Телевизорни ўчириб қўйинг

“Агар телевидение худди ҳозиргидек ривожланишда давом этса, бугун туғилган бола 18 ёшга тўлгач, энг кўп вақтини уйқуда ва телевизор қаршисида ўтказади”, деб ёзган эди Энтони Гидденс “Социология” асарида. Олимнинг қанчалик ҳақ эканлиги вақт ўтгач маълум бўлади. Умуман олганда, кутишга ҳожат ҳам йўқ, негаки Грабовский кашф этган “қора қути” ўзининг нималарга қодирлигини анча илгарироқ кўрсата бошлади.

Одамлар пулт орқали бошқарилади(ми)?

Телевизор жуда тез фурсатларда хонадонларга кириб борди ва қайсидир маънода инсоният ҳаётининг мазмунига айланди. Ажабланарлиси шундаки, бу қадар кенг оммани ўзига оҳанрабодек жалб эта олган бошқа шунга ўхшаш буюмни тарих ҳали ҳеч қайси замонда кўрган эмас. Миллионлар ўйини футбол – фақат шу соҳадан хабардор одамларнигина қизиқтиради, лекин футболчиларнинг орасида телевизор кўрмайдигани деярли учрамаса керак. Тўғри, қачонлардир, китоб ўқиш – аждодларимизнинг севимли машғулотларидан бири бўлган. Лекин бу машғулот билан ҳамма ёппасига шуғуллана олмас, китоб ўқиш учун савод керак эди. Бугун телевидение орқали узатилаётган енгил-элпи дастурларни кўриш учун эса, аксинча, саводнинг бўлмагани яхши.

Одамлар кундалик турмушини янгиликлар, сериаллар ва шоуларсиз тасаввур қила олмайдиган, кун тартибини ТВ дастурларига қараб тузадиган бўлиб қолди. Пулт билан бошқариладиган телевизорлар даставвал мўжизадек кўринди, ке­йинчалик биз ўтирган жойимиздан бир неча метр узоқликдаги “қути”ни бошқаришга кўникиб ҳам қолдик. Дарвоқе, ким-кимни бошқараётганини аввал аниқлаб олиш керак.

Биргина теледастурлар бирданига театр, музей, саёҳат ва мутолаанинг ўрнини тўлдиргандек бўляпти. Ҳеч кимга маълум бўлмаган ахборотлар, маданий ҳордиқ чиқаришга ёрдам берадиган дастурларнинг айнан телевизор орқали узатилаётганини ҳеч ким инкор қилмайди, бироқ экран ортидан дунёни танир эканмиз, биз мустақил изланиш ва фикр юритиш қобилиятидан аста-секинлик билан маҳрум бўлиб борамиз. Санъатга, гўзалликка бўлган эҳтиёж ва бу тушунчаларнинг асл моҳияти йўқолиб кетади. Телевизор қаршисида улғаяётган ёшларимизнинг Ватанга, ҳаётга, ота-онасига нисбатан муносабати ҳам аввалгидек эмасдек, назаримизда.

“Нонушта”га нима тортилди?

Деярли барча ўсмирлар ўзлари севган қаҳрамонларга тақлид қилади, ҳаттоки иложсиз вазиятларда ҳам…

“Агар муаммоларингиз кўпайиб кетиб, тушкунликка тушиб қолган бўлсангиз, тонг­ги хабарларни томоша қилмагани­нгиз маъқул” – маслаҳат беради хориж руҳшунослари. Дарҳақиқат, кўпроқ аудито­рияни жалб қилиш ҳамда рейтингини ошириш мақсадида кўплаб хорижий телеканаллар ўз томошабинларини тонг-саҳардан сув тошқинлари, ёнғинлар ва қотилликлардан тайёрланган “нонушта” билан сийлайди. “Катта дунёдаги кичкина кўнгилсизлик­лар”дан воқиф бўлган аҳоли кун бўйи уларнинг таъсирида юрганидан кейин, қарабсизки, тушкунликкача бор-йўғи тўрт қадам қолади!

Олимларнинг аниқлашича, (буни аниқлаш ҳам шарт эмас, назаримда) экран ортида бўлаётган воқеалар одамларнинг руҳиятига таъсир этар экан. Масалан, навбатдаги фантастик филмни томоша қилиб бўлгач, ташқаридаги шовқиндан “ўзга сайёраликлар келган бўлса-я!” деган фикрга келишингиз ва буни одатий ҳолдек қабул қилишингиз мумкин. Ялмоғиз кампирнинг борлигига ишонадиган 5 ёшли бола эса бундай филмни кўриб, ҳар куни ухлашдан олдин каровати остига мўралайдиган бўлиб қолиши табиий. Афсуски, кўп ота-оналар фарзандлари телевизордан қандай дастурларни, қанча муддат давомида томоша қилишига деярли эътибор бермайди.

