Толибжон Низомов. Вақтни бўшлиққа жойлаш санъати

Англиялик Стивен Ковин деган тарбиячи аудиторияда ажойиб бир машғулот ўтказади. У 5 литрли шаффоф идиш олдига муштдек-муштдек келадиган бир неча тошни қўйиб, ўтирганлардан: «Нима деб ўйлайсизлар, шу тошлардан нечтаси бу идишга сиғаркан?» деб сўрайди. Турли фикрлар айтилгач, идишга бир нечта тошни солади. Унинг «Идиш тўлдими?» деган саволига ҳамма бир овоздан «Ҳа» деб жавоб қайтаради.

Кейин у идишга сиққанича шағал тўкади. Шағал тезда тош ораларига жой бўлади. Стивен: «Энди-чи?» деб сўрайди. Бу сафар улар «Шубҳасиз» деб жавоб қайтаришади. У энди идишга бир челак қум ағдаради. Қум зарралари тезда тош ва шағал ораларига жойлашади. Стивен бояги саволини такрорлайди. Улар «Бу сафар аниқ тўлди, энди унга ҳеч нарса солиб бўлмайди», дейишади. Шундан сўнг у идишга бир литр сувни ҳам қуяди. Сув ҳам идишдан жой олади. Стивен «Хўш, буларнинг ҳаммаси нимани билдиради?» деб сўрайди атрофидагилардан. Аудиторияда турли фикр­лар айтилади. У эса ўз хулосасини: «Ҳаётда доимо бўшлиқ мавжуд, уни тўлдириш учун ишлаш керак бўлади. Бу тажрибанинг бошқа муҳим жиҳати ҳам борки, агар мен биринчи навбатда катта тошларни солмасам, идишда уларга жой қолмаган бўларди», деб баён этади.

Биз бу тажрибани бежиз эсламадик. Келажакка юксак ишонч билан интилган ҳар бир ёш ҳаётда, энг аввало, муҳим вазифаларни номуҳимларидан ажрата билиши керак. Мактабда ўқиб юрган давримизда ҳар ойнинг охирги шанбасини синфдошлар билан интиқиб кутардик. Сабаби ўша куни кўчма кино ё сирк томошалари намойиш этилар, мириқиб маданий ҳордиқ чиқарардик. Янги ҳафта бошланиши билан дарҳол мактабга шошилиб, кўрган киномизни муҳокама қилардик. Раҳматли ўқитувчимиз Ойдин Қоплонов адабиёт фанининг бир дарсини кинога бағишлар эди. Бир сафар ўафур ўуломнинг «Шум бола» асари асосида суратга олинган филмни томоша қилиб, устозимизга унинг мазмунини ҳикоя қилиб берганимизда у киши: «Сизлар фақат кино томоша қилавермасдан, бадиий асарларни ҳам ўқинглар. Чунки уларни ўқиган киши, аввало, вақтини бекор ўтказмайди. Қолаверса, ҳаётдан асар қаҳрамонларининг прототипини ахтаради ва уларга ўхшашга интилади», деган эди.

Бу йигирма уч йил бурунги гап. Ҳозир-чи? Ҳозир ёшлар орасида «вақт» тушунчаси қандай аҳамият касб этмоқда? Улар бўш вақтларини асосан нималарга сарфламоқда?

Ҳозирги ёшларга яратилаётган имкониятларни кўриб ҳавасинг келади. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида муҳташам ўқув даргоҳлари, спорт иншоотларининг қад ростлагани ва уларда кўплаб ёшларнинг таҳсил олаётгани, ўзлари қизиққан спорт турлари билан мунтазам шуғулланиш имкони борлиги уларнинг вақтдан унумли фойдаланаётганига яққол мисолдир. Ёзги таътил даврида ташкил этилган соғломлаштириш оромгоҳларини айтмайсизми?!

Ҳаётни севсанг, вақтни бой берма, чунки вақтдан ҳаёт яралади, деган эди файласуфлардан бири. Дарҳақиқат, вақтнинг қийматини ҳеч нарса билан ўлчаб ҳам, қиёслаб ҳам бўлмайди. Аждодларимиз қолдирган улкан моддий ва маънавий мерос кишида «улар вақтдан ўзиб кетмаганмикан», деган фикрни туғдиради.

Юксак даражада тараққий этган ахборот технологиялари асрида баъзан вақт зиқлигидан нолиймиз. Биздан беш-ўн аср илгари яшаган аждодларимизнинг шам ёруғида уддалаган оламшумул кашфиётлари, яратган бебаҳо санъат асарларини ўрганиш учун баъзан вақт тополмай оворамиз. Бироқ компютер олдида соатлаб вақтимизни беҳуда совуришга имкон топилади.

Яқинда маҳалламиздаги кўпқаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган интернет кафега кирдим. Эшик ёнида тўрт-беш бола навбат кутиб гурунглашар, ичкарида эса бир гуруҳ ўсмирлар компютер ўйинлари билан машғул эди.

Мактаб ёшидаги болаларнинг компютер экранига соатлаб «михланиб» қолишлари уларнинг соғлиғи учун қанчалик зарар бўлса, руҳий жиҳатдан ҳам шунчалик хавфлилигини эндиликда ҳаммамиз биламиз. Аммо бугун уларнинг бўш вақтларини мазмунли сарф қилишларини ҳар бир ота-она ўз назоратига олиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифага айланди.

Ҳар қадамда интернет-кафе. Шунга қарамай, айрим ота-оналар болаларига уйда ҳам интернетдан фойдаланиш имкониятини яратиб берган. Тўғри, бундай имконият болалар ўзлари ахтарган маълумотларни ҳеч бир тўсиқсиз олишлари учун етарли, албатта. Бироқ назоратсиз қолган болакай «ўргимчак тўри»да хоҳлаганича сайр қилиши, ҳатто беҳаё лавҳаларни ҳам кўриши эҳтимолдан ҳоли эмас. Албатта, маънавияти юксак фарзандлар қайси маълумотдан фойдаланиш лозимлигини ақл тарозусига солиб, ўзлари ҳал этадилар. Бунинг учун улар онгида маънавий бўшлиқ юзага келмаслигига эришиш, яъни умуминсоний ва миллий қадриятлар асосидаги таълим-тарбия орқали фарзандларимиз онгида соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш ҳаммамизнинг бурчимиз.

Аввал ёдга олганимиз ўша тажриба оддий бир машғулот бўлса-да, лекин бола тарбияси бобида муҳим аҳамиятга эга. Фарзандларимиз вақтини шундай тақсимлайликки, токи уларнинг онгида «қум» ва «шағаллар»га ўрин қолмасин.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).