Оқшом: кимга тўй, кимга аза

Юртимизга май ойининг қайноқ тафти билан бирга қизғин югур-югурлар даври ҳам кириб келади. Кимдир чала қолган ишларини тиклайди, кимдир янги уй сотиб олиш ҳаракатига тушади, биров бир йилдан буён йўқламаган қариндош-уруғлариникига айланади, ким қиз чиқаради, ким ўғил уйлайди. Бу миллатимизнинг азалий ташвиши.
Аммо шу билан бирга замонамизнинг ҳам азалий ташвишлари бошланади.

—Тўнғич қизим мактабни тамомлаяпти. Ўртанчам бошланғич таълимни. Кенжатойимиз эса мактабга чиқади, — дейди танишим Марғуба исмли аёл. Аммо бу камсуқум аёлнинг гап оҳангидан фарзандлари камолга етиб қолганидан севинч эмас, зўр бир ташвиш сезилади. Ташвишнинг «зўр»лиги шундаки…

—Қизимнинг битириш оқшомига синфдошлари 15000 сўмдан йиғишяпти. Бунинг устига «оқшом»га кўйлак ҳам тиктиришимиз керак. Ўғлим биринчи синфлигида «Алифбо» байрамида ота-оналар пул йиғиб, ўқитувчисига совға-салом қилган эдик. Қарангки, энди бошланғич таълимни тугатганлари учун ҳам байрам қилишлари, муаллимга «бўладиган» совға, гиламми, олиниши керак эмиш. Бунга ҳам 10000 сўмдан тўғри келаркан. Бунинг устига ота-оналардан бири: «болаларнинг байрамига шашликни мен кўтараман» деди, иккинчиси «напитка»си мендан» деди, қарабсизки, «плюс» яна ҳаммамизга пишириқ-шишириқ бўлиб берилди. Уйга келсам, қизчам боғчадан бир парча қоғоз олиб келибди. Унинг ҳам боғча билан хайрлашув эрталиги бўларкан. Боғча опалар, болаларнинг совға-саломи учун фалон сўм, яъни «чой базми» учун бир тоғорадан дастурхонга тортиладиган ноз-неъматлар буюришибди. Бугун маошимни олишим керак: қай бирига етказа оламан? Иссиқ-совуқ сувгами, чироқ билан газгами, озиқ-овқатгами, болаларнинг битирув оқшомларигами?

Қизиқ. Битирув кечаларини дабдабага айлантирмасликлари учун қанчадан-қанча фикр-мулоҳазалар билдирилади, баҳслар, кўрсатув, эшиттиришлар бўлади, кези келса, кескин чоралар қўлланилади. Аммо «оқшом»нинг борган сари «яшариб» болалар боғчасига кириб борганини қандай тушунса бўлади? Республикамизда 9748 та умумтаълим мактаблари бўлиб, бу йил тахминан 258938 нафар ўқувчи мактабни тамомлаши керак бўлади. Энди бу болаларнинг ҳар бирининг уйида «битирув оқшоми» муносабати билан бошланадиган машмашаларни ҳисоблаб кўринг-чи? Борингки, бундайлар камчиликни ташкил этар ҳам. Аммо болага битирув оқшомларидаги дабдаба-ю асъаса, «шашлигу» паловларнинг нима қизиғи бор? Бу кунда бола мириқиб ўйнаб-кулиши, синфдош дўстлари, устозлари билан дилдан суҳбатлашиши, келажакдаги орзу-ниятлари билан ўртоқлашиши керак. Бир сўз билан айтганда, болага зиёфат эмас, байрам муҳимроқ-ку. Битирув оқшомларининг борган сайин банкету тўйга айланиб кетаётганида фақатгина ўқитувчилар ва таълим муассасаларини айблаш мутлақо нотўғри бўлур эди. Гап шундаки, бир пайтлар битирув оқшомлари тақиқлаб қўйилганда, йигит-қизлар ўз билганларича яширин кечалар ўтказишга ҳаракат қилишган ва бу айрим нохушликларга сабаб бўлган эди. Бугунги кунга келиб эса оқшомларни ташкил этиш мазмун мундарижасини расман ота-оналар қўмитаси тасдиқлайди. Қизиғи шундаки, аксарият қўмита раислари бўлган бели бақувват ота-оналар ўз хомчўтича қилинган таклифни ўртага ташлайди. Баъзан бундай кўпхаражатли йиғинишларга қарши бўлувчилар ҳам топилади. Аммо афсуски, бу ота-оналар ҳам фарзандларининг истакларига қарши боролмай қолмоқдалар. Оқибатда эса… кутилган оқшом ва кутилмаган харажатлар ва улардан олинган таассуротлар нари борса бир-икки ойда унутилиб ҳам кетар, аммо…

Таассуфки, илк бора мустақил ҳаётга ёхуд боғчани тугатиб, мактаб остонасига қадам қўйишга шайланиб турган боламиз учун бера олганимиз – тўкин зиёфатгина бўлиб қолаверади, холос. Ахир ҳозир мактабни аъло баҳоларга тугаллагани учун оила аъзолари томонидан кўпдан буён орзу қилиб юрган бирор бир қўл соатми, китоб биланми мукофотланиш урфдан қолиб кетган. Ҳозир фақат оқшомда ўсмирлар йигитлардек виқор касб этишлари, қизалоқлар аёллардек соч турмаклатиши, ота-оналар эса кимнинг боласи қанақа кийинганини зимдан кузатиб ўтиришлари, ўқитувчилар олам-олам тилаклар билдириб, яхшими-ёмонми, насиб этган совғаларини олиб, уй-уйларига кетишлари керак, холос.

Эртасига эса Сизга, менга ёки Марғуба опага ўхшаган «интеллегентлар» таниш-билишларига бирма-бир сим қоқишни бошлайдилар:

—Безовта қилганим учун узр… Агар имкони бўлса… ойликкача бир-икки сўм қарз бериб турсангиз…

Дилфуза Қўзиева