Сарвар Раҳимов. Ўйин ичидаги “ўйинлар”

Ҳозир интернет-кафелар қўзиқориндек кўпайиб кетган. Кечки пайт. Қўйлиқ бозори яқинидаги “геймер”лар тўпланадиган ана шундай компютер ўйингоҳларининг олди гавжумроқ. Кутилмаганда бақир-чақир авжига минди. Кейин маълум бўлишича, жанжал компютер ўйинлари боис чиққан экан. Икки гуруҳ бўлиб ўйнаган йигитларнинг ютқазиб қўйган томони аламига чидай олмай, тўполон кўтарган.

Хуллас, оғзидан боди кириб шоди чиқаётган болалар орасида қизларни ҳам кўриб юрак-бағринг ачишиб кетади. Оммавий маданият ниқоби остида бундай ўйинларни кенг ёяётганларнинг асл муддаолари ҳам ёшларни совуққон, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган шафқатсиз инсонга айлантириб қўйишдан иборат эканлиги эндиликда сир бўлмай қолди.

XXI асрни “компютер технологиялари асри”, “тезлик асри”, “техника асри”, “интернет асри” дейишади. Аммо, афсуски, бу аср маънавий хуружлар асри ҳам бўлаяпти. Бу хуружлар инсонга руҳан таъсир этувчи воситалар орқали олиб борилаётгани сир эмас.

— Компютер ўйинлари бугунга келиб, болаларнинг ажралмас машғулотига айланди, — дейди руҳшунос Сардор Фармонов. – Айрим ёшларнинг дарсдан кейин ёки машғулотлардан қочиб бўлса ҳам борадиган жойлари – компютер ўйинхоналари бўлиб қолган. Эътибор берганмисиз, фарзандларингиз ўйнаётган ўйинларнинг қаҳрамонлари доимо отишма ёки бир-бирини қувиш билан банд бўлади. Бу эса ўз-ўзидан бола онгига салбий таъсир кўрсатади. Виртуал ўйиннинг қаҳрамони унинг яқин кишисига айланади. Турли хил жанглардан ва қийинчиликлардан, “яқин киши”сини тирик олиб ўтиш учун бола қанчадан-қанча “қон тўкади”, қанчадан-қанча шафқатсизликлар қилади. Тўғри, буларнинг бари виртуал оламда ­содир бўляпти, лекин кейинчалик мана шу боланинг ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, ­совуққон, бешафқат инсонга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Компютер ўйинлари, ­айниқса, 10-18 ёшли болалар ва ўсмирлар ­онгига нохуш таъсир кўрсатишини мутахассислар аллақачон аниқлашган.

Дунёга машҳур “Голливуд” киносаноати ҳақида эшитгансиз. Ана шу голливудлик киноусталар томонидан суратга олинган биргина “Бурилиш у ерда эмас” картинасининг умумий бюджети 48 миллион АҚШ долларига тенг. Жуда қисқа муддатда, яъни олти ой орасида ушбу филм йиғиб олган жами маблағ эса 901 миллион АҚШ долларига тенг экан. Бу биттагина филмнинг даромади. Голливудда бир йилда камида юздан зиёд филм суратга олинади. Энди уларнинг баридан келадиган даромадни бир тасаввур қилинг-а! 2011 йил ҳисоб-китобларига кўра, компютер ўйинлари ортидан келган даромад Голливуд киносаноатини ҳам ортда қолдирган. Хўш, ниманинг ҳисобига? Болаларимизнинг қизиқишлари, янаям аниқроғи, уларнинг қимматли вақти ўғирланганию маънавиятининг айниши ҳисобига.

Сиздан анча узоқда жойлашган тўйхонада бирор яқинингиз тўй қилса, албатта, борасиз. Эринмасдан, базм учун алоҳида тайёргарлик кўрасиз. Лекин болангиз ҳар куни боришни канда қилмаётган интернет-кафега бир марта бўлса-да бош суқмайсиз. У ерда болалар нима қилишади, қандай мавзуларда суҳбатлашишади, бехабарсиз.

