Қудрат Дўстмуҳаммад. Отанг – бозор, онанг – бозор

Қадим замонларда мурувватли инсонлар етим болаларга ҳунар ўргатиб, йўлга солиб юборишган. Бунинг иложи бўлмаса, бошини силаб юпатишган ва “Ота-онам ўлиб кетишди, энди нима қиламан, деб ўксинма, мана биз бормиз, қўлимиздан келганча қарашиб турамиз, қолаверса, ўзинг ҳам катта бола бўб қолдинг. Бозорга чиқ. Бозор сени боқади, отанг – бозор, онанг — бозор” – дейишган.

БОЗОР

Бу сўз одамларга жуда қадрдон бўлиб кетган. Усиз жамият ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Шаҳарни қўяверинг, ҳатто қишлоқларда, чўлу биёбонларда яккам-дуккам бўлиб яшайдиган одамлар учун ҳам бозор – бебаҳо маскан. Шаҳар одами ҳар куни бир ё бир неча марта бозорга кириб чиқса, қишлоқдагилар бозор куни келишини интизорлик билан кутишади. Чунки у ерларда бозор ҳафтанинг икки куни, одатда, чоршанба ва якшанба куни ишлайди-да.

Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб “бозор иқтисодиёти”, “эркин бозор” деган сўзлар кўп айтиладиган бўлди. Ўшандан буён бозор шундоққина кўз ўнгимизда қад кўтарди, турли-туман шаклларга кирди, мазмунларга эга бўлди. Қурилди, бузилди, яна қурилди… Бу жараён шунчалик шиддатли ва кучли эди-ки, унга унча-мунча куч бас келолмасди. Совет давлати емирилиб, бозорнинг тўсиқлари озгинагина очилиб кетган вақтни эсланг…

Шўролар даврида ҳам сотувга чиқадиган маҳсулотлар кўп эди, лекин яхшироқ бир нарса – саноат маҳсулотими, озиқ-овқатми, топиш қийин эди. Гоҳида устидан чиқиб қолмасангиз, режалаштириб, кейин сотиб олиш учун сотувчи ё омбор ходими билан “тиллашиб” олиш керак бўларди. Шунинг ҳам уддасидан чиқмасангиз, истаган нарсангизни тополмас эдингиз. Яхши нарса сотиб олиш учун пулдан ташқари “тил” ҳам керак бўлган. Яна, шуниси ҳам бор эдики, “зар”ингиз ва “зўр”ингиз бўлса ҳам истаган нарсага эришаман, деёлмасдингиз. Масалан, битта оилада иккита(!) енгил автомобил бўлиши ёки пишиқ ғиштдан данғиллама уй қуриш… Уҳ-ҳ! Даҳшат! Бунақа бойликларга эга бўлиш хатарли эди. Бундай одам дарров терговга тортилар эди.

Қизиқ эди, шўролар даври. Масалан, уйингдаги нокерак нарсани бозорга обчиқиб сотиш чиройли иш ҳисобланмасди. Зиёлилар бундай ишдан жуда уялишарди. Бойлик орттириш мақсадидаги ҳар қандай ҳаракат эса, жиноят ҳисобланган, жиноятнинг жазоси эса – қамоқ!

Ҳаётнинг ўз қонун қоидалари бор. Агар одамлар уларни инкор этса, ўзини кўриб-кўрмаганга солса, бир кун келиб, бундай жамиятнинг аҳволи танг бўлиб қолар, инкор этилган қонун-қоидалар эса, ўз ўрнини топиб олар экан. Шўролар давлати тақдирида бунинг тасдиғини кўрдик.

* * *

Шўро республикалари – ҳозирги тил билан айтганда, мустақил давлатларда бозор ана шундай қилиб, ўзига йўл очиб олди. Йўл очилди, лекин “гўдак” бозор парокандалик билан иш бошлади.

Аввалига дўконлар бўшаб қолди. Кундалик турмуш учун керак энг зарур маҳсулотлар — озиқ-овқатлар, маданий-маиший товарлар камайиб кетди, уларни топиш мушкул иш бўлиб қолди. Бундай аҳвол қизиқчи санъаткор Ҳожибой Тожибоевга жуда қулай келди…

Бир одам, савдо ходими – дўстига “Магазинингда шакар борми?” деса, “Бор” депти. “Қанд-чи?” деса, яна “Бор” депти. “Гўшт бўлиб турадими?” деса, “Қачон келсанг, топилади” депти. “Ҳазиллашаяпсанми, дўстим?” деган экан, “Номард, ҳазилни ўзинг бошладинг-ку”, — дермиш.

Қизиқчилар омон бўлсин (Ҳожибой Тожибоевни Аллоҳ раҳмат қилсин), ҳар қандай йиғлайдиган аҳволда ҳам кулгили бир гапни топиб туришади.

Ўша пайтдаги аҳвол жудаям, уввос солиб ёки эзилиб йиғлайдиган даражада бўлган эмас. Дўконларга кирсангиз, бир нималик бўлиб кетиш мумкин эди. Масалан, шакар бўлмаса, шакар солиш учун пластмассадан ишланган, чиройли, жажжи идишчалар топиларди. Майли-да, яхши ният билан олиб қўйсангиз, бир кун келиб шакар ҳам топиларди. Совун бўлмаса, пештахтада совун соладиган қутичалар кўзингизни қувнатиб турарди. Тиш пастаси тугаб қолган бўлса, “зато” тиш чўткалардан истаганча сотиб олишингиз мумкин эди. Давлат дўконларидаги сотувчилар гўшт, гуруч, ун, ёғ каби маҳсулотларни ҳам йўқ, деб туришса, китоб дўконларига кирсангиз, пазандаликка оид китоблар бемалол эди. Сотиб олиб, иштаҳани қитиқлайдиган овқатлар расмини бемалол томоша қилиш имконига эга бўлардингиз. Фақат шунинг ўзи эмас, тўкин-сочин кунларни умид қилиб, керак бўлиб қолади, десангиз, китобда кўрсатилган овқатларни тайёрлаш технологиясини ёд олишингиз мумкин эди…

Ўша, тақчил бўлиб кетган маҳсулотлар чайқов бозорларидан, деҳқон бозорларидан топиларди, лекин нарҳлари, кўпчилик ишхонасидан оладиган маошга қараганда, баланд юрарди, шу сабабдан ҳамманинг ҳам қўли етавермасди.