“Тилбузар” ёхуд сиз билган телевизор

Ахборот асри фарзандлари биз билган “беркинмачоқ”, “қувлашмачоқ”, “лафта” ўйинлари ҳақида эшитмаган ҳам ҳатто. Улар лойдан уй ясаш ёки дарахт ортига беркинган дўстини топишдан кўра “уруш-уруш” ўйнашни афзал кўради. Ўйинчоқлари ҳам шунга яраша: ваҳимали. Кўча-кўйда автомат кўтариб олиб, “пақ-пақ!”, “отаман!”, “ўлдинг!” деб бақириб  юрган болаларни кўриб қолсангиз – ҳайрон бўлманг, улар шунчаки ўйнаяпти. Ўйинларнинг бу қадар “даҳшатли” кўринишга эга бўлишида ТВ билан бирга компютернинг ҳам ҳиссаси бор. Ажабланарли ҳеч нарса йўқ. Телевизор ота-онаси кун бўйи ишда бўладиган болакайларнинг асосий ва энг севимли овунчоғига айланиб қолади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Гарвард университети олимлари бола 18 ёшга тўлгунча телеекран орқали 180 минг­дан ортиқ  зўравонлик саҳналарига гувоҳ бўлишини аниқлади.  Улардан 80 мингтаси – қотиллик. Оддийгина реклама бола организмида салбий ўзгаришларни юзага келтириши мумкин экан. Британия олимларининг тадқиқотларига кўра, бир йил мобайнида “дастурлар орасидаги танаффуслар”ни мунтазам томоша қилиб борган олти ёшли болалар қўшиш, айириш, ўқиш  каби бошланғич мактаб амалларини ўзлаштиришда телевизор кўрмайдиган тенгдошларидан 15 фоизга орқада қолар экан. Бундан ташқари, рекламалар миллий урф-одатларимиз, тилимиз учун яхшигина хавф туғдирмоқда. Рекламалардаги “Ҳаммаси нол”, “…телефонингга юклаб ол”, “Синиб қолдингми?” каби хитоблар ёшларнинг шусиз ҳам “неологизм”ларга бой бўлган луғатини янада “бойитиш”га хизмат қилаётганини уларнинг гап-сўзларидан англаб олиш қийин эмас.

Кўп вақтини ТВ кўришга сарфлайдиган бола тенгдошлари уни тушунмаётганлигидан азият чекади. Чунки унинг дунёқараши мултфилм ва кино қаҳрамонларининг бошидан кечирганлари асосида шакл­ланади. Афсуски, бугун улар реалликдан узоқлашиб кетган. Телевизорда акс этадиган ҳаёт аслича эмас, баъзан жуда қора, баъзан эса ҳаддан ташқари оқ рангларда тасвирланишини яхши биламиз.

Фақатгина томоша қилиш эмас, хонадонда телевизорнинг тез-тез “сўзлаб” туриши боладаги ақлий қобилиятларни сусайтириши маълум бўлди. Ота-она вақтини ойнаи жаҳон қаршисида ўтказар экан, фарзанди билан кам мулоқотда бўлади ва унинг кўп саволларини жавобсиз қолдиради. Бу боланинг нутқи яхши ривожланмай қолиши, мактабдаги фанларни ўзлаштиришда муаммолар юзага келишига олиб келади.

– Бола телевизор орқали дунёни танир экан, ота-онаси албатта унинг ёнида ўтириб, бўлаётган воқеаларни тушунтириб бориши керак. Миллий телеканалларимиз бугун 7-11 ёшдаги болалар учун махсус кўрсатувларни камдан-кам тайёрлайди. Оила аъзолари йиғилиб ўтирган «прайм-тайм» вақтида эса, асосан, сериаллар намойиш этилади. Бунинг қандай зарарли жиҳатлари бор? Ота-онаси сериал томоша қилаётган пайтда бола ҳам уларга «шерик» бўлади. Замонавий филмларнинг аксариятида салбий характердаги персонажлар (мафия ва безорилар) ижобий қаҳрамон сифатида кўрсатилади. 7-11 ёш эса айнан боланинг яхшини ёмондан ажратадиган даври. 3-6 ёшдаги болага «Бундай қилма, бу ёмон», деб тушунтирсангиз, у автоматик равишда сизга қулоқ солади, лекин кейинги босқичда фарзандингиз ҳамма нарсанинг сабабини билишга ҳаракат қилади. «Нега шундай?» деган саволга жавоб қидиради, – дейди психолог, Низомий номидаги ТДПУ ўқитувчиси Зилола Бозорова.

Бола тарбияси билан шуғулланаётган уй бекалари, турган гапки, асосий вақтини телевизор қаршисида ўтказади. Доимий равишда ота-онасининг сериалга «михланиб» ўтирганини  кўраётган бола китобларга бўлган муҳаббати билан мақтана олмайди, албатта. Хайриятки, миллий телеканалларимиз халқимиз менталитетига хос кўрсатувлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Муаммо шундаки, томошабинларимиз бугунги кунда берилаётган аксарияти шунчаки  умумий, “биз билган” гаплардан иборат кўрсатувлардан зерикиб, пуллик бўлса ҳам, кабел орқали Россия  телеканалларини кўра бошлади. Оқибатда, ҳатто Россиянинг ўзида ҳам ёшлар тарбияси учун жуда хавфли деб топилиб, қаттиқ танқид остига олинган “Дом-2” ва шунга ўхшаш реалити-шоулар бизнинг ҳаётимиз  билан аралашиб кетяпти. Ахлоқсизлиги туфайли “машҳур” бўлган шоу қаҳрамонлари ёшларимизга “қандай яшаш керак”лигини ўргатяпти. Ваҳоланки, бизда яхши кўрсатув ёки филм тайёрлаш учун ҳамма имкониятлар бор.

Висола Қаршибоева,
«Маърифат» газетасидан олинди.