Наргиза Пирназарова. Ҳалокатга еткловчи йўл

ёки гиёҳвандлик ва унинг аянчли оқибатлари хусусида

Гиёҳванд моддалар қабул қилиниши инсон саломатлигига раҳна солиб, турли хил асаб касалликларининг келиб чиқиши, ногирон болалар туғилиши, оилалар барбод бўлиши оқибатида фарзандларнинг етим қолишига олиб келади. Бунинг натижасида эса, нафақат оилалар, балки бутун жамият ижтимоий ва иқтисодий зарар кўради. Дунё мутахассис шифокорларининг таъкидлашларича, болаларнинг ақлий ва жисмоний нуқсон билан туғилишига энг аввало алкогол ичимликлар ва гиёҳванд моддалар сабаб бўлаётган экан.

Сўнгги йиллар мобайнида инсоният жиноятчилик, қуролли тўқнашувлар, экологик муаммолар, турли хавфли касалликлар билан бир қаторда гиёҳвандлик балосидан ҳам азият чекмоқда. Инсонга оний лаззат, вақтинча енгил кайфият, сохта тасаввурлар бағишловчи моддалар организмга шу даражада зарар етказадики, натижада одамнинг жисмоний ва ақлий фаолияти тиклаб бўлмас даражада шикастланади. Аянчлиси, у ўлимга олиб келади. Тиббиётчиларнинг фикрига кўра, гиёҳванд моддалар ўпка раки, жинсий заифлик ва руҳий хасталикларни юзага келтиради.

Гиёҳванд моддаларга, хусусан, героин, какоинга ўрганиб қолган киши уни ўз вақтида қабул қилмаса, оғуга ўта кучли эҳтиёж сезади. Шу модда дозасини қабул қилгач эса, ўзини гўё “осмоннинг еттинчи қавати”да сезади. Танада сархушлик, роҳатланиш ҳиссини туяди. Аслида эса лаҳзалик роҳат дея инсон ўз ихтиёри билан ҳалокат томон қадам қўйган бўлади. Борди-ю, гиёҳвандлик моддалари хумори тутиб, хуруж қилиб қолса, у ҳолда гиёҳванд кимса унга эришиш мақсадида ҳар қандай жинояту разилликлардан ҳам тап тортмайди. Зотан, бутун дунё осо­йишталигига раҳна солаётган терроризмнинг таг замирида ҳам наркобизнес ётибди десак, муболаға бўлмайди.

Хавотирлиси, гиёҳвандликка асосан ёшлар, баъзан ҳатто аёллар ҳам кириб келмоқдалар. Ёшлар кўпинча ён-атрофидаги улфатларга тақлид қилиб гиёҳванд моддалар истеъмолига ружу қўймоқдалар. Бу эса ўз навбатида ота-оналарнинг фарзандларини назорат қилмаслиги, ёшларнинг дискотекаю, тунги клубларда саёқ юришларидан бошланади. Ёшлар табиатига хос хусусият шуки, улар ҳамма нарсага қизиқиш билан қарайдилар. Кўрган ва эшитганларини ўзларида ҳам синаб кўришга ҳаракат қиладилар. Жумладан, айримлар кўкнори ичиб, турли кимёвий моддаларни ҳидлаб, наша чекиб кайф қила бошлайдилар. Ана шу бошланғич босқичда бебош ёшлар назоратга олинмаса, қаровсиз қолдирилса, қарабсизки, улар туппа-тузук гиёҳвандга айланади-қолади. Жамият учун энг хавфли томони, ёш-яланг, ўсмирлар тўпланадиган дискотека залларида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар ҳам учраб туради. Ана шу хусусида мутахассиснинг фикр-мулоҳазасини олдик.

Гулнора БОТИРАЛИЕВА,

Тошкент вилояти Янгийўл тумани марказий поликлиникаси қошидаги наркология хонаси 1-тоифали врач-наркологи:

– Гиёҳвандлик иллатининг авж олиши, айниқса, унинг ёшлар ва хотин-қизлар орасида учраши бевосита миллат генофондига салбий таъсир кўрсатади. Гиёҳванд моддаларни ҳатто энг кам миқдорда истеъмол қилувчи ота-оналардан майиб-мажруҳ, янада ачинарлиси, ақли заиф фарзандлар туғилиши кузатилади.