Ана шунақа аҳволлар бўлган.

Эркинликка чиққан бозор ҳамма нарсани дарров қойил қилиб қўйгани йўқ. Моддий таъминотни, аввалига бадтар ёмонлаштирди, лекин кун сайин ўзгариб, яхшироқ шаклга кириб бораверди, янгича мазмунга эга бўлди, улғайди, куч-қувватга тўлди. Шундай қилиб, ҳақиқий эркин бозорга айланди. Натижада, ҳозиргидек тўкин-сочин шароитларга етишиб турибмиз. Ҳозир пул бўлса бас, истаган нарсангизни, истаган миқдорда харид қилишингиз мумкин. Қўша-қўша енгил автомобил оласизми, автобус ёки самолёт оласизми, пишиқ ғиштдан на фақат участка, данғиллама қасрлар қурасизми, “пажалиста!” биров “ғинг” демайди.

Барибир, ҳозирги бозорни ҳам бенуқсон деб бўлмайди. Бунданда яхшироқ бўлиши керак. Бўлади ҳам!

Аммо, Бозор жаноби олийлари, моддий таъминотни йўлга қўйиш билан бирга, бошқа қанақанги ўзгаришлар қилиб юбормади!

Кўчалар, кўприклар, сайлгоҳлар, биноларни айтмай қўя қолинг, одамларга қаранг, одамларга! Одамларнинг онги, яшаш тарзи, дунёқарашлари таг-туги билан бошқача тус олмадими, янги-янги шаклларга кирмадими? Пайдо бўлган янгича касб-корларнинг саноғини билиб бўлмайди. Биз фақат бозорга тегишли бир нечтасини алоҳида-алоҳида кўриб чиқамиз.

ХОТИН МАРДИКОР

Мардикор сўзининг луғавий маъноси, аслида, “эркак ишчи” дегани. Уни аёлларга боғлаб айтиш қулоққа ғалати эшитилади. Шунга қарамай, тилимизга суқулиб кириб олди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида хотин мардикор бозорлари пайдо бўлди.

Бундай аҳвол эркаклар шаънига ҳам, сиёсий нуқтаи назардан ҳам яхши эмасди, чунки бунақаси ўтмишда ҳеч учрамаган. Мардикорликка чиққан аёллар, “Нима бўпти? Ўтмишдаги аёлларнинг дунёқарашлари, эҳтиёжлари бошқача эди, ҳозир эса, бозор иқтисодиёти, эркагу аёлнинг ҳуқуқлари тенг” мазмунида фалсафа юритган бўлишлари мумкин.

Ҳаётнинг қийинчиликлари ҳамма даврларда бўлган, бундан кейин ҳам бўлади! Ҳаёт бизнинг хоҳиш-истагимизга қараб ўтирмайди. Табиат, аслида, шундай яралган. Ҳозирги вақтларда баъзи аёлларнинг мардикорликка чиқиши эса, борига қаноат қилмаганидан келиб чиққани шубҳасиз, чунки мустақилликнинг дастлабки йилларидаги қийинчиликда ҳам ҳеч ким очликдан ўлар ҳолатга келиб қолган эмас. Шу кунларимизда “хотин мардикор” деган касбнинг умри тугаб боряпти.

ТИЛАНЧИЛИК

Бу касб қадимдан бор. Бозор иқтисодиёти шароити эса унга кенг имкониятларни очиб берди. Ҳалол меҳнатни ўзига оғир иш, деб билган, уят-андишани бир чеккага улоқтириб ташлаганлар тиланчиликни ўзига касб қилиб олди ва олаяпти.

Ўзига шуни раво кўрибдими, қилаверсин. Оч-яланғоч қолмайди, баъзи бир майда касбларга қараганда кўпроқ топиши ҳам мумкин, бироқ билиб қўйсинки, бу иш Оллоҳга ҳам маъқул келмайди. “Ким қасддан шундай ишга қўл урибди, биз унинг аҳволини бадтарроқ қилиб қўямиз” — деган мазмундаги ваъдаси бор Оллоҳнинг. Халқнинг эса, қорни тўқ, эгни бутун, ҳар қанча тиланчи бўлса, индамасдан боқишга қурби етади.

Метро бекатидан чиқиб, ишхонам томонга кетаётганимда гоҳ-гоҳ бир мўйсафид тиланчига кўзим тушади. Оппоқ соқолли, оқ салла ўраган, эгнида оқ чакмон, оқ шалвор, қўйингчи, оёғидаги шиппаги ҳам оқ. Бундай нуроний чолни кўрганда дили эриб кетмайдиган одам кам топилса керак. Ҳассасини бир қадам олдинга тираб, унга суянганча сал букилиб олиб, тасбеҳини силкитиб ўйнаб ўтган-кетгандан тиланади.

Бу одам ўткинчиларни нима деб дуо қилаяпти экан, деб ҳар гал қулоқ тутаман, лекин нима деяётганини илғаб ололмайман, бидир-бидир қилади, фақат охирги сўзи «балам»ни тушуниб қоламан.

Шундай тонгларнинг бирида, мен кетаётган томонда бошқа йўловчи йўқ эди. Ҳозир, бир неча қадамдан кейин тиланчининг ёнидан ўтаман.

Мен тиланчиликни касб қилиб олганларни кўрарга кўзим йўқ, ҳеч қачон садақа бермайман. Ичимда нафрат билан ўтиб борарканман, тиланчи ортимдан «санга офат ёғилсин, балам» деганини англаб қолдим (у авзойимга қараб, ичимдаги туйғуларни сезган бўлиши мумкин). Шу заҳоти тўхтаб, тиланчига бурилиб қарадим. Ичимдаги нафратим юзимга қалқиб чиқди шекилли, бир неча сония чолга тикилиб турдим. У ҳам менга тикилганча дуосини давом эттираверди. Табиийки, дуонинг давоми ижобий эди.