— Интернет-кафе ёки компютер клубларидаги шовқин-суронлар, сўкинишлар, у ердаги ҳавонинг ифлослиги ва техникалар тарқатаётган кўринмас тўлқинлар боланинг асаб тизимига жуда катта шикаст етказади, — ­дейди шифокор Саидакбар Эшонтурдиев. – Компютерхоналарга танда қўйишни одат қилган бола улғайгани сайин одамови, асабий, қўпол, қаҳри қаттиқ бўла боради. Бундай болаларнинг қўли титрайди, боши тез-тез оғрийди, овқат ҳазм қилиш тизими бузилади. Бироқ шафқатсизликни тарғиб қилувчи ўйинларнинг болага етказадиган маънавий зарари бундан бир неча баробар кўпроқ.

Хўш, болалар ўйнайдиган ўйинлар қандай номланади? Агар сиз ҳам ушбу ўйинларнинг номини билиб ва ҳатто ёдлаб олсангиз, табиийки, уларга компютер олдида соатлаб ўтиришга рухсат бермайсиз.

ACTION Game’s таснифига кирувчи ўйинлар. Бу турдаги ўйинлар отишмаларга, порт­лаш ва турли ур-йиқитларга бой. Ундаги қаҳрамонлар бошқаларига қараганда кучли, ҳар томонлама “етук”, оғзи шалоқ, ичкиликка мойил, безори персонажлардир. “Counter-Strike”, “Bad Boys”, “The Godfather”, “Hitman” каби ўйинлар ҳам ана шу турга киради. Буларнинг ичида, айниқса, бир неча йиллардан буён катта қизиқиш билан ўйнаб келинаётган ва турли хил кўринишларга эга бўлган “GTA” деб номланган ўйинни “безорилик китоби” деса бўлади. Қамоқдан чиққан каллакесарнинг қабоҳатга тўла ҳаёти кўрсатиб берилган бу ўйинни, ҳатто 7-8 яшар бола ҳам қийналмасдан бемалол ўйнайди ва беҳаё, безори “қаҳрамон”нинг жиноий ишларига кўмаклашади. Бу ўйин ёш болаларнинг онгини заҳарлаш учун яратувчилар томонидан атайлаб дастурланган.

Speed Game’s тоифасига кирувчи ўйинлар автотранспортлар пойгасидан иборат. Бу ўйинлар бир қарашда оддий пойгадан иборатдек туюлса-да, аслида ана шу пойгаларда бўлаётган авариялар, уларда тезликка интилиш, қонун посбонларига бўйсунмаслик ва қоидабузарликларни “қаҳрамонлик” тарзида кўрсатилиши бу турдаги ўйинларни ўйнаётган болани реал ҳаётда ҳам шундай ишларни такрорлаб кўришга ундаши мумкин.

Patriot Game’s. Бу тоифага кирувчи ўйинлар бир қарашда ватанпарварлик руҳи ­сингдирилган ўйинларга ўхшайди. Лекин, афсуски, сиз у ерда бошқа юрт фуқароси сифатида жангга кирасиз ва турли мамлакатларда уруш ҳаракатларини олиб борасиз. Бу боладаги ватан туйғуси сўндирилишига, ва унда “космополитизм”нинг шаклланишига олиб келади. Бу ўйинлар ўта хавфли. Улардан энг таъсири кучлилари “CALL of DUTE”, ”MEDAL of HONOR”, ”The LINE” кабилардир.

Савол туғилади. Фарзандларимизни ­бундай ўйинлар чангалидан халос этмоқ учун нима қилмоқ керак?

Бу каби салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида ёшларни носоғлом ахборотлардан ҳимоя қилиш механизми ишлаб чиқилган. “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунда ёшлар орасида шафқатсизлик, ҳаёсизлик ва зўравонликни ташвиқ қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар маън этилиши, “Бола хуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда эса зўравонликни, шафқатсизликни ва порнография маҳсулотларини ­намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини ерга урувчи, болаларга салбий таъсир кўрсатувчи ва қонунни бузиш каби хунук ишларга олиб келувчи воситалардан фойдаланиш, шу каби манбаларни тарқатиш қатъиян тақиқланиши белгилаб қўйилган.

