Ўлим шоҳмоти

Инсоният яратган «ақл мўъжизаси» – шоҳмот неча аср­лардан бери ўзининг ғаро­йиб сеҳри, жозибаси билан олам аҳлини ўзига мафтун этиб келмоқда. Ҳайратланарлиси, бу жозиба, бу мафтункорлик ортса ортиб бормоқдаки, заррача камайгани йўқ. Қуйида чоп этилаётган ривоят шоҳмотнинг Шарқда нақадар кенг тарқалгани ҳақида маълумот бериши билан бирга, у меҳр-муҳаббат, садоқат ва адолат бобида ҳам шоҳона ўйин эканлигини тасдиқ этади. Ушбу ривоят «Вокруг света» журналининг 1915 йилги 22-сонидан олинган.

Ривоят қилишларича, Тунис қўшинлари қўмондони Муҳаммад Олмонзода ўз аскарлари ўртасида ғоят қаттиққўллиги ва интизомлилиги билан ажралиб турарди. У ўзининг қаршисида тошдек қотиб турувчи аскарларга: «Сизлар душмандан эмас, мендан қўрқинглар» деб дағдаға қилар ва ҳақиқатан ҳам аскарлар унинг қаҳридан дир-дир титрашарди.

Бир куни Муҳаммад саккиз нафар отлиқ аскарига греклар тез-тез арава ҳайдаб ўтадиган жойда посбонлик қилишни буюрди. Уларга атрофдан кўз-қулоқ бўлиб туришга, ҳар бир ўткинчини ушлашга қатъий амр этди.

Ярим кечаси қўриқчилар бочка ортилган бир ҳўкиз аравани ушлашди. Аравакаш аравасини қолдириб, ўзи жуфтакни ростлаб қолди. Бочка эса узум шароби билан лиммо-лим эди.

Ислом динида мусулмонларнинг шароб ичиши манъ этилган бўлса ҳам, бу аскарларни қаноатлантирмасди. Бунинг устига шароб тўла бочка қўлга киритилган ўлжа бўлиб, уни мусодара қилиш шариатда жоиз ҳисобланар эди. Ҳар ҳолда аскарлар шаробдан татиб кўришса, бунинг нимаси ёмон?

Дастлаб аскарлар ўт-ўланлар бағрида ястаниб ором олиш мумкин бўлган бир пайтда от устида, эгарда ўтиришни мутлақо бемаънилик, деб топдилар. Кейин ўша мунофиқ ичимлик таъсир қилиб уларнинг миясига «Икки киши қоровуллик қилса етарли, қолганлар ухласа ҳам бўлади», деган фикр келди ва олти аскар уйқуга кетди. Посбонликда эса уйқу билан олишаётган Маъруф билан Зафар қолди.

— Қулоқ сол, Маъруф, — деди Зафар, — бир киши уддасидан чиқиши мумкин бўлган ишга иккимизнинг овора бўлишимизнинг нима ҳожати бор? Тўғрими?

— Эҳтимол тўғридир.

— Кел, шоҳмот ўйнаймиз. Ютқизган пойлоқчилик қилсин, ютган эса ухласин.

Маъруф рози бўлди.

Айтилган гап — отилган ўқ. Улар ерни текислаб, найзаларининг учи билан қум юзасига квадрат (мураббаъ) чизиб, сўнг уни олтмиш тўрт катакка бўлдилар, тошлар, нок, ёнғоқ, олма сингари мевалар ва данаклар келтирдилар. Ноклар — шоҳ, олмалар — вазир бўлди ва ўйин бошланди.

Бироқ ўйин жуда ёмон борарди — ўйинчилар доналарни зўрға ажратар, юришларни чалкаштириб юборар, мунофиқ шайтон эса уларга ҳаммадан яхшиси ухлаш эканлигини шивирларди. Хуллас, иш шу билан тугадики, ҳар иккови пинакка кетди. Шу вақт греклар бекиниб ётган жойларидан чиқиб келдилар-да, отларнинг жиловидан маҳкам тутиб, ўзларини уларнинг устига отдилар. Агар Маъруфнинг оти кишнаб қолмаганида барчаларини қиличдан ўтказиши аниқ эди.