Шу вазият учун кўплик қиладиган сониялар давомида унга нафратларимни ёғдириб туравердим, ниҳоят: «Сенга шунинг ўзи кифоя, бир оғиз сўзим – хайф!» дедим-да, йўлимда давом этавердим.

Шу воқеа шўролар давридаги марказий газеталардан бирида ўқиганим, бир воқеани эсга туширди.

Совет журналистларидан бири Парижда ҳамкасабаси билан гаров ўйнайди. Унинг айтишича, одамлар тиланчини кўрганда, нима деяётганига эътибор бермасдан садақа ташлаб кетаверишар экан. Тиланчи одамларни сўкиб, ё уларни дуойибад этиб турса ҳам, барибир садақа тушаверар экан. Гаров битими тузилгач, журналист қалин қоғоз топиб, унга «Одамлар, менга сизларнинг садақангиз керак эмас. Мен сизлардан нафратланаман!» деб ёзади-да, бўйнига илиб олади. Шу алфозда одамлар гавжум жойга кириб кетади-да, бир соатда икки юз франк садақа тўплаб чиқади. Шундай қилиб, гаров пулини ҳам ютиб олади.

Биздаги тиланчилар ҳам омманинг психологиясини биладилар, шунинг учун садақа бериб ўтадиганни дуо қилиб, индамай ўтадиганларни дуойибад қилаверишади. Шундай бўлиши мумкин, деб ҳеч кимнинг ҳаёлига келмайди. Мана энди, гадойлар ўзаро гурунг қилганда омманинг омилигидан кулиб ўтиришларини би-ир тасаввур қилиб кўринг-а!

Бу гадойларни бечора деб бўлмайди: уй-жойи бор, телевизори бор, йўқ деганда, бир-икки кунлик озиқ-овқати бор, меҳнат қилишга шароити бор; тўплаб қўйган пулларини-ку, Оллоҳ билади! Уларни ишёқмаслар дейиш тўғрироқ бўлади, тиланчиликнинг турли-туман йўлларини “кашф” қилиб юришади. Аввало, бозорларни, масжидларни, тўйхоналарни ишғол этиб, учраганга шилқимлик қилишади, серқатнов чорраҳаларда турволиб, тўхтаган автомобил ҳайдовчиларининг “дилини эритишади”. Қаватли уйларга кириб, ҳар битта квартира қўнғироғини босиб чиқишига нима дейсиз?! Квартира эгаси безовта бўлиб эшикни очса-ки, “донишмандсифат” бир зот дуо қилиб турибди-да. Нон берса олмайди, пул берса олади-да, қанча бераяпсан деб санайди. Мабодо камроқ берган бўлса, мулзам қилишдан ҳам тоймайди. Суриштириб келганда, шу квартира эгаси шу гадойдан ночорроқ аҳволда бўлиши мумкин. Ишёқмаслар “иш” усулларини ўзгартириб, гоҳи-гоҳида бошқа шаҳарларга, курортларга “гастрол”га чиқиб туришади.

Ҳар тонгда одамлар иш ва ўқишга шошилсалар, “профессионал” гадойлар тиланчилик масканларига шошиб транспорт воситаларини банд қилишади, уларни деб ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланаётганлар қолиб кетиши мумкин. Эрталаб метрога кириб олса бўлди, кечгача йўлдан-йўлга ўтиб, пассажирларни “аҳмоқ” қилиб, ҳамёнини қаппайтириб юраверади. Ҳеч ким: на милиция ходими, на метро хизматчиси, на пассажирлар “Ҳей!” демайди.

«Нега баъзи одамлар бола-чақаси, уруғ-аймоғи билан фақат тиланчилик қилиб юради? Ахир меҳнат билан тирикчилик қилиш йўллари тўлиб-тошиб ётибди-ку» деб ҳам ўйламаймиз. Олдимизда «оч қолдим» дея дод-фарёд солиб турса, «Оллоҳ йўлига садақа қилинг!» деса охирги пулимизни ҳам топшириб кетаверамиз. Бу билан, «Оллоҳга маъқул бўладиган иш қилдим», деб ўйлаймиз, чоғи. Ваҳоланки, ишёқмаслик, текинхўрликни рағбатлантирган, тиланчини иймон йўлидан тўсган бўламиз. Мана шу ишимиз Оллоҳга хуш келармикан?

Бу – масаланинг бир томони. Бошқа томонларига ҳам жиддий қараш вақти келди, «Профессионал» гадойлар жума намозга кираётган ва ундан чиқаётган одамларнинг йўлида турволиб, халойиқнинг ҳаракатига ҳалал берадилар, тиғизлик ҳосил қиладилар. Бу ҳам майлига, энг ёмони шуки, уларнинг дод-фарёди жамиятимизга отилаётган тош эканлигини ҳеч ким ўйламаяпти.

Тўғри, жамиятда кам таъминланган, иқтисодий жиҳатдан қийналган одамлар бор, лекин ҳеч кимнинг аҳволи дод-фарёд қиладиган даражада эмас-да! Катта харажатларни истисно қилганда, бироз меҳнат қилган одам нонини топиб ейишига доим имконият бор. Буни ҳеч ким инкор қилолмайди.

Балки, гадойчилик меҳнат қилгандан кўра кўпроқ даромад келтирар? Ҳам жонингни койитмайсан. Одамлар латифанамо бир гапни айтишарди. Эмишки, қайсидир бир актёр кинода тиланчи рўлини ўйнаши керак экан, озгина тажриба орттириш мақсадида, эски-туски кийимларни кийиб, юзларига соқол-мўйлаб ёпиштириб, уйидан яширинча чиқиб кетибди-да, овлоқ бир жойга турволиб тиланчилик қилибди. Кечки пайт, яна яширинча уйига кириб олибди. Тушган пулларни санаб кўрса, тиланчилик қилишга арзир экан. Шу-шу, актёр кинода рўл ўйнашни ҳам йиғиштириб қўйган эмиш… Тиланчи-ки, кўп пул тўплар экан, бу — жамият ҳаётининг умуман, яхшилигидан дарак эмасми?

