Вафодорлик

Одоб, ахлоқ қоидалари битилган китобларда вафодорлик сифати ҳам мадҳ этилади ва ваъдага вафо қилмоқ, омонатга хиёнат қилмаслик, берган сўзининг устидан чиқиш каби хислатлар инсоний фазилат эканлиги уқтирилади. Яна шундай дейиладики, ваъдага вафо қилмоқ мард кишиларнинг ишидир. Вафо билан зийнатланган кишилар ҳар доимо эъзозда, роҳат-фароғатда бўлишини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. Қуйида вафодорлик туфайли бахт топганлар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Бу воқеани менга бир дугонам сўзлаб берган эди. Унинг айтишича, опаси жуда ростгўй, ваъдасига вафоли, берган сўзининг устидан чиқадиган аёл экан. Болалигида бўлган бир воқеа туфайли, у умри давомида бирор марта ҳам ёлғон гапирмай, одамлар кўнглини оғритмасликка ҳаракат қилиб яшаётган экан.

Туғилган кун муносабати билан дугонамнинг уйига бордик. Менга таърифланган ўша аёл билан танишдим. У билан суҳбат қуришга, ундаги олижаноб фазилатларнинг камол топишига сабаб бўлган омилларни билишга қизиқдик. Кеч тушиб қолганлигини баҳона қилиб, бу хонадонда қолишга аҳд қилдик. Юзидан нур ёғилиб турган бу онахонни ҳам ўзимиз билан қолишга кўндирдик.

Меҳмонлигимиз ҳамда синглисининг яқин дугоналари бўлганимиз сабабли, онахон ҳам биз билан қолишга рози бўлдилар.

Қатор қилиб солинган жойларга ўрнашар эканмиз, иложи борича онахонга яқинроқ ётишга ҳаракат қилдим. Ўринларимизга жойлашиб бўлганимиздан сўнг, онахоннинг синглисидан эшитган таърифларимни гапириб бердим, “Сизнинг бу қадар вафодор бўлишингизга сабаб бўлган воқеани айтиб беринг” дея илтимос қилдим.

Онахон воқеани шундай хотирладилар:
— Болалигимда жуда шўх, шаддод, эрка бир қизча бўлган эканман. Тўнғич набиралигим учун ҳам бува, бувим жуда эркалатиб юборишган. Аммаларим ҳам бир-кетин узатилган, ўртанча аммамнинг катта қизи мендан бир ёшгина кичкина бўлганлиги боис, у билан деярли тенгдошдек улғайибмиз. Тўрт-беш ёшлар бўлиб қолганимда, аммамнинг қизини соғиниб йиғлайверар ва “машина ютиб олсам Раҳим тоғамга бераман” деяверар эканман. Раҳим тоғам аммамнинг турмуш ўртоқлари.

Катта аммамнинг фарзанди йўқ эди. У кишининг турмуш ўртоғи бизларни жуда яхши кўрарди. Қачон соғиниб қолсалар мени, укамни, амакимнинг қизини уйларига олиб кетиб, чиройли-чиройли кийимчалар, ўйинчоқлар бериб, бир-икки кун ўзлари билан олиб юришарди. У кишини ҳам тоға дер эдик.

Бир куни мени уйларига олиб кетдилар. Каттароқ лавозимда ишлар эканлар-да, машина олиб юрарди. Машинада юришни жуда-жуда яхши кўрганим учун, уларга эргашиб ишхоналарига ҳам борардим. Кичкина қизалоқ бўлсам ҳам бурро-бурро гапирардим, шекилли, мен билан катта одамлардек суҳбатлашиб ўтирардилар. Ўша куни ҳам ишдан қайтаётиб мени гапга солиб кетдилар ва “Лотореяда машина ютиб олсанг нима қиласан?” дедилар суҳбат орасида. Мен ҳам ўйланиб ўтирмай “Раҳим тоғамга бераман” дедим. “Раҳим тоғанг ким?” дедилар. “Шуниям билмайсизми, Гулруҳнинг дадаси-да” дедим ва гапимни давом эттириб “машинада Раҳим тоғам Гулруҳларни бизникига олиб келади” деб қўшиб қўйдим.

