На акам бор, на укам ёхуд оиладаги ёлғизликнинг сабабчиси ким?

Машҳур масалчи А.Криловнинг «Бўри билан қўзичоқ» масалини мана неча-неча йилларки болалар мароқ билан ёд олиб келишади. Мактаб, боғча саҳналарида кимдир бўри, кимдир қўзичоқ бўлиб бир-бирлари билан ҳақ-ҳуқуқ талашадилар.
Айниқса бўри қўзичоқни еб қўйиш мақсадида, “ўз айбини қонунга ҳам бироз тўғирламоқ бўлиб» уни қандайдир қилмаган ишларда айблаганда, шўрлик қўзичоқ «Ўтган йили туғилдим-ку» деса, бўри ҳам бўш келмайди:
– Ундай бўлса акангдир у!
– На акам бор, на укам бор…
– Гап тўқима, эй бадкирдор! Уруғингдир, аймоғингдир ёки бирор маймоғингдир, шулардан ҳам тонасанми, бу осонми, бу осонми?» – дейди яна бешафқат бўри. Ҳа, туғишганлардан тониш, кечиш ҳақиқатан ҳам, ҳаттоки бўрилар учун ҳам осон эмас, аммо афсуски…

«Ота-онам ҳар доим мендан кўра синглимни кўпроқ яхши кўриб келган. Буни улар ҳеч яширмайдилар ҳам. Кичкина пайтларимда бундан жаҳлим чиқарди, аммо бора-бора ҳеч нарсадан умид қилмай қўйдим. Ва оҳир-оқибат ҳаётда ўз мақсадларимга эришиш учун ўзимга нисбатан бешафқат бўлишга ўргандим. Бу эса, кўп нарсаларга эришишимга ёрдамлашди. Энди бугунги кунга келиб мен ота-онамни тўлиқ таъминлайман, аслида ҳеч нарсага қодир бўлмаган ўша инжиқ синглимни ҳам улғайтириб, оёққа қўйяпман.»

Ҳа, кўпинча биз оиламиздаги қайси болани камситсак, назар-писанд қилмасак, бир кун келиб айнан шу бола бошқа ака-укаларига нисбатан кунимизга яраб қолиши ҳолатлари кўп учрайди. Аммо биз ундан қанчалик манфаатдор бўлмайлик, шу фарзандимизга муносабатимиз ҳамон ўша- ўшалигича қолаверади. Агар биз уни илгари болалигида «одамови, писмиқ ёки лапашанглиги» учун ёзғириб келган бўлсак, эндиликда ўша – бизнинг эркатойимиз бўлган укаси ёки синглисига етарлича ҳомийлик қилолмаётганидан фиғонимиз фалакка чиқаверади. Нега шундай? Нима учун биз ота-оналар фарзандларимиздан бирини иккинчисидан устун қўямиз. Қанотимиз остига олинган боламиз эҳтимол ёшлигида кўп касал бўлгандир, балки у ҳамма болаларимиз орасида энг ёқимтойидир, балки унинг эркинлиги ва эркалиги сизни доим руҳлантириб, кайфиятингизни кўтариб турар, балки унда сиз ўзингизда йўқ хислатларни кўриб, ундан кўр-кўрона фахрланарсиз, ёки бутунлай тескариси, болангиз бошқа ака-укаларига нисбатан камчилик ва нуқсонлари бўлгани учун унга раҳмингиз келганидан жон-жаҳдингиз билан уни бутун оламга «оппоқ» қилиб кўрсатгингиз келар ва ҳоказолар. Аммо, гарчи «она» сўзи маъно жиҳатидан «муҳаббат» сўзининг ўрнини боса олса-да, кўпинча барибир фарзандларингиздан бирига нисбатан тўлиб-тошган ўша меҳрингиз бошқасига қолганда негадир жуда тақчил бўлиб қолади.

Бир мактабда болаларга ота-она меҳри ҳақида эркин иншо ёзиш топшириғи берилади. Иншо натижалари ўқитувчиларни ҳайратга солди.

«Уйда нимаики ёмон нарса содир бўлса, ҳамма айб менга ағдарилади. Гарчи тўполончиликда акам мендан қолишмаса-да, ҳеч ким уни уришмайди ва ҳамма қилиқларини кетма-кет кечираверадилар», – деб ёзган бир бола.

«Ойим сингилчамни жуда-жуда яхши кўради. Майлига! Мен барибир уларнинг иккаласиниям яхши кўриб қолавераман» – деб ёзганди бошқа бир ўқувчи.