Жума намозидан кейин масжид олдида дод-фарёд қиладиган аёллардан бирини бекатда кўриб қолдим. Мен автобус пойлаб турибман, у бўлса, қўлида гўдаги, етагида яна бир боласи билан бекатга келдию, ҳеч қаёққа алангламасдан кўрсаткич бармоғи билан ерга имо қилиб, такси тўхтатди.

Мана, сизга, норасидаларига нон топиб беришга “қийналиб қолган” одамнинг ҳақиқий аҳволи!

Бундай одамлар жамиятда учраб турадиган иқтисодий қийинчиликлардан усталик билан фойдаланадилар, устига-устак билибми-билмайми, жамиятнинг аҳволини тубанлаштириб кўрсатадилар.

Жамиятимизда «тиланчилик мафияси» «тиланчилик системаси» вужудга келаётгандек кўринади. Акс ҳолда, масжидлар ён атрофидаги тиланчилар қаерда туришини белгилаб берадиган, бегона тиланчи кўринган заҳоти қувлаб юборадиган «раҳбар» шахслар пайдо бўлганини қандай тушунтириш мумкин. Афтидан, бу «система» дан манфаатдор кишилар кўлами кенгроққа ўхшайди.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир салбий масалани ўртага ташлашни лозим кўрдик. Баъзи оналар норасида болаларини ўқитиш, меҳнатга ўргатиш ўрнига тиланчиликка ўргатаяптилар. Жума кунлари масжидлар олдида, бошқа кунлари метро вагонларида ана шундай болаларни кўплаб учратиш мумкин. Нашъа қиладигани жойи шуки, ўзи ювуқсиз, исқирт, динда ғирт саводсиз бўла туриб, Оллоҳни ўртага қўяди, ота-бобоси тенги одамларни дуо билан эритмоқчи бўлади ва қисман бунга эришадиям.

Тоғни урса талқон қилгудек куч-қуввати бор йигитлар, эркак кишилар меҳнат ўрнига гадойчилик қилиб юришларига ҳам тоқат қилиб бўлмайди.

Меҳнат билан кун кўриш имконияти бўла туриб, гадойчилик қилишдан уялмаган одам йўлида учраб қолган криминал ишлардан ўзини тийиб қола олармикин? Ёки, профессионал жиноятчилар билан тил бириктирмайди деб, ким кафил бўла олади? Ўшалар бўлажак жиноятларнинг “захира”ларидан биттаси эмасми?

Ислом шариати тиланчиликка қандай муносабат билдиради, деган савол туғилиши табиий. Шаръий ҳукмлар тўпламида: “Бир-икки кунлик озиқ-овқатингиз бўла туриб, кишидан садақа сўрамангиз” – дейилган.

Оллоҳ тиланчилик қилган одамнинг қўлини бундан ҳам паст қилиб қўяди, мазмунида ҳадис бор. Қуръони каримнинг бир неча ўрнида Оллоҳ таоло пайғамбаримиз (с.а.в)ни, тиланчилик жеркиб ҳайдамасликка даъват қилган, шунинг учун шариат бунга қаттиқ амал қилади. Мана, шу ўринда бир нарсани эътиборга олиш зарур кўринади: Оллоҳ, тиланчи деганда ҳақиқий мискин, фақир, умуман, бечораҳол одамни назарда тутган, ҳар куни одамларга шилқимлик қиладиган ишёқмасларни, садақа берганни дуо қилиб, бермаганни қарғайдиган сурбетларни эмас. Пайғамбаримиз (с.а.в) тиланчи “мақомига” кириб олган ишёқмаслардан бирининг қўлига уйларидаги болтани обчиқиб бериб, мана шу билан ўтин тайёрлаб тирикчилик қилгин, деган эканлар. Шундан ибрат олиб, ҳозирги одамлар ўша ишёқмасларга танбеҳ берса, “Ҳей, гавданга яраша иш қилсанг-чи, уялмайсанми гадойчилик қилишдан” — деса гуноҳ бўлиб қолмайдику. Аксинча, меҳнат қилишига, дину-диёнат йўлига киришига туртки берган бўлишарди. Ахир, динимиз атрофидаги салбий ҳодисаларга бепарво бўлишни қоралайди, “Менга нима?” деб тескари қараб кетишни гуноҳ деб очиқ-ойдин айтиб қўйган-ку. Ўзим мусулмон бўлсам бўлди-да, бошқалар билан нима ишим бор дейиш Оллоҳга ҳам ёқмайди!

“Ҳадис ва ҳаёт”китобларининг 8–жузида мана бундай ибратли сўзларни ўқиймиз: “Аслида мусулмон одам мискин, фақир-камбағал бўлиши керак эмас. Қўлидан келган барча ҳалол имкониятларини ишга солиб, ўзини ўзи таъминлаб фаровон турмуш кечиришга интилиши лозим. Бу мусулмонга фарз. Аммо дунё бир хил турмайди, турли ҳодисалар рўй беради, инсон хоҳлаган нарса бўлавермайди. Ана шу сабабга кўра танг ҳолатга тушиб қолган мусулмон ҳам ўзини бардам тутиши керак. Одамлар унинг бу ҳолини билиб қолмаслиги керак. Дарҳол бировлардан ёрдам, садақа сўрашга шошилиш яхши эмас. Ўзини ана шундоқ тутган одам мискин бўлади. Бошқа мусулмонлар уларни қидириб топишлари, закотга ҳақдор санаб, ҳақларини топширишлари лозим.

Одамлардан хиралик ила нарса сўраб юриш, бир-икки луқма учун ҳам тиланишдан қайтмаслик тиланчининг иши. Тиланчилик эса мусулмонларда қоралангандир. Тиланчи шу йўл билан ҳожатини чиқарса, мискин ўзи сўрамагани учун кишилар унинг ҳолидан хабардор бўлиб турадилар.

ЧОРЛОВЧИЛИК

Бозор жаноби олийлари шаҳар транспорти аҳволини қойилмақом қилиб қўйди. Ҳудуди анча катта бўлган пойтахтнинг бир чеккасидан наригисига битта автобус ёки йўналишили такси билан етиб олиш мумкин.