Аниқ мисолларга эътибор берадиган бўлсак, ўтган йил божхона ва ички ишлар ходимлари томонидан икки юздан ошиқ ноқунуний ҳолатлар аниқланиб, тўққиз мингдан зиёд четдан келтирилаётган лицензиясиз дисклар қўлга олинган. Божхона ходимлари саъй-ҳаракати билан шундай дискларнинг олиб кирилиши қаттиқ назорат қилинаётганига қарамай, бундай ўйинлар кўчириб ёзилган дисклар турли йўллар билан ҳудудимизда тарқалмоқда. Контрабанда йўли билан кирадиган маҳсулотлардан фарқли ўлароқ, бу каби товарларни урчитиш осонроқ. Гапимизни мисоллар орқали давом эттирсак, бугун бозорларда, одамлар гавжум жойларда сотилаётган дисклар орасидан ана шундай ўйинларнинг юзлаб турини учратиш мумкин. Дискларнинг баҳоси эса икки ярим-уч минг сўм. Яъни, ана шундай ўйингоҳ очаётган “тадбиркор” учун бунга ўхшаш дисклардан ўн-ўн бештасини олиб, компютерларга ўрнатишнинг ҳеч қандай мушкул жойи йўқ. Компютер ўйинхоналарининг эгалари мўмай пул эвазига болаларга дискларни тўлдириб, ана шундай ўйинларни ёзиб ҳам беришади. Ўз навбатида, болалар ҳам уларнинг нусхаларини кўпайтириб пуллашади. Хуллас, бу шундай занжирки, аҳамият бериб қаралмаса, табиий бир ҳолдек туюлади. Уни узиб ташлаш учун, занжирнинг ҳар бир халқасини синчковлик билан ўрганмоқ зарур. Яъни болаларга салбий таъсир ўтказувчи хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун ҳудуд профилактика инспекторлари ҳамда маҳаллалар қошида ташкил қилинган ёшлар билан ишлаш комиссиясининг аъзолари ана шундай компютер ўйингоҳларини тез-тез назорат қилиб ­туриши, махсус рейдлар уюштириши лозим. Шундагина қонунбузарларни аниқлаш, тегишли чораларни қўллаш мумкин бўлади.

— Илгарилари интернет-кафеларнинг фаолияти эрталабгача давом этарди, — дейди Чилонзор тумани Катта хирмонтепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Ҳусанов. — Аниқланишича, ушбу масканларда эшиклар ичкаридан ёпилиб, яширинча фаолият олиб борилар экан. Ўтказилган ­рейдлар натижасида ана шундай ўйингоҳлар фаолиятига чек қўйилиб, иш вақти тунги йигирма учгача қилиб белгиланди. Соат тунги йигирма бирдан кейин эса вояга етмаган ­болаларнинг бундай жойларга кириши ­таъқиқланади.

— Биз ҳар ой маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда интернет- кафеларда тафтиш ўтказиб борамиз, — дейди Чилонзор тумани ИИБ профилактика инспектори, лейтенант Дилмурод Эргашев. — Бундан ташқари вояга етмаган ёшларнинг, асосан мактаб ўқувчиларининг дарс пайтида ана шундай жойга бормасликларини қаттиқ назоратга олганмиз. Агар болалар тақиқланган ўйинларни ўйнаётгани ёки филмларни кўраётганини аниқласак, аввало, ушбу интернет-кафе эгаларини жавобгарликка тортамиз. Қолаверса, айни пайтда ота-оналар, мактаб ўқитувчиларини йиғиб тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб бораяпмиз.

XXI асрнинг шиддати тез, шўхлик қони мавж уриб турган болакайлар эса янгиликка ва ғаройиботларга ўч. Табиийки, бу ҳолат уларни компютер ўйинлари томон етаклайди. Демак, ўз-ўзидан миллий руҳда тайёрланган, халқ оғзаки ижоди образлари ёки эртак қаҳрамонлари қатнашган ўйинларни кўпроқ яратишга эҳтиёж сезилади. Ватанимиз тарихидан сўзловчи ўйинлар эса болалар билимини ошириш билан бир қаторда, уларда Ватанга ­муҳаббат туйғусини ҳам тарбиялайди. Турли хил топишмоқ ва ақлий ўйинлар ҳам улар учун кони фойда. ­Фақатгина ушбу ўтган ўйинларни мукаммал, қизиқарли қилиб ишлаш лозим. Бунинг учун эса мутахассислар ва технологиялар етарли.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 21-сонидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!