Ва қизиғи шундаки, биз ота-оналар орасида: «Не қилай! Шу болам барибир бошқача-да! Тан оламан, бош­қа болаларимга уни яхши кўрганчалик бўлолмайман. Айбдорман. Аммо на чора?» – дея елка қисадиганлар ҳам бор.

Тўғри, кичик болалар ҳар доим катталарига нисбатан эътибор марказида бўладилар. Руҳшунослар бу ҳолни оналик(оталик) туйғуларининг йиллар ўтиши билан чуқурлашиб бориши сифатида баҳолайдилар. Агар оилада бир қиз, бир ўғил вояга етаётган бўлса, қоидага кўра она кўпроқ қизига нисбатан эътиборлироқ бўлади.

Сиз бу болангизга нисбатан ўзингизнинг қаттиқ-қўл­лигингизни бундай деб ҳам оқлашингиз мумкиндек: «Ахир ҳақиқатан ҳам шу болам дуруст эмас-да. Унда на куч бор, на ирода. Уни мен ҳозирдан қаттиқроқ тергаб турмасам, бу замонда қандай яшай олади. Ҳаёт уни эркалатиб ўтирмаслигини ҳозирдан билиб қўйгани яхши эмасми?»

Йўқ. Сиз шу ўринда ноҳақсиз. Яхшиси, энг аввало, ўз туйғуларингизни тартибга келтириб олинг. Ичингизда шуни тан олинг: мен бу боламни бошқаларидек яхши кўрмайман, бу эса инсофдан эмас. Бу ҳаммага – «ёмон» болам учун ҳам, яхши кўрган болаларим учун ҳам, бутун оиламизга ҳам зарар. Бунга барҳам бериш мумкинми?

РАНЖ ВА АЛАМ

– Нимагадир болалар кўп жанжаллашадиган бўлиб қолишибдими? – ҳайрон бўлиб сўрайди ота онадан. Чунки бу пайтда бошқа хонада қиёмат қўпган, ака-сингил бир-бирини худди душманлардек бўғишган, кўзларидан ғазаб сочилган, сингилнинг юракни тилка-пора қиладиган чинқириғи оламни тутган эди.

Она жон ҳолатда ўша ёққа югуради. Қизча ҳам онасига кўзи тушган заҳоти:

– Ойижон, акамга қаранг… – дейдию, ҳўнграб юборади.

Ака «а» дейишга улгурмай, она унга ташланади. Ҳар доимгидек у жазоланади. Аслида нима бўлганию, аслида ким айбдор эканлигини суриштириб ўтиришга эса вақт бўлмайди. Чунки ошхонада пишаётган овқат тагига олиб кетиши мумкин-да.

Ана энди қизалоғингизнинг тантана қилишини кўринг-а. Ўзи нари борса 7-8 ёшдаю, шугина умри давомида ота-онасини қандай қилиб йўриғига юргизиб олишнинг ҳадисини шундай олволганки, қўяверасиз. Она эса барибир она-да, ҳарҳолда «акасини бекор жазоладим-да, балки унинг айби йўқдир», – деб ич-этини ейди. Ўғил бурчакда турганча синглисига нафрат билан жимгина қараб тураверади. «Нега ҳар доим онам фақат унинг гапига ишонади? Нега ҳамиша ҳамма айб менга ағдарилади? Нега онам қизини яхши кўради, мени эса йўқ?»

ШУ АДОЛАТДАНМИ?

Бу ердаги адолатсизлик – ортиқча берилувчанликка ўхшайди. Ундан қандай халос бўлиш мумкин? Яхшиси шундай қоидаги риоя этинг: болалар ўртасида бўладиган ҳеч қандай жанжалу тўполонда ҳеч қачон уларнинг фақат биттасинигина жазолаб қўйманг. Ҳар нима бўлган тақдирда ҳам уларнинг ҳар бири барибир қайсидир даражада айбдор.

Дарвоқе, мақтов ёғдириш борасида ҳам худди шу қоидага амал қилиш лозим. Бир фарзандингизнинг елкасига қоқиб, алқай бошладингизми, иккинчисини ҳам ҳеч бўлмаса илгари қилган яхши ишларини мақтаб қўйинг.

