланд савияли тутум тилаб қоламиз.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).