Йўналишли такси эркин бозорнинг меваларидан биттаси. Шу бўлмаса, транспортнинг бошқа турлари шаҳар аҳолисининг транспорт қатновларини қондиролмаган бўларди. Бу такси “чорловчилик” деб аталган янги бир касб пайдо бўлишига сабабчи бўлди. Йўналишли таксиларнинг охирги бекатларида, ҳар битта машина ёнида, йўловчиларни чорлайдиган битта одам турволиб тинмай сайрайди:

Подром, подром, подром! (Бу – ипподром сўзини автоматдан тариллатиб отгандек тез айтиш).

Ганга, Себзар, Тахтапул, Юнусаба-ад!

Қўйлиқ, Қўйлиқ, иккита ўрин қолди. Кетамиз!

Ўрикзор, Ўрикзор! Кетяпмиз! Битта ўрин қолди! Адин чалавек!

Маданият! Гулистон!

Шундай касб ҳам керак экан-да? Машина йўловчилар билан тезроқ тўлиши учун кимдир одамларни чорлаб турса, ҳайдовчи бир пас дам олволади ёки бошқа ишларини битказишга уннайди, чорловчининг меҳнати учун ўз ёнидан ҳақ беради.

Бу иш мутлақо норасмий! Лекин, бора-бора расмий мақом берилиб, чорловчилар ҳам солиқ тўлайдиган, меҳнат дафтарчасига эга бўладиган даражаларга етиб қолиши мумкин.

Бошқа кўплаб касбларнинг тарихи ўрганилса, келиб чиқиши ана шу чорловчиларникига ўхшаган бўлиши турган гап.

Ҳа, халқ ижодкор-да! Зийрак одамлар қаерда нима етишмаётганини тезда англаб олиб, бирорта амалдор ёки расмий идоранинг қарорини кутиб ўтирмасдан, ишни бошлаб юборадилар, шу билан тирикчилик қиладилар. Қарабсиз-ки, янги бир касб дунёга келиб турибди. Улар бу ихтиролари учун ҳеч кимдан мукофот кутмайдилар, бизларни тинч қўйсанглар, бас, деб турадилар. Бу касб оммавий тус олгач, маъмурий идоралар қизиқиб қоладилар-да, расмий тус бериб, қатъий чегаралар ичига солиб қўйишади.

Чорловчилик касби хусусий ошхоналарда ҳам бор. Энди, катта-катта бозорлардаги қатор-қатор дўконларга ҳам тарқалиши мумкин.

Бу касбнинг тагида муҳим бир гап бор. Модомики, қайсидир хусусий корхона қошида чорловчилар ишлай бошлабдими, демак ўша ерда одамларга хизмат кўрсатиш маданияти ошибди, деяверинг. Ўша ерга борган одам беэътибор қолмайди, илтифот билан кутиб оладиган ходимнинг ўзи келади. Ҳеч бир сўзингиз ерда қолмайди, сизни қониқтирадиган сўзни албатта эшитасиз.

Бундай шароитлар ҳозирча саноқли ерларда юзага келаяпти. Аксар савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари одамларининг “маданияти”ни кўриб, ёқа ушлайсиз. Масалан, айтайлик, қайсидир туман гузарида қатора ўтирган нонвойлар олдига бориб, биттасига (бу вақтда нон сотувчи аёл қўшниси билан қандайдир “оламшумул” масала устида тортишаётган бўлади) “Нонингиз неча пул?” деб сўраб кўринг-чи, нима бўларкин? Ҳеч нима бўлмайди! Чунки сизга ҳеч ким жавоб бермайди. Нонвой аёллар эса тинмай сайрайди, сиз мурожаат этган аёл, эҳтимол, сиз томонга юзини буриб қарар, лекин тили қўшнисига зарба беришдан тўхтамайди, “Нон сотасизми ё гап сотасизми?”- дейишга мажбур бўласиз, бунақа сотувчининг молини олишдан кўра, тезроқ нари кетишни афзал кўрасиз.

Бунақа аҳвол кўчада экан-ку, данғиллама савдо кошоналарига кириб, буюртма бермоқчиман, деб кўринг-чи, биров сизга эътибор берармикин?

ЧАЙҚОВЧИЛИК

Эркин бозор чайқовчилик касбини жуда гуллатиб юборди-да!

Нима? “Чайқовчи” деган сўзни эшитмаганмисиз? Э, гап бу ёқда, денг. Бўлмаса, билиб қўйинг: бозорлардаги олибсотарлар бор-ку, ана ўшалар шўролар даврида “спекулянт, олибсотар, чайқовчи” деб аталарди. Бу сўзлар шунчаки эмас, нафрат билан, жирканиб талаффуз этиларди, чунки уларнинг асосий мақсади — коммунистик жамият қуриш эмас, бойлик орттириш бўлган. Бойлик орттириш эса, коммунизм ғояларига зид бўлиб, бундай одам жиноятчи ҳисобланган. Улар учун қатор-қатор “статья”лар белгиланган бўлиб, қилмишининг мазмуни ва кўламига қараб, турли йилларга қамаларди. Энди, ўша, нафрат билан аталадиган сўзлар аста-секин унутилиб, “тижоратчи, бозорчи, савдогар” деган сўзлар ишлатилаяпти.

Савдогарчилик касби инсоният ихтиро қилган энг қадимги касб бўлса керак? Бундай одамлар ҳамма халқларда бўлган ва ўзига яраша обрў-эътибор қозонган. Улар дунё мамлакатларини, халқларини бир-бирига боғлаб туришган, моддий неъматларни айирбошлаш билан бир вақтда, ўлкалар ва одамлар ҳақидаги маълумотларни ташиб юришган. Бошқаларга қараганда тўқроқ ва яхшироқ яшашган.

Аслида, улар ҳам олибсотар-да! Бир жойдан арзонроққа олиб, ўз юртига ёки бошқа бир ўлкаларга обориб, қимматроқ сотган. Шунинг ҳисобига яшаган, бола-чақа боққан. “Нимаси жиноят?!” — дегинг келади. Одамларни алдаса, қаллоблик қилса, жиноят, лекин ўз меҳнатига яраша нарҳ қўйиб сотса, истеъмолчиларнинг ҳожатини чиқарса, рисоладагидек иш эмасми?

