Олим Тошбоев. Садоқатми ёки хиёнат?

Ахлоқ — қонуннинг асосидир, деган эди Пифагор. Интернет тармоғи, хорижий телеканаллар, уяли алоқа тизими ва ҳоказо воситалар орқали тарқатилаётган турли ғайри миллий ғоя ва қарашлар ёшлар онгига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда ўнлаб янги газета ва журналлар, хусусий радиостанциялар, телестудиялар ташкил топди ва шаклланиш жараёнини бошдан кечирмоқда.

Мазкур нашрларнинг ғоявий йўналиши, эълон қилинаётган мақолалардаги маънавият масаласи энг долзарб муаммолардан бири сифатида юзага қалқиб чиқмоқда. Нашр муассиси ва бош муҳаррир бевосита эътибор қилиши шарт бўлган бу муаммолар миллат пешволари — зиёлиларни ўйлантириши керак. Токи, биз шу халқнинг фарзанди эканмиз, ҳеч биримизга унинг ахлоқий қадриятларини, қалб кечинмаларини эрмак қилиш ҳуқуқи берилмаган. Қатор хусусий нашрларда тўхтовсиз, таъбир жоиз бўлса, ким ўзарга эълон қилинаётган «ижод» намуналарини миллат маънавиятига тажовуз, деб тушунаман. Ўзбек менталитетининг ёрқин ифодаси бўлган уят, ор-номус, андиша, ғурурни («Эр йигитнинг уялгани — ўлгани», «Уят — ўлимдан қаттиқ» халқ мақоллари) арзон пуллаётган, топтаётган ҳамкасбларимиз зиммасида истиқлол масъулияти ҳам бор.

«Ёш куч» журналининг 2005 йил 1-сонида «Болангиз нимани ўқияпти?» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Мақола нодавлат нашрлар фаолияти хусусида бўлиб, муаллиф аксарият газеталардаги шаҳвоний ҳикоя ва мақолаларга ўз муносабатини билдириб, шундай ёзади: «Наҳот, бир ҳовуч кишиларнинг осон пул топиши ёки сохта шуҳратга эга бўлиши учун маънавиятимиз оёқости қилинса, хусусий газеталар фақат фоҳишаларнинг саргузаштларини достон айласа…». Муаллиф аниқ фактлар асосида фикрини исботлайди ва баъзи нашрлардаги ҳикоялардан иқтибослар келтиради. О.Бобоновнинг фикрлари юзасидан «Ҳуррият» газетасининг 2005 йил 30- март сонида Қобилжон Аҳмедовнинг «Танқиддан таклифга ўтиш вақти келди» мақоласи эълон қилинди. Муаллифнинг «…газета очишдан мақсад — пул топиш, даромадли бўлиш. Лекин бу халқнинг маънавий тубанликка, тор дунёқарашга судраш ҳисобига бўлмаслиги керак», деган фикрлари ўринли. Лекин Қ.Аҳмедовнинг «қарийб барча хусусий газета саҳифаларида зўравонлик, фаҳш, шаҳвониятга бошловчи ҳикоя ва қиссаларни учратишимиз мумкин. Негаки, бу бозор иқтисодиёти. «Талаб ва таклиф», деган қатъий хулосаси бизни ажаблантирди. Тўғри, бозор иқтисодиётида талаб ва таклифнинг ўрни катта. Аммо бозор қонуниятлари билан маънавиятни белгилаш қанчалик тўғри бўлар экан? Қолаверса, бозор ва маънавият — иккита қутб. Тарихий ҳақиқатни унутмаслигимиз керакки, халқимиз бозорни, бозор қонуниятларини энди кўраётгани йўқ.