Катта фарзандингизни кўпроқ яхши кўрасизми, кичигиними, бунинг аҳамияти йўқ. Аммо ўзбекчилигимизда барибир кўпроқ кенжа фарзандларга нисбатан ён босилади. Шу сабаб, бошқа ака-опалари сизни ундан қизғанмасликлари учун:

– Ҳеч қачон болалардан қайси бирини яхши кўришингизни ошкора гапирманг.

– Болаларни бир-бирига солиштирманг, уларнинг қалбини тушуна билинг.

– Бирини бағрингизга боссангиз, иккинчисини ўпиб қўйинг.

– Агар бирор нарсага боланинг ёрдами керак бўлиб қолса, фақат ёши катталаридан эмас, бошқаларидан ҳам кўмак сўранг.

– Танишларингизга бир болангизни мақтаб, иккинчисини ёмонлаб гапирманг.

– Уришсангиз ҳам, мақтасангиз ҳам баравар уришиб, баравар мақтанг.

ГОРИО ОТА ВА УНИНГ ҚИЗЛАРИ

Горио ота ҳақидаги маҳзун ҳикояни ўқиганмисиз? Уч қизнинг отаси бўлган бу чол ҳамма қизини бир-биридан кам кўрмаган ҳолда шу қадар қаттиқ ва кўр-кўрона севадики, бу қизларни олиймақом хонимлар қаторига қўшиш учун жону жаҳонини аямайди. Бутун умрини, бор молу мулкини унинг наздида фақат ва фақат қизларини олий даражага етказиш йўлига сарфлайди. Кун келиб, ўзи куч-қувватдан кетиб, қаровсиз, ночор аҳволда, жирканч ижарахоналарда очлик ва ҳасталикдан азоб чекиб ётган кўйи ҳам қизларининг дарду ҳасратида қоврилади. Уларга айни пайтда ёрдам қўлини чўзолмаётганидан аччиқ кўз ёшларини тўкади. Аллақачон отаси туфайли олийнасаб ойимларга айланган учала қиз эса – яъни, улар учун бор-йўғи пул чиқарувчи ҳамёнга айланган отасини – ҳаттоки ота ўрнида тан олишга ҳам ор қиладилар, ирганадилар ва ҳатто ўз падарларини сўнгги йўлга кузатишга ҳам ярамайдилар. Чунки уларнинг ўз ташвиш ва муаммолари етарли эди: кимнидир жазмани ташлаб кетмоқчи, қайсинингдир эри ажрашиб, тегишли пул улушидан маҳрум қилмоқчи, яна бирида эса ундан-да баттар муаммо.

Бу билан биз эркалатилган болалар бир кун келиб бизни рад этиб кетадию, аксинча, биз ҳар доим камситиб келган болаларимиз ниҳоят мана энди меҳру муҳаббатимизни қозониш учун жон-жаҳдлари билан бизнинг оғир кунларимизга яраб қолади, демоқчи эмасмиз.

Фақат айтмоқчимизки, болалар – улар ака-укалар – туғишганлар эканликларини тушунишлари керак. Уларнинг ишлари, қувончи, керак бўлса, ғаму ташвиши ҳам бир бўлиши керак. Шу хулосаларга асосланган ҳолда болаларингизга нисбатан муносабатингизни шакллантира олинг.

Қолаверса, фарзандларингизнинг бирини бошқасидан кўпроқ яхши кўриш эмас, яхши кўрмаслик қўрқинчлидир. Ўз фарзандларингиздан бирининг сиз учун кераксиз юк бўлиб туюлишидан даҳшатлироқ нима бўлиши мумкин? Майли, ўша болангиз ҳақиқатан ҳам сизнинг саъй-ҳаракатларингизга қарамай, нимжондир ёки сиз нафратланадиган одамга ўхшар, сизнинг хизмат поғоналаридан кўтарилиб кетишингизда жиддий тўсиқ бўлгандир, у туфайли соғлигингизни бой берган, ёки уни бошқаларга «шу менинг болам» деб кўрсатиб бўлмайдиган даражада хунукдир, ногирондир, аммо ундан нафратланиш ва бу нафратни бошқа фарзандларингизга нисбатан муҳаббат туфайли бўрттиришингиз, бордию биттагина бўлса-да, ўша болани ҳам энагага топшириб қўйишингиз, кечирасизу, сизнинг рисоладагидек ота ёки она эканлигингиздан дарак бермайди. Бола сиз учун ҳамиша ташвиш эмас, қувонч эканлигини унутманг, барака топинг, унутманг!

Дилфуза Қўзиева,
“Маърифат” газетасидан олинди.