Таназзул…

Дарвоқе, нега таназзул? Илмни менсимай, фақат бойлик ортидан қувган, ҳаётининг мазмуни маишат бўлиб қолган типик бир ўзбек оиласининг таназзулими? Бундайларнинг касофати каттароқ йўқотишларга олиб келмайдими? Таназзул — қулоққа ёқмайди бу сўз. Миллий академик театрида Дилбар Маҳмудованинг “Ярим аср ёнма-ён” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

— Бу жанрда ёзилган кўпгина асарларни билардик, — дейди ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад. — Ҳабибулло Қодирийнинг “Отам ҳақида”, Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг”, Кибриё Қаҳҳорованинг “Чорак аср ҳамнафас” каби китобларидан “Ярим аср ёнма-ён”нинг фарқи шундаки, асарнинг муаллифи ҳам, қаҳрамони ҳам орамизда. Бунақаси кам учрайди ва шуниси билан китоб адабиётимизда янгилик бўлди…

Сўзга чиққанлар Абдуҳошим Исмоиловнинг “Бир-биримиздан бехабар бу дунёдан ўтиб бор­япмиз” деган гапларини бот-бот эслашди. Эътироф этилганидек, “Ярим аср ёнма-ён” эссе-қиссаси кимлар биландир ярим аср, кимлар биландир ундан кам ёки бироз кўп ёнма-ён яшаб келаётган Тилаб Маҳмудовни барча учун қайтадан кашф этиб берди; “Ўзбек зиёлиси ҳам қандай яшашни билади” деган гапнинг яна бир исботи бўлди.

Китоб тақдимоти ярим аср ёнма-ён ижод қилиб келаётган Тилаб Маҳмудов ва Дилбар Маҳмудоваларнинг қаламига мансуб “Омонат дунё” спектаклининг премерасига уланиб кетди.

* * *

Залда томошабинларга жой етмай қолди… Одамлар театрга қайтяпти, де­йишган эди, ҳақиқатан ҳам, бу таъкид ростга ўхшайди. Ёки икки драматургнинг олдинги спектакли муваффақиятли чиққани учун томошабиннинг муаллифларга нисбатан ишончи ортдимикин? Ёнимда ўтирган, қўлида билети бор опа гап қотади:

— “Умр шомидаги бахт”­га ҳам тушганман. Бугун ишга бормайдиган куним эди. Тилаб Маҳмудов ва Дилбар Маҳмудоваларнинг спектакли премераси бўлар экан деб эшитдим-у, келавердим.

… Асар моҳиятини очишга, томошабинга жонли етказишда сўздан устамонлик билан фойдаланилган. Масалан, Қодир бойвачча характери унинг айтаётган гапларидан яққол кўриниб туради. Умуман олганда, ҳар бир персонаж тили ўзига хос. Уларни қоғозга туширмасдан бошқа илож йўқ:

— Осмонга қараб эмас, замонга қараб юр.
— Қўллари ҳам банд, ўйлари ҳам банд.
— Ичингдан тушганини мен кийгизиб қўйган иштонинг кўтарадими?
— Ҳаммаси одам учун дейди-ю, свет ва газни палон пулга сотади. Худди отасининг газини сотиб, онасининг светини пуллаётгандай.
— Қўлимдаги ўн минг, қўйнимдаги ўн минг.
— Тўқлик бошимга тўқмоқ бўлишини билганимда эди.
— Тасодифнинг қаҳри бунчалар қаттиқ.
— Гуноҳи бор одамнинг паноҳи бўлмас экан.

Спектакл муваффақиятли чиқишини асар тили, актёр маҳорати, қизиқарли сюжет, соғлом ғоя билангина изоҳлаб бўлмайди. Бу ерда яна нимадир бор. Парда туширилгандан кейин, тадбир сўнггида муаллифларни табриклашга чиққанлардан Ўзбекистон файласуфлар жамияти раиси, академик Саид Шермуҳаммедов: “Томошабинга нима керак? Унга ҳақиқат керак!” деб, биз излаётган нимадирнинг номини топиб берди.