Кўнгилнинг кўчаси кўп, дейдилар. Тарбия топмаган кўнгилнинг эҳ-ҳе, қанча-қанча талаб ва эҳтиёжлари бор. Эслайлик, Алпомиш Қалмоқда зиндонда. Қалмоқшоҳнинг қизи Товка ойим банди Алпомишга қараб, зиндондан чиқарсам нимам бўласан, деб қисталанг қилади. Алпомиш, оғанг бўламан, деди, тоғанг бўламан, деди. Қариндошинг бўламан деди. Лекин Товканинг кўнгил талаби бошқа эди: Алпомишдан эринг бўламан, деган жавобни кутар эди. Табиийки Алпомиш Қалмоқшоҳга куёв бўла олмас эди… ёки бўлмаса, улуғ адиб Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар» романида Отабек ва Кумушнинг висол онларини пардали, сирли ва айни пайтда жозибали қилиб эмас, аксинча, беш-олти қоғоз ҳажмида очиқ-ошкор, тубан бир тарзда тасвирласа бўлмасми эди. Йўқ, адибимиз бундай қилмас, аниқроғи, қила олмас эди. Чунки, Абдулла Қодирийдаги ботиний улуғворлик, миллатга бўлган меҳру муҳаббат, чин инсоний фазилатлар — ҳаё, номус, ғурур йўл қўймас эди.

Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Бу каби асарларни ичдан ёритиб турган нур — Ватанга, халққа, инсоний муҳаббатга бўлган садоқатдир. Аксарият нодавлат нашрлар фаолиятида эса бу каби хусусиятларни деярли кўрмайсиз. Улар сизга мажбурлаб сотаётганимиз йўқ, текинга ҳам тарқатаётган эмасмиз. Халқнинг ўзи сотиб оляпти, дейишлари тайин. Бу борада сизни мот қилиши турган гап. Чунки бизнинг ука-сингилларимиз, фарзандларимиз ўз ихтиёрлари билан сотиб олишяпти. Шайтоний васвасага берилган «қаламкаш»ларнинг бадбин хаёллари маҳсули бўлган шаҳвоний ҳикоялар (ҳикоя дейишга ҳам тил бормайди), орсизлик ва сурбетликни тарғиб этувчи кечинмаларни ёшлар ўқимокда. Мисол учун, «Хонадон» газетасининг 2005 йил 4-март сонида эълон қилинган Ойгул Кажанованинг «Хиёнаткор хотин» номли ҳикоясидан парча келтирамиз. «Эрини ишга жўнатиб, ўзи ҳам мактабга борган Асал ширин хаёллар оғушидан қутулолмади. Тундаги воқеани эслаб олам кўзига гўзал кўринди… Ҳар кеч эгат бошига эрининг овқатини олиб борадиган Асал қайтаётганда Отабек билан хуфёна учрашиб, лаззат онларини бирга сурадилар. Узоқдан эса Эркинбекнинг тракторининг тариллаган овози эшитилиб туради».

Ҳикояда айтилишича, Асалой бир ўғил, бир қизнинг онаси. Касби — ўқитувчи. Эркинбек, яъни эр — деҳқон. Отабек Эркинбекнинг синфдош дўсти. Яна ҳикояга қайтайлик. «Икки ошна роса улфатчилик қилишди. Ярим тунда овқат кўтариб кирса, Эркинбек ухлаб қолибди. Энди чиқиб кетмоқчи бўлган Асалнинг қўлидан шартта ушлаб олган Отабек:

— Мени кузатиб қўй, — дея шивирлади.

Қоронғуликда Отабек Асалойни маҳкам қучоқлаб олиб, тинмай бўсаларга кўмиб ташлади. Асал ҳам қаршилик қилмасди».

Ана холос! «Минг бир кеча» қаҳрамонлари ҳам буларнинг олдида ҳеч гап эмас. Ўзбек деҳқонининг муаллима хотини… Дўст дўстнинг хотинини ўйнаш тутибди? Ким ишонади? Хўп, шундай бўлди ҳам дейлик. Лекин бу билан адибамиз нима демоқчи?! Қишлоқ аёли, бунинг устига ўқимишли, икки фарзанднинг онаси бир ишора, қараш билан ўзга эркакнинг қучоғига киришини соғлом ақл қабул қила олмайди.

