Тўрсимон бозор таҳдиди

Глобаллашув ва маданиятлар тўқнашуви кечаётган бир даврда ахборот ва маънавият соҳасидаги таҳдид турларни кўпчилигимиз яхши биламиз. Шу жумладан, уларнинг ахборот неоколонизми, ахборот экспанцияси, диний миссионерлик, лингвистик бозор кабибир қанча турлари мавжуд. Лекин айрим газетхонлар иқтисодий таҳдид турлари ва уларнинг найрангларини билмаслиги ёки билсалар ҳам бу нарсага «хавфли» деб қарамаслиги мумкин. Чунки бизнес секталар фаолияти ҳозирги ўзгарувчан дунёда ўз-ўзини таъминлашнинг бирор тури-да, деган кўникмага олиб келяпти.

Маълумки, чегара билмас трансмиллий компаниялар ҳаракатидан ташқари, тўрсимон бозор ўз маҳсулотларини сотишнинг «самарали» усулини ўйлаб топган. Тўрсимон — тармоқ бозори ва реклама орқали кенг кўламда истеъмолчилар ичига кириб борган икки тоифа — косметика ва парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи: 1) «Oriflame», «Faberlic», «Avon», 2) «Procter and Gamble», «Loreal», «Schwarzkopf and Henkel» каби компанияларни яхши биласиз.

Бу икки тўрдагикомпания бир-биридан асосан маҳсулотларини сотиш усули билан фарқланади. Иккинчи турдаги компания ишлаб чиқарувчиларидан йирик улгуржи сотувчилар маҳсулотни бевосита сотиб олади. Ва бу маҳсулотлар қўлдан қўлга ўтмайди. Натижада уларни истеъмолчи бевосита супермаркет ва шу каби дўконлардан харид қилиб олиши мумкин.

«Oriflame», «Faberlic», «Avon» фирмалари маҳсулотларини эса занжирсимон ёки пирамида шаклида сотилишини кузатиш мумкин. Бу қуйидагича амалга ошади: ишлаб чиқарувчилар, дистрибютор (истеъмолчи), яна унинг қўлидан олувчи дистрибютор (истеъмолчи) ва яна улар топган, аниқроғи, ўз занжирига улаган дистрибюторлар. Бунда биз тўрсимон ёйилаётган тармоқ бозорининг пирамида шаклида тараққий этаётганининг гувоҳи бўламиз. Бир қарашда мазкур усул силлиқ, бехавотир, ҳалол шаклда кечаётгандай кўринади. Бироқ масаланинг бошқа томони бор. Ҳақиқатан ҳам бунда ҳеч қандай хавфли найранг ишлатилмайди. Лекин пирамиданинг энг пастки қисми ҳисобига аввалги поғонадаги “тарқатувчи”лар моддий таъминланади. Юқоридагилар қуйидагиларнинг фоизи ҳисобига кун кечирадилар. Яъни пастдагилар юқоридагиларга ҳавас қилган ҳолда ўзлари ҳам бир кун улардек «фоизхўр» бўлишга интилган ҳолда «тирама кузов»ларига «занжир» улаш учун жонини жабборга беради. Эътибор қилинг: бу ҳолат бизга шариатда ман этилган судхўрликни эслатмайдими? Фақат бу — судхўрликнинг замонавий кўриниши. Агар компания таназзулга учраса, адолатсизлик ўз «бўйи басти» билан намоён бўлади.

Бу тўрсимон тармоқ бозори амалиёти фақат бугун пайдо бўлмаган. Бу манзарани бундан бир неча йил олдин Herbalife (гербалайф) дори-дармон маҳсулоти билан шуғулланган кишилар яхши эслашса керак. Тармоқ бозорининг тарихига назар ташласак, бу ишни Amway фирмаси бошлаб берган. ҲозирAmwayчилар бутун дунёни босиб кетган.

Юқори поғонадаги шахслар ўзларига турли лавозим ва рағбатлар бериб боришади. Масалан, «Diamond Director» «Brilliant ambassador», «Беш юлдуз соҳиби», «Тўрт юлдуз соҳиби» ва ҳоказо унвонлар олишади. Юқоридаги ушбу «тўралар» турли семинарлар, тренинг машғулотлари ўтказиб, ўзларини намуна қилиб кўрсатиб пастдагиларни тезлайдилар. Ҳатто «биздек яшанг!» дегандай, чет элларга саёҳат уюштирадилар, яна шахсий самолётга, шахсий вертолётга эга бўлаётганлари ҳақида лоф урадилар.