Уйга келганимиздан кейин тоғам аммамга мендан эшитган гапларини кула-кула гапириб бердилар. Кейин мен ўйинчоқлар билан овора бўлиб кетибман. Улар нималар тўғрисида гаплашганликларини билмайман. Эрта билан турсам қўлимга битта лоторея тутқаздилар. “Момо қизим, мана лоторея, агар машина ютиб олсанг Раҳим тоғангга олиб бориб берамиз-а” дедилар. Мен “ҳа” маъносида бош силкидим ўйлаб ўтирмай.

У пайтларда лоторея ютуқлари газетада эълон қилинарди. Тоғам бир менинг қўлимдаги лотореяга, бир газетага қараб “мана, мана 6 сони бор экан, иэ бир ҳам тўғри келяпти” деб турдилар. Кейин бирдан “яшасин, мана Садоқат машина ютиб олди” дея кулиб юбордилар.

Бу пайтда мен ҳам хурсанд бўлиб кетдим. “Уре, уре машина ютволдим” деб аммамнинг ёнига чопдим. Ўша пайтда биз янги ҳовлига кўчиб чиққан, дадамнинг ҳам машинаси йўқ эди. Бир оздан сўнг “Раҳим тоғамга бермайман, дадамга бераман. Гулруҳларникига дадам олиб бораверадилар” деб йиғлашни бошладим. Ўзимизнинг ҳам машинамиз бўлишини хоҳлагандим-да.

Шунда тоғам мени тиззаларига ўтказиб олиб, сочларимни қўллари билан силаб, пешонамдан ўпдилар. Бу воқеани эсласам, ҳали-ҳануз соғинчдан энтикиб кетаман. У киши шу қадар меҳрибонлик ва самимийлик намунасини кўрсатган эдиларки, буни сўз билан таърифлаш қийин.

“Момо қизим, — дедилар, — Одамзот қандай ният қилса, Аллоҳ Таоло уни ниятига, албатта, етказади. Агар биз ҳам ваъдамизга вафо қилсак, у бизни яхши кўради ва нимани сўрасак бераверади. Сен «машина ютиб олсам, Раҳим тоғамга бераман», деб ният қилдинг, худо сени синаш учун лотореяга ютуқ чиқарди. Агар сен айтган сўзингнинг устидан чиқсанг, у яна ва яна кўп яхши нарсаларни бераверади. Бу машинани Раҳим тоғангга бер, сенга Аллоҳ яна беради.” Сўнгра “тушунгдингми, момо қизим” деб яна пешонамдан ўпиб қўйдилар.

Тоғам бу гапларни шу даражада ишонч, босиқлик, мулойимлик билан худди ўз тенгдошига гапиргандай тушунтирдиларки, ўзимни бир зумда улғайиб қолгандек ҳис қилдим. Ортиқча эркалик ҳам, ортиқча хархаша ҳам қилмай “хўп” деб юбордим.

Бир куни тоғам уйимизга яп-янги “Жигули” машинасини миниб келдилар ва бувам,бувим, мен, дадам, катта аммам ҳаммамиз шу машинага чиқиб, Гулруҳларникига бордик. Калитни тоғам менга бердиларда, “Бор, Гулруҳнинг дадасига бер” дедилар. Мен калитни Раҳим тоғамга тутқаздим ва “Энди Гулруҳ билан Ферузабонуни ҳар куни бизникига олиб борасиз-а” дедим. Раҳим тоғам ҳам мени даст кўтариб, бағриларига олдилар, пешонамдан ўпиб, “Раҳмат қизим” дедилар.

Шу-шу бўлдию ҳар сафар бирор ишга қўл уришдан аввал ана ўша ишнинг охирини ўйлайдиган, бирор бир гапни гапиришдан аввал унинг оқибатлари ҳақида фикр юритадиган бўлдим. Мабодо сўзимдан қайтсам тоғамнинг “Аллоҳ ваъдасига вафодор инсонларни яхши кўради” деган жумлаларини эслардим ва ўзимни ёмон кўриб кетардим. Ҳаммага севимли инсон бўлиш учун ҳамма вақт айтган сўзимда турадиган бўлдим.

Йиллар ўтиб бир ҳақиқатни билиб олдим. Ўшанда лотореяга ҳеч қандай ютуқ чиқмаган, менинг болаларча қилган орзуимни амалга ошириш учун тоғам ўз пулига машина сотиб олган экан. Тоғамнинг одамийлиги, бағрикенглиги шу даражада бўлган эканки, менинг яхши одам бўлиб улғайишим, ҳеч қачон субутсиз бўлиб қолмаслигим учун мана шундай тарбия усулини қўллаган эканлар. Бу ҳақиқатни билгач, тоғамга меҳрим янада ошди. Ана ўшаларга суюкли жиян, у киши бошлаб берган савобли ишни давом эттириш учун ҳам яхши одам бўлишга ҳаракат қила бошладим.