Шўролар давридаги сиёсат, маҳсулот ишлаб чиқарувчининг ўзи уни сотиш билан шуғулланиши керак, деган нотўғри бир тушунчани ушлаб олган эди. Шунинг учун олибсотарни бойлик орттиришни мақсад қилиб олган текинхўр, муттаҳам, деб қоралаган ва жиноят кодексларига киритиб қўйган, оддий бир ҳақиқатни тан олгиси келмас эди. Масалан, шаҳарлардаги бозорларга кираверишдаги пештахталарга “Деҳқон бозори” деб ёзиб қўйишарди. Бу одат, бозорда деҳқонлар ўзи етиштирган маҳсулот билан савдо қилади, олибсотарликка ўрин йўқ, деган ақида асосида қабул қилинган.

Ўша давр сиёсатчилари тан олгиси келмаган оддий ҳақиқат шундан иборатки, қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини етиштириш қанчалик машаққатли иш бўлса, уларни сотиш ҳам қолишмайдиган даражада оғир меҳнат. Деҳқон даланинг машаққатларини бажарсинми, бозорда эртадан кечгача ўтириб савдо қилсинми? Иккала ишнинг ўзига яраша сир-синоатлари бор, бир одам икковини ҳеч қачон мукаммал ўрганолмайди. Ўрганса ҳам ўринлатиб бажаролмайди. Ўз-ўзидан “меҳнат тақсимоти” деган тушунча ҳаёлга келади, яъни бир одам етиштирсин, иккинчиси – сотсин. Ишлаб чиқаришнинг энг оддий ва энг зарур қоидаси шу!

Бозор иқтисодиёти шуни билиб, олиб сотиш ишларига йўл очиб берди ва тўғри қилди. Ҳозир олибсотарлар, ҳурматини жойига қўйиб, расман айтганда, мутахассисларга, яъни савдогарларга айланиб бўлишди. Улар, одатда, маълум бир ёки қатъий бир нечта маҳсулотга ихтисослашишади, бошқа маҳсулотга аралашмайдилар. Масалан, шундай мутахассислар бор, фақат қурут (сузма қурут) билан савдо қилишади. Бозорларда қаторасига ўтирволиб, қўлбола пештахталар устига қурутларни териб қўядилар. Уларни ўзлари тайёрлайдиларми ё қаерлардандир олиб келишадими, ўзларига аён. Лекин харидор кутиб ўтиришларини кўриб, баъзан ачиниб кетасан, киши. Шу ўтиришда қанча қурут сотадию, қанча фойда кўраркин, бола-чақани боқишга етказа олармикин, деган ҳаёлларга борасан, киши. Ҳар куни бозорга чиқиб шу алфозда ўтиришадими, демак фойдаси етарли бўларкан-да. Шаҳар катта, одамлар мил-мил бўлгач, арзимагандек кўринадиган маҳсулотни ҳам олувчилари топилар экан.

Қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини сотиш билан шуғулланадиган мутахассисларга келсак, баъзилар улгуржи савдо билан шуғуланса, бошқа бирлари фақат чакана савдо қилишади. Улгуржи савдо қиладиганлари қишлоқларнинг ўзидан, деҳқонларнинг ичидан чиқади. Аксар деҳқон бозордан чўчийди, уддалолмайман, деб қўрқади ёки деҳқончилик ишларидан ортиб, вақт ажратолмайди. Шунинг учун улгуржи савдогарга кўтарасига бериб, бозор ташвишларидан қутулади-қўяди. Булар эса, деҳқонлардан йиғиштириб олган маҳсулотларни, туни билан, шаҳарнинг катта бозорлари ичида бўладиган, эрталабки уч-тўрт соатлик улгуржи савдога ташийди. Мана шу ердан бошлаб шаҳарлик мутахассислар ишга тушишади.

Шаҳарни қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, асосан, мана шундай тарзда кечади. Энди, шўролар давридаги, давлатга қарашли улкан-улкан омборлар (“овощная база” дейиларди) йўқ. Бундай сақлагичларда муттасил бўлиб турадиган ириб-чириб кетишлар, ишхоналар ва ўқув юртларидан “хашарчилар”ни зўрлаб олиб келиб, сабзавотларни саралатиш дахмазалари йўқ. Омбордаги ҳамма мева-сабзавот чириб тугаса ҳам ичи ачишмайдиган амалдорлар йўқ. Қайси манзилларга қайси маҳсулотдан қанча етказиб беришни “планлаштириб” ва планни қонунга айлантириб, ҳамма ёқни пароканда қиладиган “билағонлар” йўқ. Деҳқонлар ва савдогарлар маҳсулотларни қаерда, қандай сақлашни, қачон ва қаерда сотишни ўзлари билишади. Бунинг илми ҳозирча, ҳеч қанақа китобларда ёзилмаган, ҳеч қайси илм масканида ҳам ўргатилмайди.

БОЗОРДАГИ ҲУНАРЛАР

Бозорчиларнинг “ҳунарлари” кўп. Харидорлар уларни билмай қолиши мумкин. Ҳамма ҳунар яхши маҳсулотни кўз-кўз қилиб, мундайроғини пуллаш ва тарозидан чегириб қолишга қаратилган. Савдогар шу ишларни қилмаса, зиён кўриши ёки ёнига қоладигани оворагарчиликка арзимай қолиши мумкин. Бу ҳунарлар далалардан бошланади. Қанақасига, дейсизми? Деҳқон ҳосилни йиғиб-териб оларкан, “пачоқ”ларини идишнинг тагига яшириб, устига яхшиларини тахлайди.

Баъзи деҳқонлар картошка ва сабзиларни коплашдан олдин қоп тубига бир-икки ҳовуч тупроқ солиб қўяди, “Ҳа, булар ҳосилга ёпишиб қолган тупроқда, уваланиб тушган. Бир кило-ярим кило йиғилиб қолади”, деб ўзини оқлайди. Буни улгуржи савдо қиладиган “савдогар-деҳқон” билади, лекин у ҳам ҳеч нарса қилолмайди, фақат, нархида тортишиши мумкин.