Албатта, бу амалиётни, яъни ўзлари ишлаётган компанияга жалб қилиш учун (фоиз ейиш мақсадида «занжир»га) тўрт ёки беш кишини топиш учун чопаётганлари, қўлларидаги маҳсулотни реклама қилиб юрганларини эшитгансиз ё кўргансиз. Улар билан учрашиб қолсангиз, албатта, суҳбат мавзусини ўз ўзанларига буришга ҳаракат қиладилар. Улар ичида ҳатто касбларини ташлаб ана шу «ҳаловатсиз чоҳга» шўнғиб кетганлар ҳам топилади. Инсон руҳиятига таъсир қилиш жиҳатидан бу амалиётни бузилган диний секта ҳаракатига қиёслаш мумкин.

Хўш, бу компаниялар ишининг адолатсизлиги ва нопоклиги нимада? Биринчидан, айрим давлатлар тўрсимон бозор фаолиятини таъқиқлаб қўйганлар (масалан, Швеция). Улар тадбиркор сифатида солиқдан бош тортадилар. Чунки, бу «тадбиркорлик» давлат солиққонунчилигида кўрсатилмаган. Яна солиқчилик билан боғлиқ меъёрий ҳужжатларда бундай фаолият акс этмаган. Шу маънода, ҳеч ким уларнинг «мушугини пишт деёлмайди». Иккинчидан, уларнинг кўплари давлат рўйхатидан ўтмаган, сертификат олмаган маҳсулотларни экологик, биологик тоза деб, реклама қилиб «арзон» нархда сотадилар. Учинчидан, компания тўрига илинган инсон уни тарк этиши амри маҳол. Компания ичида мазкур фаолиятга қарши сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Энг ачинарли томони шундаки, компанияга аъзо бўлиб кирган киши бу ишга ким бўлишидан қатъий назар, қариндошими, хотиними, эрими, фарзандими, ҳаммасини тортади. Кўриб турганингиздек, бу компанияларнинг асосий мақсади маҳсулот сотиш эмас, балки фоиз йиғишга қаратилмоқда. Қолаверса, одамларга агар компанияга аъзо бўлишса, катта фойда кўриши ваъда қилинади, унга эришиш эса ноаниқ…

Тармоқ бозори фаолиятини даллолликка ҳам қиёслаб бўлмайди. Чунки даллол бошқа бир кишининг молини сотиб бергани учун ҳақ (ширинкома) олади. Тармоқли бозорда эса пирамида аъзоларини кўпайтириш ва улардан фоиз олиш кўзда тутилади.

Бу бизнес турининг номи жуда кўп: «Пирамида», «Тўрсимон бозор», «Тармоқли маркетинг» (сетевой рынок), «кўп қўлли бозор», «network marketing», «multi level marketing» ва ҳоказо. Уларнинг кўпчилиги маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказишга шошилмайдилар. Албатта, бу омил уларга шубҳа туғдиради. Ҳозирги кунда китоб савдосини ҳам шу йўл орқали амалга ошираётганлар учрамоқда. Шаҳар шароитида парфюмерия, косметика маҳсулотларини олиб юрган кишилардан ташқари, Россия ва МДҲ давлатлари босмахоналарида чоп этилган ялтироқ муқовадаги турли-туман китобларни сотиш учун ишхоналарга кириб келаётган одамлар ҳам учраб туради. Қани энди, тармоқли бозорни аралаштирмай, миллий китобларимизни ана шундай кўтариб юриб сотсалар… Нур устига нур бўларди…

Бугунги кунда мамлакатимизда «quest net», «herbalife», «tyanshi» каби тўрсимон маркетинг компаниялар фаолият кўрсатмоқда. Улардан айримлари давлат рўйхатидан ўтиб, сертификат олган. Лекин ҳеч қандай ҳужжат олмай ишлаётган компаниялар қанчадан-қанча. Биз бунга кўча-кўйда уларнинг гап-сўзи, саъй-ҳаракатлари орқали гувоҳ бўлмоқдамиз. Тўрсимон бозор фаолияти кундан-кунга кўпайиб, замонавийлашиб бормоқда. Давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб фаолият юритаётган компания ёки тадбиркорларни фирибгарлик қилмаяпти, деб ким кафолат бера олади? Ҳар ҳолда, бозорнинг ота-боболаримиздан қолган, синалган усулига нима етсин…

Шукур Жабборов

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 3-сонидан олинди.