Айни дамда биргина Янгийўл тумани Гулбаҳор қўрғонида жойлашган туман марказий поликлиникаси қошидаги наркология хонасида 39 нафар гиёҳванд рўйхатга олинган. Кишини изтиробга соладиган жиҳати шундаки, ана шу рўйхатга олинганларнинг 4 нафарини аёллар ташкил этади.

Рўйхатда турувчи гиёҳвандларнинг оила аъзолари шаъни ҳамда уларнинг фарзанд­лари келажагини ўйлаб улар билан аноним тарзда профилактика ишлари олиб борилади. Улар Тошкент вилоятининг
Ангрен шаҳрида жойлашган махсус наркология диспансерига мажбурий даволаниш учун юборилади.

Тўлқин САИДОВ (исмлар ўзгартирилди):

– Ёшим қирқни қоралаб қолди. Оилам, икки нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим олий маълумотли. Яхшигина касб эгаси эди. Менинг гиёҳвандлик ботқоғига ботишим боис у ўзи севган касбидан воз кечиб рўзғор тебратиш, мени даволатиш билан овора.

Ўзим ҳам ҳайдовчи эдим. Аммо қайта-қайта хумор тутиши, “дори”га пул керак бўлганлиги боис “Дамас” автомашинамни сотишга мажбур бўлдим. Аввал-бошда машинамни сотганимни яқинларимдан яширдим. Хабардор бўлишгач эса, сен ўз фарзандларинг ризқига хиёнат қилдинг, дея тергашди. Ҳозир даволаняпман. Насиб қилса ижарага бўлса ҳам машина олиб рўзғор учун жон куйдираман.

Абдулла ТОЖИЕВ:

– Оиламиз бошига мусибат тушди. Эндигина 23 ёшни қаршилаган фарзандимиз Тўлқин вафот этди. Шифокорларнинг таъкидлашларича, у гиёҳванд моддасини ўта кўп миқдорда қабул қилганлиги боис жон таслим қилибди. Фарзандим охирги пайтларда уйдан чиқиб кетиб биз билан яшамай қўйганди. Аммо ўлимидан бир неча кун аввал уйга келиб, энди гиёҳванд­лик йўлидан қайтишини, уйланиб оила қургач биз билан бирга яшашини айтганди. Унинг ўлимини эшитибоқ олдига етиб бордим. Шўрлик болам бир аҳволда қотиб қолганди. Ҳар иккала қўлининг билаклари шпритсдан илма-тешик бўлиб кетибди.

Аслида Тўлқиннинг шу кўйга тушишида ўзимиз ҳам айбдормиз. Уни ёлғиз ўғил, наслимиз давомчиси, деб еру кўкка ишонмасдик. Эсиз, у ҳатто ўзидан зурриёд қолдиришга ҳам улгурмади…

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, Ер юзида бугунги кунда 200 миллионга яқин киши гиёҳванд моддаларини нотабиий истеъмол қилмоқда. Биргина Афғонистонда ишлаб чиқарилган героин моддасини 13,5 миллиондан ортиқ киши қабул қилар экан. Гиёҳвандлик дардига мубтало бўлганларнинг анчагина қисми ОИТС дардига мубтало бўлган.

Бир неча йил бурун Янгийўл туманида гиёҳвандлик оқибатида содир этилган жиноятдан хабар топган ҳар қандай тош юрак ҳам ларзага келади. Туманнинг Қовунчи қишлоғида яшовчи гиёҳванд гумроҳ фарзанд 9 ой юраги тубида кўтариб юриб дунё­га келтирган ўз онасини оний лаззат таъсирида ўтиндай саржинлаб чопиб ташлайди. Бу ҳам етмагандай жиноятини яшириш мақсадида бўлакларга бўлинган она жасадини ҳовлининг ўзига тахлаб устидан бетон қуйиб юборди. Орадан бир қанча вақт ўтгач, милитсия ходимлари бетонни темир аслаҳалар билан кўчиришганда жасаддан фақат суяклару бир тутамгина соч қолганди, холос.

Кўриб турганингиздай жиноят, гиёҳванд­лик миллат танламайди. Бу иллатлар домига тушган ҳар қандай одам қисмати аянчли якун топади. Шундай экан, барчамиз яқин кишиларимизни, айниқса, фарзандларимизни аср вабоси дея аталаётган гиёҳвандлик балосидан асраб қолайлик.

Наргиза ПИРНАЗАРОВА,

«Ҳуррият» мухбири

“Ҳуррият” газетасидан олинди.