Сувлар борми – бир туш айтсак…

Бобом раҳматлининг ибрат олса арзийдиган жиҳатлари, мўминга хос хислатлари бисёр эди. Айниқса ҳамма нарсанинг уволи бор, исрофдан сақланиш керак, деб кўп айтардилар. Ариқдан оқиб келган нон бурдаларини четга олиб қўярканлар, бошларини афсус билан чайқардилар. Сувда мағзава, турли чиқиндилар оқиб келса, бизга кўрсатиб насиҳат қилардилар: «Сувни ифлос қилган, ножоиз нарсалар ташлаган одам кўр бўлади, ҳамма нарсани ўз жойига қўйишга ўрганинглар».

Биз болалар кўр бўлиб қолишдан қўрқиб, ариқни ифлослантирмасликка ҳаракат қилардик. Қўшни келиннинг кўр бўлмаётганига ҳайрон эдик, чунки у бошқа нарсалар қолиб, чақалоғининг тувагини ҳам ариққа тўкарди. Бу гаплардан буён қанча сувлар оқиб ўтди… Йўқ адашдим, қанча ариқлар чиқиндига тўлиб, сув оқмай қўйди десам, тўғрироқ бўлар. Агар ўша болалик тушунчам билан бугунги кунга қарасам, сўқирларнинг сони жудаям кўпайиб кетаркан.

Йўлнинг нариги юзидаги ажнабий йигит ва қизнинг ҳаракатларини кузатиб туриб шу каби хаёлларга чўмдим. Йигитнинг қўлида сувдан бўшаган елим идиш, тинмай у ёқдан бу ёққа бориб келади. Бир пайт қиз қўли билан ниманидир кўрсатди, йигит ўша томонга ўтиб кетди. Бориб анча узоқроқдаги «мусорка»га сув идишни ташлаб келди. Яхшики, кўпчилик ўрганган одатга мувофиқ йўлакками, нарироқдаги ариққами ташламади қўлидагини… Ўзимча ўйладим, уларнинг ҳам менинг бобомга ўхшаган бобоси бўлса керак…

Бундан ҳам аввалроқ бир воқеа сабаб бобомнинг юқоридаги каби насиҳатларини эслагандим. Ойнинг биринчи куни эди. Ишдан қайтар эканмиз, ҳамкасбим сумкаси-ю кийимларининг чўнтакларини, хонадаги тортма борки, ҳаммасини ағдар-тўнтар қилиб чиқди, янги ойлик йўл чиптаси йўқ . Эскиси турибди, янгисини тополмайди. «Бекатда ниманидир ғижимлаб ташламоқчи бўлгандим. Демак, ўша янги «проэздной» бўлган. Лекин, бир нарса аниқ эсимда, бекатда чиқиндилар қутиси йўқлиги учун, ерга ташлашга кўнглим бўлмай чўнтагимга қайтариб солиб қўйгандим». Шуларни гапириб келаётган ҳамроҳим, кутиб туринг, деб чопганича ишхонага кириб кетди. Тезда қайтиб тушди, юзида табассум, қўлида ғижимлаб ташланган янги ойнинг йўл чиптаси. «Қаранг, — изоҳ берди у, — қўшни хонадаги мусор челакка ташлаган эканман». Икковимиз ҳам енгил нафас олдик. Бу воқеага кимдир ҳамкасбимнинг эътиборсизлиги билан хулоса ясар балки. Бироқ ҳамкасбим ҳам еган музқаймоғининг қоғозини, ичган сувининг идишини, чақилган пистанинг пўчоқларини, қўйингки, заруратсиз ашёларнинг деярли барини жамоат жойларига ташлаб кетаверадиган айрим одамлардек қўлидаги ғижимланган йўл чиптасини шундоққина кўчага ташлаб юборганида нима бўларди? Шулар ҳақида ўйлаб, юз берган воқеа ҳикматини амали чиройли инсонларга берилажак ажрнинг ҳам чиройли бўлишига йўйдим.

Яна бобомни эсладим — юрган йўлларида тош, шох-бутоқ кўрсалар четга суриб ўтадиган, қоғоз кўрсалар олиб тандир ё ўчоққа ташлайдиган, сочилган нон бурдалари, ушоқларини эринмай териб оладиган, дилозорликдан қаттиқ парҳез қиладиган…

Бугун ҳаммамиз ҳам қайсидир маънода «Қўшни келин»га шерикмиз, дилозормиз. Нега айнан «дилозор»? Тасаввур қилайлик, ширин хаёллар билан кетаётганимизда оёғимиз остига кўп қаватли уйлардан бирининг деразасидан улоқтирилган чиқиндилар тўла елим халта тушса… Ёки ҳозиргина кимдир еб, ташлаб кетган олманингми, бананнингми пўчоғини босиб олиб, сирпаниб кетсак… Ёхуд тушларимни айтиб келай, деб ариқ бўйига борсагу ташланган чиқиндиларнинг кўплигидан йўлини йўқотган сувга кўзимиз тушса… Дилимиз оғрийди, тўғримасми? Дилимиз бир оғригач, зора кейинги сафар бошқаларнинг дилига озор беришдан тийилсак.

Сўз сўнггида маълумот — интернетдан олинган хабарга кўра, японлар ажойиб чиқинди челаклари ишлаб чиқаришибди. Агар унинг ичига чиқинди ташласангиз, миннатдорчилик эшитасиз. Челакдан чиқаётган овоз тартибли эканлигингизни эътироф этиб, атроф-муҳит озодалигига қўшган ҳиссангиз учун сизга ташаккур изҳор этади. Асосан, болаларга ўрнак бўлиши учун уйлаб топилган бу янгиликни, тажрибани бутун дунё бўйлаб қўллаш керакдир…

Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло покдир, покизаликни яхши кўради, у тозадирки, тозаликни яхши кўради, у сахийдирки, сахийликни яхши кўради, ҳовли, саҳн ва турар жойларингизни тоза тутинглар…»

Агар бу ҳадисни яхши уқсак ва амал қилсак, чиқинди челак билдирадиган миннатдорчиликка муҳтожлигимиз қолмасди. Чунки ўзимизни, атрофимизни тоза тутиш билан ҳам Аллоҳ ризолигига эришиш мумкинлигини юқоридаги ҳадиси шариф айтиб турибди. Шундай бўлгач, бизга бошқа ўрнакнинг ҳожати бормикан?!

Зумрад Вахобова