Шаҳардаги чакана савдогар идиш ичини яхшилаб текширолмайди, маълум даражада текширадию уёғига таваккал қилади. Мана, шу вақтда янглишган бўлса, пулига куйиб қолиши мумкин. Куймаслик учун “ҳунар” ишлатади. Албатта, ҳамма айбни деҳқонга тўнкаш адолатдан бўлмас, у ҳам нималардандир аламзада бир инсон, қолаверса, чакана савдогарнинг ҳам нафси бор, дунёқарашлари, маданияти, виждони ва бошқа ҳислатлари таъсир қилмай қолмайди.

Чакана савдода ҳар бир маҳсулот тури учун алоҳида-алоҳида “ҳунар” ишлаб чиқиш керак бўлади. Мевафурушнинг ҳунарлари сабзавотчиникига ёки тухумфурушникига ўхшамайди. Қассобларники эса, жа, бошқача. Тарозилардан фойдаланишнинг ҳам ўз “илм”лари бор. Кейинги вақтларда осма қўлтарозилар чунонан кўпайиб кетдики! Бозорнинг тимларидан, пештахталаридан қочиб, йўл ёқаларига чиқиб оладиган мевафурушларнинг ҳаммаси қўлтарозидан фойдаланишади ва нархни, негадир, бозор ичкарисидагига қараганда кам айтишади. “Тарози тўғри” деб миннат қилиб қўйишади ҳам. Баъзан, эски тарозилардан, харидор ҳар қанча тикилса ҳам тортилаётган маҳсулотнинг ҳақиқий вазнини билолмайдиган “лик-лик” тарозидан фойдаланишади. Ҳозир нима кўп – электрон тарози кўп. Уни ихтиро қилганлар барака топсин, бозорнинг хавотирли ишини енгиллатди. Харидорлар “Бу тарозида алдаб бўлмайди”, — дея ғафлатда қолишлари мумкин: савдогар эса “янглишиб”, тарозига бошқа нарх киритиб юборган бўлади. Энг яхшиси, тарозини харидорнинг кўзидан нарироққа қўйиш, чунки пештахта усти банд, “Жой йўқ! Сизнинг хақингиз менга керак эмас!”- дейиш. Электрон тарози билан “тиллашадиган” йўллари ҳам бор экан, уларни харидорлар кўрмайди, билмайди.

Бозорчининг қуроли фақат “ҳунарлар”дан иборат эмас, энг яхши ва зўри – унинг муомаласи! Уни қойилмақом қилиб бажарса, харидор “ҳунарлари”ни сезиб қолса ҳам индамайди, мамнун бўлиб кетаверади, чунки у яхши гапнинг қули. Яхши гап учун ҳамма пулини ҳам бериб кетиши мумкин. Шу оддий ҳақиқатни тушунмай диган савдогарлар ҳали кўп. Шўролар даврида, савдо-сотиқ масалаларида савдогарнинг гапи – гап эди. Харидорлар унинг авзойига кўзини пирпиратиб, тикилиб туришарди. Ўша даврнинг психологияси билан яшаб юрган савдогарлар ҳозирга пайтларда, бир кунда қанча даромаду фойдадан махрум бўлиб қолаётганларини би-ир чамалаб кўришса ёмон бўлмасди.

* * *

Бозорчилик ҳам осон иш эмас. Авало, савдо учун яхши жойни қўлга киритиш керак. Бу – жуда муҳим. Жойинг харидорлар серқатнов жойда бўлсин! Акс ҳолда, термулиб ўтираверасан. Бир қадам наридаги қўшнинг – “муттаҳам чайқовчи, олибсотар, спекулянт”нинг эса, қўли қўлига тегмай савдо қилаётганини кўриб ичинг қизийверади. Гирибонидан тутиб, мижиғлаб ташлагинг келаверади, гўё, сенинг ишинг юришмаётганига у айбдор.

Бозордаги расмий рақамланган жой яхшими, ёмонми, бари бир, ҳаммасининг тўлови бор. Пулини тўлаб, ўзингники қилиб олсанг, бас, кейин ҳар куни патта пулини “мазза қилиб” тўлаб юраверасан. Савдонг юришаяптими, йўқми, аҳамиятсиз, патта пули тўлаш шарт.

Кечки пайт, бозор тарқалганда қолган-қутган молларингнинг устини бир нималар билан беркитиб, ўраб-чирмаб, боғлаб, қоровулга топширасан. Пулини ўша заҳоти тўлайсан. Фаррошлар ҳам бор, ҳақини олади. Булардан ташқари бошқа хил чиқимлар бўлиб туради. Ҳаммаси асосли, далилли қилиб кўрсатилади. Бермай кўрчи! Бунақа чиқимларни харидорлар билганда эди, мижғовланиб савдолашавермасмиди?

ҚОРАНИ ЮТГАН ОҚ

Юқорида, бозорчиларнинг “ҳунарлари” деб айтганларимиз бозор иқтисодиёти сиёсати бошланмасдан олдин ҳам бор эди. Янги шароит улар учун эшикларни катта очиб қўйди, холос.

Бозор ҳудудига бевосита тааллуқли бўлмаса ҳам, ундаги “ҳунарлар”га ўхшаган бир воқеа куюнчак журналистнинг қуйидаги ҳикоясида тасвирланган. Бу ҳам ўзига хос “бозор муносабати” эди.

“Шўролар даврида шаҳар аҳолисини пахта теримига ёппасига жалб қилиш одатий тус олгани одамларнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Ҳар йили, кузда олий ўқув юртлари, ўрта махсус билим масканлари талабалари, корхоналар ва идораларнинг ишчи ва ходимлари, маҳалла фуқаролари пахта теримига чиқишарди. Мен ишлаб турган муассасадан ҳам кўпчилик чиққанмиз.