Спектакл давомида ота ва бола баҳси, улар тимсолида илм ва бойлик, ҳақиқат ва сохтагарчилик, ҳалол ва ҳаром мунозараси бир лаҳза бўлсин тўхтамайди. “Ҳозир раҳбарлар кадр танлашда адашишяпти. Таниш-билишчилик йўлига ўтиб олишган”, дейдиган Қодир бойваччанинг ўзи ҳам бу қуролдан ҳаёт йўлларида доимо фойдаланиб келади. Унинг ўгай ўғли Ҳикматжон эса илм, ҳақиқат тарафдори. Асарнинг асосий ғояларидан бири бўлган “Илм хор бўлган жамиятнинг келажаги йўқ” деган гаплар Ҳикматжон тилидан айтилади. “Ўша профессорларингнинг елкасидан силкитсанг, бошидан сиркаси тўкилади”. Бу гаплар Қодирбойваччага тегишли, унинг ҳаёти мазмуни пул. Чунки “одамзот пора ва пул эвазига яшайди”, “қонунларни пул яратади, пул бузади”, деб ўйлайди у. Ҳикматжоннинг ҳам жавоби тайёр: “Бизнинг кунимиз одамлар чўнтак ғамига тушиб қолган даврга тўғри келган”. Бу мунозара шу тарзда давом этади: “Бойлик одамга одамдай яшаш учун керак”. “Шаҳарни бир айланиб чиқинг, икки-уч қаватли қасрлар кўпайиб кетяпти. Уларнинг бари ҳалол пулга қуриляпти деб ўйлайсизми?” “Демак, хал­қимиз бойияпти. Бу яхши-ку!” “Халқ билан бир ҳовуч нопок одамларни фарқлаш керак!”

Ҳикматжон гарчи асарнинг асл моҳиятини ифодалайдиган персонажлардан бўлса ҳам, бироз осмоний образ, адабиётимиздаги оқни оппоқ қилиб кўрсатиш анъанаси маҳсулидай таассурот қолдиради томошабинда. Балки бу таассурот ҳаётимизда бундай оқ кўнгил, фақат илмни дейдиган виждонли одамлар тобора камёб бўлиб бораётганиданмикин? Спектакл давомида яна бир нарса одамга тинч­лик бермайди, бу ҳам бизда анъана тусига кириб қолган қарашлардан: илм ва бойлик бир-бирига зид, келишолмайдиган тушунчалар. “Агар шунчалар доно бўлсанг, нега сен бунчалар қашшоқсан?!” деган машҳур савол бежизга берилмагандир. Ахир Навоий анчагина бой бўлган-ку! Ҳатто давлат хазинасига ҳадялар бериб турганлиги ҳақида маълумотлар бор. Балки кейинги даврлардаги ижтимоий, иқтисодий ва бошқа шароитлар халқимиз онгига “Илмли бой бўлолмайди” деган хулосани жойлаб қўйдимикин? Тарих шуни кўрсатадики, бойлари зиёли бўлган, аниқроғи, зиёлилари бой бўлган жамиятгина обод бўлиши мумкин. Чунки жамиятдаги таназзул ҳам, тараққиёт ҳам бойлар қатламидан бошланади. Бу хулосалар Ҳикматжоннинг айтгани “Илм хор бўлган жамиятнинг келажаги йўқ” гапларига ҳам ўхшаб кетади.

… Спектакл тугаганда ўн минутлар чамаси томошабинлар қарсак чалиб олқишлаб туришди десам, ишонасизми? Рост айтяпман, ҳалиям қўйиб беришмади, бўлмаса олқишлар яна давом этарди. Жами ўн нафар актёр (шундан олтитаси ёшлар) саҳнага чиқиб келишди. Кейин саҳна ортидаги ижодкорлар ва ниҳоят муаллифлар Тилаб Маҳмудов ва Дилбар Маҳмудова…

Буёғи салкам спектакл вақтига тенг соатлар давомида табрик…

* * *

Дарвоқе, нега таназзул? Илмни менсимай, фақат бойлик ортидан қувган, ҳаётининг мазмуни маишат бўлиб қолган типик бир ўзбек оиласининг таназзулими? Бундайларнинг касофати каттароқ йўқотишларга олиб келмайдими? Таназзул — қулоққа ёқмайди бу сўз.

Фаррух Жабборов