Ашурбек Пўлатовнинг «Бекажон» газетасининг 2005 йил 15-март сонида эълон қилинган «Икки ўт ораси» ҳикоясидан бир парча: «…Қаршисида тўшакда қип-яланғоч бир қиз ётарди. Унинг қўлларини сийпалар, сочлари ёйилиб кетган, ўзи эса ҳансираб нафас олганча йигитга ёпишарди». Давомини ўқиймиз: «Нозима ҳирс ўти алангасида ёнар, тобора йигитнинг иссиқ қучоғига талпинарди. Унинг қайноқ бўсалари йигитни-да, туғёнли ҳислар бағрида бесаранжом қилар, ихтиёрсиз равишда ўзи томон чорларди». Ёки бўлмаса «Чархпалак» газетасининг 2005 йил 10-16-март сонида эълон қилинган Ирода Камолнинг «Бахтсизлик қисмати» номли давомли ҳикоясини олайлик. Унда шундай жумлалар бор: «Кўзлари чақнаб кетган Чарос эркакни яна қучиб олди. Қуюқ қора сочларини оҳиста силаркан, қулоғига шивирлади:

— Сиздан ўпкаламайман, фақат… озор етишини истамайман.

Самир Давлатовичнинг вужудида яна ўша ҳис, оташин қучиб, олчадек қип-қизил лабларига лабини босди…»

Тўғри, ҳаётда нималар содир бўлмайди дейсиз. Аммо, минг-минглаб ўқувчи ҳукмига ҳавола этилаётган асарнинг муайян мақсади ва унга қўйилган юки бўлиши керак-ку?! Демак, бу каби муаллиф ва асарларнинг мақсади… Биз эса уялмасанг билганингни қилавер, деган муборак ўгитни такрорлашдан бўлак иложимиз йўқ. Бугунги хусусий нашрларнинг аксариятида мезон — ўлчовнинг ўзи йўқ. Улар учун мезонсизлик — мезон, ғоясизлик — ғоя вазифасини бажармокда. Ғайри ахлоқий ва мутлақо ғайри миллий саргузаштларнинг муаллифлари ўзбекона муҳитда тарбия топганмикан ўзи, деб ўйлаб қоласан киши.

Агар эътибор қилаётган бўлсангиз, нодавлат нашрларда плагиатлик, яъни адабий ўғирлик тобора авж олиб бормоқда. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун «Суғдиёна» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Умида Ҳасанованинг «Ҳуррият» газетасининг 2005 йил 30-март сонида эълон қилинган «Суғдиёна — кўчирмачи газета…ми?» мақоласидаги айрим фактларни келтирамиз: «Саодат» журналининг 2000 йил 3-сонида «Жаклин Бувье-Кеннеди-Онассис» номли мақола (Нодира таржимаси)ни «Суғдиёна» газетасининг 2004 йил 40-сонида «Машҳур аёллар» рукни остида ўқишингиз мумкин. Муаллифнинг исми ва олинган манбани кўрсатиши бош муҳаррирнинг «ёдидан чиқиб қолган». «Қонун ҳимоясида» журналининг 2003 йил 8-9-сонларида нашр этилган ўша пайтда Фарғона вилоят прокурори ўринбосари бўлиб ишлаган Маъруфжон Усмоновнинг «Кинг-конг» тўдасининг тугатилиши» сарлавҳали суд очерки «Суғдиёна»нинг 2004 йил 3-4-5-6-7- 8-сонларида чоп этилган.

2004 йил 19 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2004-2008 йиларда мактаб таълимини ривожлантириш дастурини тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармойиши эълон қилинди. Дастур Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури билан ҳамоҳангдир. Дастурда кўзда тутилган муҳим масалалардан бири, бу — шахс тарбиясидир. Таълимга алоқадор ҳар бир ходим бола тимсолида шахсни кўриши, унда шахслик хусусиятларини шакллантиришда масъул экани таъкидланади. Масалага кенгроқ қарайдиган бўлсак, шахс тарбиясида барчамиз — жамиятнинг ҳар бир онгли аъзоси бурчлидир.

«Ёш куч» журнали, 2005 йил, 6-сон