Бугун кимдир менга “сен шундай одам экансан” деб яхши гап айтса, ана ўша тоғамни эслайман. У киши бошлаб берган ибратли ишни давом эттираётганимдан хурсандлигимни яширмайман.

Турмушга чиқдим, фарзандлар кўрдим. Болаларимни тарбиялашда ҳам ана ўша мезонлардан фойдаландим. Одамзотнинг яхши ёки ёмон бўлиб улғайишида кимнингдир ибрати рол ўйнар экан-да.

Суҳбатдошим шундай деб сўзини якунлади.
“Машина нима бўлди, Раҳим тоғангиз уни узоқ йиллар мингандир” дедим кулиб.
“Ҳа, ҳар сафар уйимизга келганларида мени қучиб эркалар, асал қизим, доно қизим, мени машинали қилиб қўйган қизим” дея дуо қилардилар, ана ўшандаги қувончимни кўрсангиз эди, — дедилар онахон. — Одамзот яхшилик қилишни ҳам кимдандир ўрганиши керак экан-да».

Бу пайтда ҳаммамизнинг уйқумиз ўчиб кетган, яхши одамлар ҳақида, яхши одам бўлиш ҳақида ўйлаётган эдик, назаримда.

***

1-курс талабалари орасида энг одоблиси, оғир-босиғи Нурмуҳаммад эди. Ҳамма қий-чув кўтариб дарсдан қочса ҳам, қандайдир шумликлар ўйлаб топиб, домлаларнинг асабига тегса ҳам бу рўйхатда Нурмуҳаммад бўлмасди. Ҳар куни бир хил кийимда келиш ҳам унинг ўзига хослигини билдириб турарди. Ахир талабалик дегани кунига турфа хил кийим кийиш, ўйнаб-кулиш, дискотекалар уюштириш, дарслардан қочиб кинога тушиш дегани эмас-ку? Нурмуҳаммад ҳамма дарсга қатнашар, бирор марта ҳам беодоблик қилмасди.
Камгап ва одамови бу йигит ҳаддан ташқари чиройли ва хушсурат эди.

Нурмуҳаммаднинг курсдоши Хосият шаҳарда туғилиб катта бўлган, «оқсуяк» деб таърифланадиган қизлар сирасига кирарди. Хосиятнинг ишқи Нурмуҳаммадга тушдию ақлидан буткул айрилди. Юрса ҳам, турса ҳам ана ўша индамас, «ичимдагини топ» Нурмуҳаммад кўз олдидан кетмай қолди. Шу тариқа уч йил ўтиб кетди. У даврларда қизларда шарму ҳаё, йигитларда орият ва ғурур бошқача бўлган эканми, уч йил давомида Хосият ич-ичидан куйиб, ёниб юрса ҳам йигитга бир бора ҳам ўз муҳаббати ҳақида айтолмади. Тўртинчи йили ҳамма бир-бирини яхши таниб олган, қадрдонлашиб кетган эди. Курсдошлар бир-бирларининг оилавий аҳволлари, ота-онасининг қандай касбу кор билан машғул эканликлари, оилада нечанчи фарзанду уни кутаётган келажак ҳақида билиб олишган эди.

Кунларнинг бирида Хосият юрак ютиб Нурмуҳаммадга шундай деди: «Сизга турмушга чиққан қиз жуда бахтли бўлади-да».

Йигитнинг ҳам жавоби тайёр экан, қиз сўзини тугатмай сўз олди: — Бизнинг оилага унча-мунча қиз кўниколмаса керак. Ахир ўнта укам бор-а. Ҳар куни нон ёпиш, кир ювишу овқат тайёрлаш келиннинг зиммасида бўлади.

— Сиздан ва ота-онангиздан бир оғиз ширин сўз бўлса, бўлди-да, одам меҳнатдан ўлмайди-ку. Муҳими, сиз яхшисиз, ҳар қандай қиз ҳам яхшилигингиз учун ўша хонадоннинг ўтидан кириб, сувидан чиқади.

