Шовқин темирни ҳам синдиради ёхуд кўринмас оғу

Яқинда оиламиз билан бир қариндошимизнинг тўйига бордик. Никоҳ базми ҳашаматли тўйхоналардан бирида ўтди. Албатта, бу юртимиз бойлиги, халқимиз фаровонлиги ошиб, топиш-тутишимизга қут-барака кираётганидан далолатдир. Собиқ иттифоқ даврида эса бундай тўйлар тушимизга ҳам кирмаган. Бироқ мен ўртага ташламоқчи бўлаётган масала бу ҳақда эмас. Мени ўйлантираётган, ҳатто ташвилантираётган муаммо мана шундай гўзал тўйларимизга ярашмаётган, уларнинг янада гўзал ва осойишта ўтишига раҳна солаётган бир жиҳат ҳақидадир.

 

Эҳтимол, бу масала айрим кишиларга жудда оддий ва жўн бўлиб туюлар Лекин муаммога жиддий ёндашилса, тўй-ҳашамлардаги ортиқча шовқинларнинг инсон саломатлигига кўрсатадиган зарари илмий жиҳатдан ўрганилса, кўпчилик менинг фикримни қувватлаши табиий.

Албатта, тўй маросимлари карнай-сурнай билан, ҳофизу раққосалар иштирокида чиройли ўтади. Бироқ бу ўринда меъёр бузиладиган бўлса, қош қўяман деб кўз чиқариш ҳолати рўй беради. Биз ҳам юқорида айтганим — қариндошимизнинг тўйида мусиқа садоси ниҳоятда юқорилигидан юрагимизни ҳовучлаб ўтирдик. Сабаби товуш кучайтиргич шундай созланган эканки, акустик карнайлардан йигирма метр узоқда ўтирганимизга қарамай, мусиқа ритми зарбининг ҳаддан зиёд баландлиги нафақат асабга, ҳатто юрак уришимизга ҳам таъсир қила бошлади.

Қўлимдаги мобил телефони орқали шовқин даражасини ўлчаб кўриб, ҳайратим ошиб кетди – мусиқа шовқини 115-120 децибллни кўрсатиб турарди. Келин-куёв эндигина кириб келган чоғда чиқиб кетиш ноқулай бўлгани учун бир соатдан камроқ ўтириб, бошқа жойдаги тўйга ҳам боришимиз зарурлигини баҳона қилишимизга тўғри келди. Қулоқнинг зинғиллагани анча вақтгача безовта қилиб турди. Бундай ҳолат ёшим элликка боргани боис фақат менда бўлдими десам, ёшгина келиним ҳам безовта бўлганини айтиб қолди.

Орадан бир неча кун ўтгач, бошқа жойдаги тўйхонада ҳам шу аҳволни кузатдик. Қўлимдаги телефонга қарасам, эшик олдида шовқин даражаси 110 децибеллни, зал ўртасида эса 120 децибеллни кўрсатди. Ниҳоят ушбу мақолани ёзишга жазм қилдим.

Хўш, шовқиннинг ўзи нима? Унинг ҳаддан зиёд юқорилиги хавотир уйғотадими ёки йўқми? Агар уйғотса, у нима билан изоҳланади? Шовқин қадимдан одамлар эътиборида бўлган. Олимлар унинг саломатликка таъсирини кўп ўрганишган, шовқиндан ҳимояланиш борасида жиддий тадқиқотлар олиб боришган. Манбааларга кўра, ўрта асрларда ҳатто шовқиндан жазолаш воситаси сифатида ҳам фойдаланилган.

Шовқинни ўлчаш бирлиги сифатида «децибелл» (дБ) қабул қилинган. Одатда 20-30 дБ шовқин даражаси инсон соғлиги учун зарарсиз. Бироқ 80 дБ ва ундан ортиқ даража баланд товушлар ҳисобланади. 130 децибеллдан ортиқ шовқин эса инсонга жиддий таъсир кўрсатади. 150 децибелл эса чидаб бўлмайдиган даражада оғриқ пайдо қилади. 180 дБ даражадаги шовқин металл буюмларнинг уринишига сабаб бўларкан. Бундай буюмлар вақт ўтгач, арзимас таъсир остида синиб кетиши мумкин. 190 дБ товуш металл синчлардаги улама жойларни қўпориб юбориши мумкин экан.