Кайф ва уйқу бир зумда тар­қалди. Посбонлар ҳушларига келиб душманга ташланди. Бироқ греклар уларнинг отларини олиб, жуфтакни ростлашди. Саккиз нафар аскарга бор-йўғи битта от қолди, холос.

Буни Муҳаммадга қандай етказиш мумкин?

Бўлар иш бўлди, ғишт қолипдан кўчди. Қўмондонга ҳаммасини очиқ-ойдин айтиб, тавба қилишдан бошқа чора йўқ энди.

Олмонзода ҳеч қачон кўнглидагини юзига чиқарган эмас. Ҳозир ҳам унинг ифодасиз чеҳрасидан гуноҳкорларни нима кутаётганини — авфми ёки ўлимми уқиб бўлмасди.

— Шундай денг, — деди у, — демак, саккиз кишига бир от қолибди-да. Мен на Қуръонда, на бошқа китобда уч кишининг бир отга минганини ўқиганим йўқ. Шундай экан, ҳозироқ шоҳмот ўйнайсиз ва фақат ғолибгагина қолган от насиб этади, ютқазганни эса ажал чангалига ташлайман.

Шундан кейин Олмонзода тўртта шоҳмот тахтасини доналари билан келтиришни буюрди. Ўйинчилар атрофига ўн икки нафар қўриқчини қўйди ва ҳукм этилганларга ўйинни бошлашни амр этди.

Ўйинчиларнинг ҳар бири ғолиб чиқиш учун бутун кучи ва қобилиятини сарфлашга ҳаракат қиларди. Ниҳоят, биринчи партия тугади, тўрт нафар ғолиб қолди, қолган тўрт нафари эса ўша заҳоти ўлимга маҳкум этилди.

Янги партия бошланди. Яна янгидан умид, қайта таҳлика, асабларнинг таранглашиши, ҳаёт ва мамот кураши; кичкина бир хато — тамом вассалом. Пировардида, фақат Маъруф ва Зафаргина тирик қолди. Улардан бири ўзининг охирги партия­сини ўйнаши аниқ. Ҳар иккови зўр диққат билан ўйинни бошлади. Аста-секин жанг майдони бўшаб, асосий доналар тахтани тарк этди. Афтидан Маъруф рақибидан кучлироқ кўрина бошлади. Шу пайт, негадир, унинг пешонасини тер қоплади, ранги мурданикидек оқариб кетди. Чунки Маъруф рақибининг талафотларга қарамай ютуққа олиб келадиган бир йўли борлигини кўриб қолганди. Агар у шу йўлни пайқаб қолса, ҳоли не кечади?..

Бу пайтда Зафар шоҳмот тахтасини диққат билан кузатарди. Унинг кўзлари ғалабали юришни пайқаганидан дарак бериб турарди. Аммо у донага қўл теккизмас, узоқ ўйга толганди.

— Маъруф, — деди ниҳоят у, — нечта фарзандинг бор?

— Тўртта, бешинчисини кутяпман, — деб жавоб қилди Маъруф.

— Хотининг яхши аёлми?

— Ҳа, хушфеъл, оқила ва садоқатли.

Зафар ниманидир шивирлади, гўё дуо ўқигандек бўлди ва сўнг деди:

— Маъруф, қулоқ сол, сенинг оиланг бор, мен эса ёлғизман. Сен менга доим содиқ дўст бўлиб келдинг ва жуда кўп яхшиликлар қилдинг.

Маъруф бош ирғади. Зафар атайлаб хато юрди ва партияни бой берди. Сўнг мутлақо лол бўлиб қолган ўртоғининг қўлини сиқиб, ўрнидан турди. Маъруф эса жойида гўё тош қотгандек ўтирар эди.

— Тур, — деди Олмонзода, — отингга мин. Сен тирик қолдинг.

Аммо у ҳамон бир нуқтага тикилганича миқ этмасди.

— Ўрнидан турғизинг! — амр қилди Олмонзода.

Икки аскар уни кўтарди, бироқ Маъруф ҳиссиз-фикр­сиз жилмайганича қаергадир боқар эди. Осмон, ер ва одамлар унинг нигоҳи ва онгидан буткул ўчган, лаблари қандайдир чалкаш сўзларни оҳиста пичирларди…

Шоҳмот тахтасидаги охирги дона сурилиши вақтида у ақлдан озган эди.

Суръат Абдукаримов тайёрлади

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).