— Ҳозирги қизлар «оқбилак» бўлиб кетишган. Ҳатто овқат қилишга ҳам эринишади. Ўн учта одамнинг ташвишини бўйнига оладиган қиз борлигига ишонмайман-да, — деди Нурмуҳаммад. Хосият эса эшитилар-эшитилмас қилиб “мен бўйнимга олардим” деди.

Нурмуҳаммад унинг бу гапини ё эшитди, ёки эшитган бўлса ҳам ўзини эшитмаганликка олди. 5-курс якунида Нурмуҳаммад Хосиятни яхши кўришини, аммо шаҳарлик қиз қишлоқ шароитига кўника олмаслигидан хавотирда бўлганлиги учун унга севги изҳор қилаолмаётганлигини дўсти орқали билдирди. Хосиятнинг жавоби шу бўлдики, “мен ҳамма қийинчиликни бўйнимга оламан”.

Совчилар келиб-кетгач, Хосиятни ота-онасининг капалаги учди. Ахир ўн битта боласи бор оиланинг тўнғич келини бўлмоқ осонми? Вақти келса, бир донагина укасининг кийимига дазмол босишга эринадиган қиз, ўн бир боланинг хархашасини қандай кўтаради? Бирор марта хамир ёймаган қиз, қандай қилиб ҳар куни хамир қориб, нон ёпади? Ҳамма бир бўлдию Хосиятнинг ўзи бир томон бўлди. У тўтиқушдек бир гапни такрорларди: “ҳамма оғирликни бўйнимга оламан, Нурмуҳаммад билан яшасам бўлди”.

Тўйнинг учинчи куниёқ қиз бечора хаёл бошқаю ҳаёт бошқа эканлигини билди. Ўша куни биринчи бор хамир қорди. Нонни ҳам бир амаллаб тандирдан узиб олди. Нурмуҳаммад айтганидек, бу хонадонда ҳар куни кир ювилар, ҳар куни икки тандир нон ёпилар эди. Қиз бечоранинг тинка-мадори қуриб кетар, дастурхонга келиб эндигина бир тишлам нон тишлаганда чойнакдаги чой тугаб қолар, чой дамлаш учун яна ошхонага югурар, чой олиб келиши билан кичкинтойлардан бири яна овқат ичишини айтиб, косасини узатиб турарди.
Нурмуҳаммад ҳам иложи борича Хосиятга ёрдамлашар, ҳамма ухлаган пайтида уюм-уюм кирларни бирга ювишар, хамир қориб берар, овқат бошласа, ўчоққа ўт қалаб турарди.

Уйдаги шунча меҳнатни кўриб, Хосият ишга кираман деб айтолмади. Ахир қайнонаси «келин қилсам шу меҳнатлардан қутиламан, мен ҳам одамга ўхшаб яшайман», деб ният қилган эди-да. Болаларнинг энг кичиги Хосият келин бўлиб тушган пайтда икки ёш эди. Саккиз нафар ўғил бола, уч нафар қизнинг шунча дунёси, фикр юритиши, феъл-атворини ўрганиб олишнинг ўзи Хосиятга бир мактаб бўлди. Қайнонаси келин бечора шунча меҳнатни қилса ҳам, туну кун қўли косов, сочи супурги бўлса ҳам Хосиятнинг ҳар бир ишидан камчилик топар, ўғлимга қандоқ қизларни келин қилмасдим, дея жаврагани-жавраган эди.

Бундай оғир меҳнат ва қайнонанинг зулмларидан бошқа биров бўлганда-ку, аллақачон тугунини кўтариб, бу уйдан қочиб кетарди, аммо Хосият ҳамма-ҳаммасига сабр ва матонат билан чидади.

Йиллар ўтди. Қайнукалари ҳам улғайиб, уйланишди, қайнсингиллари турмушга чиқиб кетишди. Катта ҳовлида қайнона-қайнота Хосиятлар билан яшашни маъқул кўришди.
Ҳар сафар катта-катта давраларда Хосият холанинг матонати, сабру қаноати ҳақида гапиришар экан, нуроний онахон кулиб ўтираверади. Жуда гапиргиси келса, бир оғизгина сўз қўшиб қўяди: “Берган сўзимга вафо қилдим, холос. Жуда катта иш қилмадим”. Кўпчилик эса унинг қандай сўз берганини билмайди ҳам.

Шарифа Муроджон қизи
“Маърифат” газетасидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!