Узоқ муддат юқори даражадаги товуш таъсири остида бўлиш эшитиш қобилияти пасайишига олиб келади. Бунга баъзан кимёвий заҳарланиш каби аста-секин ва доимий таъсир этувчи ҳаёт учун хавфли омил сифатида қаралади. Баланд товушли мусиқа ҳам инсон учун зарарли экани олимлар томонидан исботланган. Масалан, ҳозирги замонавий мусиқа ишқибози бўлган ёшларнинг йигирма фоизида эшитиш қобилияти саксон беш ёшдаги қарияларнинг эшитиш қобилиятига тенглашиб қолган. Баланд товушли шовқин инсоннинг кўриш билан боғлиқ аъзоларига салбий таъсир этиб, кўз равшанлиги ва унинг рефлектив фаолиятини пасайтиради. Бу эса турли касалликларни келтириб чиқариб, инсон руҳиятининг бузилиши, асаб қувватининг ортиқча сарфланишига олиб келади. Натижада ички толиқиш ва нохуш кайфият юзага келади. Баъзи манбаларда шовқин инсон умрини қисқартирувчи, уни тез қаритувчи омил сифатида баҳоланади.

Илмий манбаларга кўра бир неча соат ортиқча шовқинли муҳитда бўлиш бир неча кунгача ўзининг салбий таъсирини сақлаб қолиб, меҳнат фаолияти пасайишига сабаб бўлар экан. Демак, оддий ҳисобларга кўра айтиш мумкинки, ҳар ҳафта бир марта шовқин-суронли тўйларда бўлиш ҳафта давомидаги меҳнат фаолияти унумдорлиги пасайишига олиб келади.

Яна бир ҳолатга эътибор қаратиш зарур. Товуш тўлқин сифатида тарқалади. Унинг қанчалик узоққа бориши бу тўлқиннинг қандай босим билан тарқалишига боғлиқ. Бу босим йўлида дуч келган барча нарсага таъсир этади, уни ҳам ўз тўлқинига мос равишда тебратишга ҳаракат қилади. Буни юқорида сўз юритилган тўйхонада ўтириб ҳам билиш мумкин. Мусиқа таралаётган пайтда бўш ликопчани олинг ва уни товуш келаётган томонга юзасини қарама-қарши ҳолда ушлаб туринг. Шунда ликопчани ушлаб турган қўлингиз орқали товуш босими таъсирини сезасиз. Худди шу каби товуш босими бизнинг танамизга ҳам таъсир этади. Ҳозир Европанинг йирик илмий муассасаларида бундай босим инсон танасининг ички аъзоларига қандай таъсир этиши ўрганилмоқда. Лекин оддийгина микротебранишлар ички аъзоларга (айниқса ҳомиладор аёлларнинг ҳомиласига) ҳам таъсир кўрсатишини эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Мана шунинг учун ҳам хориждаги тўйларда мусиқа товуши баланд қилиб қўйилмайди. Уларда мусиқа овози ёнидаги одамнинг гапини эшитиб бўлмайдиган даражага етказилмайди. Бунга маданият белгиси сифатида қаралади.

Хўш, баланд товушли мусиқадан ким манфаатдор? Менимча, ўта шовқин-суронли маросимни келин-куёв ва тўй эгалари ҳам хоҳламаса керак. Чунки бир-бирини эшита олмаса, имо-ишора билан гаплашса, бу кимга ҳам ёқади? Бундан фақат ҳофизлар ва маросимни олиб борувчилар манфаатдор. Катта қувватли товуш кучайтиргич хонанда овозидаги нуқсонни сездирмайди, даврадаги майда-чуйда гапларни босиб юбориб, ҳаммани хоҳласа-хоҳламаса эшитишга мажбур қилади.

Яқинда хорижлик бир меҳмонни удумларимиз билан таништириш учун наҳор ошига олиб бордим. Тўйда радиокарнайга яқинроқ жойда ўтириб қолдик. Меҳмон ўшанда айтган гап сира ёдимдан чиқмайди: «Нима учун ўзингизни қийноққа соласиз, бу жуда зарар-ку?!». Ўзимни эшитмаганга олиб, мавзуни бошқа ёққа буриб юбордим. Кейин ўйланиб қолдим: хўш, нега ўзимизни қийнаймиз? Ўз саломатлигимизга эътиборсиз бўламиз? Тўйларни шовқин-суронли мусиқаларсиз ўтказиб бўлмайдими?