Пахта терими шароитлари қанчалик оғир бўлмасин, барибир, ўзига яраша гашти ҳам бор. Айниқса, пахтаси чаман очилиб ётган далага тушиб қолсанг борми, оёқ-қўлларинг чаққон бўлиб кетганини ўзинг билмай қоласан. Теримга шундай шўнғиб кетасанки, белинг қотиб қолмагунча қаддингни кўтаргинг келмайди. Чунки вақт кетади-да. Ноилож бошингни кўтариб, бошқа теримчиларга қарайсан, қаддингни ростлаб оласан. Этагинг пахта билан тўлиб, оғирлашиб қолган бўлса, уни эгат орасига қўйиб бошқа этакни боғлайсан. Бошқаси бўлмаса, ариқ ичидаги қуруқ барглар ва кесакларни оёғинг билан суриб, кафтдек жойни тозалаб, текислайсан ва терган пахтангни тўкасан. Яна оппоқ эгатлар орасига шўнғиб кетасан. Далага овқат обкеладиган машинанинг қораси кўринса ҳам, тергинг келаверади. Ниҳоят, қорин “пиёз пўстидек” бўб кетгани эсга тушиб, ишни тўхтатишга мажбур бўласан. Ана энди, ерга тўкиб қўйган пахтангни этагингдаги пахта устига босиб, тепкилаб-тепкилаб сиғдирасан, этакнинг боғичларини тортқилаб, бир-бирига боғлайсан-да, хирмон томон йўл оласан.

Шундай пайтда ҳар қандай одам ҳам “неча кило чиқаркин?”  деган саволни ўз-ўзига беради ва ўзича чамалаб қўяди. Мен терган пахтамни осма тарозига илганимда, нуқул, чамалаганимдан кам чиқарди. Алам қилади! Белингни оғритиб терсангу, килоси ўзинг чамалагандек чиқмаса! Буниси ҳам майли, ҳақиқий алам қиладигани бошқа ёқда.

Шерикларинг билан бирга этакларни сайхон бир жойга ёйиб, дастурхон қиласан. Эрталаб ишни бошлашдан олдин идиш-товоғингни қўйган жойга бориб, “лаш-луш”ингни олиб келасан. Келгунингча овқат сузилаётган жой очирит бўб кетади. Навбатга турасан. Ниҳоят, овқат тегади. Энди, дастурхон теварагига чордона қурволиб, тўғраб, ўртага қўйилган нон билан овқатни паққос тушира бошлайсан. Нафслар бир оз ором олгандан кейин гаплашиш бошланади. Ҳар доим энг биринчи гап “Неча кило тердинг?” бўлади.

Ёш йигит-қизлар бир-бирига рақобат қилиб, терган пахтасини суриштирса, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Аммо, кап-катта одамлар ҳам бир-бирига худди шу саволни берса, ажабланмай бўладими! Эҳтимол, бу ҳам пахта теримининг ўзига хос гаштидур?

Мен ҳеч қачон биринчи бўлиб бу саволни бермайман. Мендан сўрашса, мен ҳам сўрайман. Шерикларимдан ёши каттаси сўрайди. Айтаман. У мийиғида кулиб, иккинчи шеригимга қарайди. У ҳам маъноли жилмайиб қўяди. Ҳайрон бўламан, “Сизларники-чи?” дейман. Нуқул, уларники меникидан кўп бўлиб чиқади. Мана, шуниси қаттиқ алам қиларди!

Гап шундаки, эрталаб учовимиз ёнма-ён эгатларга тушамиз. Мен теримга берилиб кетиб, шерикларимдан ўзиб кетаман. Улар шошмасдан, гаплаши-иб, секин-аста тераверишади. Мен анча илгарилаб кетдимми, демак терган пахтам уларникидан анча ортиқ чиқиши керак эди. Йўқ, нуқул кам терган бўлиб қолардим. Нимаям қила олардим. Аламимни овқатга қўшиб ютворишдан бошқа иложим жим йўқ!

Шундай кунларнинг бирида, овқат вақти яқинлашиб қолгач, мен теримни тўхтатдим. Шерикларимга қарасам, анча ортда ўтиришибди. Этакни елкалаб уларнинг ёнига бордим. Этаклари устига ўтирволиб “пирра” ўйнашаяпти! Бироз томоша қилган бўлдим. Овқат машинанинг овози келди, ўрнимиздан турдик. Шерикларим тўкиб қўйган пахталарини этакка босишди. Мен уларни кутиб турдим. Улар ҳамма пахтани йиғиштириб олгач, ёши катта шеригим наригисига бир қараб қўйди-да, ”Энди… тузлаймиз” деди ва иккови баравар кулиб юборишди. Мен ҳеч нарсани тушунмай турибман. Иккала шеригим пахта солинган этакларнинг оғзини каттароқ ёйиб қўйиб, ғўзалар тагидаги қатқалоқ бўлмаган тупроқдан ҳовучлаб-ҳовучлаб олиб, пахта устига сочиб, кафтлари билан бир-икки юргизиб қўйишувди, тупроқ кўринмай кетди. Мабодо, шу тобда биров шерикларимга “Тупроқ солибсан” деса, ғирт туҳматчи бўлиб қолиши ҳеч гапмас. Оппоқ, момиқдай юмшоқ пахталар шерикларимнинг қоп-қора ишларини ютиб юборган эди.

Оғзим очилиб қолди! “Мана, нима учун сизлар терган пахта нуқул меникидан ортиқ чиқар экан!” — деёлдим холос…

Дарвоқе, ўша иккита шеригим, ўша вақтлардаги яккаю ягона ва ҳоким партия аъзоси, мен эса, ҳали онги “ғўр, етилмаган” партиясиз эдим”.

* * *

Бозор муносабатларининг ижобий жиҳатлари билан бирга, учраб турадиган салбий ҳолатлари кўлами юқорида ҳикоя қилинганлардан анча катта. Жамият ҳаёти қанчалик мураккаб бўлса, бозор муносабатлари ундан қолишмайдиган даражада мураккаб, чалкаш, сирли-синоатли. Қайсидир салбий жиҳатни бир одамга ёки касбга ёпиштириб, “Ҳаммасига сен айбдорсан!”- дейиш эса, адолатдан эмас, чунки ҳаётнинг барча масалалари, муаммолари бир-бири билан чатишиб, чаплашиб, мураккаб сабаб-оқибатлар занжирини ҳосил қилади. Калаванинг учини топдим, деб ҳеч ким айтолмайди. Шундай бўлгач, қачон мамлакат раҳбарлари аҳволни яхшилар экан, деб ўтирмасдан, ҳамма бараварига ҳаракат қилиши керак кўринади.

2013 йил, август — октябр