Мен ва тенгқурларим чорак аср аввал тўйларимизни ўтказганда ўша вақтлар урф бўлган 30 ватт, нари борса 50 ваттли товуш кучайтиргичлардан фойдаланилган. Аксарият тўйлар очиқ ҳовлиларда бўлганини инобатга олсак, 30-50 ваттли товуш кучайтиргичлардан ҳозир бемалол йирик залларда ҳам фойдаланиш мумкин. Бундан ортиғи ортиқча. Ҳозирги ҳофизлар фойдаланаётган овоз кучайтиргичлар 30-50 ватт у ёқда турсин, ҳатто минг ваттдан ҳам юқорилигини тасаввур этсангиз, ақлу ҳуш бошдан учади…

Мени бир нарса таажжубга солади: нега биз бу ҳолни била туриб, индамас томошабин бўлиб қолаяпмиз? Тўғри, кўпчилигимиз шовқин-суронли баланд мусиқанинг саломатликка зарари хусусида муайян маълумотга эга эмасмиз. Лекин шу соҳага мутасадди бўлган мутахассислар, акустика бўйича ишловчи олимлар, санитария назорати раҳбарлари, тиббиёт мутасаддилари нега жим! Ҳозирги тўйлар салмоғини ҳисобга олинг: ҳар йили қанчадан-қанча юртдошларимиз шовқин оғуси таъсирида ўз саломатликларини бой бераётганларини эътиборсиз қолдириб бўладими?

Мен акустика соҳасида мутахассис бўлмасам-да, мактаб ва олий таълим даргоҳида физикадан олган сабоқларимга асосланиб, айтаманки, сиртдан қараганда, тўйлардаги ортиқча шовқинлар безарар туюлиши мумкин. Лекин унинг кўринмас қисми ўрганилса, кўпчиликнинг фикри ўзгариши табиий. Ҳозир жаҳон жамоатчилиги семириб кетиш тенденцияси, ва шунингдек, ген муҳандислиги асосида етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг зарари, уларнинг бепуштликка олиб келиши хусусида кенг мулоҳаза юритмоқда. Шундай экан, ортиқча шовқинга қарши ҳам кураш зарур эмасми?

Менинг назаримда, энг аввало, кенг жамоатчилик, айниқса санитар-врачлар, акустик олимлар ва бошқа тегишли мутахассислар эътиборини жалб этган ҳолда бу масала илмий жиҳатдан атрофлича ўрганиб чиқилиши зарур.

Қолаверса, тўйларга хизмат кўрсатувчи санъаткорлар қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтаётганда (лицензия олаётганда) уларга 50 ваттдан ортмаган қувватли кучайтиргичлардан фойдаланиш мажбурияти юкланиши зарур. Муайян қувват чегарасидан ортиқ бўлган (100 ваттдан юқори) кучайтиргичлардан фойдаланган хонандалар гуруҳига жарима белгилашнинг қонуний асослари ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Айни чоғда, маҳаллий ҳокимлик идоралари билан ҳамкорликда маҳалла ва мавзеларда, маданият саройлари ва маърифат муассасаларда кенг қамровли тушунтириш ишлари йўлга қўйилса, зарур самарага эришиш мумкин, деб ўйлайман. Ниҳоят тўйхоналарни лойиҳалаш ҳужжатларини тайёрлашда хоналарнинг ички пардозида шовқинни ютувчи қопламалар кўзда тутилишига эътибор бериш ва бунинг учун зарур меъёрлар белгиланиши лозим, деб ўйлайман.

Бу чоралар тўйларимизнинг янада чиройли ва мазмунли ўтишига ҳисса қўшади, одамларнинг кайфияти бузилиши олдини олиб, тўйларимизнинг савиясини ҳам ошириши шубҳасиз. Бир пайтлар тўйларни ярим тунгача давом эттирмасдан кечаси соат ўн биргача ўтказиш юзасидан зарур чоралар кўрилиб, ижобий натижага эришилгани ҳаммага аён-ку! Ўйлайманки, тўйлардаги ортиқча шовқиннинг олдини олишда ҳам шундай самарага эришиш мумкин.

Абдушукур Абдуллаев,

техника фанлари номзоди

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 29-сонидан олинди.